Шоҳий

Шохўжа Ҳаким ибн Шофайзхўжа (тахаллуси Шоҳий) асли Тошкентнинг Оқ масжид маҳалласидан бўлиб, маърифатпарвар олимлардан эди. Бу киши ўқимишли, шоир, табиб ва маърифатпарвар бўлган эди. Дастлаб Юнусхон мадрасасида мударрислик қилган, кейин кўп мамлакатларга саёҳат ҳам қилган. У Ўрта Осиё, Кавказ, Туркия, Сурия, Миср, Ироқ, Саудия Арабистони каби ўлкаларни кезган, у ерлардаги таълим-тарбия ишлари Билан қизиққан.

Шоҳий табобатдан дарс берган. Шогирдларнинг илтимосига кўра у Маҳмуд ибн Умар Чағминийнинг (туғилган йили 1344) «Қонунча» асарини ўзбек тилига таржима қилган.

Китоб муқаддимасида таржимон ёзади: «Муҳаммад Шоҳўжа Тошкандий валади Шофайзхўжа Шайх Хованд Тоҳурий сўзлаюрки, Маҳмуд ибн Умар Чағминий таснифлари «Рисолайи қонунчайи» машҳурни баъзи талабаларга таълим берур эрдим ва алар араб лисонига ва форсий забонига ноошнолик сабабли кўп машаққат чекар эрдилар ва баъзилари илтимос қилур эрдиларким, ушбу «Қонунча»ни ўз тилимизким, туркий чиғатойидур, ушбу тилда шарҳ айласангиз, бу вилоят аҳл-талабалари омматан баҳраманд бўлур эдилар ва ҳам сиздин нишона бўлур эрди, деб алар илтимосинча, осойишталик бўлса, иншооллоҳ, қилурман деб ваъда берар эрдим».

Таржимон бундам кейин осойишталик бўлгач, уни таржима қилганини ёзади. Таржима 125 варақ. Қўлёзмада варақнинг аввали ва орқаси биттага ҳисобланишини назарга олсак, таржима 250 бетдан иборат бўлиб чиқади.

Маълумки, Чағминийнинг «Қонунча» асари араб ва ўзбек табиблари ўртасида кенг ишлатиб келинар эди.

Чағминийнинг «Қонунча» асари ҳақида домла Содиқ Мирзаев шундай деб ёзади:

«Табиб ва мухандис Чағминийнинг бу асари ўзбек, туркман ва тожиклар орасида «Қонунча» деб машҳур бўлган. Буни баъзилар, масалан, «Кашф аз-3унун»нинг муаллифи Котиб Чалабий «Қонун»дан олинган деб ёзади. Муаллифнинг ўзи бу мухтасар китобини мутақаддимий (илгаригилар) китобларидан сайлаб олдим, дейди. Ибн Сино мутааххирин (кейингилар)дандир. Сўнг «Қонунча»нинг тузилиш тартиби Ибн Сино «Қонун»нинг тузилиш тартибидан бутунлай бошқача бўлган…

Аммо «Қонун»дан олинган бошқа бир мухтасар тиббиёт китоби бор. У Тошкентнинг Охангарон водийсидан унинчи аср олими, ҳаким ва Ибн Синонинг шогирдларидан бўлган Шарафуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Юсуф Илоқийнинг асаридир.

Ундан ташқари, Шоҳий ва ҳиротлик Юсуф Табибнинг (вафоти 1544), «Жоме ал-Фавоид» («Фойдали мажмуа») асарини ҳам ўзбекчага таржима қилган эди. Бу китобни 1882 йилда Хоразмда шоир Муҳаммад Амин Ходим ҳам ўзбекчага таржима қилган эди. 1898 йилга келиб Шоҳий уни ўзбекчага таржима қилди ва уни «Таржимаи Шоҳий» деб атаб нашр эттирди. Бу таржиманинг бир нусхаси юқорида зикр этилган Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти фондида сақланади.

Шоҳий араб грамматикасига оид қўлланмалар, ўқиш китоблари ҳам ёзган таржималар қилган, бир қанча китобларга ноширлик қилган.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *