Бош саҳифа » Тарих » Туркистон Мухториятида Фарғона жадидларининг иштироки

Туркистон Мухториятида Фарғона жадидларининг иштироки

1917 йилда Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим масалалардан бири, бу Туркистонда янги бошқарув усулидаги давлатчиликни ташкил этиш эди. Тез орада турли шаҳарларда “Шўрои Исломия”нинг шўъбалари ташкил топди. 1917 йил 25 майда Қўқонда Фарғона вилояти мусулмонлари съезди бўлиб ўтди. Вилоят “Шўрои Исломия” ташкилоти ушбу съезднинг ташкилотчиларидан бўлди. Съездда 42 мусулмон ташкилотидан 98 делегат иштирок этди1. Жадидлар оммани “Шўрои Исломия” атрофида жипслашишга даъват этдилар. “Шўрои Исломия” Қўқон бўлимининг аҳолига мурожаатномасида шу муносабат билан қуйидагилар айтилади:

“…Ҳурматли озод мусулмонлар! Ишончингиз комил бўлсинки, Қўқон мусулмонлари бир овоздан ташкил этган “Шўрои Ислом” янги ташкилоти ҳар доим мусулмонлар манфаатига хизмат қилади.

Бу ташкилот доимо тинчлик ва хотиржамлик учун ҳаракат қилади. Агар барча мусулмонлар биргаликда тинчлик ва тартибни сақлашса, бу, биз, ҳамма мусулмонларнинг фойдасига бўлади. Лекин тинчлик-хотиржамликни намоён этмай, ҳар хил қуруқ гапларга қулоқ солсак, бизга берилган Озодликдан фойдалана олмаймиз!2.

1917 йилнинг март ойида Қўқонда I – мусулмон маданий-маърифий жамияти тузилди. 1917 йилнинг 20 мартида Қўқонда бўлиб ўтган мусулмон фуқораларининг умумий йиғилишида Мусулмон маданий-маърифий жамияти тузилганлиги эълон қилинади.

Андижон шаҳрида август ойининг бошларида мусулмон ҳунар аҳлининг Санойи ул-ислом шўроси тузилди. Унга 1500 киши аъзо бўлиб кирди3. Шаҳар Думаси учун бўладиган сайловларга барча ташкилотлар томонидан қизғин тайёргарликлар кўрилди. 14-17 июл кунлари Андижонда уезд-шаҳар мусулмон ташкилотлари Шўрои Исломия, Муфтаҳ ул-маориф, Ҳаваскорони маориф ва бошқаларнинг съезди бўлиб ўтди. Съездда 11 та масала кўрилди: яъни, Қозонда бўладиган Бутунроссия Мусулмонлари съездига делегатлар юбориш; Таъсис Мажлиси учун бўладиган сайловларга маҳаллий аҳолини тайёрлаш учун уездларга ташвиқотчилар юбориш; аҳоли рўйхати ҳақида, шаҳар Думаси сайловларида аёлларнинг иштироки ва ҳ.з4.

Бутун Туркистонда бўлгани каби, Фарғона водийсида ҳам жадидлар томонидан барча маҳаллий жамиятларни ягона ташкилот қилиб бирлаштириш ҳаракатлари давом этди. 12-14 июл кунлари Скобелев шаҳрида Фарғона вилоят мусулмон ташкилотлари вакилларининг навбатдаги съезди бўлиб ўтди. Ушбу съездда 137 делегат иштирок этди. Анжуман барча мусулмон ташкилотларини сиёсий жиҳатдан бирлашишга чақирди.

Ушбу съезднинг муҳим аҳамияти, Турк Адами Марказияти фирқасининг тузиш ҳақида қарор қабул қилиниши бўлди. Делегатлар тузилажак фирқанинг низомномаси ва маромномаси лойиҳаси билан қисқача таништирилдилар. Ушбу қонуний ҳужжатларни ишлаб чиқишда фарғоналик жадид ва уламолардан Камолуддин қози Раҳмонберди ўғли, Мулло Муҳиддин, Махдум аълам мулло Муҳаммад, Мулло Боқи Охунд домулло Одилбой ўғли, Мулло Нуриддин Аълам Йўлдошхўжа эшон ўғли, Мулло Муҳаммаджон Камолжонбоеф, Мирзо Абдулқодирбек Мирзоаҳмад Қушбегиев, Обиджон Маҳмудов, Миродил Мирзоаҳмад ўғли иштирок этдилар5.

Туркистоннинг кўплаб шаҳарларида янги партиянинг ташкилий йиғилишлари бўлиб ўтди. Жумладан, 23 август куни Андижонда Ҳаваскорони маориф, Турон, Талабалар жамияти ташкилотлари вакиллари томонидан Турк Адами Марказияти фирқасининг Муваққат қўмитаси тузилди6.

20 августда Марғилон шаҳрида 2000 кишилик митинг бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Шўрои Исломия ташкилоти фаоллари йиғилганларни шаҳарда федералистлар фирқаси шўъбасини тузишга чақирдилар.

Тараққийпарвар зиёлилар томонидан ишлаб чиқилган фирқанинг маромномасини ўлкада демократик кўринишдаги давлат қуришнинг назарий асоси эди дейиш мумкин. Бу фикрни Маромноманинг қуйидаги бандлари билан изоҳлаш мумкин: Фирқанинг мақсади: 1)Русияда маҳаллий ва миллий адами марказият (федерация) асоси узра Халқ Жумҳурияти ташкил этмакдур. 2) Фирқа Туркистон, Қирғизистон, Қофқоз ва Бошқирдистон қитъалари (ўлкалари) учун ва бошқа миллий ва маҳаллий мухторият, Идил бўйи ила Қрим тоторлари учун ва бошқа Русияда яшайдургон турк қавмлари учун миллий мухторият талаб қиладур… 4) Миллатнинг йигирма ёшга етуб, ақлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсун, хотун бўлсун – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан сайламак ва сайланмак ҳақина моликдур. 5) Юқорида мазкур барча мухториятли қитъалар марказий ҳукумат ила Ватан мудофааси, пул чиқармак, бож ва хорижий ҳукуматлар ила муносабатда бўлмоқ хусусларида алоқа ва иртиботини (боғлиқликни) муҳофаза қилур. 6) Мухториятли қитъалар доҳилий масъалалар (идорий, молий, шаръий, маданий, адлий ва маориф ишлари)да мустақилдур…»7. Демак, демократик Россия таркибида мухторият ташкил қилиш учун кураш 1917 йил давомида тараққийпарварларнинг асосий мақсад – интилишлари бўлди.

Ўлкадаги демократик жараёнлар ривожида водийдаги қирғиз миллий жамиятлари ҳам фаол қатнашдилар. 1917 йилнинг 17 июнида Андижонда Элатия жамияти тузилди. Жамият ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўйган эди: 1) Кўчманчи аҳолини Россиядаги янги давлат тузуми ғоялари билан таништириш; 2) Таъсис Мажлисига тайёргарлик; 3) Янги ижтимоий-сиёсий жамият учун таянч бўлувчи жамоатчи кучларни ташкил қилиш; 4) Қирғизлар орасида ҳуқуқий-тартиботни жорий қилиш; 5) қирғиз, қипчоқ ва қозоқларни ўз миллий ва сиёсий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси учун ягона иттифоққа бирлаштириш ғояларини ташвиқ қилиш; 6) Газета ташкил қилиш ва ҳ.з 8.

Водийнинг Андижон, Наманган, Скобелев каби шаҳарларида октябрь воқеалари арафасида ҳам ўлкадаги миллий ҳаракатлар ривожланиш жараёнини ўзида ифода этган кўплаб йиғинлар бўлиб ўтди.

Бироқ, 1917 йил октябр-ноябр ойига келганда ўлкадаги сиёсий вазият кескин ўзгарди. Петроградда ҳокимиятни болшевиклар томонидан зўрлик билан қўлга олиниши Туркистон тараққийпарварларини ўз режаларини ўзгартиришга мажбур этди.

“Шўрои Исломия ва бошқа маҳаллий ташкилотларнинг ташаббуси билан 1917 йил 26-29 ноябрь кунлари Қўқонда ўлка мусулмонларининг IV-фавқулодда съезди бўлиб ўтди. 27 ноябрь куни съезд Таъсис Мажлисининг чақирилишига ҳеч қандай умид қолмаганлиги ва ягона йўл мухторият эълон қилиш эканлигини эътироф этгани ҳолда, Туркистон Мухторияти тузилганлигини эълон қилди9.

Туркистон Мухторияти таркибида кўплаб фарғоналик жадидлар масъул лавозимларда ишладилар. Фарғоналик жадидлар бутун фаолиятлари давомида Мухториятни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тарғиб ва ташвиқ қилдилар.

Халқ Мажлисига Фарғона вилоятидан Шоислом Шоаҳмедов, Абдураҳмон Ўразаев, Ҳидоятбек Юрали Акаев, Носирхонтўра, Тошхўжа Ашурхўжаев, Миродил Мирзааҳмедов, Абдулқодир Қушбегиев, Обиджон Маҳмудов, Жамшидбек Қорабековлар кирдилар10. Съездда миллий пул жамғармаси ташкил этилиб, фарғоналик тараққийпарварлардан Миродил Мирзааҳмедов 10 000 рубл миқдорида пул ўтказди11.

1918 йил 10-11 январ кунлари Андижонда “Муайян ул-ислом” жамияти идорасида мусулмон жамоат ташкилотларининг съезди бўлиб ўтди. Делегатлар томонидан уезд маъмуриятидаги барча шахслардан Туркистон Мухторияти Муваққат Ҳукуматини тан олганлиги ҳақидаги тилхатни олиш учун съезд президиуми аъзоларидан махсус комиссия тузиш ҳақида таклиф билдирилди. Бундан ташқари, Мухториятни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун ҳар бир волостдан вакилларни жалб этган ҳолда халқ милициясини ташкил қилиш ҳақида қарор қилинди12.

Болшевиклар ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, Туркистон Мухториятига халқни қарши қўймоқчи бўлдилар. Бунга жавобан, Фарғона вилояти мусулмон меҳнаткашларининг съезди (1917 й. декабрь) мусулмон меҳнаткашларини барча воситалар билан Мухториятни қўллаб қувватлашларини билдирди13.

Туркистон Мухториятини Фарғона водийси аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланганлиги тўғрисида архив ҳужжатлари ва миллий матбуот саҳифаларида кўплаб маълумотлар берилган. Жадидлар ушбу митинг ва намойишларни асосий ташкилотчилари бўлдилар. Жумладан, 1 декабрда Наманган уездида 100 мингга қадар киши иштирок этган намойиш бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг байроқларига “Яшасун мухториятли Туркистон ва унинг ҳукумати!” сўзлари ёзилган эди.

7 декабрда Қўқон шаҳрининг 42 жамоат ташкилотлари номидан йиғилган вакилларнинг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда қабул қилинган қарорда кўп миллионли Туркистон халқига табриклар йўлланди14.

Мухторият ҳукумати томонидан маданий маърифий ишларни яхши йўлга қўйиш мақсадида махсус “Мусулмон халқ маорифи” бўлими ташкил қилинди. Унинг раҳбари этиб, Фарғона “Шўрои Исломия”сининг фаолларидан Саййид Носирхонтўра тайинланди15.

Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тор-мор этилиши ва шундан кейин маҳаллий аҳолига қарши жазо кампаниясининг авж олиши, водийда истиқлолчилик ҳаракатининг келиб чиқишига, Ватан ва миллатнинг, аввало Фарғонанинг асл фарзандларини эрк ва озодлик учун қўлларига қурол олишга мажбур этди.

Тоҳиржон ҚОЗОҚОВ
НамДУ, т.ф.н., доцент

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Туркестанские ведомости.-1917.-22 июн.

2 Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти.-Т.: Маънавият,2000.-Б.39.

3 Норқулов Н. Мухториятнинг тугатилиши Фан ва Турмуш.-1990.-№8.-Б.8.

4 Ўз МДА. 1760-фонд, 1- рўйхат, 24-иш, В. 26-27.

5 Туркистонда халқ жумҳурияти Фан ва Турмуш.-1990.-№7.-Б. 8.

6 Турон.-1917.-6 сент.

7 Туркистонда халқ жумҳурияти Фан ва Турмуш.-1990.-№7.-Б.6-7.

8 Знамя свободы.-1917.-21 июн.

9 Агзамходжаев С.С. Туркистон Мухторияти: Борьба за свободу и независимость (1917-1918гг.): Автореф. дис. Д-ра. Ист. Наук.-Ташкент, 1996.-С.45.

10 Свободный Самарканд.-1917.-5, 8 дек.

11 Ўша манба. 1917.-5 дек.

12 Свободный Туркестан.-1918.-15 фев.

13 Свободный Самарканд.-1917.-16 дек.

14 Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти-жадидлар миллий-демократик давлатчилик ғояларининг амалдаги ифодаси. Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш(Даврий тўплам№1).-Т.: Университет, 1999.-Б.158-159.

15 Свободный Туркестан.-1918. 31 янв.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *