Тошкентликлар. Мирий
МИРИЙ, Ш о и қ (тахаллуси; асл исм-шарифи Мираҳмадхон Мирабдураҳмон ўғли) (1833–1916) – шоир, хаттот, таржимон. Тошкентда туғилган. Марғилон ва Бухорода ўқиган. Тошкент мадрасаларида мударрислик қилиб араб ва форс тилларидан дарс берган, шогирдларига настаълиқ ва насх хатларини ўргатган. Ўзбек, араб ва форс тилларида ижод қилган. Бедил ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Шеърларининг кўпчилиги анъанавий ишқий мавзуда («Эй жамолинг шавқидин…», «Ётдим адам саҳросида…»). Айниқса, 20-аср бошларида кам ёзилган таърих устаси бўлган. «Фиқҳи Акбар» номли арабча асарни «Икди дурар шарҳи фикх ал-Акбар» номи билан шеърий таржима қилиб (1898), Тошкентда 1908 йилда чоп эттирган. Шеърлари турли баёзларда учрайди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар