Қибрай тумани – Тошкент вилоятидаги туман. 1933 йил 1 декабрда ташкил этилган (1933–91 йилларда Оржоникидзе тумани, 1991 йилдан Қибрай тумани). 1962 йил 24 декабрда Калинин (ҳозирги Зангиота) тумани билан бирлаштирилди. 1964 йил 31 декабрда қайтадан тузилди. Жануби-ғарбдан Тошкент шаҳри, жанубдан Юқори Чирчиқ, шарқдан Бўстонлиқ, ғарбдан Тошкент туманлари, шимолдан Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 0,56 минг кв.км. Аҳолиси 186,6 минг киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, рус, тожик, татар ва бошқалар ҳам яшайди (2008). Туманда 2 шаҳарча (Қибрай, Салор), 12 қишлоқ фуқаролари йиғини (Байтқўрғон, Ёнариқ, Май, Матқобулов, Оққовоқ, Салор, Тузел, Чинобод, Янгиобод, Ўнқўрғон, Қизилтут, Қипчоқ) бор. Туман маркази – Қибрай шаҳарчаси.
Туман вилоятнинг шимоли ва шимоли-шарқида, Чирчиқ дарёси водийсида жойлашган. Рельефи шимоли-шарқий қисмида қир ва адирлардан иборат. Ер юзаси шимоли-шарққа томон баландлашиб боради. Ўртача баландлиги 300–400 метр. Жанубий томонидан Чирчиқ дарёси, шимолидан Бўзсув, Зах ва Хоним каналлари, ўрта қисмидан Катта Қорасув канали оқиб ўтади. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқ. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача температураси 27-29, январники -2. ёзда энг юқори температура 41-42 га етади, январда энг паст температура -29. Вегетация даври 210-220 кун. Йиллик ёғин 300-400 мм. Ёввойи ўсимликлардан туранғил, терак, жийда, дўлана, тол, юлғун, қамиш, янтоқ ва бошқалар бор. Чирчиқ дарёсининг қайирларида ёввойи ҳайвонлардан қуён, сув каламуши, сичқон, ғоз, ўрдак, қирғовул, лойхўрак, сўфитўрғай, сувилонлар, ондатра яшайди.
Туманда 10 йирик саноат корхонаси, 34 қўшма корхона, 2400 га яқин кичик ва ўрта бизнес субъектлари, Тошкент иссиқлик электр мавзези, ГЭСлар каскади, мева-сабзавот консерваси ва пиво-алкоголсиз ичимликлар корхоналари, ғишт заводи, «Тошкент» паррандачилик хўжалиги, тухум етиштириш бўйича саноат ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Афсар», «Карвон» ҚК ва бошқалар бор. Қибрай туманида дон, картошка ва сабзавотлар, озуқа экинлари экилади. Боғ ва токзорлар, иссиқхона хўжаликлари бор. Туманда қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади. Туман Тошкентга қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етказиб беради.
Туман ҳудудида 13 илмий-техника, лойиҳа-конструкторлик ва тажриба ташкилотлари ишлаб турибди. 51 умумий таълим мактаби, 7 коллеж, 1 лицей, 44 мактабгача тарбия муассасаси фаолият юритади. Тошкент аграр университети, 4 мусиқа мактаби, кутубхона ва клуб муассасалари (жумладан, маданият уйи, саройлар), стадион, сузиш ҳавзаси, 6 касалхона, 35 қишлоқ врачлик, амбулатория ва қишлоқ даволаш маскани, фельдшер-акушерлик пункти аҳолига хизмат кўрсатади. Болалар санаторийси, «Бўстон», «Ботаника», «Умид гулшани», «8 Март», «Турон», «Навбаҳор», «Қибрай» санаторийлари, «Энергетик» мавсумий дам олиш уйи ва бошқалар бор. Туман Тошкент шаҳри билан автобус ва электрлаштирилган темир йўл транспорти орқали боғланган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил