Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкент дарвозалари: тарихи, номланиши ва маъноси

Тошкент дарвозалари: тарихи, номланиши ва маъноси

Ҳар қандай улкан қурама жамоат таркиб топиб, алоҳида, ўзига мақбул жойда истиқомат қилар экан, мазкур маскан шаҳар қиёфасига киргач, ўзига хос рамзий белгилари: дарвозали мудофаа девори, маҳкама-ю девондан иборат бошқарув қароргоҳи, ибодатхона, бозор, соқчилар истеҳкоми — “Чокардиза”(каземат)и, танга пули каби қатор нишонлари (тамға-герб, байроқ) билан ифодаланади. Мазкур шартли аломатларга тўла ўтроқ макон қадимда даст­лаб “Шаҳристон” яъни “шоҳ > ўр > истон” номи билан аталган. Ушбу тарихий атама “шоҳ турадиган баланд жой”, яъни катта уй маъносини англатган. Агарда мазкур белгилар кўзга тўлиқ ташланмаса, бундай турар жой шаҳар қаторида қайд этилмаган. Қиёфаси ҳали батамом шаклланмаган манзиллар “Маскат”, яъни мас > кат — катта уй ёки катта қишлоқ деб аталган. Масалан, ўзининг икки минг йиллик юбилейини нишонлаган қадимги Марғинон — Марғилон шаҳри илк бор Маскат номи билан қад кўтарган. Шаҳарнинг марказий қисмида ўтмишда барпо этилган турар жойлар алоҳида ҳунармандчилик маҳалласига айлангач, у қадимги табаррук ном — Маскатни тарк этмай, замонамизгача авайлаб сақлаб қолган.

Шунингдек, ёши 2750 йилдан ошган, тобора кўркамлашиб бораётган жаҳонга маш­ҳур Самарқанд шаҳри ҳам даставвал Оби Машат, яъни суви (Сиёб ёки Сиёҳ об) соҳилидаги катта қишлоқ, яъни Маскат номи билан аталган. Мазкур атама Қуссам ибн Аббос ёдгорлиги орқали Оби Машхат шаклида бизгача етиб келган.

Шу боис бўлса керак, мана шундай мўътабар масканни назарда тутган доно халқимиз “Шаҳар бедарвоза эмас” деган танбеҳ ангиз, бироқ ниҳоятда маънодор иборани гоҳо фавқулодда тилга олади. Аввало пичинг билан айтилган ушбу ибора, гарчи шаҳарларнинг муттасил очилиб-ёпилиб турадиган дарвозаси пеш келтирилмаса-да, аммо унинг остонасидан ҳатлаб турли ният, режа ва мақсадлар билан кириб-чиқиб кетаётган кимсаларга қарата йўналтирилган нидодир. Қолаверса, балки шаҳар девори, кунгирали дарвозахонаси ва девор бўйлаб ўрнатилган бир ёки икки қатор очиқ нишон туйнук (тиркаш)ли буржу мўлалари мудофаа этувчи ва ҳар қандай вазиятда ҳам шаҳарликларни ҳимоя эта оладиган пос­бонларнинг донг қотишидан ишорадир.

Хуллас, дарвозага урғу берилган ушбу беназир ибора дарвоза остонасидан ҳатлаб ўтиб, шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир зоти шарифни: мезбон ёки меҳмонни тартибга ундайди ҳамда уларни осойишталикка чорлаб, тинчликни мустаҳкамлайди.

Агарда Тошкентнинг топографик қиёфаси назарда тутилиб, сўз юритилса, шаҳримиз йигирма икки асрлик ўтмишида Чоч-Чачанап, Қанғ-Қанқ, Мадина аш-Шош ёки Бинкат ва Таркан каби номлар билан аталса-да, мазкур тарихий маскан ва унинг қадимги қасри — Кўҳандиз, Шаҳристон ва уларнинг атрофида қад кўтарган ташқи ва ички мавзе — работларининг ҳар бирида турли даврларда ўрнатилган хилма-хил талаффуздаги мазмунли номлар билан юритилган қатор дарвозалари ва ғуломгардишлари бўлган. Шубҳасиз, улар замонасида шаклланган ўзига хос шаҳар маданиятини англатувчи мазмундор, турли шакллардаги жарангдор белгиларнинг ифодасидир.

Дарвоза атамаси луғавий маъносига асосан талқин-у таъриф этилса, аввало у ҳовли, қўрғон, қалъа, истеҳком, чорва фермаси, омборхона ҳамда шаҳарча ва шаҳар деворининг ўрта қисмига ўрнатилган катта эшик, яъни тарихий қопу (қопқа)дир. Аксарият у икки табақали бўлади. Дарвозанинг киравериш ичкарисининг саҳнида ниҳоятда мустаҳкам қурилган усти ёпиқ, махсус чалкаш йўлакли дарвозахонаси бўлади. У бинокорликда ғуломгардиш (лабиринт) деб юритилади. Ушбу бино шаҳарнинг асосий мудофаа иншоотларидан ҳисобланган. Дарвоза шаҳар қопуси қайрағоч ёки арча ёғочидан ясалган. Айрим ҳолларда у темир билан қопланган ёки бир неча хил маъданлар қоришмаси — ҳафтжўшдан барпо этилган.

Ўзбек, форс-тожик тиллари лексикасида дарвоза сўзи жуда кенг маънода ифодаланади. Масалан, ишлаб чиқариш хўжаликларининг барчасида, хусусан, деҳқончиликнинг ҳаётбахш манбаи ҳисобланган дарё ва унинг тармоғу ирмоқлари, каналлару шоҳариқлар оқимини тартибга солиш ва сувдан тежамли ва унумли фойдаланиш мақсадида қурилган тўғону дамба ва гидроузелларнинг ташламалари — шлюзлардан тортиб, футбол, хоккей ва шу каби ўйинларда майдоннинг икки томонига ўрнатиладиган ҳимоя чекли иҳота қисми ҳам дарвоза номи билан юритилади. Шунингдек, ўзбек лексикасида “Билим дарвозаси” ёки “Бахт дарвозаси” каби ибора ва алқовли тушунчалар мавжуд. Бундай ибора тилга олинганда умид, камолот, омаду муваффақият, бахту саодат тиланади ва кўтаринкилик билан дуоий фотиҳа тортилади. Демак, дарвоза маъносини умумлаштириб, қисқача талқин этилса, мазкур мазмундор сўз — мудофаа, муҳофаза, иҳота, тинчлик ҳамда бахт-саодат соқчиси демакдир.

Ҳамон Тошкент воҳасида ташкил топган қадимги Қанғ ёки Чоч-Чачанап давлати ва унинг маркази борасида сўз юритилар экан, аввало шуни эътироф этиш ўринлики, давлат ва унинг пойтахт шаҳри, ҳатто ҳукмдорларининг ёзги ва қишки қароргоҳлари ҳам ўтмишда бир неча бор ўз илк ўрнидан силжиб, номлари ҳам ўзгариб кетган. Гарчи мазкур тарихий масканларнинг харобалари замонамизгача маълум даражада сақланиб қолган бўлса-да, ўрта аср ёзма манбаларида қайд этилган макротопонимларининг аксарияти ҳатто махсус тарихий асарларда ҳам чалкаштириб юборилган.

Шундай бўлса-да, кейинги йилларда Шоштепа, Мингўрик, Бинкат ва Тошкент оқтепаларида ўтказилган археологик қазишмаларнинг натижалари туфайли ҳар бир тарихий босқичда шаклланган нафақат шаҳарнинг тарҳини, ҳатто айрим топографик қисмларининг сони ва майдонининг ҳажмларигача аниқлаб олинди. Масалан, Чирчиқ дарёсининг тармоқ ва ирмоқлари Қорасув ва Салорнинг қуйи оқими Жўнариқ соҳилида жойлашган Шоштепа қазиб очилган ўтпарастлик ибодатхонасининг 60х60 м. доира шаклидаги биноси марказидаги хоч тарзидаги саждагоҳнинг асосий дарвозаси кунчиқар томонида жойлашган. 1871 йилда туширилган Мингўрик шаҳар харобасининг умумий тарихида қайд этилишича, Мингўрикдаги Чоч шаҳри ўтмишда аркли алоҳида мудофаа деворлар билан ўралган уч шаҳристон ва каттагина работли, ҳар томондан иҳота этилган мустаҳкам, йирик шаҳар ҳисобланган. Шаҳарнинг тўрт маъмурият қисмининг чизма режаларига қараганда унинг ўндан ортиқ дарвозалари бўлган.

IX асрнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳри Салор суви соҳилидаги ўзининг қадимги ўрнидан 8 км. шимоли-ғарбга силжиб, Бўзсув ва ундан бош олган Калковуз, Жарариқ ва Кўкча каналлари билан суғориладиган янги майдонда қад кўтарди. Мазкур янги шаҳар Ўрта аср географларининг асарларида “Бинкат” номи билан тилга олинади. Маҳмуд Қошғарий унинг “Таркан”, яъни сув бўйидаги шаҳар деган номини ҳам келтиради.

Тошкент шаҳрининг номлари ва атроф шаҳарлар оралиғи ҳақида ёзма манбаларда келтирилган маълумотларни синчиклаб таҳлил этган улуғ шарқшунос В.В.Бартольд Шош воҳасининг IХ-ХII асрлардаги пойтахти — Бинкат ҳозирги Тошкентнинг (эски шаҳар) ўрнида бўлган деган фикрни биринчи бўлиб айтган эди.

Ёзма манбаларда келтирилган маълумотлар ва археологик тадқиқотлардан аниқ бўлишича, Бинкат шаҳрининг ўрни Тошкентнинг VIII асрдаги тўрт даҳа (туман)ларидан асосан учтаси: Себзор, Кўкча ва Бешоғоч ҳудудларида жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида баланд деворлар билан ўраб олинган тўрт қисм: арк (ўрда), шаҳристон — шаҳарнинг марказий қисми ҳамда ички ва ташқи работ (микрорайон)лардан иборат бўлган. Ёзма манбаларда ички работ — “работ — ул доҳил, ташқи работ эса — рабод — ул- хориж” номлари билан тилга олинади. Шаҳарнинг бўйи ҳам, эни ҳам бир фарсаҳ (6-7 км.) узунликка тенг бўлган.

Бинкатнинг маркази ҳисобланган арк ва шаҳристон қисмлари ҳозирги Тошкентнинг Зарқайнар (Зериқайнар) ва Навоий кўчалари, Чорсу майдони, Чорсу бозори ҳамда Эски Жўва майдонида жойлашган бўлиб, аркининг умумий саҳни бир гектар, шаҳристоннинг майдони эса ўн беш (15) гектарга тенг бўлган. Тошкентнинг ҳозирги микрорельефида мазкур майдон  дўнглик бўлиб кўзга ташланади. Ушбу дўнглик шубҳасиз ўз даврида гуллаб-яшнаган Бинкат шаҳрининг кейинчалик вайроналаридан ҳосил бўлган маданий қатламни ўз бағрида ҳозирги кунгача сақлаб келмоқда. Бу масканда қайд этилаётган осори атиқа излари ва ноёб археологик топилмалар IХ-ХII асрлардаги Бинкат шаҳрининг қиёфаси, ҳунармандчилиги, маданияти ва унинг атроф вилоятлару юртлар билан олиб борилган савдо-сотиқ алоқаларини ўрганишда тадқиқотчилар қўлида жам­ғарилган қимматли ашёвий тарихий манба ҳисобланади.

Х аср ёзма манбаларида, хусусан, араб географлари асарларида келтирилган маълумотлардан аён бўлишича, Бинкат аркининг икки дарвозаси бўлиб, улардан бири орқали шаҳристонга ва иккинчиси орқали работга чиқилган. Шаҳристоннинг Абул Аббос, Қаср ва Гунбаз деб аталган учта дарвозаси бўлган. Бу дарвозалардан бири шаҳристоннинг шарқий томонида бўлиб, тахмин қилинишича, у ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги театр биноси олдида жойлашган. ўарбдан шарққа томон шаҳарни кесиб ўтган марказий кўча шу ерда тугаган. Айрим тадқиқотчилар ўша замонларда шаҳристоннинг шарқий дарвозаси ташқарисида ястанган майдон хадироҳ, яъни йўлнинг охири деб юритилгандир, кейинчалик бу жой аҳоли тилида Хадра бўлиб кетган деб  изоҳлайдилар. Ўрта асрларда бу майдон Регистон номи билан машҳур бўлган. Аслида Хадра сўзи адирлик ер маъносини англатган. Балки шаҳристоннинг шарқий дарвозаси орқали ўтказилган кўча шаҳар ташқарисида пасту баланд адирликдан йўналган бўлса ажаб эмас.

Шаҳристоннинг иккинчи дарвозаси Эски товоқ бозорида, учинчиси эса Чорсудаги қандолат (кейинча ўтин) бозорига чиқиш ерида бўлган. Бинкат ички работининг Хумдон, Оҳанин, Мир, Фаркон, Карманж, Суркода, Кўйи сахл, Рошидижак, Кўйи Хоқон, Кўйи деҳқон номлари билан аталган ўнта дарвозаси бўлган. Ташқи работга мудофаа девори бўйлаб ўрнатилган Фаркад, Хашкат, Сангдизак, Оҳанин, Бакрдижак, Сакрак, Бофаряд номли еттита дарвозахоналари орқали кирилган.

Шаҳар ҳокимининг саройи, қамоқхона, чақа ва тангалар сўқиб чиқариладиган зарбхона аркнинг ичида бўлиб, жоме масжид унинг ташқарисида жойлашган. Ҳунармандларнинг маҳалла кўйлари, амир (аскар бошлиқлари)нинг қароргоҳлари, ердор мулк эгаларининг кўшк ва қўрғонлари, бозор ва савдо-сотиқ расталари Бинкатнинг шаҳристон, ички ва ташқи работ қисмларида бўлган. Бозор, айниқса савдо расталарининг аксарияти ички работда жойлашган.

Масалан, ҳозирги кунгача машҳур бўлган Эски Жўва аслида “жўбо”, яъни суғдча бозор сўзидан олинган бўлиб, аслида шаҳарнинг катта бозори Иско Жўбо деб аталган, яъни юрт ва мамлакат бозори демакдир. Бу ном шубҳасиз, қадимдан ушбу жойда катта бозор бўлганидан далолат беради. Эски Жўвадан шимолроқда жойлашган Сағвон ёки Сағбон маҳалласининг асл номи “Суқбон”, яъни “суқ” — арабча бозор “бон”, форс-тожикча қоровул маъносини англатган. Чунки даштдан ҳайдаб келинган отар-отар қўйлар, қорамол подалари ва йилқи уюрларини қўриқлаб, бозорда фаррошлик ҳамда жаллоблик қилган бозор ходимлари шу маҳаллада яшаган. Гарчи шаҳримизнинг айрим кўҳна атамалари, хусусан, ёзма манбалардаги узуқ-юлуқ маълумотлар, унинг тарихан умумий манзарасини маълум даражада Бинкатнинг узоқ ва яқин ўтмишидан ҳикоя қилса-да, бироқ эски шаҳар ҳудудида кенг кўламда археологик қазишмалар олиб бориш билан бир қаторда тўпланган барча тарихий номларни ­синчковлик билан топономик жиҳатдан талқин этишни талаб этади.
Бу борада фикримизча, Бинкат шаҳри дарвозаларининг номланиши ва уларнинг лисоний маъноларини аниқлаш илмий ва маърифий жиҳатдан ниҳоятда қизиқарлидир.

Бинкат шаҳри ва работларининг IХ асрда ўрнатилган 22-дарвозаларининг топономик таҳлилидан аён бўлишича, улар шаклан хилма-хил, маъно жиҳатидан эса беназир маънодор. Уларда асосан илк Бинкатнинг маълум даражада тарихий топографиясининг жилоси акс этади. Дарвозаларнинг каттагина қисми шаҳарни кесиб ўтган кўю кўчалар, ҳукмдору амир ва мулкдор деҳқон ҳамда биби сўзлари тушунчалари билан юритилган. Иккинчи қисми йирик бино (кўшк, қаср, қўрғон, қалъа) ва иншооту ибодатхона, учинчи қисми эса дарвозаларнинг айрим хос сифатлари воситасида номланган. Номлар эса шубҳасиз шаҳар атрофининг табиати, унинг ўзига хос топографиясига монан шакл ва мазмунларда ифодаланади. Марказий дарвозалар Кўйи Хоқон, яъни ҳукмдор ҳиёбони; Кўшки деҳқон, яъни ердор деҳқон қўрғони; Аббос — аслида Оббоз — сувчи мироб; Мир, яъни Амир — ҳарбий бошлиқ; Бакрдизак, яъни қиз қалъачаси; шунингдек, Кеш-қаср; Суркада — шаҳар қўрғони каби номлар билан қайд этилади. Дарвозалардан иккитаси ибодатхона номи билан боғлиқ. Улардан бири Гунбаз, яъни ибодатхона, иккинчиси эса Хамдайн ёки Хумдон (хилватли), яъни ҳамду сано айтиб, дуоий фотиҳа қиладиган хилват жойдаги дарвоза деб шуҳрат топган. Қолган ўн уч дарвоза турли сифат белгилар билан ифодаланади.
Масалан, иккита дарвоза Оҳанин, яъни темир қопланган ёки маъдандан ясалган маъносида; Кўйи сахл, аслида Кўйи сахо, яъни очиқ (бедарвоза) хиёбон; Фаркон — анҳор бўйи;  Карманж (жўй) — катта сарой суви; Хоскан ёки Хушкат — Хос ариқ ёки Латиф қишлоқ; Рошидизак, яъни қўрғонча роши ёки марзаси; Фағкат ёки Фағнкат, яъни қишлоқ ибодатхонаси; Сандизак ёки Сангдизак, яъни тошқалъача; Сакрак — сийрак ҳадловли тинч дарвоза; Сағрбод — кичик қуноқ каби ўта хилма-хил ноёб маъноларни англатган.

Ёзма манба ва бўстоншунослик тад­қиқотларидан маълум бўлишича, шаҳар девори ва дарвозаларидан ташқарида, унинг жануб-ғарб томонида жойлашган ерлар Бинкатнинг шаҳар ташқарисидаги энг серсув, ўзлаштирилиб, обод этилган кенг майдони ҳисобланган. Шаҳарликларнинг боғ-роғлари, токзорлари, экин майдонлари асосан шу ҳудудда ястанган. У ҳозирги Самарқанд дарвоза, Чилонзор оқтепаси ҳамда Чилонзор массивидаги Чўпонота, Қатортол, Қозиравот, Дўмбиравот ҳамда Қаъни ва юқори Қаъни каби аҳоли яшайдиган мавзелар жойлашган ҳудудларга тўғри келади.

Шаҳардан жанубга томон кетган катта карвон йўли Роҳикат, яъни Кат йўли ёки “шаҳарга олиб борадиган йўл” номи билан машҳур бўлган. Бу йўл ёқасида кейинчалик ташкил топган маҳалла бизнинг давримизгача Ракат талаффузида юритилиб келмоқда. Роҳикат Чиночкат (Чинос) орқали Сирдарё бўйларига ва у ердан Дизак (Жиззах) орқали Самар­қанд томон йўналган.

Шаҳарнинг шарқий томонида жойлашган Фаргад (Паркат) дарвозаси орқали чиққан йўлнинг бир тирсаги Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳили бўйлаб ҳозирги Бўстонлиқ туманига, иккинчи тирсаги дарёдан кесиб ўтиб, Паркатга, учинчи тирсаги Пскат (аслида Паскат, яъни Қуйи қишлоқ ёки Қуйи шаҳар) орқали Оҳангарон ва у ердан Фарғона водийси томон йўналган.
Шаҳар атрофидан ўтказилган суғориш тармоқлари ҳамда карвон йўллари бўйлаб баъзан истеҳкомли, баъзан истеҳкомсиз яланғоч катта-кичик қишлоқлар жойлашган. Бу қишлоқларнинг ҳар бири ҳунармандчиликнинг маълум бир тури бўйича ихтисослашган. Ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан бу қишлоқлар Шош воҳасининг ички ва ташқи савдосини жонлантирибгина қолмай, унинг иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим роль ўйнаган. Бешоғоч яқинида, Хўжаалламбардор мозори биқинида жойлашган қадимги Оққўрғон, Тахтапулдаги Коҳакота, ҳозирги Тошкент қандолат фабрикаси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислиги институти ўрнида бўлган қадимги Чимработ ёки Оққўрғон, Шайхонтоҳурда жойлашган, аслида Қаръядех, яъни қишлоқ деб аталиб, сўнгра аҳоли талаффузида Қорёғди деб юритилиб келган жойлар Бинкат шаҳри атрофидаги қишлоқ мавзеларидан ҳисобланади.

Х-ХII асрларда Шош воҳаси ва унинг пойтахти Бинкат айниқса равнақ топди. Бу даврда воҳа йирик ҳунармандчилик ва савдо марказига айланди. Айни даврда Бинкатдан қурол-яроғ, темир ҳамда мис буюм ва асбоблар, ёғочдан ясалган асбоб ва ускуналар, эгар ва жабдуқлар, ип ва ипак газламалар, жойнамоз ва чойшабу ёпинчиқлар, игна ва пичоқлар, устки кийимлар, пошнали ва пошнасиз пойабзаллар ва бошқа турли туман ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда узоқ мамлакатлардан келтирилган моллар четга, жумладан, Дашти Қипчоқ (Қозоғистон) ҳудудларига чиқарилган.

Х асрда ёзилган “Ҳудудул-Олам” — “Оламнинг чегаралари” номли географик асарда “Чоч — бу катта вилоят. Халқи жанговор ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй ясалади. Бинкат Чочнинг пойтахти ҳисобланади. Бу катта шаҳар айни вақтда подшонинг қароргоҳи” деб таърифланган.
Ўрта Осиё минтақасида жойлашган Бинкат воҳаси ва унинг пойтахти Х-ХII асрларда аввал Сомонийлар, сўнгра эса Қорахон хоқония номли буюк салтанатлар ҳукмронлиги даврида тараққий топди. Айни шу даврда пойтахтимиз ўзининг қадимги Чоч, Мадина аш-Шош ҳамда Бинкат номлари билан бир қаторда Тошкент деб атала бошлади. Бинкатга Тошкент номи берилган ХI аср тарихда унинг энг ободонлашган даври бўлди.

Археологик кузатишлар ва ёзма манбалардан маълум бўлишича, ХII асрдан бошлаб Тошкентнинг иқтисодий ва маданий ҳаёти инқирозга юз тутиб, унинг шаҳристон ва работларидаги ҳунармандчилик маҳаллалари бирмунча бўшаб қолади. Бу даврда Шошнинг зарбхонаси барҳам топиб, кумуш тангалар чиқариш тўхтайди. Бундай ҳаётий танглик аввало Шош воҳасида, қолаверса, бутун Мовароуннаҳрда бошланган урушлару ҳарбий юришлар оқибатида содир бўлган эди.

ХII аср бошида Тошкент Хоразмшоҳлар давлатига, 40-йилларида Қорахитой гўрхонларига бўйсундирилади. Бу даврда содир бўлган сиёсий парокандалик ва ижтимоий ҳамда иқтисодий танг­лик 1219 йилда Шош воҳаси ва унинг марказий шаҳарлари Тошкент, Банокат (Қанқа)ларнинг Чингизхон томонидан босиб олинишини енгиллаштирган эди.

Қарийб бир ярим аср давом этган мўғуллар ҳукмронлиги даврида Тошкент воҳаси Чиғатой улусига киритилиб, у мўғулларнинг Жалойир уруғи учун ёзги яйлов, Тошкент шаҳри эса, улус нўёнлари учун дам оладиган қароргоҳга айланади. Археологик маълумотларга кўра, бу давр Тошкентда ҳаётнинг энг инқирозли ўтмиши ҳисобланади.

ХIV аср охирларидан бошлаб Тошкент қайта жонланиб, янгитдан тараққий эта бошлайди. ХV асрда эса шаҳар атрофи янгитдан ягона мудофаа девори билан ўралиб, у янгитдан ўрнатилган қатор дарвозали йирик чегара истеҳкомига айланади. Бу даврда Тошкент воҳаси аввал Соҳибқирон Амир Темур салтанати, сўнгра Улуғбек давлатига қараб, гарчи у мамлакатнинг чекка ўлкаларидан ҳисобланса-да, аммо Тошкент шаҳри дашт чегарасида кўчманчиларга қарши қаратилган чегара истеҳкоми ва улар билан олиб бориладиган ўзаро айирбош савдо бозори сифатида катта ҳаётий аҳамият касб этади.

Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, ХV-ХVI асрларда Тошкент айниқса жанубга — Бешоғоч ҳамда шарққа — Шайхонтоҳур томон кенгайган. Худди шу даврда аввал Қоратош ва Олмазор маҳаллалари оралиғида янги ўрда (ҳоким қароргоҳи) барпо этилиб, унинг атрофи шаҳарнинг энг обод ва кўркам масканига айланади.

Бу даврда шаҳарда Юнусхон, Хўжа Аҳрор, Кўкалдош, Бароқхон ва кўпгина мадрасаю обидалар қад кўтариб, музофотнинг маънавий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Булардан таш­қари, Тошкент ва унинг атрофида аҳоли ва атроф қишлоқлар жамоатчилиги тўпланадиган қатор жоме масжид ва номозгоҳлару ҳазира (хилхона)лар, ҳаммому гузарлар, зиёратгоҳу сайлгоҳ боғлар барпо этилган. Уларнинг айримлари бизнинг давримизгача сақланган.

Шаҳар ҳудудининг кенгайиши билан унинг девори ҳам, у бўйлаб ўрнатилган дарвозаларнинг ўрни ва сони ҳам, ҳатто номлари ҳам ўзгариб турган. Шу боисдан бўлса керак, шаҳар дарвозаларининг сони даврий кўрсатгичларда турлича қайд этилиб, хилма-хил шаклларда ифодаланган.

Масалан, ХVI аср муаррихи Ҳофиз Таниш (“Шарафномайи Шоҳий”) номли асарида Тошкентнинг Фаркат, Шибли, Кўкча, Туркистон (янги д.) Самарқанд ва Регистон каби олти дарвозаларини номма-ном тилга олади. 1738-1739 йилларда Тошкентга юборилган рус савдо карвонининг бошлиғи Миллернинг ёзишича, шаҳар саккиз дарвозали бўлган. 1800 йилларда Тошкент ҳокимининг таклифи билан ташриф буюрган рус тоғ инженери М.Поспелевнинг кўрсатишича, олтита ва Филипп Назаровнинг (1813-1814) саёҳатномасида эса ўн икки дарвоза қайд этилган. Асосий дарвозалардан ташқари, Қорасарой дарвозасидан шарқроқда бир отлиқ ўтишига мўлжалланган Тешик қопқа (Дарвишак қопқа), Дарвишхон (16 а.) замонида очилиб, дарвоза ўрнатилган; яна бир қопқа Бешоғоч ва Камолон оралиғида бўлган. 1810 йилда Тошкент Қўқон хонлигига қўшиб олингач, Лашкар қушбеги томонидан шаҳар девори таъмирланиб, янги дарвозалар, масалан, Регистон дарвозаси ўрнига Қўқон дарвозаси ўрнатилган.

Бу даврда янгитдан барпо этилган Куймас, Қўқон, Қашғар ва Лабзак дарвозаларини ўраб ўтган шаҳарнинг жануби-шарқий чекка қисмида Арпапоя, Ўқчи, Мерганча, Эгарчи, Қоратош, Ўркўча ва Жаркўча каби янги маҳалла-кўйлар ташкил топган. ХIХ асрда яшаган тошкентлик муаррих Муҳаммад Солиҳхўжа “Тарихи жадидайи Тошканд” (“Тошканднинг янги тарихи”) китобида сўнгги ўрта асрларда шаҳарнинг тўрт даҳаси (тумани)ни ўраб ўтган ўн тўққиз шаклларда ифода этилган ўн икки дарвозалари: Қиёт, Турк, Ўзбек, Тахтапул, Қорасарой, Чиғатой, Сағбон, Кўкча, Камолон (Хиёбон), Қанғли, Бешоғоч ва Кўймас (Кенагас ёки Қатағон) каби номлар билан аталган, иккитаси Турк (Оққўрғон, Хитой ва Қашғар шаклларида ҳам юритилган) ва Кўймас (Кирилмас, Кенагас ва Қатағон) номлари остида юритилган) Икки дарвоза шаҳарга кейинчалик киритилган шарқий қисмини муҳофаза этган. Солиҳхўжанинг таърифлашича, кенгайтирилган шаҳар девори бўйлаб дарвозалардан ташқари, ҳар минг қадамда биттадан “бору” (мўла-тирак), ҳар тўрт минг қадамда эса биттадан “бурж” (минора)лар тикланган. Шаҳарнинг шарқий дарвозасидан то Қарбийдагисигача бўлган масофа 8500 қадам, шимолдагисидан то жанубий дарвозасигача эса 8300 қадамдан иборат бўлган. Ёзги саратон мавсумида шаҳар ичи ниҳоятда дим, кўчалари эса билқиллама ҳароратли тупроқли, кеч куз ва серёмғир баҳор мавсумларида эса елимдек ёпишқоқ лойли бўлган.

Дарвозаларнинг мудофа-муҳофазалик моҳияти кўп жиҳатдан дарвозахона қопу калитлари билан ифодаланган. Зеро, шаҳарни қўриқлаб, иҳота қилиб турган ҳар бир дарвоза тонг саҳарда очилиб, қоронғу тушиши билан, шомда ёпилган. Уни очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Фавқулотда зарур вақтлардагина фақат ҳокимнинг фармойиши билан очишга рухсат этилган.

Дарвозалар устида қоровулхона барпо этилган. Дарвозахонанинг ичкариси 7-8 метрли чалкаш йўлак бўлиб, унинг икки томонида қатор ҳужралар жойлаштирилган. Уларнинг бир томонидагилари қоровуллар учун емакхона, иккинчи томонидагилари эса навбат билан дам оладиган ётоқхона вазифасини ўтаган. Дарвозабонлар куну туннинг саккиздан бир қисми давомида, яъни уч соат муддатли навбатда турганлар. Навбат “пос” деб юритилган. Бир кеча- кундузда ҳар бир пос саккиз маротаба алмашган. Дарвозабонлар навбат билан ҳар бир дарвозадан шаҳарга кирувчи ва қайтувчи от-аравали ёки юк ортилган туяли кишиларни қайд этганлар. Закотчилар эса “тамға” (савдо-сотиқ солиғи)ни ундирганлар. Дарвозалар олдида мансабдор шахсларни кутиб олиш маросимлари ҳам ўтказилган.
Ҳар бир дарвозанинг бир жуфтдан темир ҳалқаси ва алоҳида калити бўлган. Ҳар бир калитда тегишли дарвоза номи ва калит ясалган йил ёзилган.

Тошкент шаҳрининг дарвозалари ва уларни номланишига баҚишланган ушбу мухтасар мақолада келтирилган айрим маълумотларнинг умумлаштирилган талқинидан аён бўлишича, Ўрта Осиёнинг марказий қисмида қад кўтарган Тошкент, аввало, ўзбек ва қардош халқларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳамда сиёсий ҳаётида қадимдан ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган экан. Шаҳар шаклланиб, тараққий топгач, унинг мудофа деворию дарвозалари нафақат шаҳарликларни, балки атроф юрту, воҳа ва водийларнинг чорвадор ҳамда деҳқони, савдогар аҳолисини ҳам ҳимоя этган. Деҳқончилик, чорва ва ҳунармандчилик маҳсулотларининг айирбошлаш савдосида жаҳон бозорининг марказларидан бири сифатида муттасил фаолият кўрсатган. Тошкент тарихининг турли босқичларида ўрнатилган дарвозаларнинг номланишидан нафақат шаҳар ва унинг атрофида истиқомат қилган этнослар, балки улар қаторида шаҳар муҳофазасида посбонлик қилган туркий суворий ўғлонларнинг соқчилик фаолиятини ҳам билиб олиш мумкин. Чунки Ўзбекистон тарихида муттасил Ўрта Осиёга бостириб келган жаҳон фотиҳларига қарши курашда у қалқон муҳофазат вазифасини ўтаган. Шундай шиддатли воқеъликлар назарда тутилса, Тошкент дарвозалари ва уларнинг хос калитлари нафақат тарихий ва маънавий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам аҳамият касб этган.

1865 йил июнь ойида Тошкент Россия империяси томонидан фатҳ этилгач, подшо ҳукуматига тобелик рамзи сифатида 12 та дарвозанинг рамзий олтин калитлари шошилинч равишда ясалиб, подшо маъмурларига топширилган. Калитлар Санкт-Петербургга олиб кетилиб, ҳарбий музейда сақланган. Устоз Яҳё Ғуломовнинг маълумотларига кўра, мазкур олтин калитлар Тошкентнинг пичоқчилик маҳалласида яшовчи Абдураҳмон исмли заргар томонидан ясалган экан.

Калитлар 1917 йилгача Россия империясида, сўнгра эса, Совет шўролари ҳукуматида тобелик сифатида сақланиб келинган. 1933 йил 14 июнда тарихий тўртта рамзий сохта калитлар Ўзбекистонга қайтариб берилган. Ҳозирги вақтда улар Республика музейида сақланмоқда.
Тошкент дарвозаларининг сохта олтин калитлари ясаттирилиши, шубҳасиз, ўша вақтлардаги Россия империясининг геосиёсати билан узвий боғлиқ эди. Империянинг босқинчилик юришлари ва уларнинг оқибатларидан ҳадиксираган Чор ҳукумати учун Жаҳон ҳамжамиятини чалғитиш мақсадида ясалган “мазкур калитлар билан Тошкент дарвозалари очилиб, шаҳар қаршиликсиз Россияга топширилди” деган фикрнинг тарғиботи учун керак бўлган.

Шунга қарамасдан генерал Черняев фармони билан 1865 йилнинг ўзидаёқ тезлик билан Анҳор сувининг чап қирғоғида Кўймас дарвозасини қаршисида жойлашган Кўймастепа устида ҳарбий истеҳком қуришга киришилади. У олти бурчак тархида бўлиб, атрофи баланд ғиштин девор билан ўралади. Девору бастионларда ўт очиш учун шинаклар ўрнатилади. Ҳарбийлар учун казарма, қурол-яроғ лазарети ва омборхона ҳамда ертўлалар барпо этилади. Мазкур истеҳкомни тошкентликлар Тупроққўрғон номи билан атайдилар. У шубҳасиз Тошкентнинг эски шаҳрини назорат қилиб туриш ва айни вақтда ҳарбий ва маъмурлар учун қурилаётган янги шаҳарни қўриқлаб туриш мақсадида барпо этилган эди. Шу боисдан бўлса керак, шуни таъкидлаш мақсадида 1867-83 йилларда Тупроққўрғондан ҳар куни соат 12 да тўп отиб турилган.

1890 йилда Тошкентда янги шаҳар барпо этилиб, асосан ҳарбий ва маҳмурий аҳолининг оилалари маълум даражада жойлаштирилгач, шаҳар кенгайиб борган сари, Тошкентнинг тарихий дарвозаларини посбону иҳоталик моҳияти йўқолиб, улар аста-секин бузиб ташланган. Унинг айрим дарвозаларигина тарихий обида сифатида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих музейида сақланмоқда.

Ҳамон сўз дарвозанинг тарихан умумбашарий моҳияти борасида юритилар экан, шуни таъкидлаш ўринлики, инсон зоти шарифи ҳаёт кечирар экан, аждодлар ўтиб, авлодлар дунёга келиб, уларнинг ҳар бирининг қисматида ҳаётнинг улкан дарвозаси остонасидан қоқилмай омон-эсон ҳадлаб ўтиш муқаррардир. Шу боисдан, аввало ҳаммага ҳам ҳалол меҳнату билимдек саодат насиб этсин. Зеро, барчамиз ҳаёт остонасидан ҳадлаб ўтувчимиз. Ҳукумат томонидан белгиланган қонуну қоидалар, жамоатчилик ўртасида ўрнатилган одоб тўғрисидаги тартибу тадбирлар ҳамда улар асосида оммани бошқарувчи маъмурлар қаторида барчамиз мазкур буюк дарвозанинг посбонидурмиз. Шу билан бир қаторда асрлар давомида доно халқимиз томонидан қабул этилиб, ўрнатилган барча тартибу амалий тадбирларга амал қилишда масъулдирмиз.

Абдулаҳад МУҲАММАДЖОНОВ,
академик

Ўхшаш мақола

Туркистон Шўролар Жумҳурияти ташкил этилганига 104 йил

Post Views: 130 1918 йил 20 апрель – 1 май кунлари Тошкентда Туркистон ўлкаси Советларининг …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *