Бош саҳифа » Масжидлар » «Чақар»даги эски масжид биноси

«Чақар»даги эски масжид биноси

«Чақар» маҳалласидаги эски масжид биноси. XX аср бошларида ёпилган, кейинроқ ёғоч устахонасига айлантирилган. Бугунги кунда ёпиқ.

"Чақар"даги эски масжид биноси
«Чақар»даги эски масжид биноси

Манба

Ўхшаш мақола

Хотинмасжид, Ўрозалибой жоме масжиди

Post Views: 356 ХОТИНМАСЖИД, Ўрозалибой жоме масжиди – ўтмишда Себзор даҳасининг Хотинмасжид маҳалласидаги масжид (1754). …

8 комментариев

  1. nasimov.uz да бу бино мақбара дейилган http://nasimov.uz/wp-content/uploads/2011/10/IMG_1422.jpg

  2. Ўктамбек Султонов

    Султонов .А. Тошкент масжидлари тарихи. — Тошкент, 2010. — Б.124-130.
    Азизлархон эшон масжиди.
    Шайхонтаҳур тумани Ялангқор, Чинор берккўчаси 2-уйда жойлашган. Азизлархон (Азлархон) эшон масжиди 1953 йилда И.Ф.Бородина томонидан тарихий ёдгорлик сифатида қайдга олинган . Масжид хонақоҳ ва айвондан иборат бўлиб, айвони жануби-шарқ томонда, икки қаторга бештадан устунлар қўйилган. Квадрат тарҳга эга бўлган хонақоҳ гумбази анча олдин шикастланиб, кўчиб тушган. Хонақоҳнинг ички деворларида жойлаштирилган токчалар кейинчалик суваб ташланганлиги кўриниб туради. Ғарбий деворда меҳроб, қолган уч томонига эса эшиклар ўрнатилган (эшиклар ҳам кейинчалик ёпиб ташланган). Масжид меъморий жиҳатдан В.Т.Борискин бошчилигидаги тадқиқотчилар тарафидан анча яхши ўрганилган.
    Тадқиқотчилар унинг қурилиш услубига асосланиб, XVIII аср ўрталарида ёки 60-70 йилларида қурилганлигини таъкидласалар-да, масжид тарихи хусусида бошқа аниқ маълумотларга эга бўлмаганлар. Ушбу масжиднинг номланиши бевосита унинг қизиқарли ва жумбоқли ўтмиши билан боғлиқ. Шу сабабли масжид ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтишимизга тўғри келади.
    Тошкент масжидларига оид тарихий ҳужжатларни ўрганиш жараёнида Азизлархон эшон масжидининг ҳозирда сақланиб қолган бир вақфномасини топишга муяссар бўлдик. Вақфнома ва яна баъзи ҳужжатлар атрофида юритилган фикр-мулоҳазалар айрим масалаларга ойдинлик киритади.
    Мазкур вақфнома ҳижрий 1223, милодий 1808-1809 йилга тегишли бўлиб, унда Мирқурбоншайх азизон исмли шахс томонидан ўз мулки бўлган Арпапоя ва Ялангқари маҳаллаларидаги катта бўлмаган ерларни масжид фойдасига вақф қилингани айтилади . Вақфнома юпқа сарғиш қўқон қоғозига ёзилган бўлиб, 21х31,2 см ҳажмда, жами 12 қатор. Вақф ҳужжати қози Исахўжа ибн Юнусхон эшон (1240/1824), Муҳаммад Шоҳбадал муфти ибн мулла Шоҳмуҳаммад Амин (1240/1824), Муҳаммаджон муфти ибн Юнусхон Алавий (?) ҳамда Муллахон муфти ибн домулла Шоҳнеъмат (1242/1826) муҳрлари билан тасдиқланган .
    Вақфномада аввало воқиф яъни, вақф қилувчи сифатида тилга олинган Мирқурбоншайх азизон шахси диққатни тортади. Зеро, манбаларда масжидни қурдирган шахс тилга олинмаса-да, ҳозирда масжид жойлашган маҳалла аҳлига маълум бўлган бир нақлда масжид “Мирқурбоншайх” исмли киши томонидан XVIII аср ўрталарида қурилгани таъкидланади. Мазкур нақлга қараганда, ушбу шахс Арабистон мамлакатидан (?) бир неча сафдошлари билан ўрта Осиё шаҳарларига дин тарғиботи учун келган . Жумладан, Мирқурбоншайх азизон Тошкентга келган ва унга Ялангқари маҳалласи ўрни бўлган ерлар берилган экан. Мирқурбоншайх азизон шу ерда масжид қуриб фаолият юритган. Ҳозирда масжид ҳовлисидаги чинор масжид қурилганда экилган бўлиб, унинг ёши 300 йил атрофида экан. Мирқурбоншайх азизон шу ерда бир эшоннинг қизига уйланиб фарзандлар орттирган ва умрининг охирларида Арабистон мамлакатига қайтиб кетганлиги, фарзандлари эса Ялангқари маҳалласида яшаб қолгани айтилади.
    Бу каби нақллар Тошкентдаги бошқа мозорлар учун ҳам хос. Масалан, мавжуд ёзма маълумотларда Хорун Румийнинг Румдан, Абдужалил бобнинг Ямандан, Шом отанинг Шомдан, Хожа Исо мужарраднинг Бағдоддан, Хожа Нуриддиннинг Кошғардан келгани таъкидланади. Айрим оғзаки маълумотларда эса, Мирқурбоншайх азизоннинг келиб чиқишини Сузук отага (Хожа Аҳмад Яссавий авлоди) ҳам боғланади.
    Умуман олганда, Мирқурбоншайх азизон номи юқорида эслатилган вақфномадан ташқари, яна икки манбада тилга олинган. Улардан бири Мирқурбоншайх азизон авлоди — Зайниддинхон эшоннинг 1284 йил (1867) санаси кўрсатилган муҳрида, унда Зайниддинхон эшоннинг насаби қуйидагича кўрсатилган: “Зайниддинхўжа ибн Ҳодихўжа ибн Муҳаммадхўжа ибн Мирқурбоншайх азизон”. Иккинчи маълумот Мирқурбоншайх азизоннинг кичик замондоши, муаррих Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида, унда мазкур шахснинг исми “Қурбоншайх азизлар” шаклида келтирилган.
    “Тарихи жадидайи Тошканд” асари муаллифи Муҳаммад Солиҳхўжа Мирқурбоншайх азизоннинг асли Ялангқари маҳалласидан бўлиб, машҳур эшонлардан Юсуфхон эшон Камолонийнинг замондоши эканлиги, шу маҳаллада ўз масжиди бўлганлигини тилга олиб ўтган . Унинг ёзишича, Юсуфхон эшон Қўқон хони Олимхон (1798-1810) замонидан Муҳаммад Алихон (1822-1841) давригача ҳаёт бўлган. Демак, Мирқурбоншайх азизон ҳам XVIII аср иккинчи ярми XIX аср биринчи ярмида яшаб ўтган. У ҳолда масжиднинг қурилиш санаси Мирқурбоншайх азизон ўз фаолиятини йўлга қўйган пайтларга яъни, XVIII аср охирлари ёки XIX аср бошига тўғри келади.
    Лекин, Мирқурбоншайх азизоннинг Арабистон мамлакатидан (?) келиши билан боғлиқ нақлнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини айтиш қийин. Чунки, ушбу маълумотни ҳозиргача бирор-бир ёзма манбада учратмадик. Мазкур нақл мазмуни ёки ҳеч бўлмаганда унга яқинроқ тафсилотлар ҳатто Зайниддинхон эшоннинг тилга олинган тариқат силсиласида ҳам кузатилмайди. Агар, Мирқурбоншайх азизон ҳақиқатан ҳам Арабистон мамлакатидан келган бўлганда, Зайниддинхон эшон шаҳардаги кўзга кўринган тариқат намояндаси сифатида бу ҳақда ўзининг келиб чиқиши, аждодларининг кимлиги ҳақида ўз силсиласида фахрланиб бир оғиз бўлса-да, тўхталиб ўтган бўлар эди.
    Шунингдек, Зайниддинхон эшоннинг мадрасадаги сабоқдоши ва унинг яқин таниши Муҳаммад Солиҳхўжа ҳам бу тўғрида ҳеч нарса ёзмайди. Аксинча, Мирқурбоншайх азизонни асли Ялангқари маҳалласидан бўлганлигига ишора қилади. Аслида, тахминан XIX асрнинг 30 йилларида туғилган Муҳаммад Солиҳхўжа Мирқурбоншайх азизонни яқиндан билмаган. У ҳақидаги маълумотларни анча йиллар ўтгач, XIX асрнинг 80 йилларида суҳбатдошларидан, эҳтимол Зайниддинхон эшоннинг ўзидан эшитганлари асосида ёзган. Шу сабабли, Мирқурбоншайх азизон ҳақидаги нақл хонадоннинг Зайниддинхон эшондан кейинги вакиллари даврида юзага келган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
    Бевосита тарихий маълумотларга асосланадиган бўлсак, вақфномада, Зайниддинхон эшон муҳри ҳамда “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келган Мирқурбоншайх исмидаги “азизон” ва “азизлар” атамасига қараганда, мазкур шахс шаҳардаги яссавия тариқатига мансуб маҳаллий тасаввуф намояндаларидан бири бўлган. Сабаби ўрта асрларда яссавий шайхларга нисбатан кенг қўлланилган “азизон” сўзининг эквиваленти сифатида қўлланилган “азизлар” сўзи Тошкентдаги XVIII-XIX асрларда шаклланган аксарият яссавия тариқати билан боғлиқ мозорларда ҳам кузатилади. (Масалан, Султоншайх азизлар, Сўфишайх азизлар, Туларшайх азизлар, Ҳимматлик азизлар, Авазшайх азизлар ва бошқ.) Мирқурбоншайх азизон авлодларидан Ҳодихон азизлар, Зайниддинхон эшон, Муҳиддинхон эшон ҳам асосан жаҳрия-яссавия (шунингдек, қодирия) тариқатига мансуб бўлганлар.
    Муҳаммад Солиҳхўжа Мирқурбоншайх азизон яшаган даврни Олимхон давридан Муҳаммад Алихон давригача деб кўрсатган. Буни вақфномадаги далиллар ҳам тасдиқлайди. Вақфномада, тузилган йил сифатида ҳижрий 1223 (милодий 1808) йил санаси кўрсатилган бўлса-да, у анча кейин қандайдир сабабларга кўра қайта кўчирилиб, тасдиқланган. Ҳужжатнинг тузилган йили Тошкентнинг Қўқон хонлиги таркибига қўшиб олинган йилларга (1808-1810) тўғри келади. Бунга вақфноманинг Муҳаммад Алихон даври Тошкент қозихонаси амалдорлари тарафидан тасдиқлангани ҳам далил бўлаолади.
    Одатда вақфномаларда унинг тузилган санаси рақам ва сўз билан ёзилган бўлса, ушбу вақфномада фақат рақам билан ёзилган. Шунинг учун бу ерда ҳужжатни ёзган шахс муҳрларда кўрсатилган 1240/1824 ёки 1242/1826 санасига мантиқан яқинроқ бўлган 1243/1827 санаси ўрнига янглиш ҳолда 1223/1808 санасини ёзган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам муҳрда кўрсатилганидек, 1240/1824 йилдан кейин тасдиқланган мазкур вақфномада Мирқурбоншайх азизоннинг “марҳум” сифатида тилга олинмаслиги унинг бу даврда ҳаёт бўлганидан дарак беради. Демак, Мирқурбоншайх азизон ҳақиқатан ҳам XIX асрнинг биринчи чорагида ҳали ҳаёт бўлган.
    Мирқурбоншайх азизоннинг авлодларига келсак, XIX аср 2-ярми – XX аср бошига тегишли айрим вақф ҳужжатларида Мирқурбоншайх азизоннинг ўғиллари – Муҳаммадхўжа эшон ва Яъқубшайх Ялангқари маҳалласида, Азизлархон масжиди жойлашган кўчада истиқомат қилгани эслаб ўтилган. Ўша вақтарда Муҳаммадхўжа ҳаёт бўлмаган.
    Масжиднинг номланиши бевосита Мирқурбоншайх азизоннинг кейинги даврда яшаган авлодлари — Ҳодихон азизлар ёки Зайниддинхон эшон фаолияти билан боғлиқ. Сабаби уларнинг иккиси ҳам халқ орасида “Азизлархон” номи билан машҳур бўлган. Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳоли орасида Азизлархон эшон дейилганда унинг Ҳодихон азизлар ёки Зайниддинхон эшон экани ҳақида аниқ бир фикр йўқ.
    Юқорида тилга олинган вақфномада масжид Яланқари маҳалла масжиди сифатида эслатилган. Муҳаммад Солиҳхўжа эса XIX асрнинг 70 йилларига тегишли хотираларида масжид номини келтирмаган. 1884 йилда 3 та — имом Зайниддинхон, Бадалбой Эшмуҳаммадбой ўғли ва эшон Азизлар масжидлари рўйхатга олинган. Улардан дастлабки иккитасини қурдирган киши тилга олинган. Учинчиси эса эшон Азизлар томонидан бунёд этилгани айтилса-да, мазкур шахснинг асл исми келтирилмаган.
    1884 йилда рўйхатга олинган эшон Азизлар масжиди бугунги кунда сақланиб қолган Азизлархон эшон масжиди билан айнан бир. Чунки, ушбу масжид ва Мирқурбоншайх азизон вақфномасида тилга олинган масжиднинг вақф мулклари (Ялангқор ва Арпапоя маҳалларида кичикроқ вақф ерлар) бир хил. Тилга олинган 1884 йилда масжидда Мирқурбоншайх авлодларидан мулла Имомхон эшон Маҳмудхон эшон ўғли имомлик қилган. Мулла Имомхон эшон авлодлари бугунги кунда ҳам Тошкент шаҳрида истиқомат қиладилар.
    Архив қайдномаларида Зайниддинхон эшоннинг ҳам масжид қурдиргани аниқ тилга олинган. Ушбу масжид бугунги кунгача сақланиб қолмаган. Зайниддинхон эшон ўз даврининг чуқур билимли кишиларидан бўлиб, Бекларбеги мадрасасида бирга таҳсил олган сабоқдоши муаррих Муҳаммад Солиҳхўжа уни Бешёғоч даҳасининг таниқли шахслари қаторида эслаб ўтган. Н.Ликошиннинг ёзишича, Ялангқари маҳалласида яшовчи Имом Зайниддинхон (т.й. 1833) қодирия-жаҳрия тариқатига мансуб таниқли ва бой (у йилига 100 сўм солиқ тўлаган) эшонлардан бўлган. Унинг Тошкентда 600 нафар, Тошкент вилоятида 100 нафар муриди бўлган. Тахминан 1870 йилда наманганлик Меҳмонхон эшондан иршод олган Зайниддинхон эшоннинг ўзи ҳам учта халфа тайёрлаб рухсат берган . Зайниддинхон эшон жума кунлари эрталабдан то жума намози вақтигача ўз масжидида зикр тушган ва унда 100-200 киши қатнашган.
    Архив ҳужжатларида Зайниддинхон эшоннинг 1892 йилда Тошкентда юз берган вабо ғалаёни етакчиларидан бўлганлигини кўрсатувчи маълумотлар ҳам талайгина . Н.Ликошиннинг таъкидлашича, бу воқеадан сўнг исёнчилар тарафдори сифатида айбланган Зайниддинхон эшон кўп ўтмай оқлангач обрўйи янада ортиб кетган. 1911 йилда эса Зайниддинхон эшоннинг Ялангқари маҳалласида яшовчи ўғли Муҳиддинхон эшон қодирия-жаҳрияга мансуб эшонлардан эканлиги ва 50 нафар муриди ҳам борлиги қайд қилинган.
    Азизлархон эшон масжиди бошқа кўплаб масжидлари сингари 1920 йилда ёпилган ва унинг биноси турли муассаларга ихтиёрида бўлган. Шу вақт давомида бир неча бор ёнғиндан зарар кўрган. Ёнғин асоратлари ҳозирда ҳам масжид айвони шифтида сезилиб туради. А.Исмоилов биз билан бўлган суҳбатда масжид ҳовлисидаги қабр масжид ёпилган 1920 йилда Камолон қабристонига кўчирилганлигини ҳамда 2007 йил ёзида рамзий қабр қайта тикланганлигинини таъкидлаб ўтди. Бироқ, ушбу қабр кимга тегишли эканлиги аниқ маълум эмас.
    Азизлархон эшон масжиди Тошкент шаҳридаги қадимий масжидлардан бири бўлиб, уни келгуси авлодга етказишнинг ягона йўли унда таъмирлаш ишларини имкон қадар тезроқ бошлашдир.

    1-илова.
    Азизлархон эшон масжиди
    вақфномаси (таржима)

    Бир бўлак ер ҳудуди баёни. Тошкент шаҳри Арпапоя мавзеида жолашган. Ғарбдан бутунлай Мирсиддиқ Миромон ўғли мулки билан, шарқдан бутунлай Идрискелди Мирзатой ўғли мулки билан туташган, шимол томондан омма ариғи қирғоғига туташган.
    Ва яна бир бўлак ер ҳудуди баёни. Мазкур шаҳарда Ялангқари маҳалласида жойлашган. Чегаралари шу тариқада: ғарбдан Азаматхўжа Ёрмуҳаммад ўғли мулкига, баъзан Ҳодихон Азизлар Муҳаммадхўжа марҳум ўғли мулкига туташган. Шарқ томондан бутунлай Шом отанинг файзосор мозори билан, шимол тарафдан ҳам бутунлай юқорида тилга олинган Ҳодихон азизлар мулки билан туташган. Бу ҳудуднинг ҳам атрофи маълум бўлди.
    … Аммо баъд, вақфлар саҳифаси шундай таҳрир қилинди. Бас, саодатмандлик йўлининг хайрлилиги шудирки, садақаи жория бериш “дунё охиратнинг зироат еридир”. Ва шунинг учун шарофатпаноҳ, саҳоватойин эшон Мирқурбоншайх азизон тарих 1223 (1808-1809) санада тани сиҳатлиги ва барча тасарруфлари ўтадиган ҳолатда ўз рағбати билан мўътабар шаъриат бўйича шаръий жиҳатдан шу тариқа: “ўзимнинг холис мулким бўлган юқорида номи зикр қилинган ҳудудларни Ялангқари маҳалла масжиди учун саҳиҳ вақф қилдим” — деб иқрор бўлди.
    Масжиднинг чегаралари қуйидагича: ғарбдан тамоман омма кўчаси билан, шимолдан тамоман ушбу масжиднинг таҳоратхонаси билан, жанубдан ҳам омма кўчаси билан туташган, барча ҳудуди маълум ва зоҳир бўлди.
    Ва яна жаноб воқиф шарт қилдики, ушбу вақфдан нимаики ҳосил бўлса аввало мутавалли тавлият ҳақига ушр олсин, қолгани масжид иморати заруриятига сарф қилинсин. Агар масжид иморати эҳтиёжи бўлмаса вақф қилинган ер ҳосилидан масжид вазифасига сарф қилсинлар. Кимки, бунга хилоф иш қилса охират куни ўзи жавоб беради.
    Мажлисда ҳозир бўлганлар: мулла Шоҳнеъмат валади …, мулла Турсун Бобо домла, мулла Тўқбой домла, мулла Ярашбой, мулла Бадал, мулла Раҳимбой, Жаҳонгирхон, мулла Худойберган, Эркахўжа эшон, Саидхон, мулла Бозорча, мулла Холдорбой қори, мулла Юсуф, мулла Абдулла ва бошқа мусулмонлар.

    Муҳрлар:
    Қози Исахўжа ибн Юнусхон эшон (1240/1824)
    Муҳаммад Шоҳбадал муфти ибн мулла Шоҳмуҳаммад Амин (1240/1824)
    Муҳаммадхон муфти ибн Юнусхон Алавий (?)
    Муллахон муфти ибн домулла Шоҳнеъмат (1242/1826)

  3. assalomu aleykum qadrdonlar. menga iltimos mustaqil ishim uchun Margílondagi chaqar masjidi haqida ma’lumot yuborsangiz.

    • Ваалайкум ассалом, қуйида Сиз сўраган масала бўйича интернет тармоғидан олган маълмумотимиз:

      “САЙЙИД ЖАЛОЛХОН ТЎРА” («ЧАҚАР») МАСЖИДИ

      «Чақар» сўзи топоним сифатида республикамизнинг кўпгина жойларида учрайди. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида, Қорақалпоғистондаги Амударё тумани ҳудудларида «Чақар» номли қишлоқлар бор. Тошкент шаҳрида бир маҳалла «Чақар» деб аталади. Чақар «хизматкор, камбағал, йўқсил» деган маънодадир. Қадимда камбағаллар яшайдиган жойлар шундай деб аталган бўлса керак. «Чақар» масжиди XX аср бошида Марғилоннинг йирик сармоядорларидан бири Саййид Аҳмадхонхўжанинг куёвлари Саййид Жалолхон тўра томонидан эски нураган масжид ўрнига қурилган. Ҳажми жиҳатидан унча катта эмас, номутаносиб кўринишга эга. Бинонинг фақат айвон қисми сақланиб қолган. Ўз вақтида бу қисм шарқ томонга қараган уч томони ёпиқ, тўсинли ва устунли айвоннинг бир қисми бўлган. Қишки хона ва хўжалик бинолари бузилиб кетган.

      Айвон устунлари нақш берилган саккиз қиррали сталактит муқарнас орқали шифтга тиралган. Устунларнинг асоси ёғочдан иборат бўлган. Шифт тўсинлар ёрдамида тўғри бурчакли хоналарга бўлиниб, уларнинг ҳар бирига яшил ёки қизил заминида ажойиб гулдасталар солинган гулдонлар ишланган. Бошқаларидан бир мунча юқорироқ кўтарилган шифтнинг ўрта оралиғига «ҳовуз» ясалиб, гириҳ услубида нақш берилган. Масжид шифтлари кўк, яшил ва пушти тусдаги ёзувлар билан мунаққаш этилган. Айвоннинг баланд жимжима карнизига қизил гулли ссбаргалар тасвири туширилган. Тўсинлардан бирида бино қурилган сана — ҳижрий 1329 йил (1911 йил) ва хўжандлик меъморлар Тўхтабек ҳамда Мирбобо ҳожи исмлари қайд қилинган.

      Шифтларга ишлатилган бўёқ ва безак композицияларининг бағоят уйғунлашганлиги Фарғона халк усталари амалий санъатидан дарак беради. Ҳозирда ушбу иншоотда «Саййид Жалолхон тўра» расмий масжиди Адлия бошқармасининг 1998 йил 11 августдаги №15 рақамли гувоҳномага асосан фаолият кўрсатмокда.

      Масжид имом-хатиби: Мамарасулов Юнусхон Юсуфжонович

      Масжид манзили: Хожа Порсо МФЙ, Қандолатчилар кўчаси 37-уй.
      http://fargonaziyo.uz/sayyid-jalolxontora-masjidi/

  4. Аюпов Аббос

    Ассалому алайкум! Кўхна ва хамиша навкирон Тошкентимиз хакида шундай ажойиб сайт борлигидан сизларга катадан- ккатта ташаккур. Мени Чакардаги эски масжид биноси хакидаги Ўктамбек Султоновнинг маколаси жуда кизиктирди. Маколанинг охирида мана шундай сатрлар бор: Бир бўлак ер ҳудуди баёни. Тошкент шаҳри Арпапоя мавзеида жолашган. Ғарбдан бутунлай Мирсиддиқ Миромон ўғли мулки билан… Менимча юкорида кайд этилган шу инсон менинг бобомнинг боболари бўлиб чикишлари мумкин. Мумкин бўлса Мирсиддик бобомиз тўгрисида маълумотлар бўлса ёзиб юборсангиз.

    • Ваалайкум ассалом, эътиборингиздан мамнунмиз! Сиз айтган масала бўйича маълумотларни қараб кўрамиз

  5. Аюпов Аббос

    Мухтарам кадрдонлар! Охирги пайтларда shosh.uz сайтини ашаддий мухлиси бўлиб колдим, жуда кизикарли макола ва асарлар менда катта таъсурот колдирди. Бу борада вакф ва вакфнома деган тушунчалар хакида батафсил маълумот берсангиз.

    • Эътирофингиздан мамнунмиз! Имкон қадар Сиз сўраган маълумотларни бериб борамиз

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *