Бош саҳифа » Биласизми? » Бухоро амирлиги Қушбeгиси архивининг шаклланиш тарихи

Бухоро амирлиги Қушбeгиси архивининг шаклланиш тарихи

Бухоро амирлиги тарихини ёритишда бугунги кунда сақланаётган Қушбеги архиви материаллари тарихчилар учун муҳим тарихий материаллардир. Бухоро амирлиги қушбеги архивининг ҳозирги ҳолатигача бўлган шаклланиш жараёнлари ҳам узоқ даврни босиб ўтган бўлиб, буни қуйидаги жиҳатларда кўриб ўтамиз.

Вилоятлардан амирнинг Аркига ҳафталик маълумотлар чопарлар орқали етказиб турилган. Бундай ҳужжатлар асосан бир хил шаклда тузилган. Юқоридаги ўнг бурчагига «Ҳазрат Ҳаққ субҳонаҳу ва таъоло», чап бурчагида «Ҳува-л-фаёз» ёзувлари бўлиб, (яъни, Ҳазрат Ҳаққ (Аллоҳ) пок ва олийдир (ва) у файз улашувчидир), ўртада «жаноб зилли илоҳий, олий ҳазратам, мавлоям салламаҳуллоҳу таъоло» (яъни Аллоҳнинг (ердаги) сояси бўлмиш жаноб (Амир) олий ҳазратим, Хожам, Аллоҳ у (киши)ни саломат қилсин) мурожаатли ёзувлар билан хитоб қилиниб, вилоятларда тинчлик, осойишталик эканлиги, фуқаролар амирнинг дуосида бўлиб туришгани ҳақида хабар берилади. Ҳокимларнинг садоқат изҳор қилувчи «тасаддуқ шавам» (йўлингизда сиз учун тасаддуқ бўлай) хитоблари ва дуолари билан мактублар тугатилади.

Турли вилоятлардан келган мактубларнинг бир хил шакл мазмундалиги ўша пайтда амирлик девонхоналари учун махсус котиблар ўқитилганлигидан далолат беради. Кўпинча котибларнинг дастхатлари ҳам бир хил, бир-бирига ўхшаб кетади. Ана шу чопарлар орқали Аркка қушбегининг қўлига келтирилган ҳар хил ҳужжатлар қайд қилиш дафтарига қайд қилингач, девонхона сандиқларига тахлаб қўйилар эди. Ана шу зайлда Бухоро амирлигида архив ишлари шакллана бошлаган.

Бухоро амирлигидаги архив ўз фаолиятини 1865 йил, яъни Амир Музаффар давридан бошлаган.Яна шуни тахмин қилиш мумкин-ки, архивнинг вужудга келишида рус маъмуриятининг таъсири ҳам бўлган. Бухоро Халқ Совет Республикасининг нозири олим ва тарихчи Мусожон Саиджоновнинг ёзишича, Бухоро амирлигининг архиви икки қисмга бўлинган эди:

Биринчи бўлим Бухоро амирлигининг шахсий девонхона архиви; Иккинчи бўлим, Бухоро Қўшбегисининг девонхонаси архиви.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Бухоро амирлиги девонхона архиви бевосита амир қўл остида бўлган. Масалан, Амир Музаффар Бухорода ўзининг қароргоҳида архивни ўз ёнида сақларди. Унинг ўгъли Саййид Абул Аҳад Бухоро амирлиги девонхона архивини ўзи билан биргаликда Карманадаги қароргоҳига олиб келди. 1910-1920 йилда Амир Олимхон уни Бухорога келтирди. Девонхона парвоначи қўл остида эди. Бахтга қарши Бухоро амирлигининг девонхона архиви ҳозирги кунга қадар сақланиб қолмаган. Шундай тахминлар борки, 1920 йилдаги Бухоро инқилоби даврида бу архив совет аскарлари томонидан ишгъол қилинган эди ва бу архив турк фронтига кўчириб ўтказилган.

Ўзбекистон Миллий црхивида 5 мингга яқин Бухоро амирлиги девонхона ҳужжатлари сақланади, лекин уларнинг ҳаммаси Бухоро Қушбегиси номига ёзилганлиги сабабли «Бухоро амирлиги Қушбегисининг канцелярияси»архивида сақланади. Бундан ташқари, фондда Бухоро амири ва Афғонистон шоҳи ўртасидаги ёзишма ҳужжатлари ҳам сақланади.

Қушбеги Бухоро амирлигида катта имтиёзларга эга эди, бутун девонхона орқали давлат бошқарувига тегишли сиёсий, маданий,иқтисодий доирадаги ҳужжатлар ўтарди. Мирзо Насруллоҳ қушбегигача архив тартибга кетирилмаган бўлиб, ер остида махсус сандиқларда сақланарди.

Янги тайинланган Усмонбек Қушбеги саводсиз киши бўлганлиги сабабли, архивнинг тарихий аҳамиятига унча эътибор бермаган.

1920 йил сентябр ойида Бухорода Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг, Куйбишев бошчилигида Амир ва Қушбегининг архивини топиш ва уни сақлаш юзасидан Бухоро Ревкоми томонидан буйруқ чиқарилган эди. ЧК ва милиция ходимлари томонидан Аркнинг ер ости хоналарида ҳужжатлар сақланган сандиқлар топилган. Айрим ҳужжатлар девонхонанинг полида ва токчаларидан топилган. Тахминан улар ҳам амалдорлар томонидан қувғин пайтида ташлаб кетилган.

Барча ҳужжатлар ҳеч қандай тартибсиз ва ёзувсиз қутиларга солинган ва собиқ Совет Халқ Нозирлиги омборларига жўнатилган, у ерда ташқи ишлар вазирлиги омборларига жойлаштирилган. Ҳужжатлар у ерда ЎзССР ташкил топгунга қадар сақланган.

Бухоро ҳукумати таклифига биноан, Бухоро тарихини ёзиш учуи 1920-1921 йиллар Бухорога тарихчи олимлардан В.В.Бартолд, А.А.Семенов, Пўлат Солиев, Фитрат ва бошқалар келишган. Улар фақатгина ўзларига керакли бўлган ҳужжатларни ўрганиб чиқишган.

Чегараланиш даврида Бухорода М.Сайиджонов раҳбарлигида комиссия тузилади. У 1924 йили ҳамма тўпланган ҳужжатларни қайта ишланмаган асл ҳолида Бухоронинг марказий кутубхонасига топширади. Акт бўйича 69 ўрам, 52 дафтар ва 50 китоб мавжуд эди.1931 йилга келиб архив тасодифан Аркда, беркитилган бинода топилган.

Унга қадар Бухоро ҳукумати музейи ходимлари бу ҳақидаги хабарни эшитиб, архивнинг тенг ярмини йўқ қилиб юборишади, қолганларини эса турли жойлардан қидиришга тўғри келди.

Албатта, кўп нарсалар йўқолиб бўлган эди. Архивни топган шахслардан бири Мирзо Насруллоҳ ўз даврининг фидоий кишиларидан эди ва унинг ислоҳотлари амир Олимхонга маъқул бўлмаган, шу сабаб Колесов воқеасидан сўнг уни 1918 йили қатл эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Миллий давлат архивидаги «Бухоро Амирлиги Қушбегиси архиви» сарлавҳаси билан И-126 фондда сақланаётган ҳужжатларнинг тавсифи.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Миллий архивининг «Бухоро амирлиги қушбеги бошкармаси» И-126 фондида Бухоро амирлиги девонхонаси архивига тегишли 5000га яқин ҳужжат сақланиб, уларнинг ҳаммаси қушбеги номига юборилганлиги учун қушбеги архиви ҳужжатлари таркибига киритилган.

Ўзбекистон Миллий архивидаги «Бухоро Амири Қушбегиси архиви» сарлавҳаси билан И-126 фондда сақланаётган ҳужжатларни умумий тўққизта катта гуруҳга бўлиб ўрганиш мумкин. Ҳар бир бўлим, ўз навбатида, яна майда бўлимларга бўлинади. Қайд рақамларига берилган сўзбошиси фондда сақланаётган ҳужжат нусхалари ҳақида маълумот беради:

1. Маъмурий ҳужжатлар: Амирларнинг мансабларга тайинлаш тўгрисидаги ёрликлари ёки аксинча, мансабдан бўшатиш ҳақидаги фармонлари ёхуд мансабдор шахсларнинг лавозимларини ошириш, садоқат билан хизмат килиб, бошқалардан ажралиб турадиган шахсларни мукофотлаш ҳақидаги муборакномалар, Бухоро амирлигининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига оид ҳужжатлар, фуқароларнинг ижтимоий аҳволи ҳамда ҳаётий муаммолари юзасидан ёзган шикоят аризалари ва давлат томонидан қилинган қурилишлар, табиий офатлар, зилзилаларни зарарларини бартараф этиш, амирлик ҳудудидаги транспорт масалаларини ҳал этиш юзасидан берилган фармонлар, ҳар хил мавзудаги васиқалар ҳам туркумга киради. Шу билан биргаликда амирликдаги барча иш юритиш қоғозлари рақамланиб, қайд қилиш дафтарларига ёзиб, рўйхатдан ўтказиб борилган. Ана шу дафтарлар ҳам биринчи туркум — маъмурий ҳужжатлар туркумига киради.

2. Сиёсий мавзудаги ҳужжатлар амирликнинг ички ва ташқи сиёсатидаги аниқ хабарлар, воқеалар ва ҳодисаларга гувоҳлик беради. Асосан, ички сиёсат, ундаги бурилиш нуқталари ҳақидаги маълумотларга эга ҳужжатларни амирликнинг 1917 йилгача бўлган умумий сиёсий аҳволига доир ва ундан кейинги сиёсий ҳолати тўгрисидаги маълумот берувчи ҳужжатларга тақсимлаш мумкин.

Сиёсий мавзудаги ҳужжатлар туркумининг иккинчи кисми 1917 йилдан кейинги, яъни амирликнинг охирги йилларига доир воқеаларни ўз ичига олувчи ҳар хил хатлар, васиқалар, муборакномалар ташкил килади.

Биз бунда амирликнинг ташки сиёсати ҳақидаги маълуматларни ҳам кўплаб учратамиз. Маълумки, буларнинг кўпчилиги асосан Россия билан ўзаро олиб борилган ёзишмалардир.Бу ёзишмалар Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухородаги Россия императорлигининг сиёсий агентлиги каби ташкилотлар билан олиб борилган. Уларда савдо-сотиқ, транспорт масалалари, темир йўллар куриш каби масалаларда ўзаро маслаҳатли алокалар ҳақида гап боради.

Бундай ҳужжатларни Ўзбекистон Миллий архиви «Туркистон генерал губернаторлигининг канцелярияси» деган сарлавҳа остидаги И-1 фондидаги ҳужжатлар орасида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Масалан, амирликнинг охирги йилларида ташқи таҳдидлар олдинги йилларга нисбатан анча кучайган. Бунга Бухородаги ички нотинчликлар ҳам таъсир кўрсатган. Бу йилларда чегара вилоятлари ҳокимлари қўшни мамлакатларда кузатиш олиб бориш ўз кишиларини савдогар ёки элчи суратида юбориб, улардан маълумот олиб, бу маълумотларни тез-тез қушбегига ёзиб, жўнатиб турганлар.

Мамлакатнинг ички вазияти ҳам охирги пайтларда анча нотинчлашган. Араб, турк, инглиз, нимис ва бошқа миллатга мансуб шахсларнинг амирлик ҳудудида жосуслик билан шуғулланиб юрганликлари архив ҳужжатларида қайд қилинган.

3. Иқтисодиёт масалаларига доир ҳужжатлар. Қўшбеги архивининг каттагина кисмини ташкил этади. Иқтисодиётга тегишли барча ҳужжатлар, жумладан, солиқлар, закот, бошка тушумлар, ижарага бериш, ижарага олиш, давлат хазинасининг аҳволи, давлат харажатлари, вақфлар, савдо масалалари, савдо алоқалари, бозорлардаги нарх-наво, солиқлардан баъзи бир кишиларни озод қилиниши ёки уларга айрим имтиёзлар бериш, кирим-чиқим дафтарлари, заҳиралар, сарой харажатлари ҳақидаги ҳужжатлар ушбу туркумнинг асосий моҳиятини белгилайди. Шу билан бирга, табиий бойликлар, иссиқлик энергияси захиралари, қишлоқ хўжалиги ҳамда сув хўжалиги, сувдан унумли фойдаланиш масалаларини акс эттирувчи қогъозлар ҳам ана шу бўлимдан жой олган. Бундан ташқари, почта алоқалари, темир йўл харажатлари ва улардан келадиган даромадлар, божхона фаолиятига доир ҳужжатлар ҳам иқтисодиёт масалаларига доир туркумга киради.

Иқтисодий ҳужжатлар туркуми Қушбеги архивининг энг катта қисмидир. Чунки ушбу гуруҳ ҳужжатлари амирликнинг сиёсий, иктисодий, ижтимоий, маиший ва бошқа тармоқларини ҳам ўз ичига қамраб олган. Амирликнинг иқтисодий жиҳатдан нечогъли кучли бўлганлигини қуйидаги ҳужжатдан ҳам билиб олиш мумкин. Бу ҳужжат амирга хазиначи томондан хазинага келиб тушган тилла-кумуш ёмбилар, тайёрланган тангалар миқдори кўрсатилиб, ҳисобот берилган аризадир.

4. Ташқи алоқалар ҳақидаги ҳужжатлар бўлиб, Бухоро амирлигининг қўшни чегарадош давлат раҳбарларига ёзган дўстона мактублари ёки аксинча, бошқа давлат раҳбарларидан ёхуд амалдорларидан амир ва қушбеги номига келган мактублар, давлатлараро тузилган шартномалар, халқаро актлар, амирликнинг мусулмон ҳамда номусулмон давлатлар билан қилган ўзаро дипломатия ҳужжатлари ва бошқалардан иборат. Амирликда паспорт тизимини жорий қилиш, фуқароларни эмиграстия қилиш, чет эл фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ҳарбий асирларга доир ҳужжатлар ҳам ана шу тўртинчи туркумга киради. Шу билан бирга, давлатлараро чегара масалалари, элчихоналарга тегишли ҳужжатлар, мамлакатларнинг илмий ва маданий алоқалари, ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, Россия ҳамда бошқа мамлакатларнинг ҳар хил муассаса ҳамда ташкилотларни амирликда фаолияи олиб боришини акс эттирувчи ҳужжатлар мавжуд.

Булардан ташқари, Россия урушларига муносабат, рус пулларининг амирлик ҳудудига кириб келиши, буларнинг оқибатида Бухоро амирлиги ҳудудидаги савдо ва иқтисоднинг касодга учраши хамда шу сабаблардан юзага келган зиддиятлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатлар ҳам анашу ташқи алоқалар хақидага ҳужжатларга киради. Туркия консули, Эрон шахзодаси, Афғонистон қироли, Россия императорлари билан бўлган ўзаро ёзишмалар фонднинг илмий қийматини янада оширади.

5. Ҳарбий ишлар ҳужжатлари амирлик армияси сарбозларининг ҳолати, уларнинг ҳарбий унвонлари ва тузилмаси ҳақида хабар беради. Бухоро гарнизони, умуман, амир қўшинидаги сарбозларни кийинтириш уларни транспорт-улов билан таъминлаш, сарбозларнинг ўқ-дори, қурол-ярогълари, казармаларининг холати ҳақидаги ҳужжатлар бу туркумнинг асосини ташкил килади. Шу билан бир қаторда, фуқароларни ўз розилиги билан ҳарбий хизматга олиш, заҳирага бўшатиш, хизматдан бўйин товлаган ёки хизматни ташлаб қочган сарбозлар ҳақидаги ҳужжатлар ҳам учраб туради. Аскарларнинг ўз командирлари устидан Қушбегига ёзган шикоятлари, аризалари ҳамда ўз хизматларидан рози эканликларини билдирувчи мактублари, қоровул, патрул хизматлари фаолиятига доир ҳужжатлар ҳарбий ишлар ҳужжатларига киради.

Ҳужжатлар амирликдаги ҳарбий ҳолат, сарбозлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Амирларнинг рагъбатлантиришлари, артиллерия ҳисобланган тўпчилар қисмининг амирга ёзган ариза-ҳисоботлари, офистерларнинг (ҳарбий амалдорларнинг) Қушбегига казармаларнинг санитарик аҳволи ҳақидаги ариза (ҳисобот) лари, сарбозларнинг соғлиғи ҳақидаги ариза(ҳисоботлари), ўз командирлари устидан ёзган шикоятлари бизга кичик маълумотларни беради.

6. Суд материаллари амирликнинг қозихоналарда юритилган ҳуқуқий соҳадаги ишлар ҳақида маълумот беради. Расмий қозилик ҳуқуқини берувчи маншуралар, фуқаролик ишлари, улардан тушган ариза ва шикоятлар, даъво хатлари, иқрор хатлари, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар, никоҳ хатлари,талоқ хатлари, меросни бўлиш ҳақидаги ҳужжатлар ушбу бўлимдан ўрин олган.Булардан ташқари, оддийроқ жиноятга нисбатан шахсан амирнинг ўзи ҳал қилувчи кўрсатмаларни бериб, муваффақиятли тугатилган ишларга муборакномалар жўнатиб, қозиларни табриклаб, рағбатлантириб турган. Асосан, жиноий ишларнинг кўрилиши ҳақидаги ҳисоботлар Қушбеги номига жўнатилиб турилган.

7. Маданий-маиший ҳолат ҳақидаги ҳужжатлар туркумига амалдорларнинг амирга қилган тортиқлари ёки аксинча, бирор байрам, хурсандчилик муносабати билан амирнинг амалдорларга қилган совгъалари расмийлаштириб қўйган ҳужжатларни киритиш мумкин. Сарой аъёнларининг тўй-ҳашамлари ва байрамларидаги воқеаларни ўзида акс эттирувчи номалар амирликдаги маданий-маиший ҳолат ҳақида маълумотлар беради. Амирлар совға олсаларда, лекин Амир Олимхон кейинги йилларда(ҳужжатда сана кўрсатилмаган) фуқаролардан тортиқ олишни таъқиқлаб, қози Муҳаммад Шариф Садир ва Муҳаммад Махдий раисларга “Бундан буён тортиқлар қабул қилиш қатъиян тақиқланганлиги тўгрисида”ги муҳокамаси эътиборли ҳужжатлардан биридир.

8. Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича амирлик вилоят ва шаҳарларида олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берувчи ҳужжатлар жуда озчиликни ташкил этади. Шундай бўлсада, дастлаб ташкил қилинган касалхоналлар, уларни жиҳозлаш, таъмирлаш масалалари, ўша пайтдаги айрим касалликлар, уларга қарши кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотлар ушбу туркум ҳужжатлари орасида жой олган. Вабо, ўлат эпидемияларининг пайдо бўлиши, уларга қарши оммавий кураш қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ҳам архивда сақланади.Бундан ташқари,чорва моллари касаллиги эпидемиясига қарши кўрилган чоралар ўзида акс эттирувчи ҳужжатлар ҳам учрайди. Мисол тариқасида, лойиҳаалардаги амалдорларнинг Қушбеги номига жўнатган мактубларида чорва касаллиги тарқалганлиги, аҳоли ўртасида эса сил касаллиги пайдо бўлганлиги ташвиши билдирилган маълумотларни келтириш мумкин.

9. Диний ҳужжатлар жумласига диний байрамларни ўтказиш, Рамазон ойида хатми Қуръонларни ташкил қилиш тўгрисидаги фармойишлар киради. Амирлик шаҳар ва вилоятлардаги асосий масжид-мадрасалар рўйхати ҳамда улардаги имом-хатиб, бош мударрис ёки мутавваллийларнинг рўйхатлари ҳам диний ҳужжатлар бўлимидан жой олган. Диний мансабларга (муфти, қози, имом, мударрислик ва ҳоказоларга) тайинлаш учун қозикалон томонидан Амир номига ёзилган аризаларда шу мансабларга лойиқ кишиларнинг исмлари кўрсатилиб, таклиф киритилган.

Булардан ташқари, мадрасаларда таҳсил олаётган талабаларнинг ҳаёти ҳамда дарслардаги асосий предметлар ҳақида маълумот берувчи ҳужжатлар, айниқса, аҳамиятлидир. Талабаларни ҳужралар билан таъминлаш, уларни рагъбатлантириш, иқтисодий муаммоларини ҳал қилиб бериш, мударрисларнинг ойлик маошларини бериш, ўқув йилининг бошланганлиги ёки тугаганлиги ҳақида ясовулбошининг амирга берган рапортлари ва бошқа масалаларни ўзида акс эттирувчи ҳужжатлардаги маълумотлар қизиқарли манбалардандир. Мазҳаблараро келишмовчиликлар акс этган сунний-шиа зиддиятлари, уларнинг сабаблари, оқибатлари тўгрисида ҳам талайгина маълумотлар олиш мумкин. Зикрларини махфий ҳолда айтувчи нақшбандия тариқатига мансуб сўфийлар билан ошкора зикр айтувчи яссавия тарикати сулуклари ўртасидаги тушунмовчиликларни изоҳлаб, илмий асослаб, тушунтириб берилган фатвономалар ҳам ушбу бўлимда сақланади.

Хулоса қилиб айтганда Бухоро амирлиги қушбеги архиви Бухоро ҳақида маълумот берувчи муҳим ҳужжатлар жамланмасидан иборат. Унда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаёт билан боғлиқ масалаларни ёритишда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Аҳмадов Аҳмаджон Асрор ўғли
БухДУ “жаҳон тарихи” кафедраси магистранти

Расулов Амонжон Улуғбек ўғли
Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси АКТ етакчи мутахассиси

«Ўзархив» агентлиги Ахборот хизмати томонидан таҳрирланган

Ўхшаш мақола

«Тараққий»

Post Views: 103 «Тараққий» – жадидлар газетаси. 1906 йил 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *