Чоч, Шош…
ЧОЧ, Ш о ш – асосан ҳозирги Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган тарихий-маданий вилоят ва қадимий давлат. Кейинги тадқиқотларга кўра «Чоч» атамаси қадимги туркийча «тош» (қимматбаҳо тош, феруза тош) маъносини англатган. Милоддан аввалги 2-асрдан Чоч Қанғ (Кангюй) давлати, 5–6-асрлар ўрталарида эфталийлар давлати таркибида бўлган. «Чоч» номи дастлаб Култепа (Чимкент вилояти)дан топилган пишиқ ғиштларда (милодий 2-аср) қайд этилган. Унда суғдча c’c’nn’pc – «Чоч жамоаси (халқи) мамлакати» деб ёзилган (Н.Симс-Вильямс ва Ф.Грене). Сосонийларнинг «Зардўшт Каъбаси» ёзувида (262 йил) «Чоч тоғи» («Кўҳи Чоч») номи учрайди. Чоч Сўғд ёзувларида 4-асрда, 7-асрга оид Афросиёб деворий ёзувида Сўғдга келган Чоч элчилари қаторида. 10-аср географларининг маълумотларига кўра, Чоч ҳудуди шимолдан Келес дашти ва Сойлик қишлоғи ёнидаги тоғлардан бошланган мудофаа девори билан ғарбдан Сирдарё, шарқдан Тангритоғ (Тяньшань) тоғлари билан чегараланган, жанубдан эса Илоқ билан туташ бўлган.
Сўнгги антик ва илк ўрта аср даврида Чочда деҳқончилик ривожланган ирригация тармоқлари асосида олиб борилган. Деҳқончилик ерлари Чирчиқ дарёсидан бошланган 50 га яқин каналлардан суғорилган. Асосий экинлар буғдой, арпа, тариқ бўлиб, тоғ ва даштда чорвачилик, жумладан, йилқичилик ривожланган. Йирик шаҳарлар шакллана бошлаган, улардан энг йириги ва Чочнинг пойтахти Сирдарё ҳавзасида жойлашган бўлиб, унинг вайроналари Қанқа шаҳри харобаси ўрнида бўлган. 1-минг йилликнинг 1-чорагидан Чоч ҳудудида олтин, кумуш, рангли металл рудалари, ялтироқ тошлар қазиб олинганлиги маълум. 3-аср охиридан бошлаб Чочда ҳукмдорнинг сурати, тамғаси ва ёзуви туширилган тангалар муомалада бўлган. Чочнинг мусиқа маданияти анча ривожланган бўлиб, бир қанча Шарқ мамлакатлари маданиятига таъсир кўрсатган. 6-аср 2-ярмидан Чоч Fарбий Турк хоқонлиги таркибига кирган. 641 йили эса Шарқий Турк хоқонлигига қарши курашда қатнашган. Шарқий Турк хоқонлиги тор-мор этилгач, Чоч ярим мустақил ўлкага айланган, ўлкани ҳоким бошқарган. Чочда илк ўрта аср даврига мансуб 30 дан зиёд шаҳарлар бўлганлиги аниқланган. Кўчманчи халқлар билан алоқанинг кучайиши Чочнинг шимолий ҳудудлари хўжалиги ривожланишига олиб келган. Бунда Чирчиқ водийси бўйлаб ўтган шимолий карвон йўли катта роль ўйнаган; Салор бўйида ўлканинг янги маркази Мадинат-уш-Шош шакллана бошлаган. Чочда яна бир қанча шаҳарлар юксалган, ҳокимнинг қароргоҳ қалъаси ролини ўйнаган Жабғукат (Ябғу шаҳри), Худойнкат (хонимлар шаҳри), Данфиғонкат (ибодатхона шаҳри), металл эритиш марказлари, карвон йўлидаги савдо манзиллари шулар жумласидан. 7-асрда Чоч сўғд ва туркий халқлар маданияти туташган марказга айланган. Диний эътиқодлар турлича бўлган. Зардуштийлик муқаддас ҳисобланган ҳайвонларга сиғиниш билан чатишиб кетган, буддизм тарқала бошлаган. Туркий халқлар табиат кучларига, аждодлар руҳига сиғинишган, ҳайвонларни қурбонлик қилишган.
713 йилда Араб халифалиги Чочни эгаллаб ўз ноибларини тайинлаган. Чоч ва Илоқ аҳолиси дастлаб исломнинг шофиъия мазҳабига эътиқод қилганлар (кейинчалик эса Абу Ҳанифа мазҳабига ўтилган). Шофиъия мазҳабининг тарқатувчиси Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший бўлган. У кейинчалик халқ орасида Ҳазрати Имом (Хастимом) номи билан машҳур бўлган. 8-асрда Чочнинг шимолий ҳудудлари Хўжакентдан Сирдарёгача девор билан ўралган. Унинг харобалари ҳозир ҳам узун марза тарзида сақланиб қолган бўлиб, Кампирдевор номи билан машҳур (тўғриси Кандипарак, форсча канд, кент – вилоят, қўрғон; парак – тўсиқ девор).
9-аср бошида Сомонийлар сулоласи Мовароуннаҳр (жумладан Чочни) идора эта бошлаган. Чочнинг янги пойтахти – Бинкат бунёд этилган. Вилоят чегараларида ғозийлар учун работлар қурилган. Чочда (819 йилдан) сомонийлардан Яҳъё, Аҳмад ва унинг ўғли Ёқуб ҳукмронлик қилган. Географ Истаҳрийнинг маълумотига кўра, 9–10-асрларда Чоч Мовароуннаҳрнинг йирик иқтисодий ва маданий вилоятига айланган. Чоч шаҳарлари дашт ва тоғлик ҳудудларга бориладиган транзит йўллари ёқасида жойлашган. Бу карвон йўллари Бухоро ва Самарқандни, Чоч ва Илоқ марказларини Фарғона билан бирлаштирган. Чочда турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланган. 10-аср географи Мақдисийнинг қайд қилишича, Чочдан бошқа ўлкаларга кўплаб эгар, садоқ, чодир, пичоқ, жойнамоз, қайчи, ажойиб камон, газламалар, игна чиқарилган. Айниқса, сирли сопол идишлар шуҳрат қозонган. 10-аср охирида Чоч Қорахонийлар, 13-аср бошида Хоразмшоҳлар давлатига тобе бўлган. 13-аср бошида найман хони Кучлук билан бўлган урушда Муҳаммад Хоразмшоҳ Чоч пойтахти аҳолисини кўчиртирган. Чингизхон ҳужумидан сўнг (1220), Чоч мўғуллар қўлига ўтган. Кейинчалик 16–17-асргача Шош номи билан машҳур бўлган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Ушбу мақолани ўқиб иккита саволга жавоб олдим:
1. Аҳолисининг асосий қисмини Ҳанафийлар ташкил этган ҳудуддан Қаффол Шоший (Ҳастимом)дек Шофеъий мазҳабининг етук олимлари етишиб чиққанлиги мени озгина ўйлантирганди. Энди билдим, Шош (Тошкент)да дастлаб Шофеъийлик мазҳабига амал қилинган экан
2. От гўшти Ҳанафий мазҳабида танзиҳан макруҳ дейилган бўлса ҳам, юртимизда, айниқса Тошкент шаҳрида бу гўштни истеъмол қилиш кенг тарқалган. Энди эса тушунарли. Шош (Тошкент)да аввал бошдан от гўшти ҳалол дейилган Шофеъий мазҳабиган амал қилинган. Ҳанафий мазҳабига ўтилганда ҳам бу одат қолган (аслида жумҳур уламолари отнинг ҳалолиги ҳақида иттифоқ қилишган экан http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=19421.0)
Вааллоҳу аълам