Бош саҳифа » Алломалар » Абулҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший

Абулҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший

Абул Ҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший («ат-Тақриб» асари муаллифи) – йирик фақиҳ. Буюк аллома Абу Бакр Қаффол Шошийнинг ўғли бўлиб, манбаларда дунёдаги улуғ имомлардан бири сифатида эътироф этилган. Аббодий уни ўз «Табақот»ида зикр қилиб, шундай деган: «Унинг хизматлари буюкдир, бунга унинг «ат-Тақриб» китоби шоҳиддир1.

Тожуддин Субкийнинг хабар беришича, Қосим ибн Муҳаммад ибн Али Шошийдан хуросонлик фуқаҳолар таълим олишган. Ундан Ироқ аҳли ҳам кўп яхшиликларни кўрган2. Машҳур тарихчи Хожа Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида «ат-Тақриб» (тўлиқ номи «ат-Тақриб фил-фуруъ» «Фуруъга яқинлашиш») асари муаллифи Шайх Имом Қосим ибн Муҳаммад ибн Қаффол Шоший Шофиъий», деб ёзган3. Маълумки, Қосим ибн Али Шоший ушбу фиқҳий асари билан шуҳрат қозонган. Бу ҳақда Ҳамза Саҳмий «Тарихи Журжон» асарининг Ҳалимий таржимаи ҳоли бобида айнан шундай ибораларни келтирган: «Ҳалимий деган: «ат-Тақриб» асари соҳиби Қосим ибн Абу Бакр Қаффол мендан фиқҳга оид ўн битта жуз (боб) изоҳ ва шарҳлар ёзиб олди»4.

Ибн Халликоннинг айтишича, «Бу асар шофиъий мазҳабидаги мўътабар китоблардан бўлиб, кимнинг ҳузурида шу китоб бўлса, бошқасининг ҳожати йўқдир. Бу китобни Байҳақий ва Имом Ҳарамайнлар мақташган. «Китоб ат-Тақриб»га Имом Ҳарамайн Абул-Маъолий (ваф. 478) талхис (қисқартма) ёзган5.

Баъзилар ушбу китобнинг муаллифи отаси Қаффол Шоший дейишади. «Бу хато фикрдир», деб ёзган Ибн Халликон6.

У ўзининг бу фикрларини қуйидагича изоҳлаб, «Мен 665/ 1266 йил шаввол ойида Дамашқдаги Одилия мадрасасининг китоблар хазинасида асли ўн жилддан иборат «Китоб ат-Тақриб»нинг олти жилди сақланаётганини кўрдим. Асарнинг устига унинг муаллифи Абу Бакр Қаффол Шошийнинг ўғли Абулҳасан Қосим, мазкур нусха аввал Шайх Қутбиддин Масъуд Нисобурийга тегишли бўлиб, кейин уни вақф қилганлиги ёзилган эди. Бу «Китоб ат-Тақриб» Сулайм Розий қаламига мансуб «Китоб ат-Тақриб» эмас. Мен фақиҳлардан купларини кўрдимки, Сулаймнинг асарини Қаффолники деб ишонадилар. Шунинг учун ҳам бу масалага чуқурроқ ёндашдим. Қаффолнинг ўғлига мансуб бўлган «Китоб ат-Тақриб»нинг сони жуда кам. Сулаймнинг асари эса одамларнинг қўлларида мавжуд. Хуросон фақиҳлари ўқиб ўрганадиган «Китоб ат-Тақриб» ҳам шудир»7.

Тожуддин Субкий «Табақот аш-шофиъия ал-кубро» асарида шофиъия мазҳабининг улуғ имомлари тўғрисида маълумотларни келтириб шундай ёзган: «Асҳобимиз фақиҳларидан тўрттаси ўзидан давомчилар қолдирган. Абу Бакр Исмоилийдан ўғли Абу Саъд, Имом Абу Саҳлдан ўғли Имом ибн Имом, Абу Жаъфар Ханотийдан ўғли Шайх Абу Абдуллоҳ туғилган. Абу Бакр Қаффол Шоший ўз наслидан иқтидорли ўғилга эга бўлди. Унга (Қосим Шоший) «ат-Тақриб» китоби мансубдир8.

Кўриниб турибдики, Қосим Шоший ҳам забардаст фақиҳлардан бири бўлган. Абу Бакр Байҳақий «Шофиъий матнлари мусаннифлари орасида «ат-Тақриб» муаллифидан кўра ишончлироғини кўрмадим», деб асарга юксак баҳо берган.

Имом Нававийнинг айтишича, Қосим Шошийнинг «ат-Тақриб» китоби Музанийнинг «Мухтасари» шарҳларидан кўра фойдаси кўпроқасардир9. Исломшунослиқда турли фиқҳий манбаларни ўрганиш ва тадқиқ этишда Қосим Шошийнинг «ат-Тақриб» асари муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимиз китоб хазиналарида ушбу ноёб асар мавжуд эмас.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ,
“ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ”

Манба

1 Табақот аш-шофиъия ал-кубро. 3-жилд. -Б. 334—335

2 Ўша манба. Ўша жойда

3 Кашф аз-зунун. 1-жилд. -Б. 466

4 Табақоташ-шофиъия ал-кубро. 2-жилд. -Б. 334—335

5 Кашф аз-зунун. 1-жилд. -Б. 466

6 Ўша манба. Ўша жойда

7 Қаранг: Яминов А. Қаффол Шоший ўрта аср араб манбаларида // Ўз Р ФА ШИ. Шарқшунослик. -2004. -№ 12. -Б. 77-78; Ибн Халликон. Вафоёт ал-аъён. 1-жилд. -Б. 459

8 Табақоташ-шофиъия ал-кубро. 2-жилд. -Б. 334-335

9 Абу Закариё Муҳйиддин ибн Шараф Нававий Димашқий. Таҳзиб ал-асмо вал-луғот. -Байрут: Дор ал-фикр, 1996. 2-жилд. -Б. 553

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Сулаймон Боқирғоний

Post Views: 2 449 Ҳаким ота, Қул Сулаймон лақаблари билан ҳам машҳур бўлган сўфий шоир (ваф. …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *