Мутафаккирлар. Аҳмад Фарғоний (798–865)
Ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди. Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғонийдир. Шарқда “Ҳосиб” (математик) деган лақаб олган. Фарғоний 798 йилда Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Илм йўлида Бағдодга кетиб қолади ва шу ерда яшайди. У ерда Марказий Осиёлик ватандошлари Муҳаммад Хоразмий, Аббос ибн Саид Жавҳарий ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазийлар билан биргаликда мураккаб чет тил тушунчаларини айнан ифодалайдиган араб терминологиясини яратади.
Халифа ал-Маъмун (813–833) даврида Бағдодда Шаммосия деган жойда ва Дамашққа яқин Касиюн тоғидаги расадхоналар, Аҳмад Фарғоний раҳбарлигида қурилган Бағдод расадхонасида кўпгина кашфиётлар қилди, 812 йилги қуёш тутилишини олдиндан ҳисоблади, ернинг думалоқлигини исботлади. У халифа Мутаваккил замонида (846–862) Нил дарёси суви сатхини ўлчайдиган янги асбоб “миқёс ан-Нил” нилометрни яратди. Унинг “аз-Зиж ал-Маъмун ал-мумтаҳана” (ал-Маъмуннинг синалган астрономик жадваллари) араб тилидаги дастлабки астрономик асарлардан бири бўлиб, Ўрта асрда Европага тарқалган эди.
Аббосий ҳукмдор Маъмун даврида иккита расадхона фаолият олиб борарди, бири Бағдоднинг Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тепалигида эди. Бу расадхоналарнинг ҳар бирида олимларнинг иккита доимий гуруҳлари ишлар эди. Бағдод расадхонасининг ишида Яҳё ибн Абу Мансур, Хоразмий ва бошқа олимлар, Дамашқ расадхонасида эса Холид ибн Абдумалик ва Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар. Аҳмад Фарғоний Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832–833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этган.
Фарғонийнинг асосий астрономик асари “Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум”(“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”) ХII асрда Европада лотин тилига икки марта ва ХIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи “Алфраганус” шаклида Ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади.
Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шуҳрати янада ортди. Европа Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан бири бўлган машҳур олим Региомонтан ХV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни Фарғоний китобларидан ўқиган.
Ҳозирги кунда Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор. Улар қуйидагилардир: юқорида зикр этилган асар, одатда, уни “Астрономия асослари ҳақида китоб” номи билан ҳам аташади – қўлёзмалари дунё кутубхоналарининг деярли барчасида бор. “Астурлоб ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, “Астурлоб билан амал қилиш хақида китоб” – биргина қўлёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), “Фарғоний жадваллари” – қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), “Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола” –қўлёзмаси Қоҳирада, “Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида” – қўлёзмалари Готада ва Қоҳирада, “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади.
Шундай қилиб, буюк аждодимизнинг бу асари Европа Уйғониш давридаги ва ундан анча кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли рол ўйнади.
Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва Ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги Ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида ғурур ва ифтихор билан тилга олинадива ўрганилади.
1998 йилда алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.
100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ
© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011






Изоҳлар