Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810–870)

Мутафаккирлар. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810–870)

Ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланган IX асрда ҳадисшуносликда катта муваффақиятлар қўлга киритилган. Чунончи, бутун ислом дунёсидаги энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламининг (ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари яшаб ижод қилганлар.

Улар орасида “Ҳадис илмида амир ал-мўминин” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом Бухорий алоҳида эътиборга молик буюк олимдир. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбеҳ Жуъфий Бухорий бўлиб, у 810 йил 20 июлда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида ўсган. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди. Манбаларда кўрсатилишича, у ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакий ибн Жароҳ каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Дохилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган.

825 йилда Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга қараб йўл тутади, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшди. Ҳадис илмидан ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа ва Бағдод каби шаҳарларда яшаб, у жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва илм толибларига дарс ҳам беради. Имом Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда, мусофирчиликда ўтади. Бу ҳақда унинг ўзи: “Миср, Ироқ, Шомга икки мартадан, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман, Бағдод ва Куфа шаҳарларига неча марта борганим ҳисобини билмайман”, деган экан. У сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганда ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз ишлар, тўплаган ҳадисларини оққа кўчирар эди. Муаллифнинг ёзишича, Бағдодда истиқомат қилган пайтда кўпинча ойнинг нурида ижод қилиб, қоронғи кечаларда шам ёруғида китоб ёзар экан. Илм ошириш мақсадида Бухорий жуда кўплаб олимлардан таълим олади. Нишопурлик ал-Ҳакимнинг (1015 йилда вафот этган) ёзишича, Имом Бухорий таълим олган устозлари сони тўқсондан ортади. Ўз навбатида Бухорий ҳам кўпгина шогирдларига устозлик қилган. Термизлик машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари ибратли бўлган. Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни Бухорий билан учрашувларидан олган. Шу билан бирга, Бухорий ҳам Термизийнинг билимини юқори баҳолаб: “Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан ортиқроқ”, деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган. Термизий ўз устози ва сафдоши Бухорийни бутун умри давомида ҳурматлаб, унга самимий садоқатда бўлган.

Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, одамохунлиги, мурувватлилиги, ҳимматлилиги ва беқиёс саховатлилиги билан бошқалардан тамомила ажралибтурган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят шуҳрат қозонган. Манбаларда Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган. Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади. Ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад Зуҳалий Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бирмунча муддат Хартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндош-уруғлариникида яшагандан кейин оғир касалга чалиниб, 870 йил 1 сентябрда 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Имом Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, у ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқдир. Улардан “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағийр”, “Ат-таърих ал-авсот”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бирр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буюк алломанинг энг муҳим асари, шубҳасиз, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”дир. Бу асар “Саҳиҳ Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди. Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони 7275 тадир. Бу шарафли ишни биринчи Бухорий бошлаб берган бўлиб, кейин қатор олимлар унга тақлид қилиб, шу зайлда ҳадислар тўпламини яратганлар.

Имом Бухорийнинг ушбу йирик асари даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келинмоқда. Имом Бухорийнинг ушбу асарининг кўплаб нусхалари турли шаҳарларда тарқалган. Ҳатто ўрта асрларда яшаган баъзи адиб ва хаттотлар учун бу асар нусхаларини кўчириш тирикчилик манбаи ҳам бўлган. 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”га кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.

Имом Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нимани қилиш керак, нимадан ўзни тийиш лозимлиги ҳақида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган.

1998 йилда буюк ҳадисшунос таваллуд куни кенг жамоатчилик томонидан катта ҳурмат ва эҳтиром ила нишонланиб, Имом Бухорий зиёратгоҳи улкан мажмуага айлантирилди. Аллома мақбараси гўзал суратда қайта бино қилинди. Мажмуа таркибига кирувчи масжид таъмирланди. Зиёратгоҳ ҳудуди сўлим гўшага айлантирилди. 2008 йилда Имом Бухорий мажмуаси Халқаро Марказга айлантирилди. Бугун ушбу маърифий марказда Имом Бухорий меросини ўрганиш ва жамоатчиликка тақдим этиш йўлида улкан ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Лутфий (Лутфийи Шоший)

Post Views: 1 292 ЛУТФИЙ (1366–1465), Мавлоно Лутфий – ўзбек шоири, ориф ва мутафаккир. Ўз замонининг …

Битта мулоҳаза

  1. Imom Buxoriyning ijodiy me’rosida qancha asar bor?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *