Бош саҳифа » Алломалар » Шайх Зайниддин бобо

Шайх Зайниддин бобо

Шайх Зайниддин бобо 1164 йилда Бағдод шаҳрида туғилган. Шайх Зайниддиннинг оталари — Шайх Шаҳобиддин Абу Хафс Умар Сухравардийдир. У киши атоқли олим ва жамоат арбоби бўлиб, «сухравардиййа» тасаввуф тариқатини яратганлар. «Аворуф ул-маориф» номли машҳур китобнинг муаллифи. Бу китоб араб, форс, инглиз, немис ва бошқа тилларда кўп марталаб нашр этилган. Сухравардий китобининг ҳатто бундан йигирма йил илгари Берлинда нашр этилиши бежиз эмас: бу китобда илм-фанга қандай муносабатда бўлиш керак, одамнинг хулқ-атвори, одоб-аҳлоқи, жамиятда ўзини қандай тутиши кераклиги, покланиш усуллари, комил инсон бўлиш учун маорифу маърифат, маънавият-маданият имкониятларидан фойдаланиш лозимлиги тушунтириб берилади. Шу билан бирга, у киши ижтимоий-давлат арбоби ҳам эди. XIII аср бошларида Хоразм, Салжўқия, Ироқ ва Эрон ўртасидаги давлатлараро жанжалларни диний арбоб ва элчи сифатида босдирган шахс ҳам мана шу Шайх Шаҳобиддин Абу Хафс Умар Сухравардий бўлган.

Мана шундай давлат ва дин арбоби, буюк мутасаввиф олим Сухравардийнинг ўғли Тошкентда кўп савобли ишлар қилган жамият арбоби Шайх Зайниддин Бобо кўҳи Орифон мақбараси юз йиллар ўтибдики, атоқли алломаи-фузалолар учун ҳам, арбобу фуқаролар учун ҳам азиз зиёратгоҳга айланган. Чунончи, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз XIV аср охири ва XV асрнинг бошларида Шайх Зайниддин бобо кўҳи Орифон Тошкандий мақбарасини уч марта зиёрат қилдилар ва мақбарани қайтадан таъмир эттирдилар. Машҳур давлат ва дин арбоби Хожа Аҳрор Валий ҳам Самарқанддан келиб, ушбу мақбарани бир неча марта зиёрат қилганлар. Навоий бобомиз ҳам ўз китобларида Сухравардийлар сулоласини ҳурмат билан тилга олганлар. Шуни ҳам айтиш жоизки, машҳур мутафаккир ва шоир Шайх Саъдий «Бўстон» китобида Сухравардийни ўз устозим, деб эътироф этган.

Ривоят қилинишича, Шайх Зайниддин бобо ёшлигида ўз отаси Шайх Шахобиддиннинг кўрсатмасига кўра Бағдоддан Тошкентга келиб, Кўкча мавзесидаги эски қабристон ёнида мавжуд бўлган «чиллахона»га жойлашади ва шу ерда яшай бошлайди. Ул зот ўз замонасининг билимдон кишиларидан бўлиб, сухравардия тариқатининг солиҳларидан эди. Бинобарин, Тошкент аҳига тасаввуф илмидан ваъзлар ўқиб марифатдан сабоқ беради.

Замонлар ўтиши билан аста-секин чортоқ нураб харобага айланади. Нақл қилинишича, Шайх Зайниддин бобо марқаларини соҳибқирон Амир Темур бир неча марта зиёрат қилган. XIV аср охирида Амир Темурнинг фармонига кўра, эски чортоқ устига ҳозирги мухташам ва салобатли мақбара барпо этилган. Ўшандан буён мазкур мақбара бир неча марта таъмирланган Шайх Зайниддин бобо чиллахонада яшай бошлагач, аста-секин унинг атрофига одамлар кўчиб келиб маскан қурадилар. Бир неча йиллар ўтгач, Шайх Зайниддин бобонинг зурриёдидан тарқаган авлод ҳамда кўчиб келган ихлосмандлар жамоасининг нуфузи орта бориб, қабристон ёнида бир қишлоқ (XIII-аср) вужудга келади. Мазкур қишлоқнинг номини Шайх Зайниддин бобоға нисбат бериб, «Қуйи орифон» (оқимлар кишлоғи) — деб атай бошлайдилар. (Кейинчалик «Оқилон» (оқиллар) — деб аталиб кетган бўлса керак).

Шайх Зайниддин бобо табаррук 95 ёшга етиб, 1259 йили вафот этади. Ул зотнинг жасадларини мана шу ерга дафн этадилар.

Кейинги вақтларда, мақбара анча футурдан кетиб таъмирга эхтиёжманд бўлиб қолган эди. Истиқлолимиз шарофати билан мақбара қайтадан таъмирланди.

Шайх Зайниддин бобо мақбараси Тошкентдаги мақбаралар орасида энг ажойиб, салобатли ва мухташам мақбаралардан биридир. Мазкур мақбара ХIV-ХV асрларга мансуб бўлган меъморчилик услубига хос ёдгорликдир. Мақбара ХI-асрда ташкил топган қабристоннинг энг қия тепалик устига қурилган. Мақбаранинг — орқа томонида XIII асрда вужудга келган қишлоқ бўлиб Куйй Орифон деб атаганлар.

Мақбара, чиройли гумбазли бўлиб, унинг атрофида турли бинолар (тобутхона, чиллахона, чортоқ ва бошқа) бўлган. Олд томони жануби-шарққа қаратилган. Мақбаранинг марказида Шайх Зайниддин бобо сағанаси, бурчакларида эса бошқа шахсларнинг қабрлари бор. Мақбаранинг жануби-ғарбий пештоқидаги ёзувга кўра, ҳижрий 1339 йилда (милодий 1920-21 йиллар) таъмир қилиниб, мақбаранинг эски ғиштлари янги ғиштлар (26x12x6 см) билан алмаштирилган. Гумбаъзи квадрат (24x24x5 см) ғиштдан терилган.

Мақбара ичида «чиллахона» бор. Мазкур чиллахонанинг гумбаъзида лаган шаклида бир неча туйнуклар ишланган. Айрим фалакиёт олимларининг фикрича, мазкур чиллахона ўз вақтида расадхона хизматини ўтаган бўлиши мумкин — деган тахминлар ҳам бор, Мазкур чиллахонанинг жануби-шарқий қисмида пишиқ ғиштдан ишланган зина ҳам бор. Бу пиллапоя чиллахонадан бошланган ер ости йўлига тушиб борган. Ер ости йўлининг оғзига буйи бир ярим метр, эни таҳминан бир метр кенгликда ўймакор эшик қурилган бўлиб, эшик занжири устидан қулф солингандир.

Ривоятларга кўра мазкур ер ости йўли ғор чиллахонадан бошланиб, Ҳазрат Имом Абубакр Муҳаммад Қаффол Шоший мақбараларигача давом этар экан. Нақл қилинишича, Шайх Зайниддин бобо марҳум Ҳазрат Имом Абубакр Муҳаммад Қаффол Шоший (903-976)га ихлосманд мухлис эканлар. Бинобарин, Шайх Зайниддин бобо ул зотнинг марқадларини тавоф қилиш мақсадида, ушбу ер ости йўли билан бориб келарканлар.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси ва унинг аянчли қисмати

Post Views: 2 347 Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилик иши» Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *