УСТА ШИРИН Муродов (1879–1957.12.2) – меъмор, ганч ўймакори; Ўзбекистон ФАнинг фахрий аъзоси (1943), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1943). Ўз ижодида ганч ўймакорлиги анъаналарини маҳорат билан қўллаган, уларни янги мазмун ва шакллар билан бойитган, илк бор иш фаолияти (ганч ўймакорлиги)да нақш замирида кўзгудан фойдаланди, яъни кўзгу устига ганчкори нақшлар ишлаб, жозибадорликка, ажойиб нақш жилвасига эришди.
Уста Ширин 1943 йилдан Тошкентда. У шаҳардаги кўплаб жамоат ва маъмурий биноларни нафис ганчкорлик нақшлари билан безади: Тошкент куранти, Навоий театри (Бухоро зали), Муқимий театри, ҳозирги Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи ва бошқалар; меъморий обидаларни таъмирлашда қатнашди. Уста Ширин кўплаб шогирдлар етиштирган: Самарқанд таъмирчилар мактаби, Тошкент қурилиш санъати мактаби (1940–42), Москва бадиий санъат билим юрти (1942–43), П. Беньков номидаги республика рассомлик билим юрти (1952–57)да дарс берган. Чиғатой қабристонига дафн этилган. Давлат мукофоти лауреати (1948). «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001). Тошкент кўчаларидан бири унинг номи билан аталади.
УСТА ШИРИН КЎЧАСИ – Собир Раҳимов ва Юнусобод туманларига қарашли Мискин, Жомий, Уста Ширин ва «Янгиариқ» маҳаллалари ҳудудида. Узунлиги 3 км атрофида. Қорасарой ва Сандиққўрғон кўчалари оралиғида. 20-асрнинг 1-ярмида ташкил топган. 1957 йил 20 сентябрда машҳур халқ устаси Уста Ширин номи берилган. Йўналишида ишлаб чиқариш корхоналари, дизайн, машинасозлик касб-ҳунар коллежлари, металлбаза, бозор шохобчаси, қурилиш моллари ва электр ускуналари савдо мажмуаси, «Янгиариқ» супермаркети, турли сервис хизмат кўрсатиш масканлари, шахсий ва кўп қаватли турар жой бинолари ва бошқалар жойлашган. Аҳмад Дониш, Шим. Олмазор, Жомий ва Широқ кўчалари билан туташган.
«УСТА ШИРИН» МАҲАЛЛАСИ (Корҳожиота-1 кўчаси, 29) – Юнусобод туманидаги маҳалла. «Туркқўрғон», «Янгиариқ», «Оқибат» маҳаллалари билан чегарадош. 1930–46 йилларда маҳалла ҳудуди 20 гектардан ортиқ майдонга эга бўлган боғлардан ташкил топган. Бу боғлар асосан шайхонтоҳурликлар, себзорлик ва оқтепаликларнинг боғ уйлари бўлган. Ўша пайтда маҳалла номи Корхожаота (асли Қорахўжаота) эди. 2-жаҳон уруши тугаши билан бу боғлар хусусий уй-жой қуриш учун аҳолига бўлиб берилган. 60-йиллар охири – 70-йиллар бошида маҳалла номи ўзгартирилиб, «1-Кисловодский» деб номланган. 1992 йил машҳур халқ устаси Уста Ширин номи берилган. Аҳолиси 3180 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида «Ўзэкспомарказ», «Тошкент телерадио узатиш маркази», «Камалак-ТВ» қўшма корхоналари, 2 озиқ-овқат дўкони, ўрта мактаб, болалар боғчаси мавжуд. Маҳаллада академик Мурод Шарифхўжаев, педагогика фанлари доктори Асқар Зуннунов, бастакорлар Дони Зокиров, Набижон Ҳасанов истиқомат қилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил