Бош саҳифа » Алломалар » Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший Имом ал-Кабир Фахр ул-Ислом Мустазҳирий

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший Имом ал-Кабир Фахр ул-Ислом Мустазҳирий

Имом, аллома, шофиъия шайхи1, ўз асрининг фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший улуғ (катта) имом, ислом фахри сифатида шуҳрат қозонган2. Тожуддин Субкийнинг ёзишича, «у тақводор, ибодатгўй бўлиб, номи эл-юрт орасида машҳур бўлган»3.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 429/1038 йил муҳаррам ойида Шош яқинидаги Маёфориқин қишлоғида туғилган4.У дастлаб фиқҳилмидан Маёфориқинда Муҳаммад ибн Баён Казрувний5дан, Маёфориқин қозиси Абу Мансур Тусий Шайх Абу Муҳаммад Жувайний6лардан таълим олади.

Устози ва шайхи Казрувний вафотидан олдин Абу Бакр Шоший Ироққа сафар қилиб, Бағдодга боради. Бағдодда Шайх Абу Исҳоқ Шерозий билан учрашиб, ундан дарс олади. Шунингдек, Абу Наср ибн Саббоғдан фиқҳни жидду жаҳд ила ўрганиб, таниқли имом даражасига етади7.

Абу Бакр Шоший Бағдодда Муҳаммад ибн Баён Казрувний, Қосим ибн Аҳмад Ҳаёт, Абу Бакр Хатиб, Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муслим, Абу Ғаноим ибн Маъмун, Абу Яъло ибн Фарролардан ҳамда Маккада Хияж ибн Муҳаммад Хиттинийлардан ҳадис илмини ўрганган. Ундан Абу Муаммар Азжий, Абулҳасан Али ибн Аҳмад Яздий, Абу Бакр Нақур, Абу Тоҳир Салафий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган8.

Абу Бакр Шоший устодлари наздида ҳам катта обрў қозонади. Шу сабаб бўлса керак, мадрасани тугатгач, Бағдодца мударрислик фаолияти билан шуғулланади. Ўша пайтларда Бағдодда «Низомия» мадрасаси қурилган бўлиб, Шоший шу мадрасага мударрис қилиб тайинланади9.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийдан Бағдодда шайх, имом, катта фақиҳ, қози Абулмуфаззал Яҳё ибн Али ибн Абдулазиз ибн Али ибн Ҳусайн Қураший Димашқий (ваф. 534) фиқҳ илмини ўрганган ва ундан ҳадислар эшитган10. Шунингдек, шошлик фақиҳдан шайх, имом, муфтий Абулҳасан Муҳаммад ибн Абулбақо Муборак Бағдодий11, имом, аллома, муҳаддис, ҳофиз, муфтий, шайхулислом Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Исфаҳоний12 лар фиқҳ илмидан таълим олган. Ўз даврининг закийларидан бири — аллома, муфтий Абулаббос Аҳмад ибн Салама ибн Убайдулло ибн Рутобий (ҳиж. 527 йил Ражаб ойида Бағдодда вафот этган) Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший билан ҳамроҳ бўлиб, унинг хизматида бўлган13.

Юқорида қайд этганимиздек, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший фуқаҳоларнинг машҳурларидан эди. Ота-бобоси Шош ўлкасидан бўлиб, Абу Бакр Шоший Маёфориқин қишлоғида таваллуд топган. Аввал ўзининг туғилган жойида, кейин Бағдодга бориб, ўша замоннинг йирик олими Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср ибн Саббоғ ва бошқа олимлардан таълим олган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Абу Исҳоқ Шерозий билан Нишопурга бориб, илмий мунозараларда қатнашиб, ўзини танитган. Яна Бағдодга қайтиб, устози Абу Исҳоқ Шерозий вафотидан (476/1083) кейин шофиъий мазҳабидаги фуқаҳоларнинг раиси бўлган14. Устози Абу Исҳоқ Шерозий вафот этгач, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший унинг ўрнига мударрис этиб тайинланади. Манбаларда кўрсатилишига кўра, у дастлаб дарсга киргач, устоз ўтирадиган жойга ўтириб араб шоири Абу Таммом (788—846) шеърларидан ушбу мазмундаги байтларни ёздирибди:

«Жойлар бўш қолганида ҳеч ким мени катта қилиб сайламаса ҳам, ўзим катта бўлиб қолибман. Аммо катталардан якка ўзим қолганим менинг учун оғир мусибат бўлди», у бу байтни қайта-қайта ўқиб, шогирдларига ўқитиб, «Улар кетиб, курсига ўтириш навбати менга келдими» деб ўзини тутолмай кўзига ёш олибди15.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший йирик фақиҳ бўлиб, бу соҳага оид бир қанча асарлар таълиф этган. Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида «Ҳилйат ал-уламо фи мазоҳиб ал-фуқаҳо» («Фақиҳлар мазҳабида олимлар зийнати») асари муаллифи Мустазҳирий деб танилган Шайх Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қаффол Шоший (ваф. 507), — деб ёзади»16. Тошканд олимлари бўйича маълумотлар тўплаган шарқшунос А.Носиров «Кашф аз-зунун»даги ушбу фикрга таяниб, «Мустазҳирий Қаффол Шошийнинг авлодларидан эканлиги маълум бўлади», — деб қайд этган17. Шунингдек, Ёқут Ҳамавий «Муъжам ал-булдон» асарида «Тарғиб фил-фуруъ» («Фуруъга қизиқиш уйғотиш») китоби муаллифи фахр Ислом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Қаффол Шоший бўлиб, 507 йилда вафот этганлиги таъкидланган18. Лекин кўп манбаларда у «Фахр ал-ислом», «Мустазҳирий», «Шайх», «Имом» номлари остида зикр этилади. Аммо уларнинг бирортасида Қаффол Шошийнинг авлодларига тегишли эканлиги айтилмаган.

Шундай қилиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг йирик асари «Ҳилйат ал-уламо» («Ҳилйат ал-уламо фи мазоҳиб ал-фуқаҳо») бўлиб, уни аббосий халифаларидан Мустазҳир Биллоҳга (ваф. 512/1118) бағишлаб ёзган19. Бу катта китоб бўлиб, уни Аббосий халифа Мустазҳир маъқуллаган. Шунинг учун бу китоб «Мустазҳирий» деб ҳам номланган20. Ана шу китоби туфайли Абу Бакр Шоший «Мустазҳирий» деган ном таратган ва тарихий манбаларда унинг тахаллуси ёнида бир унвон сифатида ёзиб келинади21. Ҳожи Халифанинг хабар беришича, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўша даврда ҳар бир масалада имомлар ўртасида воқеъ бўлган ихтилофларни зикр қилган. Сўнгра «ал-Муътамад» («Ишончли»)ни ёзган. Ушбу асарнинг тўлиқ номи — ал-Муътамад фи фуруъи аш-шофиъия («Шофиъия фуруълари бўйича ишончли асар») бўлиб, у «Ҳилйат ал-уламо» китобидек шарҳсиз ёзилган22.

Маълумки, фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослигини ривожлантиришда Имом Шофиъийнинг (ваф. 820) хизмати катта. У ўзининг «ар-Рисола» асарида фикхнинг асосий тушунча ва белгиларини биринчи марта аниқ таърифлаб бериб, «усул ал-фиқҳ» илмига асос солган. Юридик фанлар доктори, проф. А.Саидовнинг эътироф этишича, «ислом қонуншунослигининг мустақил фан сифатида шаклланишида суннийлик ҳуқуқ мазҳабларидан бирининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон Шофиъий Ҳошимий Қураший бениҳоя катта ҳисса қўшган»23.

Шофиъиянинг кейинги асрларда ном чиқарган издошлари қаторига Абу Исҳоқ Иброҳим Шерозий (ваф. 1083) киради. Айнан унга атаб вазир Низом ал-Мулк Бағдодда Низомия мактабини (мадраса) қуриб берган. Файласуф ва фақиҳ Абу Ҳомид Ғаззолий (ваф. 1111) ва қомусий олим Жалолуддин Суйутий ҳам унинг издошларидир24.

Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Фақиҳ Шофиъий «ал-Умдату фи фуруъи ал-шофиъия» («Шофиъия фуруъларининг асоси») асарини таълиф этган. У ўзининг бу асарини халифа Мустазҳир ўғли талаби билан ёзиб, унда дин асосларини қисқача тасниф қилган25. Ушбу китобга кўп олимлар эътибор беришган. Китобга Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий (ваф. 741), Тожуддин Умар ибн Али Фокиҳоний Моликий (ваф. 731), Ибн Мулаққин деб танилган Умар ибн Али (ваф. 804), Ибн Дақиқ Ийд деб танилган шайх Тақиюддин Муҳаммад ибн Али (ваф. 702), Шамсуддин Муҳаммад ибн Абдуддоим Бармовий (ваф. 831) ва бошқалар шарҳлар ёзишган26.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг яна бир йирик асарларидан бири «аш-Шофий» («Шифо берувчи»)дир. «Бу асари ҳам фиқҳ (қонуншунослик)га бағишланган бўлиб, араб олими Абу Иброҳим Исмоил ибн Яҳё Музаний(791—878)нинг «ал-Мухтасар» («Қисқача») деган асарига ёзилган шарҳбўлиб27, манбаларда кўрсатилишича, бу шарҳ йигирма жилддан иборат. Шоший буни беш йил давомида ёзиб тугатган28.

Бироқ Ибн Халликон Абу Бакр Шошийнинг бу китобини бошқа асарга ёзилган шарҳ сифатида кўрсатади: «аш-Шомил фи фуруъи аш-шофиъия» («Шофиъия фуруълари бўйича кенг қамровли китоб») асари муаллифи Ибн Саббоғ деб танилган Абу Наср Абдуссайид ибн Муҳаммад Шофиъийдир. Бу асар шофиъия мазҳабидаги энг яхши ва тўғри китобдир. Унинг шарҳлари ва изоҳлари мавжуд бўлиб, жумладан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Бағдодий Шоший (ваф. 507) 20 жилдли ёзган шарҳини «Шофий» деб номлаган29.

Аксарият манбаларда Абу Бакр Шошийнинг «аш-Шофий» асари шофиъия мазҳабидаги машҳур беш китобдан бири «Мухтасар ал-Музаний фи фуруъи аш-Шофиъия» («Шофиъия фуруълари бўйича ал-Музаний мухтасари») асарига ёзилган шарҳ эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Жумладан, Имом Нававий «ат-Таҳзиб» асарида зикр қилишича, Шайх Имом Исмоил ибн Яҳё Музаний Шофиъий шофиъия мазҳабида биринчи асар ёзган кишидир. Ибн Сурайжнинг айтишича, «ал-Музаний мухтасари» дунёга бокира қиздек чиқди. Бошқалар ўз асарларини худди шу китобдек тартиблаган. Бу китобга кўплаб олимлар шархлар ёзишган. Хусусан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший «аш-Шофий» номли шарҳ ёзган30. Ундан ташқари унинг (Шоший) «аш-Шофия шаҳобчасининг устуни», «Талоққа оид масала» каби асарлари бўлган31.

Шундай қилиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший ўз даврида илм-маърифат ва исломнинг маданий марказларидан бири Бағдодда юқорида айтганимиздек, «Абу Исҳоқ Шерозий, Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй (соҳиби мақомот), Абу Исҳоқ Воҳидий, Абулмаҳосин Рўёний, Хатиб Табризий, Хатиб Бағдодий, қози Байзовий каби йирик олимлар замонида яшаган эди»32. Мустазҳирий номи билан танилган юртдошимиз Абулаббос Аҳмад, Абулмузаффар Самъоний, Наср Муқаддасий, Рўёний, Хатиб Табризий, Имом Ғаззолий каби улуғ олимлар билан замондош бўлган33.

Ўша даврда Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср Сабоъ, Абулқосим Дабусий, Имом Ғаззолий, Фахр ал-ислом Шоший (Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад), Суҳравардий, Камолиддин Анборий ва бошқалар сабоқ беришган. Мустазҳирий Низомияда араб тили, калом, мантиқ, адабиёт, сарф-наҳв, қироат, луғат, тафсирдан дарс берар эди34.

Шоший ўз даврида араб адабиёти ва хусусан, шеъриятининг билимдонларидан бири бўлган. Қуръон, ҳадис, қонун-қоида йўл-йўриқларини жуда яхши билган. Тилшунослик, хусусан, араб адабиёти ва грамматикасининг нозик томонларигача эгаллаган. Шунинг учун бўлса керак, унинг синтаксисга оид асари ўрта аср ва ундан кейинги даврларда ҳам кўп мўътабар китобларда тилга олинади35.

Фиқҳилмидаги билими, тутган мавқеи жиҳатидан барча қомусий манбаларда унинг номига «Фахр ал-ислом, «ал-Имом ал-Кабир» сифатлари қўшиб эътироф этилган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший 507/1114 йил шаввол ойининг 15-куни шанба куни саҳарда вафот этган, У «Боб ал-Аброз»36 (Боб ал-Шероз)37 мақбарасига дафн этилган, унинг қабри устози Абу Исҳоқ Шерозий қабри ёнида. Фахр ал-ислом Шоший ўзидан кейин ўз мазҳабида имом бўлган икки фарзанди — Аҳмад ва Абдуллоҳларни қолдирган38.

Тожуддин Субкий унинг ўғиллари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Абулмузаффар Фахр ал-Ислом Абу Бакр Шошийнинг ўғли бўлиб, у фиқҳни отасидан ўрганган. У Абдуллоҳ ибн Толҳадан ҳадислар эшитган. Ундан Абу Бакр ибн Комил ва Ҳофиз ибн Асокирлар ҳадис ривоят қилишган. Абу Бакр Шошийнинг ўғли Аҳмад 529 йили Ражаб ойининг 10-куни жумада Бағдодда вафот этган39.

Абу Бакр Шошийнинг кейинги фарзанди Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад 481/1088 йилда туғилган. Фиқҳилмини ўз отасидан ўрганган. У мазҳаб ва хилоф(баҳс-мунозара)да моҳир бўлиб, кишиларга ваъз ўқирди. Абдуллоҳибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Толҳа ан-Ниъолий ва бошқалардан ҳадислар эшитган40. У шоир ҳам бўлган.

Шунингдек, Абу Хафс Умар ибн Аҳмад Ҳусайн Шоший катта имом, фахр ал-ислом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийнинг укаси. У фиқҳни Шайх Абу Исҳоқ Шерозийдан ўрганган. Абулҳусайн ибн Муҳтадий ва бошқалардан ҳадис эшитган. Олим 550/1155 йилда вафот этган41.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ,
“ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ”

«Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент – 2007

 

1 Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. Б. 393; Табақот ал-муҳаддисин. 1-жилд. -Б. 149

2 Тожуддин Субкий. Табақот аш-шофиъия ал ал-кубро. 3-жилд. -Б. 341-жилд

3 Ўша манба. 3-жилд. -Б. 341

4 Ўша манба. 3-жилд. -Б. 341; Такмилатал-икмол. 3-жилд. -Б. 488

5 Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 393; Табақоташ-шофиъия ал-кубро. 3-жилд. -Б. 341

6 Ўша манбалар. Ўша жойда

7 Табақот аш-шофиъия ал ал-кубро. 3-жилд. -Б. 341; Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 393

8 Ўша манба. 3-жилд. -Б. 341; Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 394; Такмилат ал-икмол. 3-жилд. -Б. 488

9 Қаранг: Муниров Қ., Ирисов А., Носиров А. Тошкснт тарихида баъзи сиймолар -Т.: Фан, 1983. -Б. 16

10 Сийар аълом ан-нубало. 20-жилд. -Б. 63

11 Ўша манба. 20-жилд. -Б. 300

12 Ўша манба. 21-жилд. -Б. 22

13 Ўша манба. 19-жилд. -Б. 610

14 Носиров А. Тошканд олимлари ва шоирларига оид материаллар. ЎзР ФА ШИ Қўлёзмалар фонди. Инв. № 13409. V жилд. 681-саҳифа

15 Қаранг: Тошкент тарихида баъзи сиймолар. -Б. 18

16 Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. -Б. 690

17 Носиров А. Тошканд олнмлари ва шоирларига оид материаллар. ЎзР ФА ШИ Қўлёзмалар фонди. Инв. № 13409. V жилд. 682-саҳифа

18 Муъжам ал-булдон. 1-жилд. -Б. 401

19 Қаранг: Кашф аз-зунун. 1-жилд. -Б. 690; Муниров Қ, Ирисов А„ Носиров А. Тошкент тарихида баъзи сиймолар. -Б. 17

20 Кашф аз-зунун. 1 -жилд. -Б. 690; Такмилат ал-икмол. 3-жилд. -Б. 488

21 Тошкент тарихида баъзи сиймолар. -Б. 17

22 Кашф аз-зунун. 1-жилд. -Б. 690; 2-жилд. -Б. 1733

23 Саидов А. Усулул фиқҳ — ислом қонуншунослигига бир назар // Усулул фиқҳ. -Т.: Адолат, 1997. -Б. 214-215

24 Қаранг: Ҳусниддинов 3. Шофиий мазҳаби // Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар. -Т.: Мовароуннаҳр, 2000. -Б. 16—17

25 Кашф аз-зунун. 2-жилд. -Б. 1169

26 Ўша манба. Ўша жойда

27 Хайруддин Зирикли. ал-Аълом. 6-жилд. -Б. 210. 1-жилд. -Б.327

28 Тошкент тарихида баъзи сиймолар.-Б. 17

29 Кашфаз-зунун. 2-жилд. -Б. 1025

30 Ўша манба. -Б. 1635-1636

31 Тошкент тарихида баъзи сиймолар. -Б. 17

32 Ризоуддин Фахриддин. Имом Ғаззолий. ЎзР ФА ШИ Қўлёзмалар фонди. Босма инв. № 9122. 16-саҳифа

33 Қаранг: Носиров А. Тошканд олимлари ва шоирларига оид материаллар. ЎзР ФАШИ Қулёзмалар фонди. Инв. № 13409. V жилд. -Б. 690; Миръоти коинот. Қўлёзма инв № 832. 588-саҳифа

34 Қаранг: Носиров А. Мустазҳирий//Тошканд олимлари ва шоирларига оид материаллар. -Б. 692

35 Қаранг: Тошкент тарихида баъзи сиймолар.-Б. 17—18

36 Табақот аш-шофиъия ал-кубро. 3-жилд. -Б. 341; Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 394

37 Қаранг: Тошкент тарихида баъзи сиймолар. -Б. 17

38 Табақоташ-шофиъия ал-кубро. 3-жилд. -Б. 341

39 Ўша манба.-Б. 327

40 Ўша манба. 4-жилд. -Б. 81

41 Ўша манба. 4-жилд. -Б. 153

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Post Views: 3 907 Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *