Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (2-қисм)

ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (2-қисм)

Шаҳарда чўян қуйиш корхоналари ҳам вужудга келди. 1885 йилдаёқ 1-гильдия савдогари А.С. Громов шаҳар маъмуриятидан Салор дарёси бўйида чўян қуйиш механик корхонасини қуришга рухсат олди, аммо манбаларда бу завод фаолияти хақида маълумотлар йўқ. Кейинчалик 9 йирик чўян қуйиш корхоналари фаолият кўрсатиб, уларнинг йиллик даромади 300 минг рублни ташкил этган.

Ўлкада дармана (сантонин) уруғидан дармана ёғи олинадиган завод очилиши катта аҳамият касб этди. Бундай биринчи завод 1884 йилда Чимкентда очилди. Гижжа туширишда дармана энг яхши дори ҳисобланади. Бу ўсимлик буталари жаҳон бўйича фақат Чимкент ва Авлиёотадагина сақланиб қолган. 1886 йилда Н. Никитин Бешёғоч ва Салор ариқлари ёқасидаги Қумбеги деган аҳоли йўқ жойда шундай завод очган. Унинг йиллик маҳсулоти 10 минг рублни ташкил этган. 1897 йилга келиб бу рақам икки бараварга ортган. Заводда 300-400 пуд дармана уруғи ажратилган. Шу йили Пфаффга қарашли иккинчи дармана заводи очилган. Бу ерда 7000 рубллик 200 пуд дармана ишлаб чиқарилган. 1898 йил шу маҳсулот 18 минг рубллик 400 пуд ишлаб чиқарилган. Ҳар йили хом дармана ишлаб чиқаришга 18 минг пуд дармана уруғи, 400 пуд сульфат кислотаси, 80 пуд сода сарфланган. Тошкентда корчалон Бичков қурган дармана заводи ҳам фаолият кўрсатган. Ҳаммаси бўлиб 1888-1889 йиллар Тошкент заводларида 7899 пуд дармана ёғи олинган. Бу маҳсулот хорижга, жумладан Япония, Италия, Германия, айримлари Жанубий Америкага жўнатилган.

Шаҳарда тамаки ва папирос ишлаб чиқарувчи фабрика фаолият кўрсатган. Биринчи тамаки фабрикаси 1877 йилда Первушин томонидан очилган. Унинг тамаки плантациялари бўлиб, ҳар йили 15-20 десятина ерга тамаки экилган. Тамакидан олинган ҳосил 1000 пудга етган. Шуниси диққатга сазоворки, тамакининг турли навлари экилган. Тамакини янчиш учун қўл дастгохларидан фойдаланилган, улар тоза ва ораста қилиб қадоқланган. Шундай бўлса-да, маҳаллий папирослар сифат бўйича Россиядан келтирилган тамакиларга тенг келолмасди. 1888 йилда шаҳарда 8 тамаки ва папирос фабрикаси бор эди.

Тамаки ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни Первушин фабрикаси эгаллаган. Энг кўп папиросни Бубнов фабрикаси (1 500 000 дона) ва Метрикова фабрикаси (1 400 000 дона) ишлаб чиқарган. Бу даврда шаҳарда гугурт фабрикаси ҳам ишлаб турган, у 1893 йилда 14 200 рубллик маҳсулот берган.

Россия Тошкентни босиб олган дастлабки йилларда шаҳарнинг “янги” қисмида озиқ-овқат саноати корхоналари пайдо бўлган. Масалан, 1868 йилда И.И. Первушин, И.И. Кузнецовга қарашли спирт заводлари ишлай бошлаган.

И.И. Первушин заводи энг каттаси хисобланиб, унинг ишлаб чиқариш ҳажми 1872 йилда 111 390 рублга етган, Е.Х. Жемчужникова заводида – 38 930, И.И. Кузницов заводида – 41 878, П. Абдураҳмонов заводида – 26 502 рубл бўлган. Ҳаммаси бўлиб 1874 йилда 6 спирт заводи ишлаган ва 217 969 рубллик маҳсулот берган.

Шу таъкидлаб ўтиш жоизки, туб миллат вакиллари “ихтиёрий ёлланувчилар” деб аталган. Масалан, 1872 йилда П. Абдураҳмонов заводида 1 рус устаси ва маҳаллий аҳолидан 10 ишчи ишлаган. 1875 йилда Жемчужниковда 1 рус устаси, 1 немис ва 10 нафар маҳаллий аҳоли бўлган. 1874 йилдаги маълумотга кўра, барча спирт заводларида 40 уста ва ишчилар ишлаган. Кейинчалик улар миқдори ортган. 1876 йилда улар сони 64 нафарга етган. Тошкент, Самарқанд, Хўжанд спирт заводларида хомашё сифатида узум, майиз ва буғдой унидан фойдаланганлар.

Туркистон ўлкасининг иқлими ва у ерда етиштирилаётган меваларнинг кўплиги ароқ, вино каби саноат корхоналарининг пайдо бўлишида катта роль ўйнади. Айниқса бу ердаги узум ва турли меваларнинг серҳосиллиги ва арзонлиги бу саноат корхоналарининг ривожланишига катта имкониятлар яратди.

Ўлкада дастлаб ароқ вино заводларида тайёрланган, кейин махсус заводлар қурилган. Улар орасида дастлабкиси Е.Х. Жемчужникова заводи бўлиб, маҳсулоти 56 217 рублга етган. 1885 йилда 81 минг рубллик маҳсулот берувчи 2 ароқ заводи ишлаган. Энг катта завод Н.И. Ивановники бўлиб, 1899 йилда унинг ишлаб чиқарган маҳсулоти 156 717 рублни ташкил этган.

Шаҳарда вино заводлари ҳам фаолият кўрсатган. Туб аҳоли вино ишлаб чиқариш билан шуғулланмаган. Қўқон хонлиги даврида вино ишлаб чиқариш билан асосан яхудийлар шуғулланганлар. Улар мусулмонлар қонунидан қўрқиб, бу ишни яширинча бажарганлар. Вино ишлаб чиқариш жараёни оддий қўлбола усулида бажарилган. Тошкентнинг «янги» шаҳрида вино заводларининг пайдо бўлиши маҳаллий вино ишлаб чиқаришни тўхташига олиб келди.

1881 йилда дастлабки вино заводи ишга тушди. Бу заводлар асосан буғ билан ишлайдиган жихозлар билан таъминланган бўлиб, асосан вино қуритилган майиз ёки узумдан тайёрланган. Виночилик соҳасини ривожланишида ўлканинг арзон ва турли хилдаги узумлари жуда қўл келган. 1885 йилда 34725 рублга маҳсулот чиқарувчи 3 та завод ишлаган.

1886 йилги Сирдарё вилояти шархида: “Тошкент эгаллаб олингандан кўп ўтмай бу ерда маҳаллий узумдан вино ясовчи кичик заводлар қурилди, аммо вино сифати паст эди. 6-7 йил аввал маҳаллий узум экишни яхшилаш учун пул ва меҳнат сарф қилган бир қанча ишбилармонлар ишнинг пайига тушишди, улар қрим, кавказ ва ҳориж навларини тарқатиш ниятида эдилар. Айрим заводчилар ва уларнинг виносозлари меҳнати ва билими билан Тошкент узуми винолари Россиядан келтириладиган винолар билан бемалол рақобатлашадиган даражага етди” дейилган эди.

Завод хўжайинлари (И.И. Первушин, Н.И. Иванов ва бошқалар) ўз шахсий узумзорларига эга эдилар. Умуман вино тайёрлаш учун хомашё кўп эди. Масалан, 1889 йилда Тошкентда ва Тошкент уездида ҳаммаси бўлиб 2,5 млн. пуд узум ҳосили кўтарилди. А.Н. Маев гувоҳлик беришича, бу ерда вино қилиш шунчалик муваффақият қозондики, маҳаллий винолар ҳорижнинг Лафит, Бордо, Сотерн каби виноларини сиқиб чиқарди, шунингдек Нижнегород, Москва, Кавказ каби вино русумлари ҳам энди ип эшолмай қолди. Тошкентда ҳатто америка “Изабелла” узуми навидан ҳам вино тайёрланган. Тошкент винолари Чарос, Қарши, Султони, Буваки, Сиёбчашма, Мускат каби номлар билан аталган.

Шаҳарда биринчи пиво заводи 1870 йилда қурилган. 1872-1873 йилларда Е. Майоров ва К.В. Карлевага қарашли 2 завод ишга тушган. Улар маҳсулоти ҳажми 1874 йилда 7 127 рубл, 1879 йилда – 42 000 рубл бўлган. 1882 йилда 118 минг рубллик маҳсулот берган 4 пиво заводи бўлган. Уста ва ишчилари 54 нафарга етган. XIX аср охирида улар истеъмолчилар орасида машҳур бўлган Вена ва Бавария русумли пиволарини ишлаб чиқаришни ўзлаштирганлар.

Бундай ароқ, вино ва пиво заводларининг ишга туширилиши саноат ишбилармонларига катта даромад келтирган бўлса, маҳаллий аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатди.

Маъданли сув ишлаб чиқариш ҳам корчалонлар эътиборидан четда қолмаган. Бундай хилдаги биринчи корхона 1877 йилда очилган. Ишлаб чиқариш ҳажми 7 040 рублни ташкил этган.

1884 йилда О.В. Гейкка қарашли бошқа бир корхона қурилган. 1885 йилга келиб маъданли сув ишлаб чиқариш бўйича 4 корхона бўлган, 10424 рублик маҳсулот берган. 1899 йилда В. Болотинга қарашли “Нектар” фирмаси фаолият кўрсатган. 1900 йилда у 10 минг рубллик маъданли сув ишлаб чиқарган.

Заводлар камқувват бўлиб, нотекис ишлаган. Корхона маҳсулотлари асосан Тошкентда ва унга туташ жойларда сотилган. Айрим заводлар аралаш маҳсулот ишлаб чиқарган. Масалан, Л.Г. Штальм заводи 1892 йилда қурилган бўлиб, 1900 йилга келиб пиво, вино, квас, маъданли сув ва мева шарбатлари ишлаб чиқарилган (умумий суммаси 8 300 рубл).

Тошкентни босиб олингандан кейинги дастлабки йилларда европа типидаги сув тегирмони қурилган, у буғдойни ёрмага айлантирган. 1887 йилда икки буғ тегирмонидаги маҳсулот ҳажми 20 024 рубл бўлиб, у ерда 29 ишчи ишлаган.

Шаҳарнинг «янги» қисмида биринчи қандолат фабрикаси 1887 йилда очилган. У Глинка Янчевскийга қарашли бўлган. 1893 йилда унинг маҳсулоти 10 200 рублга етган. 1898 йилда унинг 4 та қандолат фабрикаси ишлаб турган. Конфет тайёрлашга кетадиган ун, мева каби маҳсулотлардан ташқари маҳсулотлар хомашё сифатида Рига, Москва ва Варшавадан олиб келинган. Фабрикада карамель, монпасье, мармелад, пряник, мураббо, қанд, қуритилган туршак ва бошқа маҳсулотлар тайёрланган.

Кейинчалик Т.З. Генель, Д.Р. Устанин, С. Проховский ва бошқаларнинг қандолат корхоналари пайдо бўлди. Бу даврда нон, кулча, муз ишлаб чиқарадиган корхоналарга ҳам асос солинди.

ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ

Жаннат Исмоилова

ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *