Чоч воҳаси тангалари. 4-қисм. 17-25 тангалар
Илк ўрта асрларга оид тангалар. Турк хоқонлиги даври: милодий VI – VIII асрлар
17-танга. 6-аср охирги чорагида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тахтда ўтирган ҳукмдор тавири акс этган. Ҳукмдор бошининг чап томонида ярим ой ва унинг остида саккиз қиррали юлдуз тасвирлари ўрин олган. Чоч воҳасида зарб қилинган Ғарбий Турк хоқонлиги тангаларига хос тамға жой олган. Танганинг иконорафик жиҳатлари унинг Ғарбий Турк хоқонлигига оид танга эканлигидан дарак беради. Танганинг ҳажми 2 см, оғирлиги 2 гр. Қанқа харобасидан топилган.
18-танга. 7-аср илк чорагида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган, шерсимон зооморфик тахтда ўтирган ҳукмдор тасвири акс этган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) узун сочли ҳукмдор жой олган бўлиб, унинг бошидан чап томонда ярим ой ва унинг остида юлдуз тасвирлари акс этган. Зооморфик тахт исломдан олдинги ҳукмдорликларда илоҳий ҳокимият рамзи сифатида тушунилган. Айниқса, Чоч воҳасида шер ва қоплон муқаддас тотемистик ҳайвонлар ҳисобланган. Танганинг орқа томонида (реверсда) Ғарбий Турк хоқонлигига хос тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда βγy twn cpγw х’γ’n — “Илоҳий Тун жабғу-хоқон” жумлалари ўрин олган. Танганинг Ғарбий турк хоқонлиги ҳукмдори Тун ябғу-хоқон (618-630) томонидан зарб қилдирилгани аниқланган. У хитой манбаларида давлат марказини Чочга кўчириб, ҳокимиятини Қора денгиз бўйлари, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Эронгача ёйган қудратли ҳукмдор сифатида таърифланади. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2.3 гр. Қанқа харобасидан топилган.
19-танга. 7-асрнинг илк чорагида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига юзланган ҳукмдор ва малика-хотун тасвири акс этган. Танганинг орқа томонида (реверсда) Ғарбий Турк хоқонлигига хос тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда βγy twn cpγw х’γ’n — “Илоҳий Тун жабғу-хоқон” жумлалари ўрин олган. Танганинг Ғарбий турк хоқонлиги ҳукмдори Тун ябғу-хоқон (618-630) томонидан бостирилгани аниқланган. У хитой манбаларида давлат марказини Чочга кўчириб, ҳокимиятини Қора денгиз бўйлари, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Эронгача ёйган қудратли ҳукмдор сифатида таърифланади. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2.3 гр. Қанқа харобасидан топилган.
20-танга. 6-аср охири — 7-аср бошларида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) ўнгга юзланган от ва унинг устида ярим ой ва қуёш (?) тасвири акс этган. Танганинг орқа томонида (реверсда) Ғарбий Турк хоқонлигига хос тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда … cpγw х’γ’n — “… жабғу-хоқон” жумлалари ўрин олган. Танганинг Ғарбий Турк хоқонлигига оидлиги аниқланди. Чунончи, “жабғу-хоқон” Ғарбий Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорларининг бош унвони бўлган. Танганинг ҳажми 1.8 см, оғирлиги 1.7 гр. Қанқа харобасидан топилган.
21-танга. 6-аср охири — 7-аср бошларида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган, отлиқ ҳукмдор тасвирли мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) отлиқ елкасига ўқ-ёй осган ҳолатда тасвирланган. Танганинг тескари томонида (реверсда) суғдий ёзувда Ғарбий Турк хоқонлигига хос тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда cpγw x’γ’n pny — “Жабғу-хоқоннинг тангаси” жумлалари ўрин олган. Танганинг Ғарбий Турк хоқонлигига оидлиги аниқланди. Чунончи, “жабғу-хоқон” Ғарбий Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорларининг бош унвони бўлган. Танганинг ҳажми 1.8 см, оғирлиги 2.5 гр. Қанқа харобасидан топилган.
22-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг томонида (аверсда) тўғрига юзланган ҳукмдор ва малика-хотун тасвири акс этган. Танганинг орқа томонида (реверсда) Ғарбий Турк хоқонлигига хос тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда βγy twwn х’γ’n — “Илоҳий Туун-хоқон” жумлалари ўрин олган. Танга Ғарбий Турк хоқонлиги 630-йилларда мустақил давлатга айлангач зарб қилина бошлангани тахмин қилинади. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 2.0 гр. Қанқа харобасидан топилган.
23-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг юзида (аверсда) сўл томонга юзланган икки ўркачли туя тасвири акс этган. Танганинг орқа томонида (реверсда) ромбсимон тамға ва унинг атрофида суғдий ёзувда prn βγy х’γ’n — “Илоҳий қут (соҳиби) хоқон” жумлалари ўрин олган. Танга Ғарбий Турк хоқонлиги 630-йилларда мустақил давлатга айлангач зарб қилина бошлангани тахмин қилинади. Танганинг ҳажми 1.5 см, оғирлиги 1.0 гр. Қанқа харобасидан топилган.
24-танга. 7-8 асрларда Чоч (Тошкент)да зарб қилинган, ўртаси квадрат тешикли, хитой тангаларига тақлидан ишланган мис танга. Танганинг ўнг юзида (аверсда) βγy х’γ’n — “Илоҳий хоқон” жумлалари ўрин олган. Танга Ғарбий Турк хоқонлиги 650-йиллар охирида Тан империясига қарам бўлган муддатда зарб қилина бошлангани тахмин қилинади. Танганинг ҳажми 2.0 см, оғирлиги 1.5 гр. Қанқа харобасидан топилган.
25-танга. 6-аср охирги чораги – 7-аср бошларида Чоч (Тошкент)да зарб қилинган мис танга. Танганинг ўнг юзида (аверсда) лангарсимон тамға ва унинг устида суғдий ёзувда trδw – “Тарду” исми, танганинг тескари томонида эса х’γ’n — “хоқон” жумлалари ўрин олган. Танга Ғарбий Турк хоқонлигининг асосчиларидан бири Тарду хоқон (576-603) томонидан зарб қилинган. Танганинг ҳажми 1.4 см, оғирлиги 1.5 гр. Қанқа харобасидан топилган.
Кейинги мақолада Мусулмон сулолалари тангалари (милодий IX — XIX) ҳақида маълумот берамиз.
Журналист Эргаш Исматуллаев бисотидан






Ассалому алайкум!
Аввало табриклайман, кўп чиройли иш бўлибди!
«1965 йили Ҳиндистон билан Покистон ўртасида рўй берган қуролли тўқнашувни ҳал қилиш мақсадида Покистон Президенти Муҳаммад Аюбхон билан Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ўртасида 1966 йилнинг 4-10 январ кунлари учрашув ўтказилади. Учрашувда Тошкент декларацияси имзоланиб, унда икки мамлакат ўртасидаги жанжаллли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга келишилади» (А.Иброҳимов «Муфтийлар сулоласи»). Ҳа, Тошкентимиз кўп ҳайрли ишларга гувоҳ бўлган шаҳарлардан ҳисобланади.
Ваалайкум ассалом, эътиборингиздан мамнунмиз!