Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкентнома. Кўкча даҳаси. Сағбон

Тошкентнома. Кўкча даҳаси. Сағбон

Тадқиқотчилар фикрича Кўкча номи Кохча, яъни қалъача сўзидан келиб чиққан. Бу атама VI-XI аср археология ёдгорлиги Кўкча оқтепасига нисбатан айтилган. Бу ерда ҳаёт X-XI асрларгача давом этган. Оқтепа ўтган асрнинг 80-йилларида текисланиб ташланган. Даҳада уч дарвоза (Сағбон, Чиғатой ва Кўкча), 57 маҳалла, 47 мавзе, 60 масжид ва икки мадраса бўлган. Даҳанинг чорбоғлари Назарбек, Кўксарой ва Келес дарёси бўйларидаги жойларда бўлган. Даҳанинг эътиборли жойларидан бири Кўкча дарвозасидан ташқаридаги Орифон (билимлилар) қишлоғидаги мозоргоҳ ҳудудида 1214 йилда Шайх Зайниддинбобо мақбараси қурилган. Тарихий манбаларда даҳанинг номи Шайх Зайниддин даҳаси деб ҳам юритилган.

Даҳанинг қадимий маҳалласи – Сағбон маҳалласи. Эскижўва, Қўшчи, Ачавот маҳаллалари ва Чорсу бозорлари билан чегарадош бўлган. Маҳалланинг асосий кўчаси ва маҳалла зиммасидаги дарвоза ҳам Сағбон номи билан юритилган. Маҳалланинг асл номи Суқбон (арабчада суқ – бозор, бон – қоровул) бўлган. Чунки дашти Қипчоқдан ҳайдаб келинган отарлар, қорамол ва йилқиларни қўриқлаган ва бозорда жаллоблик билан шуғулланган кимсалар шу маҳаллада яшашган. Маҳалланинг бозорга туташ томонида карвонсаройлар, ҳаммом, Москва катта мануфактурасининг савдо дўконлари, Россия тўқимачилик фабрикасининг эгаси Савва Морозовга қарашли банк (2005 йилгача Ўзбекистон табиат музейи биноси) ва савдогар Шамси Асадулла ўғлига қарашли икки қаватли идора биноси (1911 йилда қурилган) сақланиб қолган.

1847 йилги Қўқон хонининг ноиби Азиз парвоначи зулмига қарши кўтарилган қўзғолон шу маҳалладан бошланган. Шойи тўқиш устахонасининг эгаси Муҳаммад Юсуф хожи қўзғолонга раҳбарлик қилган. Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий билан Абулқосим мадрасаси биносида бўлиб ўтган бир суҳбатда, у «…отам ўзининг “Ўтган кунлар” романидаги Юсуфбек ҳожи мана шу Муҳаммад Юсуф ҳожи тимсолида яратилганлигини айтиб ўтган эди», – дея эслаган эди.

Сағбон атамасининг юқоридаги талқини шаҳар топонимик комиссиясининг 1970 йил 22 апрель йиғилишида маъқулланган. Аммо, айрим қадимшунослар бу атамани ўзгача талқин қилганлар. Жумладан:

1- талқин. Сағбон аслида сакбон бўлиб, итбоқар демакдир (сак – ит, бон – боқувчи). Баъзилар ўтмишда Тошкентнинг шимолий чеккасида, яъни Хастимомда мол бозори бўлган, ана шу теварак-атрофда чорва маҳсулотларини ишлайдиган бир қанча ҳунармандчилик (кўнчилик ва бошқалар) корхоналари вужудга келган. Шу билан бирга, мол олиб сотадиган жаллобларга хизмат қиладиган итбоқарлар ҳам бўлган. Кўча номи ана шундан келиб чиққан дейдилар.
2- талқин. Аслида бу ном қадимги оташпарастлик эътиқоди билан боғлиқдир. Оташпарастлар дунёда 4 нарсани: ер, олов, сув ва ҳавони муқаддас деб билганлар. Шунинг учун ҳам ўлган кишиларни ерга кўмишмаган. Чунки, мурда чириб, ерни ифлос қилади, деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун, улар ўликни қуш-қузгунлар еб кетсин деб, узоқроқ жойга олиб бориб ташлаганлар, шаҳар ичида эса махсус жойларда ит боқиб, ўликни ана шу итларга едирганлар. Мурда суякларини эса махсус сопол идиш “оссуарий” (остадон)га солиб кўмишган. Сағбон маҳалласида ана шу мақсадда ит боқишган.

Қадимшуносларнинг бу борадаги талқинлари билан кўшилиш қийин. Маълумки, эрамизнинг 713 йилида Араб халифалиги босқини туфайли Мадинат аш-Шош вайрон бўлади. Йиллар давомида вайрон бўлган шаҳар қайта тиклана олмайди. IX асрда Араб халифалиги томонидан янги шаҳарни тиклаш мақсадида 2 миллион дирҳам ажратилади. Натижада, Бўзсув суғориш системаси асосида ҳозирги Эскижўва ҳудудида Бинкат ва Тошкент номлари билан янги шаҳар вужудга келади. Бу янги шаҳарга асосан ислом динини қабул килган мусулмонлар кўчиб кела бошлайдилар. Сағбон маҳалласининг шаклланиши ҳам шу даврларга тўғри келади.

Тошкент ва ундан шимолроқдаги юртларда Имом даражасига ета олган бирдан-бир зот бу – Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший саналарди. Ул зот 976 йилда вафот этгач, Мозорхон маҳалласидаги қабристонга дафн этилади. Мақбара қурилиб, бу ҳудуд Хастимом номи билан муқаддас зиёратгоҳга айланади. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бу ерда кийим-кечак бозори бўлган, аммо молбозори бўлганлиги бирон-бир ҳужжатда учрамайди. Инсон суякларини оссуарийга солиб қўйиш одат бўлган даврларда бу жойлар бўз ерлар эди.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Маълумот учун («Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил):

САFБОН – Кўкча даҳасидаги қадимги маҳалла. Қўшчимозор, Ёв, Ачавот маҳаллалари билан чегарадош бўлган; шимолда шаҳар деворига, жанубда Эски шаҳар бозорига ёндошган. Сағбон Оқтепаси археологик ёдгорлиги жойлашган. Маҳаллада 400 дан ортиқ хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик (косибчилик, совунгарлик, тўқувчилик ва бошқалар), деҳқончилик ва боғдорчилик (шаҳар ташқарисидаги ерларида) билан шуғулланган. Мактаб, масжид, чойхона, баққоллик дўконлари бўлган (20-аср боши). «Сағбон» атамаси этимологияси мунозарали. Айрим олимлар (А.Муҳаммаджонов) фикрича, «Сағбон» атамаси «Суқбон» – «бозор қоровули», «бозорчилар» маъносини англатган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида «Суъбониён» шаклида берилган. Ўтган асрларда даштдан Эски шаҳар бозорига ҳайдаб келинган қўй, қорамол ва йил¬қиларни қўриқловчи кишилар шу маҳаллада яшаган. Ҳозирги ҳудуди ободонлаштирилмоқда.

САFБОН КЎЧАСИ – Собир Раҳимов (ҳозир – Олмазор) тумани ҳудудида. Тошкент шаҳрининг энг қадимий кўчаларидан бири. Зарқайнар ва Келес йўли кўчалари оралиғида. Узунлиги 4 км атрофида. Эски шаҳарни Тошкентнинг шимоли-ғарбий қисми билан боғлайди. Ўрта асрларда пайдо бўлган. Шаҳарнинг қадимий 12 дарвозаларидан бири – Сағбон дарвозаси шу кўча йўналишида бўлган. 1893 йил кўчага Сағбон номи берилган. Пастқам ва тор кўчанинг 19-аср ҳолати совет даврида ҳам ўзгаришсиз қолган. 1994 йилдан кенг қамровли қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан кўча энига икки баравар кенгайтирилиб, автотранспорт воситалари ҳаракати учун катта қулайликлар яратилди. Йўналишида Эскижўва бозори, «Гузарбоши» ва Fани Аъзамов маҳаллалари, туман ички ишлар бошқармаси, «Ҳофиз Кўҳакий» ва «Исломобод» жоме масжидлари, «Сағбон» гузари, «Шарқ», «Теҳрон» ва «Сулола» ресторанлари, «Қўштут» ва «Гузарбоши» тўйхонаси, «Тўйчиота» кафеси, «Алиакбар» меҳмонхонаси, 42- ва 4-оилавий поликлиника, «Сағбон» қабристони, «Ёш авлод» боғи, «Ҳамидуллаота» супермаркети, 24-, 11-умумий таълим мактаблари, шахсий ва кўп қаватли турар жой бинолари, дорихоналар, савдо шохобчалари ва турли сервис хизмат кўрсатиш масканлари жойлашган. Кичик ҳалқа йўли билан кесишган. Форобий, Қорақамиш, Олча, Ҳуррият, Сақичмон, Абубакр Шоший, Сариқсув, Fалаба ва Омонат кўчалари билан туташган. Таркибида 13 та тор ва 30 та берк кўча бор. Яқинида Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи, Чорсу бозори, Миллий либослар галереяси, Болалар ижодиёти уйи, туман ҳокимияти, «Сағбон текстиль» қўшма корхонаси ва б. бор.

САFБОН ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик, қалъали қишлоқ харобаси (милодий 5–8, 10–12-асрлар). Тошкентнинг шимоли-ғарбий қисмида, Қорақамиш-2 массивида жойлашган. Сағбон Оқтепасининг катта қисми турар жой бинолари қурилиши ва қабристон ҳудудининг кенгайиши туфайли йўқ бўлиб кетган. Маданий қатлам қолдиқлари қалъадан 500 м гача масофада кузатилади. Қалъа кесик пирамида шаклида бўлиб, баландлиги 11 м бўлган. У йирик тўғрибурчакли ғиштлардан бино қилиниб, маданий қатламдан Қовунчи маданиятига оид материаллар топилган. Сағбон Оқтепасида ҳаёт 7–8-асрларда равнақ топган. 10–12-асрларда кўҳна қалъадан нарида атрофи девор билан ўралмаган кенг қишлоқ вужудга келган. Унинг иншоотлари, бинолари Келес йўли бўйлаб чўзилиб кетган.

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *