Чоч воҳаси тангалари. 2-қисм. 1-8 тангалар (илк ўрта асрларга оид тангалар)
Турк хоқонлиги даври: милодий VI – VIII асрлар
1-танга. 6-7 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган ҳукмдор тасвири акс этган. Ҳукмдор боши тепасида ярим ой тасвири ўрин олган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса воҳанинг бир қисм тангаларига хос тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда pny ’krty c’cynk γwβw z/nyrt – «Чоч ҳукмдори (томонидан зарб) қилдирган сариқ (бронза) танга” жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг маҳаллий сулоласи вакиллари томонидан зарб қилинган деб ҳисобланади. Танганинг ҳажми 4 см, оғирлиги 3 гр. Қанқа харобасидан топилган.
2-танга. 6-7 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган ҳукмдор тасвири акс этган. Ҳукмдор боши тепасида ярим ой тасвири ўрин олган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса воҳанинг бир қисм тангаларига хос тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда pny с’сynk γwβw сnwr/ynk (?) – «Чоч ҳукмдори čnwr/ynk (?) тангаси» жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг маҳаллий сулоласи вакиллари томонидан зарб қилинган деб ҳисобланади. Танганинг ҳажми 2 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
3-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган ҳукмдор тасвири акс этган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса воҳанинг бир қисм тангаларига хос тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда pnw (=y) kwn’ γwβw zyrt – «Ҳукмдор (томонидан) зарб қилинган сариқ (бронза) танга» жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг маҳаллий сулоласи вакиллари томонидан зарб қилинган деб ҳисобланади. Бироқ тангада ҳокимият рамзларидан бири бўлмиш ярим ой тасвирининг учрамаслиги, шунингдек, “ҳукмдор” сўзи с’сynk “Чочнинг” нисбаси билан бирга келмаганлиги (Чоч сўзи учрамаслиги) ушбу сулола аввалги мавқеини йўқотган даврда бу типдаги танга зарб қилдирилганидан дарак беради. Танганинг ҳажми 1,5 см, оғирлиги 1 гр. Қанқа харобасидан топилган.
4-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган узун сочли ҳукмдор тасвири акс этган. Ҳукмдор бошининг ўнг томонида ярим ой ва чап томонида юлдуз ўрин олган. Маълумки, ушбу астрал белгилар ҳокимият рамзларидан бири ҳисобланган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса воҳанинг бир қисм тангаларига хос тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда ZNH pny tkyn c’cynk γwβ — “Бу Чоч ҳукмдори Тегиннинг тангасидир” жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг Тегинлар сулоласи (605-750) вакиллари томонидан зарб қилинган. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
5-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган ҳукмдор тасвири акс этган. Ҳукмдор боши устида, ўнг ва чап томонида ярим ой ва юлдуз тасвирлари ўрин олган. Маълумки, ушбу астрал белгилар ҳокимият рамзларидан бири ҳисобланган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса воҳанинг бир қисм тангаларига хос тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда pny tk’ ryttpyr c’cynk γwβw – «Чоч ҳукмдори Тка (=Тегин?) Элтабарнинг тангаси» жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг Тегинлар сулоласи (605-750) вакиллари томонидан зарб қилинган, деб ҳисобланади. Чунки, ундаги тамға Чоч Тегинлари сулоласи тамғаси билан деярли бир хил. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
6-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) ўнгга юзланган барс (қоплон) тасвири акс этган. Маълумки, барс – қадимда Тошкент воҳасининг рамзи (шаҳар тотемик эмблемаси) бўлган, деб талқин этилади. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса Чоч воҳаси тангаларининг аксариятига хос тамға жой олган. Тамға устида суғдий ёзувда γwβw – «Ҳукмдор” ва тамға тагида эса tk’yn “Тегин” унвони ўрин олган. Ушбу танга Чочнинг Тегинлар сулоласи (605-750) вакиллари томонидан зарб қилинган, деб ҳисобланади. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
7-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига қараган тож кийган ҳукмдор тасвири акс этган. Ҳукмдор бошининг ўнг томонида ярим ой ва юлдуз тасвирлари ўрин олган. Маълумки, ушбу астрал белгилар ҳокимият рамзларидан бири ҳисобланган. Танганинг тескари томонида (реверсда) эса Чоч воҳасининг аксарият тангаларига хос паншахасимон тамға жой олган. Тамға атрофида суғдий ёзувда stcry tδwn c’cynk γwβ — “Чоч ҳукмдори Тудун Сатачари” жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чоч Тудунлари сулоласи (640-750) вакиллари томонидан зарб қилинган. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
8-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) Чоч воҳасининг аксарият тангаларига хос паншахасимон тамға жой олган. Тамға остида хоч мавжуд. Танганинг орқа томонида (реверсда) суғдий ёзувда икки қатор жумла ва унинг атрофини ўраган γwβ tδwn knwn βγ’nwt — «Илоҳий қонун таянчи ҳукмдор Тудун” жумлалари ўрин олган. Ушбу танга Чоч Тудунлари сулоласи (640-750) вакиллари томонидан зарб қилинган. Танганинг ҳажми 1.7 см, оғирлиги 1.8 гр. Қанқа харобасидан топилган.
Кейинги мақолада Турк хоқонлиги даврига оид (илк ўрта аср) 9-16 тангалар ҳақида маълумот берамиз.
Журналист Эргаш Исматуллаев бисотидан






Изоҳлар