Шошлик табиб. Убайдуллоҳ Каҳҳол
Убайдуллоҳ Каҳҳол XVI асрда яшаган тиб олимидир. Каҳҳолнинг ота-бобоси тиб илмида шуҳрат қозонган ва тиббий асарлар ёзганлар. Убайдуллоҳнинг отаси Муҳаммад Юсуф ҳам зўр эътиборли табиб бўлиб, «Рисола фи-т-тахқиқ ва-т-тафсирот ан-набз» («Томир орқали касалликни аниқлаш ҳақида рисола») номли тиббий асар ёзган.
Убайдуллоҳ Каҳҳол Тошкент хони Дарвишхоннинг шахсий табиби бўлган. Каҳҳол Ибн Сино, Илоқий, Абу Бакр Розий, Нажибуддин Самарқандий ва Журжоний асарларидан фойдаланган ҳолда ўзининг «Шифо ул-алил» асарини ёзади. Китоб 1598 йили тугалланган.
Асарнинг сўз бошисидан маълум бўлишича, автор бу асарни Бароқхоннинг ўртанча ўғли Муҳаммад Дарвишхоннинг буйруғига биноан, форс ва араб тилларидаги асарлар асосида ёзган. Асар сўз боши ва бир неча бўлимдан иборат, ҳар бир бўлим, ўз навбатида, яна бир неча бобга бўлинади. Асарнинг сўз бошиси тиббиётнинг аҳамияти, унинг фойдаси ва табибнинг вазифаларига бағишланган.
Биринчи бўлим 42 боб, унда бош миянинг тузилиши ва аҳамияти, бош оғриғининг келиб чиқиш сабаблари, уни аниқлаш ва даволаш усуллари баён қилинган.
Иккинчи бўлим 80 боб, бу бўлим кўз ва унинг тузилиши, кўз касалликлари ва уларни даволашга бағишланган.
Учинчи бўлим 21 боб, унда қулоқ, бурун ва оғиз касалликлари, шу жумладан , тил ва тиш оғриғи, уларни даволаш устида фикр юритилади.
Тўртинчи бўлим 10 боб бўлиб, у томоқ ва нафас олиш йўллари, унда пайдо бўладиган турли касалликлар ва уларни даволаш усулларига бағишланган.
Бешинчи бўлим 3 бобдан иборат, унда юрак, юрак касалликлари, уларни даволаш устида фикр юритилади.
Олтинчи бўлим 18 боб, у овқат ҳазм қилиш йўлларига таалуқлидир, унда ошқозон ва қоринда пайдо бўладиган турли касалликларни даволаш усуллари баён қилинган.
Ёттинчи бўлим 10 бобдан иборат бўлиб жигар, ўт пуфаги уларнинг касалликлари ҳамда уларни даволаш устида фикр юритилади.
Саккизинчи бўлим 6 боб, унда ичак йўллари, уларнинг касалликлари баён қилинган.
Тўққизинчи бўлим 8 боб, унда умуртқа поғонаси, унинг касалликлари, даволаш усуллари баён қилинади.
Ўнинчи бўлим ҳам 8 боб, унда сийдик пуфаги, унинг пайдо бўлиши ва даволаш усуллари кўрсатилган.
Ўн биринчи бўлим 7 боб бўлиб, у органлар, уларнинг касалликларни даволаш усулларига бағишланган.
Ўн иккинчи бўлим 11 боб бўлиб, аёлларнинг органлари, уларда пайдо бўладиган турли касалликлар, бу касалликларни даволаш усулларига бағишланган.
Ўн учинчи бўлим 5 боб, бу бобларда елка, оёқ бўғимлари, уларда пайдо бўладиган турли касалликлар ва уларни даволаш усуллари устида фикр юритилади.
Ўн тўртинчи бўлим 25 боб, унда бадандаги ташқи касалликлар, уларни даволаш усуллари тўғрисида фикр юритилади.
Ўн бешинчи бўлим косметикага оид бўлиб, 12 бобдан иборат, унда инсонга зеб бериш учун хизмат қилувчи органлар (соч, тирноқ, тиш ва бошқаларни)ни сақлаш, Шунингдек, семириш ва озиш тўғрисида фикр юритилади.
Ўн олтинчи бўлим 6 боб, унда таксикологияга оид масалалар, Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвон заҳарлари, заҳарга қарши чоралар, йиртқич ва кемирувчи ҳайвонлардан бўладиган турли яралар ҳақида фикр юритилади.
Ўн еттинчи бўлим (бу бўлим бобларга бўлинган эмас) болалар гигиенаси, касалликлари, Шунингдек, бу касалликларни аниқлаш ва даволаш усулларига бағишланган.
Ўн саккизинчи бўлимда безгак ва уни даволаш чоралари ҳақида фикр юритилади.
Асарнинг хулоса қисмида касалликдаги кризислар, касаллик оқибатида ўлиш сабаблари, тўсатдан юз берадиган ҳолатлар тўғрисида фикр юритилади.
Тошкент ва унинг вилоятларда 1563-1564 йилларда ел касаллиги тарқалганда Каҳҳол аҳолини бу касалликдан даволашда кўп хизмат қилган, бой тажриба орттирган ва бу тажриба унга юқорида кўрсатилган асарни ёзишда катта роль ўйнаган.
«Шифо-ул-алил» тиббиёт соҳасида узоқ вақтгача асосий қўлланмалардан бири ҳисобланиб келган, бу асар Ҳиндистон, Эрон ва бошқа мамлакатларга ҳам тарқалган. Асар ёзилгандан 97 йил ўтгандан кейин Эронда кўчирилган (бу нусха ҳам ЎзФАШИда сақланади). Бу нусха Бухоро қозиси, илм-маърифатни қадрловчи Шарифжон махдум Садр Зиё томонидан ўз вақтида жуда катта маблағга сотиб олинганлиги бу асарнинг ниҳоятда қимматли эканлигидан дарак беради. Шарқшунослик институти фондида сақланаётган бу асар 1072 ҳижрий, 1662 милодий йили кўчирилган, ҳажми 342 варақ бўлиб, у Муслим ибн Муҳаммад Абивардий томонидан кўчирилган.
Ундан ташқари бу асарнинг қўлёзма нусхалари:
1. Ўзбекистон Республикаси, Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида 549 варақли форс тилида ёзилган нусхаси мавжуд бўлиб, қўлёзма асарнинг охири тушган, ўзи 1072/1662 йили кўчирилган.
2. Яна охири тушиб калган бошқа бир нусха ҳам бўлиб, бу ҳам форс тилида , ҳажми 217 варақ.
Муаллиф келтиришича, Ҳофиз Кўҳкийни даволаган Убайдуллоҳ Каҳҳолнинг йирик асарларидан бири араб тилида ёзилган тиббиётга оид асари «ал-Умдат ал-куҳлия фи-л-амрод ал-басария» («Кўз касаллигига оид асосий китоб»)дир. Каҳҳол шеъриятдан ҳам хабардор бўлган.
Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)
Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил






Изоҳлар