Шош табиблари. Шоҳ Али Каҳҳол
Шоҳ Али кўз даволовчи табиб бўлган. Шеъриятдан хабари бўлгани учуй Шоҳ Али кўз касалига оид «Зубда» — манзума, баъзиларча «Зубдайи манзума» («Қаймоқ» — шеърий китоб ёки «Назмлар қаймоғи») асарини (бу китоб «Куҳлнома» деб ҳам юритилган) форс тилида ёзган. Муаллиф ўз асарини назм билан, мукқадимасини наср билан тузган. Унда битилишича, ногаҳон одамларнинг кўзи оғриб қолсаю, уни даволайдиган кўз табиби бўлмай қолса, то у топилгунга қадар одамлар фурсатни қўлдан бермай, бирор чора қилиб туриши учун, касалга чалинган одам озор топмай ва ортиқча ташвиш тортмай туриши учун ушбу китоб таълиф қилинган. Аммо, деб ёзади муаллиф, асли мақсадим мана бу эди: азиз ва муҳтарам зотлар билан бирга бўлган вақтимда бу азизларнинг хотир шарифларига мендек бир фақир Шоҳ Али ибн Сулаймон Каҳҳол келиб, улар мендан шундай бир асар ёзишимни илтимос қилдилар. Улар, устозларнинг, ота ва биродарларингдан кўз оғриғини тузатиш борасида ўрганиб билган нарсаларингни битиб қисқача бир китобчага тартиб берсанг, деб мендан илтимос қилдилар.
Шундай қилсанг бундай китоб кўз оғриғини тузатиш бобида энг зарур бир қўлланма бўлиб қолади. Бу соҳадан хабардор бўлган кишилар эса бу ёзилганлардан кўз оғриғини даволашда фойдаланадилар ва шу мухтасар асар ундай одамларга етарли бир қўлланма бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабдан бу фақирга ушбу китобни ёзиш зарурати туғилди. Натижада, уларнинг илтимосини кабул қилишдан бошқа чорам қолмади. Шундан сўнг тажрибамда нимаики учраган бўлса, устозларимданми, ота ва биродарларимданми, кимдан нимани ўрганган бўлсам яна биздан олдин ўтган олимлар асарларидан энг сара, қаймоқ гапларини, тажрибадан ўтганларининг барчасини тўпладим, кейин уларнинг энг яхшиларини сайлаб шеърий йўл билан бу китобни ёзишга киришдим. Бу ерда шуни айтиш керакки, китобни шеър билан ёзишдан мақсад уни ўқиш ва ёдлаш осон бўлиши, тушуниш енгил бўлиши учун эди. Бу қисқа асар ниҳоясига етгач, унга «Зубдайи манзума» («Назмлар қаймоғи») деб ном қўйилди. Манбалар хабар беришича, Шоҳ Али Каҳҳол X асрда ўтган Али ибн Исонинг «Тазкират ал-Каҳҳолин» («Окулистларга эсдалик китоб») асарини араб тилидан форс тилига таржима қилган.
Таржима Тошкент хони Бароқхон фармони билан 951/1544 йили бажо келтирилган. Таржиманинг бир нусхаси бизгача етиб келган, у Ўзбекистан Республикаси ФАШИ қўлёзмалар фондида сақланади, ҳажми 92 варақ. Асар 1714 йили бухоролик Абдуҳафиз ибн Абдулғафур қўли билан кўчирилган. Бу асар уч қисм— мақоладан иборат бўлиб, анатомия, ташқи ва ички касалликларга бағишланган. Асарда қадимги юнон ва араб табибларининг фикр-мулоҳазалари билан қорилган, касалликларни тузатишда Клавдий Гален (130-200), Хунайн ибн Исҳоқ (вафоти 873) ва бошқа олимлар фикрига таяниб иш кўрган.
Шоҳ Али аслида Али ибн Исо асарини форсчага таржима қилишгина эмас, балки бу асарни ўзидан аввал ёзиб қолдирган алломалар асарлари асосида қайта ишлаган, баъзи ўринларини тўлдирган. Натижада, бу асар ҳам таржимоннинг лутф-таважжуҳи билан маълумотларга анча бой манбага айланган.
Асар сўз бошисида қайси олим асарларидан фойдаланилгани кўрсатиб ўтилган. Китоб тўрт қисм—мақолага бўлинган, ҳар бир мақола бобларга бўлинган. Китобнинг биринчи қисми кўз тузилишига бағишланган, иккинчиси кўз касалликларининг ташқи аломатларига ва уларни даволаш йўлларига бағишланган. Учинчиси кўз касалликларининг кўзга кўринмайдиган ёки кўз илғамайдиган кўз касалликлари ва уларни даволаш йўлларига бағишланган. Тўртинчиси кўз касалликларида ишлатиладиган содда ва мураккаб дориларга бағишланган.
Шоҳ Алининг бизда бор бу асари таржимаси ҳижрий 1225, милодий 1810 йили кўчирилган. Бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида мавжуд. Қўлёзма 144 варақдан иборат.
Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)
Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил






Изоҳлар