Бош саҳифа » Алломалар » Мутафаккирлар. Абу Райҳон Беруний (973-1048)

Мутафаккирлар. Абу Райҳон Беруний (973-1048)

Ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний 973 йил 9 сентябрда Хоразмнинг қадимги пойтахти Кот шаҳрида туғилди. Айрим манбаларда Берунийни Кот шаҳрининг ташқарисида туғилган, шу сабабли уни “Беруний”, яъни “ташқарилик” деган тахаллус билан аташган дейишади.

Ёшлигиданоқ илм-фанга қизиқиши орта борди. Беруний кейинчалик машҳур олим Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида таълим олди. Ибн Ироқ астрономия, геометрия, математикага оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади.

Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, у Хоразмда яшаган даврида, 990- йиллардан бошлаб Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро этган. 22 ёшидан Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида яшади. Сўнг қадимги Рай шаҳрига борди, 998 йилдан кейин яна Журжонга келди ва бу ерда ўзининг иккинчи устози табиб, астроном, файласуф Абу Саҳл Исо Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олди. Беруний “Осорул-боқия анил-қурунил-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини Журжонда ёза бошлаган ва 1000 йилда тамомлаган. “Осорул-боқия” Берунийга жуда катта шуҳрат келтирди, уни фаннинг ҳамма соҳасига қизиқувчи буюк олим эканини кўрсатди. Бундан ташқари, Беруний Журжонда астрономия, метрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзди. Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилди. Хоразмшоҳ томонидан жуда катта иззат-икром билан қабул қилинган. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатади. Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади.

Беруний 1017–1048 йилларда Ғазнада ҳаёт кечиради ва бу давр унинг илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди. Берунийнинг “Хоразмнинг машҳур кишилари” асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари “Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш” – “Геодезия” 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асари ҳам 1029 йил Ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган.

Берунийнинг “Ҳиндистон” номли машҳур йирик асари “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби” номи билан 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон хинд олимлари томонидан юксак баҳоланган.

Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши, ҳинд маданияти, адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишга ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон берди. “Ҳиндистон” асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд Ғазнавий вафот этди ва унинг ўрнига тахтга ўғли Масъуд ўтирди. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланди. Астрономияга оид “Масъуд қонуни” асарини султон Масъудга бағишлади.

Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири “Минералогия”дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Европада ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари – “Доривор ўсимликлар ҳақида китоб”ининг қўлёзмаси ХХ асрнинг 30–йилларида Туркияда топилди. Асар “Сайдана” номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.

Беруний шогирди Абул Фазл Сарахсий маълумоти бўйича 1048 йил 11 декабрда вафот этган. Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакология, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. “Астрологияга кириш”, “Астрономия калити”, “Жонни даволовчи қуёш китоби”, “Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида”, “Кўпайтириш асослари”, “Птолемей “Алмагести”нинг санскритчага таржимаси”, “Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар”, “Фарғоний “Элементлар”ига тузатишлар”, “Турклар томонидан эҳтиёткорлик”, “Оқ кийимлилар” ва карматлар ҳақида маълумотлар”, “Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси”, “Ибн Сино билан ёзишмалар” шулар жумласидандир. Берунийнинг асарлари мусулмон Шарқи маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Сўнгги асрларда араб ва форс тилларида ёзилган Байҳақий, Шахризўрий, Қифтий, Ёқут Ҳамавий асарларида Беруний ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. ХIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Христиан Иоанни Бар Эбрей (1226–1286) Берунийга шундай баҳо беради: “Ўша ўтган йилларда юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўтмиш илмларда шуҳрат қозонди. У математика илмларида мутахассис бўлиб, бу соҳада қатор муҳим китоблар яратди. Ҳиндистонга бориб, у ерда бир неча йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди ва уларга юнон фалсафасини ўргатди. Унинг асарлари ниҳоятда кўп, етук ва ниҳоятда ишончлидир. Бир сўз билан айтганда, ўз даврида, ундан сўнг ва ҳозирга қадар ҳамкасблари орасида астрономия илмида бундай билимдон ва бу илмнинг асосини ҳамда нозик томонларини чуқур биладиган олим бўлмаган”. Беруний ҳақидаги олий баҳо ва тавсифлар Табризий, Суютий, Қазвиний, Тусий, Муҳаммад ибн Мансур Алломий, Хуросоний кабиларнинг асарларида келтирилади.

ХIХ асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари лотин, француз, италян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди. Беруний асарларига бағишланган европалик олимлар Ж.Рено, Э.Захау, Г.Зутер, Э.Видеман, К.Наллино, Ж.Сартон, Р.Райт, М.Меерхоф, осиё олимлари С.Х.Наср, М.Козим, С.Бараний, М.Низамуддин, Ш.Ялткай кабиларнинг китоблари, таржималари нашр этилди. Бу тадқиқотчилар Беруний ижодига жуда юқори баҳо бердилар.

Ҳ.М.Абдуллаев, И.М.Мўминов, В.Ю.Зоҳидов, Я.Ғ.Ғуломов, У.Каримов, М.М.Хайруллаев, С.А.Булгаков каби атоқли олимлар Беруний фаолияти ҳақида қатор рисола, асарлар яратишди. Тошкентда унга бағишланган қатор халқаро илмий конференциялар ўтказилди.

100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Ўхшаш мақола

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший Имом ал-Кабир Фахр ул-Ислом Мустазҳирий

Post Views: 715 Имом, аллома, шофиъия шайхи1, ўз асрининг фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад …

Битта мулоҳаза

  1. Шохиста

    Абу Райхон Беруний хакида диссертация еклаган олим борми. Кандай богланса булади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *