Электр, кўнка (трамвай), велосипед, телефон, телеграф, почта. ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент (2-қисм)
Электр. Шаҳар ҳокимияти шаҳарни ёритиш масалалари билан шуғуллана бошлади. 1905 йилда Дума мажлисида шаҳарни ёритиш масаласи бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш қарорига биноан «янги» қисмнинг баъзи бир марказий кўчалари учун керосинли фонуслар ўрнатилди. Кейинчалик бошқа кўчаларга ҳам керосинли фонуслар ўрнатилди. 1908 йилги маълумотларга кўра шаҳарда 310 та керосинли фонуслар ва 794 та оддий фонуслар бўлган. Кейинчалик улар миқдори ортган. 1912 йилда керосинли фонуслар 515 та, оддийлари 906 (шундан 800 таси эски шаҳарда) бўлган. Ёритишга кетган пул маблағлари 1908 йилда 30-40 минг рублни ташкил этган.
Аста-секин ёритиш воситаларини электр тармоғи билан алмаштириш масаласи ҳам ўз ечимини топа бошлади. «Янги» қисмдаги керосинли фонарларни эски шаҳарга беришга қарор қилинди.
1908 йилда электростанция қурилди ва у Николай Константинович уйи ва Романов (Буюк Турон), Кауфман (сайилгоҳ атрофи), Самарқанд ва Воронцов (Х.Сулаймонова) кўчаларини ёритишга хизмат қилди. Шаҳар думаси бутун шаҳарни электр билан ёритишни режалаштирган эди. Шу мақсадда “Электрёритиш биринчи жамият”и тузилди ва электростанция қуриш бўйича тадбирларни ишлаб чиқди. Бироқ жамиятнинг бу мақсадда 10 минг рубл ажратишни сўраб қилган илтимосига генерал-губернатор рад жавобини берди. 1912 йилда тадбиркор В. П. Павлов томонидан электростанция қурилди ва у бир қанча саноат корхоналари ва хусусий хонадонларга хизмат қилди. Электр линиялари узунлиги 30 верстгача бўлиб, 3 мингта электр лампочкаларига қувват берган.
1914 йилда шаҳар думаси шаҳарда электр ёритишни бундан кейин ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш бўйича махсус ҳайъат тузди, бироқ биринчи жаҳон уруши бошлангач бу масала ўз ечимини топмади.
Трамвай. 1896 йилда Бельгия жамияти вакили Э. Дени билан 45 йилга кўнка (отлар билан ҳаракатланадиган бир вагонли транспорт воситаси) йўли қуриш ҳақидаги шартнома тузилди. Э. Дени ўз хуқуқини «Тошкент Трамвай» Бельгия аноним жамиятига топширди. Шаҳарда кўнка 13 йил фаолият кўрсатди ва икки йўналиш бўйича ҳаракат қилди. Биринчи линия 1901 йил 30 мартда, иккинчиси 1903 йил 5 апрелда очилди. Унинг умумий узунлиги 9 верст 90 сажен йўл бўлиб, 30 вагон, 170 хизматчи ва 230 оти бор эди. 1900 йилда ташилган йўловчилар 1089 минг нафар одамни, 1909 йилда эса 4 843 407 нафар одамни ташкил этди.
Конка темир йўл вокзалидан “эски” шаҳардаги бозоргача ва Романовская кўчасидан (ҳозирги Буюк Турон) “янги” шаҳардаги Сергиев черковигача (ҳозирги Ҳ.Олимжон майдони) хизмат қилган.
1907 йил 27 августда шаҳар думаси Тошкентда электр трамвай ўтказишга “Тошкент Трамвай” Бельгиянинг жамияти билан шартнома тузишга қарор қилди. 1908 йил сентябрида мазкур шартнома янги линиялар очишни кўзда тутувчи режалар билан тузилди. Концессия муддати 45 йил эди. 1926 йилда шаҳар “Тошкент Трамвай» Бельгия жамиятидан трамвай сотиб олиш хуқуқига эга эди.
1910 йил 17 августда Куропаткин (ҳозирги Лохутий) ва Гогол (ҳозирги Я.Ғуломов) хиёбонлари оралиғидаги жойда электр станцияси биносига асос солинди. Техник назоратни мухандис В.С. Гейнцельман олиб борди.
Электр трамвайи ҳаракати 1912 йил 29 декабрда очилди. Тез ва қулай транспорт воситаси ҳисобланган трамвайлар кўчани кўнка вақтидаги 230 отга қараганда камроқ ифлослантирарди.
Воскресенский бозоридан турли томонларга умумий узунлиги 20 верст бўлган етти трамвай линияси тарқаган. Агар 1912 йилда жамиятнинг “конка” трамвайидан ялпи тушум 260 минг рублни ташкил этган бўлса, 1913 йилда электр қувватига ўтилгач у 504 минг рублгача ўсди. Йўловчиларни ташиш ҳам кескин ошди. 1912 йилда у 5323 нафар одамни ташкил этган бўлса, 1913 йилда йўловчилар сони 10 млн. нафардан ошиб кетди. Енгил извошлар шаҳар транспортининг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлган. 1909 йилда улар 355, 1910 йилда эса 387 нафар извошчи хизмат қилган. Бундан ташқари керосин ташувчи извошлар бўлган. 1909 йилда улар 221 та, 1910 йилда 151 та бўлган. Юк ташийдиган ўзбек арбалари кўп эди. Икки катта-катта ғилдиракли арба 30 пудгача юк кўтарган. Арбакаш отга миниб олган. Шундай от арбалардан шаҳарда 1909 йилда 805 та, 1910 йилда 870 та эди. Яна шаҳарда юк ташиш бўйича бир неча идора ҳам бўлиб, улардан бири Тошкентнинг “эски” қисмида жойлашган.
Велосипед. XIX аср охирида шаҳарда велосипед пайдо бўлди. Н. А. Маевни ёзишича: “Энди Тошкент кўчаларида велосипедчини кўриш мумкин эди, хиёбонларда ҳар доим қариндошлариникига ёзги таътил ўтказиш учун кадетлар, гимназиячилар ва бошқа ўқувчилар велосипед учириб юрар эдилар”. Шаҳар ҳокимияти “транспортнинг қулай ва ёқимли ҳаракат воситаси” сифатида велосипеддан фойдаланишни маъқуллар эди. 1892 йилда «Тошкент велосипедчилар жамияти» ташкил этилган бўлиб, у велосипедни халқ орасида тарғиб қилишга ёрдам бериши керак эди. Жамиятни ҳарбий вазир Ванновский томонидан тасдиқланган низоми ишлаб чиқилган. Низомга кўра жамият ўз аъзолари, уларнинг оилалари ва меҳмонлар учун баллар, маскарадлар, рақс ва мусиқа, вокал ва адабий кечалар, саҳна томошалари ва турли мусобақалар, масалан, шахмат, велосипед спорти, конқки ва хоказо бўйича мусобақалар уюштириши лозим эди. Кўриниб турибдики, жамият фаолиятига ўз расмий функциясидан ишидан узоқ вазифалар ҳам кирган бўлиб, бу фойдадан холи эмасди. Айрим маълумотларга кўра, шаҳарда велосипедчилар адади 1909 йилда 614, 1910 йилда 762 тани ташкил этган.
Телефон. Шаҳар ҳаётида телефон, почта-телеграф тармоғига шартнома асосида 1904 йил 9 январда асос солинди. У шаҳарга 18 йил, яъни 1922 йил 9 январгача тармоқни қуриш ва фойдаланишга ҳуқуқ берувчи ҳукумат билан шартнома тузиш асосида қурилган эди.
Тошкентнинг янги қисмида телефон 1892 йилдан ишлай бошлаган. Аввалига у фақат ҳарбий муассасалар ва ҳарбий идора бошлиқлари учунгина мўлжалланганди. 1893 йилда ундан шаҳар бошлиғи ва полиция бошқармаси фойдаланган. 1904 йил 1 сентябрдан унинг хизмат доираси кенгайган. Шаҳарда 180 абонент бор эди. 1912 йилда абонентлар сони 710 тага етди, шулардан 97 таси бепул эди. Шаҳар телефони 8 ёшга тўлганида унинг абонентлари сони 4 баравар ортди. Бундан ташқари, шаҳарда 4 та телефон-автомат бор эди: темир йўл вокзалида, Тошкент темир йўл товар станциясида, Воскресенкий бозорида ва шаҳар бошқармасида. 1907 йилда телефон тармоғини икки симли кабель тизимига ўтказиш ва абонентлар сонини кўпайтириш масаласи кўндаланг қўйилди. Телефон тармоғини қайта жиҳозлаш шартномаси “Тошкент Трамвай” Бельгия аноним жамияти билан тузилди ва бу ишга шаҳарга беғараз 45 минг рубль миқдорида ссуда берилди. Барча ишлар қиймати 77 810 рублни ташкил этарди. 1907-1908 йилларда 58 516 рубль сарфланиб, деярли барча зарур нарса сотиб олинганди. Телефонни қайта жиҳозлаш 1912 йилда тугалланган. Натижада у 1000 абонентга хизмат қила бошлаган.
1914 йилда 970 абонент бўлган, улар миқдорининг камайишига сабаб: айрим ҳарбий қисмларнинг кетиши ва сафарбар этилишидир. Ҳаво кабелларининг умумий узунлиги 22,5 верст, ерости кабели – 4 верст эди. 33 телефончи қиз, 5 коммутатор, 15 шогирд қиз бўлган. 1910 йилдан телефон даромад келтира бошлаган. 1907 йилда улар 27 638 рубль, 1908 йилда 17 372 рубль, 1911 йилда 14 129 рубль, 1913 йилда 17 806 рубль бўлган. Шуни таъкидлаш жоизки, шаҳар телефон хизмати ҳаражатлари катта бўлган. 1908 йилда у 17 372 рублни, 1904-1908 йиллар ичида 193 332 рублни, даромадлар 171 501 рублни ташкил этган.
Телефон тармоғи оз бўлсада шаҳарнинг “эски” қисмига ҳам ўтказилган. У ерда 54 абонент бўлиб, 1900 сажен узунликдаги ерости кабели эски шаҳар бозори ўртасидаги кабел қутичасига жойлаштирилган.
Телефон тармоғининг Тошкент шаҳар телефонига умумий тавсиф беришга ҳаракат қилган мудир маълумотларига кўра “икки симли тармоқ қайта жиҳозланиб, ваколатли шахслар фикрича яхши ва равон ишлай бошлаган, у Россиянинг кўп шаҳарларидагидан анча яхши бўлган, албатта иккала мамлакат пойтахти ҳамда Варшава, Одесса каби шаҳарлар бундан мустасно”. У ерларда сигнал тизими марказий батарея бўйича ишлаган.
1912 йилда телефон тармоғи 72 верстга чўзилган, шундан 11 верстини ҳаво кабели ва 5 верстга яқинини ерости кабели ташкил этган.
Телеграф. 1873 йилда Тошкент билан Чимкент, Авлиёота, Верний, Семиплатинск ва Омск ўртасида телеграф алоқаси ўрнатилган. 1875 йилда телеграф симлари Тошкентдан Хўжандга, ундан Қўқон ва Самарқандга ўтказилган. Кейинчалик телеграф алоқаси ўлканинг барча йирик шаҳарларини бир-бири билан боғлаган.
1884 йилда Тошкент билан Каттақўрғон орқали Бухоро ўртасида телеграф алоқаси очилган. 1885 йилда Оренбург, Омск ва бошқа шаҳарлар орқали Марказий Россия билан телеграф алоқаси ўрнатиш режалаштирилган. Туркистон телеграф округи бошқармаси Тошкентда жойлашган. 1897 йилда почта идораси телеграф станцияси билан ягона муассасага бирлаштирилган.
I класс Тошкент почта-телеграф идораси ана шу тариқа юзага келган.
Почта. Шуни таъкидлаш жоизки, почта бўлими 1868 йилда коммендантлик бошқармаси қошида қурилганди. Кейинчалик у анча ривожланди. 1906 йилдаги маълумотларга кўра шаҳар: Чимкент, Туркистон, Перовск ва вокзали орқали борувчи ва Оренбург билан алоқани таъминловчи, у орқали эса Россиянинг турли губерналари билан боғловчи Тошкент-Теракли йўли; Тошкентга Еттисув вилояти билан боғловчи Чимкент-Қораболта йўли; Фарғона вилояти билан алоқани ўрнатувчи Тошкент-Хўжанд йўли каби почта йўлларига эга бўлган.
Шундай қилиб, почта йўллари ва телеграф линиялари шаҳардан шимол, ғарб ва жанубга тарқалиб, уни жануби-шарқий Россия, ғарбий Сибир губерния шаҳарлари ва Туркистон ўлкасининг жанубий вилояти билан боғланган.
ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ
Жаннат Исмоилова
ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004
Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.






Изоҳлар