Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Тошкент бозорлари

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Тошкент бозорлари

Тошкент Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўрта Осиёнинг қадимий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва маърифий марказларидан бири бўлган. Шаҳар муҳим географик ўринда – Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан савдо-сотиқ йўлида жойлашганлиги сабабли, бу ерга ҳар йили юзлаб савдо карвонлари келиб турган.

Тошкентни истило қилишда қатнашган рус рассоми В. Верешчагиннинг ёзишича, «Мен кўрган Шарқ шаҳарларининг ҳеч бирини кенглиги жиҳатидан Tошкентликларнинг бозорига тенглаштириб бўлмайди. Ундаги дўконлар кичкина бўлсада, сон-саноқсиз. Айтиш қийин, Тошкентда дўкондорлик ҳунари билан шуғулланмайдиган бирон-бир киши бормикан? Тушда бозор роса қизийди, савдо ишлари янада жонланади, одам жуда тиқилинч бўлиб кетади, кўчаларда эшак, от ва туяларнинг кўплигидан юриш қийинлашади….»

“Умуман савдо масаласига келсак,” – деб ёзади Верешчагин “Тошкентнинг рақиби йўқ. У Ўрта Осиёнинг асосий савдо йўли устида жойлашган бўлиб, Бухоро ва Қўқондан Россияга ва аксинча ўтадиган карвонлар тўхтаб ўтадиган шаҳардир.”

1813 йили Тошкентда бўлган элчи Филипп Назаров эса шаҳарни турли мамлакатлардан тинмай карвонлар келиб-кетадиган йирик савдо пункти деб таърифлайди.

Рус тарихчиси В. Масалский Эскишаҳар бозорининг 1908-1910 йиллардаги кўринишини қуйидагича тасвирлайди. Бир қисми тимдан иборат бозорда 4500 та дўкон, чойхона, ошхона, устахона ва карвонсарой борки, улар бозор кунлари ниҳоятда тиқилинч бўлади. Бозорга туташган кўчалар ва бозорнинг ўзи шаҳарликлар, даладан келган деҳқонлар, туя карвонлари, отлиқлар, аравалар билан шу қадар тўлиб кетганки, юришга илож бўлмай қолади. Аллофу қандолатчи, каллапазу кабоппаз, баззозу сомсапаз, мисгару чилангар, новвой-ю ҳолвафурушларнинг бақириқ чақириғи, гадоларнинг хайру садақа тилаши, қаландару маддоҳларнинг қироатли ўқишлари, туяларнинг бўкириши-ю, эшакларнинг ҳанграши аралаш-қуралаш бўлиб кетадида, бу маҳобатли гулдирос бозордан олис-олисларгача эшитилиб туради.

Бозор фақат савдо-сотиқ билан хизмат қилибгина қолмай, шаҳар халқи ҳордиқ чиқарадиган жой ҳам эди. Шаҳар ҳокимининг турли фармонлари масжидларда маълум қилингандан ташқари, яна бозорда жарчилар томонидан эълон қилинарди. Ўрта Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби бу ерда ҳам, ҳайит ва рўза кунлари бозоршаб (кечки бозор) ўтарди. Бозоршабда шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири, ёки майдони безатилиб, кўчанинг икки четидаги чойхона ва дўконлар олдига чорпоялар қўйилиб, ҳар хил мева-чева, озиқ-овқатлар сотилган. Карнай-сурнай ва ноғоралар чалиниб, махсус жарчилар одамларни бозоршабга чорлаб турган. Бир томонда дорбозлар, масхарабозлик ва кўғирчоқбозлик, бир томонда кураш ва ўргатилган ҳайвонлар томошаси бўлиб турган. Чойхоналарда созанда, хонанда, аскиячи, қизиқчи ва раққослар ўз ҳунарларини намойиш қилганлар.

ХIХ асрнинг ўрталарида Россия ва бошқа Европа савдогарларининг Тошкент бозорига интилиши натижасида Эскижўва бозори янада гавжумлашади. Натижада, турли савдо фирмалари бу бозорда ўз идора ва магазинларини қурадилар. Жумладан, савдогар Яушевларнинг Маҳсидўзлик кўчасидаги маҳаллий фирмаси ва улар билан иш олиб борган (2005 йилда бузилиб кетган) Эмиль Цинделнинг газлама фирмасининг идораси учун қурилган биноси кабилар. Бино кейинчалик халқ орасида «Синдел дом» номи билан машҳур топган. 1928 йилда «Циндел» фирмаси жойлашган бинода «Ёш томошабинлар театри» ташкил қилинди.

Шунигдек, Эскижўва бозори ҳудудида Граховский, Никифров, Захо, Ю.Давидов ва Шамси Асатулла ўғилларининг турли маҳсулотлар билан савдо қилувчи магазинлари ва идоралари ўз ишларини бошлайди. Эскижўва бозори даврига қараб турли номлар билан аталган. Қуйида ана шу Эскижўва бозорининг турли даврдаги номларини изоҳлашга ҳаракат қиламиз:

Регистон (форсча) – Ўрта Шарқ шаҳарларидаги майдон. Туркийда қумлоқ маъносини англатади. Номига кўра бу бозорнинг дастлабки номи. Чунки Ўрта Осиёда одатда бозорлар унумсиз қумлоқ ва тошлоқ жойларда ташкил қилинган. Лабзак ёки Жангоб ариғининг ҳозирги бозор марказидан ўтадиган жойлар пастлик ва тошлоқ жойлар бўлган. Шунингдек, Ўрта Осиё шаҳарларида марказий майдонлар Регистон деб юритилган. Бу бозор ҳақида X аср тарихчиси Макдусийнинг ёзишича, “Тошкентдан бошқа шаҳарларга темир буюмлар, эгар-жабдуқлар ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари олиб кетиларди, Тошкент камонлари ва нафис идиш-товоқлари билан шуҳрат қозонган эди.

Қўшбозор. ХV-ХVI асрларда шаҳар ҳудуди ҳозирги Ўрда ва Бешёғоч томон кенгайиб боради. Бинкат номи билан келган Тошкентнинг шаҳристони нураб борарди. Натижада, ўз даври талабларига жавоб бера оладиган янги хон ўрдаси ва шаҳристони ҳозирги Қоратош ва Олмазор маҳаллалари ўрнида қурилади. Бўшаб қолган эски ўрда ва шаҳристон ўрнида янги бозор вужудга кела бошлайди. Янги бозорда кулоллар, мисгарлар, тақачилар, тўқимачилар каби қатор устахоналар жойлашиб, Регистон бозори билан параллел равишда савдо-сотиқ ишларини давом эттира бошлайди. Бу ҳар икки бозор қўшилиб, бир қанча муддат Қўшбозор номи билан атала бошланган.

Чорсу – дастлаб Бешёғоч даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳалла сифатида XI асрда вужудга келган. Унга шаҳарнинг асосий дарвозаларидан йўллар келиб туташган.

Ўрта аср шарқ шаҳарларида 2 йирик кўча кесишган жой – Чорсу дейилган. Бундай жойларда одатда савдо расталари, косибларнинг дўконлари жойлашган. Табиийки, бозор билан чегарадош бўлган бу маҳалла ўз-ўзидан Регистон бозорига қўшилиб кетган. Қадимий манбаларда Човурсук (тўрт томонлама), Чорсук, Чорбозор кўринишларида ҳам учрайди. Суқ сўзи арабчада бозор маъносини англатган. Кейинчалик оғзаки сўлашувда Чорсу шаклини олган.

Эскижўва Себзор даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Маҳсидўзлик кўчасида маҳалла ҳунармандларининг асосий қисми жойлашган бўлиб, савдо-сотиқ қайнаган жойлардан бири ҳисобланган. Вақтлар ўтиб бу қадимий маҳалла ҳам марказий бозорнинг бир қисми ва кейинчалик бозорнинг асосини ташкил қилиб, Эскижўва номи билан атала бошланган.

Проф. Х.Х. Хасанов “Эскижўва” – маҳалла номи, ҳарбий аслахалар омбори (жўвахона) бўлганидан бу жой шундай ном олган дейди. Хақиқатан ҳам жиба “совут” деган сўз. (С.Қораев).

Қадимшунос олима В.А. Булатова эса таниқли олима О.Смирнова асарларида “эски” – сўзи сўғд тилида “баланд” деган маънони англатишини учратиб қолганлигини ёзади. Бу термин қадимий Тошкентга жуда мос деган хулосага келиб, Эскижўва – “баланд бозор” дегани дейди ва исботи тариқасида “Тошкент” етти сой ва етти тепаликдан қад кўтарган, деган афсонани келтиради.

ХVI асрда Тошкентнинг ўрдаси эски шаҳар қисмидан Бешёғоч тарафга кўчирилди. Табиийки, унинг қурол-аслаҳа сақлайдиган омбори ҳам янги жойга кўчирилади. Эски омборхона эса эски жиба, яъни эски омборхона номида қолади. Вақтлар ўтиши билан жиба, жўва кўринишини олиб Эскижўва деб атала бошланган.

Пастбозор. Бозорни халқ ҳозирги кунларда ҳам “Пастбозор” деб айтади, сабаби бозор пастликка жойлашган. Қадимий туркий тилимизда сувлоқ пастлик ерни “Чоч” деб аташган, шаҳарнинг Чоч деган номи ана шу ҳолатдан келиб чиққан, деган хулосага келади А.Иброҳимов.

Октябрь бозори. Шўролар даврида бозорнинг қоқ ўртасидаги ресторан Октябрь номи билан аталди. Сўнг Эскижўва маҳалласи ўрнида Калинин ҳайкали ўрнатилиб, майдон номи Калинин номи билан ўзгартирилган эди. Хуллас, бозор номи ҳам Октябрь номи билан атала бошланди. Аммо, 70 йил давомида бу ном халқ онгига сингмади. Барибир Чорсу, Эскижўва ёки Пастбозор номи билан аталиб келинаверди.

Олой бозори (Амир Темур кўчаси). Дастлаб бир неча йиллар давомида норасмий кичик чакана бозор сифатида чорва ва деҳқончилик маҳсулотлари билан олди-сотди қилиниб туpган жой. 1928 йилдан Олой бозори номи билан расмий равишда бозорга асос солинган ва кейинги мустақиллик йилларида замонавий бозор тариқасида қайта қурилган.

Айрим қадимшуносларнинг фикрича, ХIХ асрнинг 80 – йилларида Ўрта Осиё аёлларидан биринчи бўлиб «додхо» унвонини олган, «Олой маликаси» номи билан машҳур бўлган, Олой вилоятининг ҳокими Қурбонжон додхо ўз ўғиллари билан мустақилликка эришиш мақсадида «Пўлатхон» қўзғолони иштирокчилари томонига ўтади. 1876 йил 25 апрелда М.Д. Скобелев қўшинига кучли зарба берган, бироқ, кейинчалик хоинлик натижасида мағлубиятга учраган. Одамларининг айримлари асирга тушган, айримлари турли томонларга қочишга мажбур бўлган. Шуларнинг бир қисми ҳозирги Тошкентнинг Олой бозори ҳудудидан манзил топган ва савдо-сотиқ билан шуғулланишган. Бозорнинг Олой деб номланиши шундан.

Аммо, айрим ҳаваскор атамашунослар матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолаларида келтиришларича – Олой сўзи Алоэ ўсимлиги номидан келиб чиққан дейишади. Айтишларича, бир вақтлар бу ерда алоэ ўсимлиги билан савдо қилишган. Шу сабаб бўлса керак, Олой бозори, яъни “Алайский рынок” бўлиб кетган, – деган фикрни билдирадилар.

Пиёнбозор – 1866 йилда ўша даврдаги шаҳарнинг руслар яшайдиган қисми чеккасида Якшанба бозор (Воскресенскый базар) очилади. Савдонинг асосий қисмини спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар, майхоналар ташкил қилган. Маҳаллий аҳолининг айрим бойваччалари, бу жойга келиб кайфу сафо қилиб туришган. Маҳаллий халқ ибораси билан Пиён бозор деб номланиши шундан. Бозор 1930 йилгача мавжуд бўлган. Кейинчалик бу ҳудудда Алишер Навоий номли театр қурилган. 1947 йилдан бу ҳудуд Театр майдони номи билан атала бошланган.

Қаймоқбозор – Эскижўва бозоридан кейинги энг катта бозор ҳисобланган. Тoшкент ҳокими Юнусхўжа ҳукмронлиги даврида қурилган ва 1810 йилда Қўқон хонлиги босқини даврида вайронага айлантирилган Кичик ўрда деб номланувчи ўрда вайроналари тепалиги ўрнида бўлган. Шайхонтоҳур дарвозасига яқин бўлган. Асосий савдоси чорва маҳсулотлари бўлган. Бозорнинг «Қаймоқбозор» деб номланиши шундан. Бозор таҳминан Шайхонтохур, А.Навоий, А.Қодирий ва Анҳор канали оралиғида бўлган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида Тошкент матбуоти

Post Views: 915 Инсоният пайдо бўлганидан бошлабоқ ўзаро ахборот алмашув эҳтиёжи пайдо бўлган. Дастлаб, инсонлар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *