Бош саҳифа » Алломалар » Шошликлар. Боқий Жарроҳ Тошкандий

Шошликлар. Боқий Жарроҳ Тошкандий

Исм-тахаллусидан маълум бўлишича, таржимаи ҳол соҳиби олим, табиб бўлган, шу билан бирга у шоир, мусиқашунос ва ҳаттот бўлган. Шарқ муаллифларидан Хатиб Табризий ўзининг «Мушкот ал-масобиҳ» ( «Чироғдон») асарида айтишича, у киши ўз асарини Тошкентда Мавлоно Боқий уйида ёзиб тугатган. Бу асарнинг мавжуд 8017 рақамли қўлёзмаси муаллиф нусхасидан 1124/1712 йили Муҳаммад ибн Иброҳим қўли билан кўчирилган.

Шу билан бирга, у киши ҳаттот сифатида ҳам анчагина китоблар кўчирган, баъзи асарларга шарҳлар ёзган. У Балхга бориб у ерда Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрига етиб келган ва ўша ерда вафот этган. Боқий Жарроҳ Тошкандий котиблик қилиб, Давлатшоҳ Самарқандийнинг тазкирасини ҳам кўчирган. Қўлёзмада бу нусха 988/1581 йили кўчирилган, деб ёзилган.

Манбалар хабар беришича, Боқий Тошкандий бир қанча асарларга шарҳлар ёзган. Чунончи, у «Юсуф ва Зулайҳо» достонига шарҳ ёзган, олимлар ўртасида кўпдан шарҳланиб келадиган «Одоб ал-мунозара» асар шарҳига араб тилида ҳошия ёзган.

Маълумки, «Одоб ал-мунозара»нинг муаллифи Абдураҳмон ибн Аҳмад ал-Ийжий (вафоти 756/1345) бўлиб, унга ўзидан кейин кўп олимлар шарҳ боғлаганлар.

Бу асарга Мирсаййид Шариф Журжоний (вафоти 1414)дан тортиб кейинги даврларда ўнлаб олимлар шарҳ боғлаганлар. Ана шу шарҳларнинг бирига бу киши ҳам ҳошия ёзган. Боқий ҳошиясида бу шарҳнинг кимга тегишли экани айтилмаган. Бу ўша даврда машҳур бўлган шарҳга боғланган ҳошиялардан бири бўлган. Боқий Тошкандий форс тилида анчагина ишқий ғазаллар ҳам ёзган. Аммо уни туркигўй шоир дейишган. Хўжа Хасан Нисорийнинг «Музаккир ал-аҳбоб» («Дўстлар ён дафтари») деган китобида «Мавлоно Боқий туркигўй шоирлардандир. У кишининг мана шу матлаи машҳурдир», деб ёзади. Хўжа Хасан келтирган байт қуйидаги:

Ишқ аҳли аро мендек ғам шифтаси камдур,
Мажнун менинг олимда бир Аҳмади беғамдур.
* * *
Қулимен ишқининг ким тенгламайдур—
Муҳаббат шевасинда шаҳни қулдин.
Бағоят ҳийлагардур зол гардун,
Агар эрсен ҳазар қилғил бу йўлдин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмада Боқийнинг шеърлари ҳам ёзилган, бу қўлёзма эса 1797-1809 йиллар орасида кўчирилган.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Сулаймон Боқирғоний

Post Views: 1 505 Ҳаким ота, Қул Сулаймон лақаблари билан ҳам машҳур бўлган сўфий шоир (ваф. …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *