Сиёсий тарих. XVIII асрнинг бошларида Фарғона водийсида шаклланган янги давлат – Қўқон хонлигига маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган минг уруғи асос солди. Чунончи, XVII асрнинг охири – XVIII аср бошларида аштархонийларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида юз берган тушкунлик, Фарғона водийси иқтисодий мустақиллигининг ўсиши ҳамда 1704 йилда Чодак хўжаларининг исён кўтариб, Фарғонанинг бир қисмини эгаллаши бунга шарт-шароит яратиб берди. Аммо, Фарғонанинг шимоли ва шимоли – ғарбидаги Косон, Ашт, Чодак ҳудудлари хўжалар қўл остида бўлса – да, улар мустақил давлатга асос сола олмадилар.
Маълумотларга кўра, минг уруғининг бошлиғи, тахминан 1669-1670 йилларда туғилган Шоҳруҳбий ибн Ашур Муҳаммад (1709-1721 йй.) Чодак хўжалари қўлида бўлган сиёсий ҳокимиятни куч билан тортиб олиб, 1709/1710 йилда Фарғона водийсидаги минглар сулоласи ҳукмронлигига асос солди. Аммо, унинг ҳокимияти ҳали аштархонийлардан тўла ёки батамом мустақил эмас эди. Чунки манбаларда Шоҳруҳбийнинг номи аштархоний Абулфайзхондан сўнг тилга олиниб, Шоҳруҳбийга Бухоро хони томонидан оталиқ унвони берилгани эслатилади. Бу ҳақда тадқиқотчиларнинг ҳам фикрлари мунозаралидир. Нима бўлганда ҳам, Шоҳруҳбий Бухоро хонлигидан мустақил равишда (нисбатан бўлса ҳам) сиёсат олиб боришга ҳаракат қилиб, минглар сулоласи тасарруфидаги ерларни кенгайтира бошлади. Шоҳруҳбий ҳукмронлиги даврида Қўқон, Наманган, Марғилон, Конибодом, Исфара ва уларнинг атрофларидаги қишлоқлар минглар сулоласи қўлида бўлган.
Шоҳруҳбийнинг ўғли ва вориси Муҳаммад Абдураҳимбий (1721-1733 йй.) тахтга ўтирганидан сўнг минглар тасарруфидаги ерлар яна кенгая бошлади. Абдураҳимбий 1724 йилда Андижонни, 1725 йилда Хўжандни, 1726 йилда Ўратепани босиб олиб, хонлик ҳудудларига қўшиб олди. У қисқа муддат бўлса-да Бухорога қарашли Самарқанд ва Каттақўрғонни эгаллаб, Шаҳрисабзга ҳам таҳдид солган. Абдураҳимбий Қўқон (Хўқанд) қишлоғи ўрни ва атрофида янги шаҳарга (дастлаб Қалъаи Раҳимбий деб номланган, кейин эса Қўқон) асос солади ва бу шаҳар хонликнинг пойтахтига айланади.
1733-1750 йилларда ҳукмронлик қилган Муҳаммад Абдулкаримбий ибн Шоҳруҳбий асосий этиборини мудофаа ишларига қаратди. У хонликнинг пойтахти Қўқонда Исфара, Қатағон, Марғилон, Ҳайдарбек номли дарвозалар қурдириб, шаҳар атрофини мустаҳкам девор билан ўратиб олди. Шу билан бирга у 1741-1745 йиллардаги қалмоқлар (жунғорлар) нинг Фарғонага қилган ҳужумларига зарба берди. Абдулкаримбий қалмоқларга қарши курашда қирғиз-қипчоқлар ва Ўратепа ҳокими Фозилбий юз ёрдамига таянди ҳамда хонлик мустақиллигини сақлаб қолди.
Абдулкаримбий 1750 йилда вафот этганидан сўнг хонлик тахтига унинг ўғли Абдураҳмон ўтирди. Аммо, у тахтга тўққиз ой ўтириб, сўнг Марғилонга ҳоким этиб жўнатилди ҳамда тахтга Абдураҳимбийнинг иккинчи ўғли Эрдонабий ўтирди. 1753 йилда қалмоқларнинг тазйиқи ва талаби билан уларнинг қўлида гаров сифатида ўшалаб турилган Бобобек хонлик тахтига кўтарилди. Лекин, орадан бир йил ҳам ўтмай Ўратепа юриши вақтида Бобобек Бешариқда ўлдирилди ҳамда Эрдонабий (1755-1769 йй.) қайта Қўқон тахтини эгаллади. Хитойлик географларнинг маълумотларига кўра, унинг ҳукмронлиги даврида, 1759-1760 йилларда Фарғона тўртта мулк: Андижон, Наманган, Марғилон ва Қўқонга бўлинган бўлиб, улар ичида Қўқон етакчилик қилган. Эрдонабийдан сўнг тахтга Шоҳруҳбийнинг учинчи ўғли Шодибекнинг фарзанди Сулаймонбек ўтиради. Унинг тахни эгаллашида уруғ оқсоқолларининг кўмаги катта бўлган бўлсада у атиги 6 ой ҳукмдорлик қилди.
1770 йилда Қўқон тахтига Абдураҳмонбийнинг ўғли Норбўтабий (1770-1801 йй.) ўтиради. Норбутабий Марказий ҳикимиятни мустаҳкамлашда, бўйсунмас ҳокимлар қаршилигини бостиришда нисбатан муваффақият қозонади. У Чуст ва Намангандаги ғалаёнларни бостирганидан сўнг, бу шаҳарларга ўз одамларини ҳоким этиб тайинлайди. Норбутабий бир қанча уринишлардан сўнг Андижон, Ўш, Хўжанд ва яқин атрофдаги қўшни ҳудудларни босиб олади. У 1799 йилда Тошкентни ҳам босиб олишга ҳаракат қилди, аммо, унинг юборган қўшинлари мағлубиятга учради.
Норбутабийдан сўнг унинг ўғли Олимхон (1801-1810 йй.) тахтга ўтириб, Қўқон хонлигининг сиёсий қудратини мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берди. Натижада Қўқон хонлигининг сиёсий мавқеи ошиб борди. Олимхон даврига келиб Қўқон хонлигидаги давлат бошқаруви олдинги давлатлар бошқарув тизимидан деярли фарқ қилмас эди. Унинг даврида Қўқон давлати кучайиб бориши билан давлатнинг сиёсий мақоми ҳам ўзгаради. Агар Қўқоннинг дастлабки ҳукмдорлари “бий” ва “бек” унвони билан мамлакатни идора қилган бўлсалар, Олимхон давридан бошлаб (1805 йил) ҳукмдорлар расман “хон” деб юритила бошланди.
Ўз даврида Олимхон ҳарбий юришлар қилиб ўзига янги вилоятларни , жумладан Оҳангарон воҳаси, Тошкент, Чимкент, Туркистонни бўйсундиришга муваффақ бўлди. Қисқа муддат Ўратепани ҳам эгаллади, Жиззах ва Зоминга юришлар қилди. Ҳарбий ислоҳатлар ўтказиб, марказлашган ва кучли давлат тузиш учун ҳаракат қилаётган Олимхоннинг сиёсатидан норози бўлган айрим зодагонлар гуруҳи унга қарши фитна тайёрлай бошладилар. Олимхон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида укаси Рустамбекни, бир нечта саркардаларни, дин пешволарини ўлдиртириб юборади. Манбаларнинг маълумот беришича, бу воқеалардан сўнг кучайиб кетган фитначиларга Олимхоннинг укаси Умарбек бошчилик қилган. Натижада, 1810 йилда Олимхон Тошкентдан Қўқонга қайтаётганда, Олтиқуш мавзесида ўғли Шоҳруҳбек билан бирга Қамбар Мирза томонидан отиб ўлдирилади.
Манбаларга кўра, Умархон (1810-1822 йй.) ҳукмдорлиги даврида йирик ер эгалари, ҳарбий саркардалар ва руҳонийларнинг мавқеи янада ошади. У давлат бошқаруви ишларида изчил тартиб, қонун – қоидалар ўрнатди ва диний ишларни тартибга солди. Натижада, 1818 йилда Умархон руҳонийларннг розилиги билан “амир ал-муслимин” унвонини олиб ҳам диний, ҳам дунёвий ҳокимиятга эга бўлади.
Муҳаммад Ҳакимхон маълумотларига кўра, Умархон даврида Амир Темур ва Султон Ҳусайн Бойқаро замонига тақлидан унвон ва лавозимлар жорий этилиб, уларга ҳокимиятга яқин шахслар тайинланади. Шунингдек, Олимхон зулмидан қочиб кетган айрим амалдорлар Умархон хизматига қайтиб келиб, лавозимларни эгаллайдилар.
Манбаларнинг гувоҳлик беришига қараганда, Қўқон хонлигининг Ўрта Осиё минтақасидаги сиёсий жараёнлар ва ўзаро муносабатларга фаол аралашуви ҳам Умархон давридан бошланади. Ўз дарвида Умархоннинг элчилари Хива, Хитой ва Туркия давлатларига жўнатилганлиги маълум.
Н.Петровский Умархон ҳукмронлиги даври ҳақида қуйидаги маълумотларни беради: “Умарнинг хонлиги ҳам олдинги хонларникидек давом этди, яъни, у ўз ерларини кенгайтирди. Бу хон даврида Туркистон вилояти мусулмонларнинг Ҳазрат (Султон ал-орифин Аҳмад Яссавий давф этилган Туркистон) шаҳри билан бирга забт этилди. Умархон ҳалқ севиб ардоқлаган хонлардан бири бўлди. Қўқонда икки қатор шеър тарқалган бўлиб, унда Умархон ҳақида жуда илиқ ва яхши сўзлар айтилар эди”.
1822 йилда Умархон касалланиб вафот этганидан сўнг тахтга унинг ўғли Муҳаммадалихон (Мадалихон) (1822-1842 йй.) ўтиради. Унинг ҳукмронлиги даврида Қўқон ҳонлигининг ҳудуди янада кенгайиб, қирғизларнинг баъзи туманлари хонликка қўшиб олинади ҳамда Кўлоб, Ҳисор, Бадахшон, Дарвоз, Масчоҳ каби вилоятлар Муҳаммадалихон ҳукмронлигини тан оладилар.
Манбаларга кўра, Муҳаммадалихон ҳукмронлигининг дастлабки йиллари яхши ва одилона кечган. У 1826-1831 йиллар давомида Қашғарга юришлар қилиб, бу ердаги мусулмонларни хитойликлар зулмидан озод қилди ҳамда 70 минг уйғур мусулмонларини Андижон вилоятига кўчириб келтирди. Натижада дин пешворлари Муҳаммадалихонга “Ғозий” (“дин ҳомийси”, “дин йўлида курашувчи”) унвонини бердилар.
1840 йилда Муҳаммадалихоннинг бош маслаҳатчиси, давлатни бошқарув ишларида катта тажрибага эга бўлган Ҳаққули мингбошининг туҳматга учраб хон томонидан қатл этилиши шусиз ҳам қалтис бўлиб турган вазиятни янада кескинлаштириб юборди. Ундан ташқари хон давлат ишларига лоқайд бўлиб, асосий вақтини ҳарамида ўтказа бошлади. Натижада давлатни бошқарув ишларида суистеъмолликлардан умумий норозиликлар бошланиб, хонни ағдариш учун фитна тайёрлана бошлади.
Лекин ўз кучлари билан фитнани амалга оширишга кўзи етмаган бир гуруҳ Қўқон амалдорлари бошқа хон сайлаш мақсадида Бухоро амири Насруллога нома ёзиб, ундан ёрдам сўрашди. Қўқон юриши учун баҳона тополмай турган Амир Насрулло бу таклифни тезда қабул қилиб, 1842 йил апрелда Қўқонни босиб олди. Қўқондан оиласи билан Наманган томонга қочган Муҳаммадалихон тутиб келтирилиб, оиласининг бир қисми билан қатл эттирилди.
Амир Насрулло Қўқон хонлигининг Бухорога қўшиб олинганлигини эълон қилиб, Қўқонда ўз ноиби Иброҳим додҳоҳ Манғитни қолдиради. Аммо, Иброхим додҳоҳнинг Қўқон ҳалқига ўтказган жабр-зулми, солиқларнинг ҳаддан ташқари ошиб кетиши натижасида аҳоли қўзғолон кўтариб, Бухоро ҳукмронлигидан озод қилиш учун қипчоқларни ёрдамга таклиф этадилар. Қипчоқлар Муҳаммадалихоннинг қариндоши Шерали бошчилигида Қўқонга келиб, бухороликларни тор-мор этдилар ҳамда Шералихон (1842-1845 йй.) тахтни эгаллади. Қипчоқлар эса шу вақтдан бошлаб узоқ вақт хонликда етакчи мавқега эга бўлдилар.
Қўқонда бўлган воқеалардан хабар топган амир Насрулло 1842 йилнинг кузида яна Қўқонга юриш қилди, аммо бу сафар унга омад кулиб боқмади. Муҳаммадалихон даврида юзбоши бўлган Мусулмонқули қипчоқ Насруллонинг ишончига кириб Қўқонга келади ва қўқонликларни таслим бўлишга кўндириш ўрнига бир тан — бир жон бўлиб амир Насруллога қарши курашга чорлайди. Унинг маслаҳатига кўра Қўқонда ҳимоя воситалари кучайтирилди. Бир ойдан зиёдроқ Қўқонни қамал қилган амир Насрулло ўзига қарши суиқасд уюштирилаётлиги ҳамда хиваликлар чегарага жойлашган Бухоро қишлоқларига ҳужум қилаётганлиги ҳақидаги хабарни олиб Бухорога қайтишга мажбур бўлди.
Бухороликларнинг кетиши билан Қўқон хонлигида бир муддат тинчлик ва осойишталик ҳукм сурди. Шералихон кекса одам бўлиб оқкўнгил ва мулойим инсон эди. Унинг даврида барча давлат лавозимларини қипчоқлар эгаллаб, давлат бошқарувини ўз қўлларига олдилар. Аммо, 1845 йилда Бухорода бўлган Олимхоннинг ўғли Муродхон (Қўқонда 11 кун хон бўлган) амир Насруллонинг ёрдами билан Қўқонга келиб Шералихонни қатл этади ва тахтни эгаллайди. Бу пайтда Наманганда бўлган мингбоши Мусулмонқули бу воқеадан хабардор бўлгач Шералихоннинг беш ўғлидан бири Худоёрхонни олиб Қўқонга келади ҳамда уни хонлик тахтига ўтқазади (1845-1853, 1863, 1865-1875 йй.). 16 ёшга кирган Худоёрхоннинг ёшлигидан фойдаланган Мусулмонқули мамлакатни деярли ўзи бошқарди. Худоёрхоннинг биринчи хонлиги даврида иккита куч – ўтроқ аҳоли ва кўчманчи туркий қабилалар ўртасида ҳокимият учун кураш хонликнинг асосий муаммосига айланди.
Умуман олган, XIX асрнинг ўрталарига келиб Қўқон хонлигидаги сиёсий жараёнлар ҳамда ички аҳвол янада оғирлашган эди. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бунинг сабаби биринчидан, ўтроқ аҳоли кўчманчи ва ярим кўчманчи бўлган қипчоқлар ҳокимиятни тан олмаганлар. Хонлик ҳудудларидаги баъзи вилоят ҳукмдорлари Мусулмонқўлга қарши чиқдилар. Иккинчидан, ҳокимиятда юқори мавқени эгаллаш ҳамда хонга таъсир ўтказиш учун қипчоқлар орасида ҳам ўзаро курашлар борарди. Бу курашларда қипчоқларнинг қулон уруғидан бўлган Мусулмонқули ҳам фаол иштирок этган. Учинчи сабаб эса, қипчоқларнинг ўтроқ аҳолига нисбатан юритган сиёсати эди. Қипчоқлар ўтроқ аҳолига нисбатан беписандлик назари билан қараб, бошқа элат ва этник гуруҳларни камситганлар. Тўртинчидан эса, ташқи омил – Россия империясининг аста-секинлик билан хонлик ҳудудларига бостириб кириши сиёсий жараёнларнинг янада кескинлашувига сабаб бўлган эди.
1852 йилга келиб, Мусулмонқули ва қипчоқларга қарши кураш учун ўтроқ мулкдорлар ва тошкентлик зодагонлар Худоёрхон атрофида бирлашдилар. Бу кучлар ёрдамида Худоёрхон Мусулмонқулини 1853 йилда қатл этиб, унинг тарафдорларини йўқ қилгани билан тахт учун курашларга барҳам бера олмади. Бундай вазиятда хонликнинг ички аҳволи оғирлашиб, у фаол ташқи сиёсатдан ҳам анча орқада қолди. 1858 йилда Шералихоннинг иккинчи хотинидан бўлган ўғли Маллахон Худоёрхонни тахтдан ағдариб, ўзини хон деб эълон қилди. Маллахон ва Алиқули қирғиз бошчилигида янгидан тикланган кўчманчилар гуруҳи узоқ ҳукм сурмади. Айнан шу гуруҳ аъзолари Маллахонга қарши тил бириктириб, 1863 йил 25 февралда уни ўлдирдилар. Тахтга эса Худоёрхоннинг акаси Саримсоқбекнинг ўғли Шоҳмурод ўтқазилди. Лекин, қўшин бошлиқлари ва саройдаги кўпчилик амалдорлар унга қарши фитна уюштириб, Худоёрхонга яна тахтга ўтиришни таклиф этиб, одам юборадилар.
Бу пайда Маллахон ўлимини эшитган Худоёрхон Амир Музаффарнинг рухсати билан Бухородан Жиззахга келган эди. Туркистон ҳокими Қаноатшоҳ ёрдамида қўшин йиғиб, 1863 йилнинг март ойида Жиззахдан Тошкентга келган Худоёрхон Қўқонга қарши юриш учун Тошкент қўшини билан Хўжандга келади. Бу орада амир Музаффар ҳам Бухоро лашкари билан Хўжандга келади. Худоёрхон Қўқонга ҳужум қилишни режалаштираётга пайтда, яъни, 1863 йилнинг 5 майида шаҳар аҳолиси унга шимолий дарвозаларни очиб бердилар. Натижада Қўқонда қирғин бошланиб, Шоҳмуродхон ўз тарафдорлари билан Марғилонга қочди. Худоёрхон иккинчи марта (1863 й.) тахтни қўлга киритди.
Аммо, хонликдаги қирғиз-қипчоқлар Косон ва Чуст атрофларида қўзғолон кўтардилар ва Тўрақўрғонга ҳужум қилдилар. Улар, ҳатто Тошкент атрофларидаги қабила бошлиқларига нома юбориб мадад беришни сўрадилар. Оқибатда Тошкент атрофида қозоқлар қўзғолон кўтариб, Тошкентни қамал қилдилар. Худоёрхон томонидан юборилган қўшинлар бу исёнларни бостиришга муваффақ бўлдилар. Аммо, мағлубиятга учраган қирғиз-қипчоқ бошлиқлари тахт учун курашни давом эттирдилар. Хусусан, Шодмонхўжа, Саид Маҳмудхонтўра, Алиқулилар Султон Саидхон бошчилигида Марғилон томондан келиб Андижонни босиб олдилар ва унинг атрофларидаги Балиқчи, Қува, Асака, Шаҳрихон, Ўш, Пойтуғ мавзеларини талон-тарож қилдилар. 1863 йил 26 апрелда Султон Саидхоннинг қўшини Мингтутга келиб, Қўқонни қамал қилди. Амир Музаффарнинг Худоёрхонга ёрдами туфайли қирғиз-қипчоқ лашкари Асака томонга кетиб, Қўрағулча дарасида ҳимояга ўтди. Қаттиқ курашлардан сўнг 1863 йилнинг 24 июлида Султон Саидхон Қўқон тахтини (1863-1865 йй.) эгаллади. Худоёрхон эса яна Бухорога қочди.
Хонликдаги ички низолар ташқи душманларга ниҳоятда қўл келган эди. Бундай вазиятдан унумли фойдаланган чор Россияси қўшинлари 1864 йилда Туркистон ва Чимкентни босиб олди. 1865 йил баҳорида улар Тошкентга яқинлашиб, Ниёзбек қалъасини эгалладилар. Узоқ қамалдан сўнг 17 июнда Тошкент эгалланди.
Қўқондаги саросималиклардан фойдаланган Худоёрхон 1865 йилнинг ёзида амир қўшинлари ёрдамида сўнги марта Қўқон тахтини қўлга киритди. Шундан сўнг у амирнинг талабларига бошқа итоат этмай қўйди. Худоёрхон 1867 йил январ ойида Россия билан савдо битимини, 1868 йил 13 февралда Қўқон ва Россия шартномасини имзолади. Худоёрхон 1868-1873 йиллар оралиғида Россия билан муносабатларини яхшилаш мақсадида Тошкентга кўплаб совға- саломлар юборди. Шунингдек, Россия савдогарлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб берди. Натижада Қўқон хонлиги амалда Россиянинг вассалига айланиб қолди.
Хонлик ҳудудида ҳукм сурган нисбий осойишталик 1873 йилгача давом этган бўлса ҳам, ҳукмдор, унинг яқинлари ва маҳаллий ҳокимларнинг жабр-зулми ҳамда қирғиз-қипқоқларнинг қайта бош кўтариши натижасида бу ерларда ўзаро низолар, халқ чиқишлари бошланди. Ҳусусан, 1873 йилда Пўлатхон (асли исми Мулла Исҳоқ Ҳасан ўғли) қирғизлар томонидан хон қилиб кўтарилиб, у бошчилигида қўзғолон кўтарилди. Саройдаги нуфузли амалдорлардан бири Абдураҳмон офтобачи Худоёрхонни тахтдан ағдариш ва унинг ўғли Сайид Насриддинбекни хон тахтига ўтқазиш мақсадида Пўлатхон билан тил бириктирди ва Ўрдада исён кўтарди. Сайид Насриддинбек Абдураҳмон офтобачи кўмагида хон деб (1875-1876йй.) эълон қилинди. Худоёрхон Насриддинбек фойдасига тахтдан воз кечиб, аввал, Хўжандга, ундан Тошкентга қочди.
Насриддинбекнинг ҳокимият тепасига келиши ҳам мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг кескинлигини бартараф эта олмади. Буни тушуниб етган Абдураҳмон офтобачи хонлик аҳолисини Россияга қарши курашга сафарбар қилмоқчи бўлди. Аммо, русларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келиб Маҳрам яқинидаги жангда улардан енгилди. Пўлатхон ҳам русларга қарши курашиш мақсадида Қўқонга ҳужум қилмоқчи бўлиб турган вақтда, яъни, 1875 йил 25 сентябрда Насриддихон Россия империяси ҳукумати билан битим тузди. Бу хабар тезда бутун Қўқонга ёйилиб аҳоли яна исён кўтарди ва Ўрдага ҳужум қилди. Насриддинхон тахтни ташлаб Хўжандга қочди. Марғилонда Россия империяси аскарларига қарши аҳолини сафарбар қилаётган Пўлатхон қўшинига шаҳарликлар, мадраса талабалари ва кўчманчи аҳоли вакиллари келиб қўшилди. Уларга қўзғолон вақтида босқинчилар билан ҳамкорлик қилган қишилар ва хон оиласи вакилларини қатл этиш буюрилди.
Бу пайтда Наманганда бўлган Скобелев Россия империясининг топшириғига асосан 1876 йил февралида Қўқон хонлигини бутунлай босиб олишга киришди. Абдурахмон офтобачи ва Пўлатхон қўлга олинди. Абдурахмон офтобачи Россиянинг Екатеринослав губерниясига, Насриддинхон эса Владимир нуберниясига сургун қилинди. Шу тариқа, 1876 йил 19 февралда 150 йилдан кўпроқ ҳукм сурган Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудудлари Россия империяси томонидан босиб олинди ва унинг ўрнига Фарғона вилояти ташкил этилди.
Маъмурий–ҳудудий тузилиши ва аҳолиси. XVIII аср охирларида хонликнинг ҳудуди фақат Фарғона водийсидан иборат бўлиб, бу даврда Норбўтабий водийдаги барча беклик ва вилоятларни ўз итоатига киргизиб, уларни Қўқонга бўйсундирди. Унинг даврида Андижон ва Марғилон вилоятлари водийдаги энг катта мулклар эди. Олимхон даврида хонлик ҳудудлари Тошкент ва унинг атрофидаги ерлар ҳисобидан анча кенгайди. Тарихий манбаларда Тошкент мулки — вилоят, шаҳар, Тошкент ва Дашти Қипчоқ вилояти номлари билан тилга олинади. Унинг ҳудудларига Оҳангарон, Чиноз, Тошкент атрофи, Сирдарё бўйларидаги Туркистон шаҳри ва унинг атрофлари кирган. Бу мулкнинг ҳокимлари манба ва ҳужжатларда ҳоким, ҳукмдор, волий, ноиб атамалари билан тилга олинади. Умархон даврида Хўжанд, Ўратепа ва Жиззах атрофидаги ерларга ҳам кетма-кет юришлар қилиниб, 1817 йилда Ўратепа босиб олинади.
Муҳаммадалихон даврида хонликнинг ҳудудлари янада кенгайади. Бу даврда хонлик шимолда Россияга қарашли Ташқи Сибирь округи билан, ғарбда Хива ва Бухоро амирлиги билан, жанубда Қоратегин, Дарвоз ва ундан узоқроқдаги ерлар – Шуғнон, Рўшон ва Вахон (бу ҳудуд Қўқонга номигагига қарам бўлган) Кўлоб билан, шарқда Қашғар билан чегараланган. Хонлик ерларига Сирдарё билан Қоратегин Ўртасида жойлашган Фарғона ҳудудлари, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Наманган, Хўжанд ва бошқа шаҳарлар, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида жойлашган Қурама вилояти, Туркистон, Сирдарёнинг қуйи оқимидаги то Балхаш кўлигача бўлган қирғизлар яшайдиган ерлар, кўчманчи қирғизлар яшайдиган Биллур тоғининг шарқий этаклари, 1830 йилдан бошлаб ғарбий этаклари ҳам кирган.
XIХ аср манбаларида Қўқон хонлиги беклик, баъзан вилоят ва саркорлик сифатида тилга олинган маъмурий – ҳудудий қисмларга бўлинган ҳамда уларни хон томонидан тайинланадиган беклар, ҳокимлар ва саркорлар бошқарган. Айрим манбалар (А. Кун) Қўқон хонлигидаги 15 та бекликнинг номини келтиради. Булар: Қўқон ва унинг атрофи, Марғилон, Шаҳрихон, Андижон, Наманган, Сўх, Маҳрам, Булоқбоши, Аравон, Балиқчи, Чортоқ, Навкат, Косон, Чуст ва Бобо дарҳон. “Туркестанские ведомости” (1876, №13) тўпламида эса Асака, Марғилон, Балиқчи Ўш, Сўх, Косон ва Ўзган саркорлик сифатида ҳам тилга олинади.
Ҳокимлар ва ҳудудий бўлинма бошлиқлари хон оиласи аъзолари, унга яқин гуруҳлар, юқори табақа вакиллари ҳамда етакчи қабилалар сардорлари орасидан тайинланган. Мисол учун, Худоёрхон даврида еттита беклик хоннинг ўғиллари ва яқин қаришдошлари томонидан бошқарилган. Ўз навбатида ҳокимлар вилоят ҳудудларини ўзларининг фарзандлари ва қариндошларига бўлиб берганлар. Қўқон хонлигининг маъмурий-ҳудудий бошқарув тизимида бек (ҳоким, волий) ва унинг ўрдаси алоҳида ўрин эгаллаган. Хон томонидан тайинланган ҳоким ва қози кўплаб ваколатларга эга бўлган.
Бек ўрдасида ҳам хон саройидагидек юзлаб амал ва унвонлар жорий этилган бўлиб, улар маҳаллий аҳолидан йиғиладиган солиқ ҳамда тўловлар ҳисобидан кун кечиришган. Беклар хоннинг итоаткор вассаллари бўлиб, мамлакатни идора этишида уни қўллаб-қувватлашлари, зарур бўлганда унга ёрдам беришлари, унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишлари, керакли вақтда ўз қўшинлари билан ҳарбий юришларда иштироқ этишлари ва совға-саломлар юбориб туришлари лозим бўлган.
Қўқон ҳонлигида Қўқон, Тошкент, Андижон, Наманган, Марғилон, Чимкент, Жиззах, Ўш, Хўжанд, Ўратепа каби аҳолисининг сони жиҳатидан катта, ҳунармандчилик ва савдо ривожланган, мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ўнлаб шаҳарлар мавжуд бўлган. Хонликнинг пойтахти Қўқон шаҳри бўлиб, у мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий маркази эди.
XIХ асрда хонликнинг чегара ҳудудларини бир неча қалъа ва истеҳкомлар муҳофаза қилган. Улар жумласига Оқмасжид, Авлиёота, Пишпак, Тўқмоқ, Қуртка, Ниёзбек, Маҳрам кабиларни киритиш мумкин. Чу водийси бўйлаб бунёд этилган истеҳкомлар эса нафақат чегара муҳофазаси учун, балки уларнинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқларни итоатда ушлаб туриш учун ҳам ҳизмат қилган. Ушбу шаҳар ва қалъаларда ҳарбий қисм ҳамда уларга бошлиқ бўлган ботирбошилар бўлган. Мудофаа мақсадлари учун қурол ва аслаҳалар сақланган.
Хонлик таркибига кирувчи ҳудудлар аҳолисининг жойлашуви ва турмуш тарзи бир – биридан фарқ қилган. Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсининг суғорилиб деҳқончилик қилинадиган қисми аҳоли жойлашуви жиҳатидан зич бўлиб, улар ўтроқ ҳаёт кечирганлар. Саҳро, тоғ ва тоғ олди текисликларидан иборат ҳудудларда кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли яшаган.
Хонликдаги аҳоли сони ҳақида манбалар турли маълумотлар берадилар. Бу маълумотларга кўра, XIX асрнинг бошларида хонликда (Тошкент ва Туркистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) аҳоли сони 1 миллион, XIX асрнинг ўрталарида 1,5-2 миллион, XIX асрнинг иккинчи ярмида 3 миллион киши бўлган бўлса, Россия империяси томонидан кўплаб ҳудудларнинг босиб олиниши ҳамда уларнинг босқинчилар маъмурияти таркибига кириши натижасида хонлик тасарруфидаги Фарғона водийсида 2 миллионга яқин аҳоли қолгани тахмин қилинади.
Аҳоли таркибида ўтроқ аҳоли кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолига нисбатан кўпчиликни ташкил этган. XIX аср бошларида аҳолининг 40 фоиздан ортиғи кўчманчи ва ярим кўчманчи бўлса, шу асрнинг охирига келиб улар 15 фоизни ташкил этган. Хўжалик машғулотларига кўра, ўтроқ аҳолининг асосий қисми деҳқончилик, ҳунармандчилик, косиблик ҳамда савдо-сотиқ билан банд бўлса, кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли чорвачилик билан шуғулланган.
Қўқон хонлиги аҳолисининг кўпчилиги ўзбеклар бўлиб, мамлакат шаҳар ва қишлоқларида тожиклар ҳам яшаган. Хонликда яна қирғизлар ва қипчоқлар ҳам истиқомат қилганлар. Улар Сирдарёнинг бошланиш жойларидан Балхаш кўлигача бўлган тоғли районлардан то Қашғар чегарасигача бўлган ерларда, Еттисув, Талас водийси, Олой тоғлари, Бадахшон, Фарғона водийси ҳудудларида кўчманчи ва ярим кўчманчи ҳаёт кечиришган. Бундан ташқари, Фарғона водийсида қорақалпоқлар, Тошкент атрофларида қозоқлар, хонликнинг шарқий қисмида, Қўқон хонлигини Бухоро ва Россиядан ажратиб турадиган чўлларда кўчманчи қозоқлар яшаганлар.
Манбаларнинг маълумотларига кўра, XIX асрнинг бошларида қирғизлар, қалмоқлар, уйғурлар, қорақалпоқ, қозоқ ва қипчоқлар Хитой ҳукумати тазйиқи остида Шарқий Туркистондан Фарғона водийсигача кўчиб келишга мажбур бўлганлар. Шунингдек, хонликнинг айрим шаҳарларида лўлилар, ҳиндлар, афғонлар, араблар ва бошқа Осиё халқлари истиқомат қилганлар. Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил топганидан сўнг яҳудийлар, арманлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшаганлар.
Давлат бошқаруви. Мансаблар ва унвонлар. Ўзбекларнинг минг қабиласи (уруғи) бошлиқларидан бири Шоҳруҳбий асос солган Қўқон хонлигидаги давлат бошқарув тизими ўрта асрларда Мовароуннаҳрда ҳукм сурган мусулмон давлатлари бошқарув тизимидан фарқ қилмас эди. Хонликда Бухоро амирлигида бўлгани каби Амир Темур даврида шаклланган ҳамда Шайбонийлар даврида қисман ислоҳот қилган давлат бошқаруви ва тизими мавжуд бўлган. Хонликда энг олий ва марказий унвон хон унвони бўлиб, унинг ҳукумати чекланмаган. Фармон бериш ва унинг бажарилишини назорат этиш салоҳиятлари хоннинг қўлида бўлган.
Хонликнинг минг қабиласидан бўлган ҳокимлар турли йилларда Шаҳрисабз, Ургут, Моғиён, Урмитан вилоятлари ва бекликларида ҳам ҳукм сурганлар. Олимхон давригача (1798й.) минг уруғи бошлиқлари XIX асрнинг бошларида бий унвони билан ҳокимиятни бошқарганлар. Олимхон 1805 йилда ўзини расман хон деб эълон қилди. Хон унвони билан ҳокимиятни бошқарган Умархон (1810-1822йй.) 1818 йилда ўзини “амир ул-муслимин” деб эълон қилди. 1822 йилда Муҳаммад Алихон ҳам ҳон унвони билан тахга ўтирган.
Хон авлодлари хонзода, амирзода, мирзода, шаҳзода, тўра деб аталганлар. Хонликдаги давлат низоми мутлақ якка ҳокимлик бўлиб, хоннинг ўзи чекланмаган ҳокимиятга эга бўлса-да, маълум тарихий даврларда унинг салоҳияти ва ҳокимияти чекланиб, сарой амалдорлари ҳамда қўшин бошлиқларининг хонга таъсири кучли бўлган. Бунга Мусулмонқулининг мингбоши ва оталиқ бўлган даврини (Худоёрхон даврида, 1844-1852йй.) ёки Алиқулининг амирлашкарлик ва вазирлик даврини (Султон Сайидхон, 1863-1865 йй.) мисол қилиб келтириш мумкин. Бу ҳолат хоннинг сиёсий куч қудрати маълум иқтисодий асосларга ҳамда маълум ижтимоий гуруҳлар фаолиятига боғлиқ бўлган дейишга асос бўлади.
Мамлакатда хон энг катта ва йирик мулкдор бўлиб, хонлик ҳудудидаги барча бойликларга, ер, сув, қўриқ ерлар, кўлу анҳорларга эгалик қилган. Улардан келадиган закот, хирож, танобона ва бошқа солиқлар шаклидаги даромадлар хон хазинасини мунтазам равишда тўлдириб турган. Хон ва унинг қариндошлари, сарой аҳли ва маъмурият, қўшинлар ва қўшин бошлиқлари асосан солиқлар ҳисобидан рағбатлантирилган.
Манбалар маълумотларига кўра, хон саройида мингбоши бошчилик қиладиган Кенгаш тузилган бўлиб, бу кенгаш саройдаги давлат аҳамиятига молик муҳим ишларни кўриб чиққан. Дастурхончи, рисолачи ва бошқа муҳим амалдорлар аъзо бўлган ушбу кенгаш давлат бошқарувида муҳим аҳамиятга эга эди.
Қўқон хонлигида асосан Олимхон, Умархон ва Муҳаммад Алихонлар даврида (1798-1842 йй.) давлат бошқаруви ва давлатчилик ички ва ташқи сиёсат анча барқарор ҳамда нисбатан тинч ривожланган. Аммо XIX асрнинг ўрталарига келиб Қўқон хонлиги инқирозга учрай бошлайди. Тадқиқотчилар ушбу инқирознинг асосий сабаблари сифатида ўтроқ халқ ва кўчманчи аҳоли ўртасидаги қарама-қаршиликларни, ўзаро низо ва урушларни, хон тахти учун олиб борилган курашларни, Бухоро амири билан бўлган низолар ва душманликлар, сарой амалдорларининг хоинликлари кабиларни кўрсатадилар. Буларнинг натижасида иқтисодий ҳаётда тараққиёт пасайиб, ижтимоий тарқоқлик кучайиб борди ва давлат инқирозга юз тутди.
Қўқон хонлигида унвонлар ва мансаблар улар ижрочиларининг вазифалари ҳамда мартабаларига қараб ҳарбий, ҳарбий-маъмурий, сарой унвон ва мансаблари ҳамда маъмурий вазифалари, диний мансаб ва унвонлар ҳамда диний қозихона амалларига бўлинар эди (унвонлар ва мансаблар ҳақидаги маълумотлар қуйидаги рисоладан олинди: Воҳидов Ш., Холиқова Р. Марказий Осиёдаги давлат бошқаруви тарихидан. Тошкент. Янги аср авлоди. 2006. 6-21 бб.). Хон саройида қуйидаги ҳарбий мансаб ва унвонлар жорий этилган:
- Амир ул-умаро – амирлар амири. Хон томонидан кенг ваколатлар берилган (давлатдаги муҳим ишлар, амалдорларни амалга қўйиш ва олиш, давлатдаги ички тартибни сақлаш, саройдаги тартиб – интизом кабилар) шахс бўлиб, хондан кейинги энг юқори мансаб ҳисобланган;
- Амирлашкар – амир ул-умародан кейинги мансаб. Қўқон хонлигида мингбоши ҳарбий унвонининг вазифалари, даражаси амирлашкарликка тенг бўлган;
- Мингбоши – маъмур сифатида минг нафар отлиқ аскар берадиган мулкнинг ҳокими. Бу унвондаги шахс ҳарбий юришлар вақтида қўшинни бошқариб, лашкарбоши унвонини олган. Бу унвоннинг эгаси вазирликка ҳам даъвогар бўлган. Бу унвон Шералихон даврида (1842-1844 йй.) юқори даражадаги вазифага айланиб кетган;
- Ботирбоши – ботир баҳодирлар бошлиғи. Беш юз кишидан кўп лашкарга бошчилик қилган. Вилоятларда ботирбоши ҳарбий ва қўшин ишларига масъул эди. Ботирбоши баъзан қурилиш ҳамда суғориш ишларига ҳам бошчилик қилган. (Улуғ наҳр ариғи, Отабек ботирбоши).
- Қўшбеги – ҳарбий қўшиннинг бошлиғи. Бу мансаб юриш ва жанг вақтларида берилиб, унинг эгаси мингбоши унвонини олишга даъвогарлик қилган ҳамда алоҳида вилоятга ҳам ҳоким бўлиши мумкин эди.
- Воли ёки волий (ноиб, муовин) – тобе этилган вилоят ва туманларда хоннинг ўринбосари. Вилоятларда лашкар унга итоат этган ҳамда у вилоятнинг ҳарбий маъмурий ишларига бошчилик қилган.
- Қалъабон ёки кутвол – Қўқон хонлигининг чегераларида жойлашган қалъа ва истеҳкомларининг ҳокими бўлиб, шу ҳудудларнинг ҳарбий-маъмурий, хирож ва бож олиш ишларига жавобгар бўлган. Ҳарбий мақсадга кўра, қалъабон вазифасига додхоҳдан қушбегигача бўлган шахслар тайинланган.
- Қўрбоши – қўрхона яъни аслаҳахона бошлиғи. Бу мансаб эгаси хон ва мингбошига итоат этган. Қўрбоши қўрхона, милтиқхона, тўпхоналарга бошчилик қилиб,хомашё топиб келишдан тортиб то тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни хон қарорига биноан тарқатиб бериш жараёнига жавобгар бўлган.
- Ёфар – соқчилар бошлиғи. Бу мансаб эгасининг гуруҳи юз нафар аскардан иборат бўлган. Ёфар ўз гуруҳининг ҳисоб-китоби, йиллик харажатини аскарлари учун хазинадан олиб берган. Манбаларда ёфарлар ғаллагир (ғалла олувчи), жавгир (буғдой олувчи) ва сарпо олувчи сифатида ҳам қайд этилган.
- Тўпчибоши – тўпчилар, замбаракчилар гуруҳи бошлиғи.
- Тўқсабо – ўзларининг туғига эга бўлган ҳарбий гуруҳнинг бошлиғи.
- Понсадбоши – беш юз нафар аскардан иборат гуруҳ раҳбари.
- Юзбоши – юз кишилик ҳарбий даста бошлиғи.
- Панжоҳбоши – элликбоши, эллик нафарли ҳарбий гуруҳ бошлиғи.
- Даҳбоши – ўн кишилик ҳарбий гуруҳ бошлиғи.
- Қоровулбеги – соқчилар ва қоровуллар бошлиғи.
Ҳарбийлар қаторига аскар, сарбоз, нукар, сипоҳи, мерган, маҳрам, ботур, тўпчи, занбарчи, қўрчи, қоровул кабилар ҳам кириб, қўшин сафида, ноғорачи, сурнайчи, тўғчи (байроқдор) кабилар ҳам хизмат қилганлар. Бу ҳарбий унвонлар орасида мингбошидан понсадбошигача бўлганлари олий унвонлар, қўрбошидан қоровулбошигача бўлганлар ўрта унвонли мансаблар, қолганлари эса паст унвонлар ҳисобланган. Эликбошидан мингбошигача бўлган ҳарбий лавозимдаги амалдорлар ўз хизматларига мулозимлар олганлар. Понсадбошидан юқори мансабдаги ҳарбийларга яна мирзолар ва муншийлар ҳам ҳизмат қилган. Манбаларда ҳарбийларга саройдан йилига турли ҳажмдаги маош берилганлиги қайд этилган.
Қўқон холигидаги сарой унвон ва мансаблари қуйидагилар эди:
- Оталиқ – хон ёки хонзоданинг мураббийси, уларнинг ҳомийлари. Улар тарбиялаган хонзода тахтга ўтирганидан сўнг, оталиқлар ҳам юқори мансаб ва унвонларни эгаллаганлар.
- Бекларбеги – бекларнинг беги. Бу унвон хоннинг ворисига ёки баъзи вилоятларнинг ҳокимига берилган.
- Бий – туркий қабилаларнинг бошлиқлари.
- Девонбеги – хон девонининг бошлиғи, Қўқон хонлиги вилоятларидан Тошкент ва Дашти қипчоқ мулкида ҳам девонбеги мансаби бўлган.
- Хазиначи – давлат хазинасининг ҳисоб-китобига жавобгар шахс. Хазиначилар вилоят марказларида ҳам фаолият юритган.
- Иноқ – хоннинг хос ва сирдош мулозими.
- Эшикоғаси ёки чеҳраоғаси – эшик олдидаги соқчи, посбон. Хон маҳрамлари ва соқчи-мулозимларининг бошлиғи. Нотаниш кишиларни хон ҳузурига ижозатсиз қўймасликка жавобгар шахс.
- Парвоначи – бу унвон эгаси хон номига келган хат ва аризаларни саройга олиб кириб, жавобини олиб чиққан. Бу унвон бошқа унвон соҳибларига ҳам берилган.
- Додхоҳ – хон олдига фуқароларнинг хоҳиш-истак ҳамда мақсадларини баён этиш ҳуқуқига эга мансаб, сарой унвони.
- Дастурхончи – хон дастурхонига, умуман, ошхонасига жавобгар сарой мансаби.
- Сарой қоровулбегиси – хон ўрдасининг соқчиларига бошлиқ бўлган сарой амалдори.
- Тунқатор – тун бўйи уйғоқ бўладиган соқчи. Хоннинг дам олиши ва юришлари вақтида қўриқчилик қилиб, хоннинг яқин кишиларидан тайинланадиган амалдор.
- Офтобачи – хоннинг хос мулозимларидан бўлиб, унинг ювиниши ва таҳорати вақтида хизмат қиладиган амалдор.
- Шарбатдор – энг олий ва фахрий унионлардан бўлиб, хоннинг хос мажлислари ва сафарларида ҳизматда бўлган.
- Ҳидоятчи – хон саройига юборилган тортиқ ва совғаларни қабул қилиб олиб, хон назаридан ўтказувчи амалдор.
- Шиғовул – саройга ташриф буюрган элчилар ва чопарларни хон ҳузурига бошлаб кирувчи амалдор. Манбаларга кўра, бу мансабдаги амалдорнинг вазифалари кенг бўлган.
- Саркор – саройдаги хон амалдорларининг бошлиғи. Бу мансабдаги шахс хонга тегишли шифохоналар, корхоналар ҳамда қурилиш ишларига ҳам бошчилик қилган.
- Қушбеги (миришкор) – ов пайтида хонга ҳамроҳлик қиладиган мансаб эгаси. Қушбегининг овчи итлари, лочин ва бургутлари бўлиб, ов пайтидаги хоннинг дам олиш жараёнларига ҳам бу шахс жавобгар бўлган.
- Саломоғаси – хон номидан халққа салом берувчи.
- Китобдор – сарой китобхонаси учун жавоб берадиган амалдор.
- Рисолачи – элчилар ва уларнинг хат-хабарларига жавоб бериш учун масъул бўлган сарой амалдори.
- Жамъоға – хоннинг суҳбати, қабули ҳамда базмларига иштирок этувчиларга хабар бериб, чақириб келадиган сарой амалдори.
- Жарчи – халқ йиғиладиган оммавий жойларда хоннинг фармон ва буйруқларини жар солиб (баланд овоз билан) эълон қиладиган шахс.
- Чопқучи – пичоқ ясовчи, хон саройидагилар учун қуроллар (пичоқ, ханжар қилич) ясаб, қўрчи вазифасини ҳам бажарган.
- Шотир – хон рикоби олдида юрадиган ҳизматчи, одамларни хон келишидан хабардор этиб, уларни таъзимга чорлаб турган.
- Удайчи — хон рикоби олдида юриб, унинг шаънига баланд овоз билан мақтовли сўзлар ва ҳамду санолар айтиб борувчи ҳизматчи.
Юқоридаги амал ва мансаб эгалари ўз ҳизматлари эвазига йиллик маош (пул, от, қўй, ғалла кўринишида) олганлар. Бундан ташқари, уларга тегишли ер-мулклар ҳам берилган.
Бутун ўрта асрлар мусулмон давлатларида бўлгани каби Қўқон хонлигидаги мусулмон руҳонийлари ҳам алоҳида имтиёзларга эга бўлган ижтимоий табақа ҳисобланган. Хонликдаги давлат бошқарувида, таълим – тарбияда, суд ишларида ҳамда жамият ҳаётининг турли соҳаларида уларнинг фикри катта аҳамият касб этган. Қўқон хонлигида қўйидаги диний ва қозихона мансаб, унвон ҳамда амаллари мавжуд бўлган:
- Шайх ул-ислом – диндорларнинг энг олий унвони бўлиб, 1818 йилда Умархон томонидан жорий этилган.
- Хожа калон – фикҳ олими (ҳуқуқшунос) нинг фахрий унвони.
- Халифа – ўринбосар. Қўқондаги нақшбандия, қаландария, яссавия тараққиётларининг раҳбарлари.
- Аълам – фақиҳ, олим ҳамда шариат қонун – қоидаларнинг билимдони.
- Охунд – билимли ва мадрасада ўқийдиган киши.
- Судур – вақф мулкларининг даромадлари ҳамда ҳисоб – китобига жавобгар мансабдор.
- Ўроқ – вақф ерларининг хирож ва солиқларига масъул шахс, Ўроқ шаклидаги нишонни салласига тақиб юрган.
- Мударрис – мадрасада таълим берувчи устоз.
- Имом ва имом хатиб – масжид имоми ҳамда жума номозларида хутба ўқиб хизмат қиладиган имом.
- Муаззин – мусулмонларни намозга чақирувчи, азон айтувчи.
- Қози ул – қўззот – қозилар қозиси (адлия вазири).
- Қози калон – хонлик пойтахти ҳамда вилоятлар марказларидаги қозилар ва қозихоналар устида назорат қилувчи амалдор.
- Қозии аскар – қўшин қозиси.
- Таракачи – мерос қолган мол-мулкларни меросхўрларга тақсимлаб (тарака) берувчи шахс.
Хонликдаги диний ва қозилик лавозимида бўлганлар давлат томонидан белгиланган маош ҳамда турли эҳсонлар ҳисобидан кун кўрганлар. Мадраса, масжид, мозорлар ўзларининг вақф мулкларига эга бўлиб, шу мулк даромадидан ўз хизматчиларига маош берганлар. Вақф мулкларига муттавали мутасадди – бошлиқ эди.
Ер эгалиги муносабатлари ва солиқлар. Қўқон хонлиги хўжалик ҳаётининг асосини ташкил қиладиган соҳа деҳқончилик эди. Чунки хонликнинг асосини ташкил этган Фарғона водийсида сув манбаларининг етарли даражада бўлганлиги деҳқончилик хўжалигида мўл ҳосил бўлишни таъминлаган. Хонликда XVIII асрга қадар ерларни суғориш учун сойлар ва жилғаларнинг сувларидан ҳам унумли фойдаланилган.
Хонликдаги тахт учун ўзаро курашлар ҳамда сиёсий тарқоқлик давом этаётган бўлишига қарамай XVIII аср иккинчи ярмидан бошлаб айрим туманларнинг суғориш тармоқлари таъмирланган ва янгилари қазилган. Чунки, хонликда ип ва газлама ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бориши, бу маҳсулотларни Россия ва у орқали Шарқий Европа мамлакатлари бозорларида кўплаб сотила бошлаши, уларга бўлган талабнинг тобора кучайиб бориши суғорма деҳқончилик ерларини кенгайтириш ҳамда янги ерларни ўзлаштиришни тақозо қилар эди.
Шунинг учун ҳам XIХ аср Қўқон хонлигида, хусусан, Фарғона водийсининг суғорилиши тарихида янги даврни бошлаб бердики, айнан шу даврдан бошлаб, водийда йирик суғориш иншоотлари, ариқлар, каналлар, тўғонлар қурила бошланган. Масалан, Сирдарёнинг асосий ирмоқларидан бўлган Норин ва Қорадарёлардан сув оладиган Шаҳрихонсой канали, Наманган Янги ариғи, Чинобод ариғи, Улуғнаҳр, Андижонсой канали, Олтиариқ, Мутаган ариғи ва бошқа суғориш тармоқларининг кўпайиши, суғориладиган далаларнинг сезиларли даражада кенгайиши ҳамда деҳқончилик ва боғдорчиликнинг ривожланишига олиб келган.
Қўқон хонлигида суғориш иншоотларини барпо этишнинг маълум тартиб – қоидалари мавжуд бўлган. Чунончи, суғориш тармоқлари ва уларни барпо этиш ишлари икки гуруҳга ажратилган. Биринчи гуруҳга ҳажм жиҳатдан кичик суғориш иншоотларидан фойдаланувчи қишлоқ аҳолиси иштирок этган. Уларга маҳаллий мутасадди кишилар, мироббошилар бошчилик қилган. Иккинчи гуруҳ суғориш иншоотларига ҳажм жиҳатдан катта ва йирик каналлар киритилиб, уларни бунёд қилиш ишларига хонликнинг турли вилоятларидан қазувчи – ҳашарчилар жалб этилган. Бундай иншоотлар қурилишига бевосита хон ёки жойлардан унинг вакили бошчилик қилган.
Хонликда деҳқончилик экинларининг аксарияти Ўрта Осиё хонликларига хос бўлиб, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш ҳамда ипакчилик яхши ривожланган. Донли экинлардан маккажўхори етиштириш кенг тарқалган бўлиб, у шаҳар ва қишлоқларда камбағалларнинг асосий истеъмол маҳсулоти ҳисобланган. Шунингдек, XIХ асрга келиб хонликда пахтачилик соҳасига катта эътибор берила бошланган.
Хонлик ғарбий қисмининг табиий шароитида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун жуда қўлай бўлган. Жануби-ғарбий Хўжанд, Конибодом, Исфара, Сўх, Чимён, Риштон ҳудудлари асосан ўрик етиштиришга тўла ихтисослашган. Бу даврда бутун Фарғона водийсида тут дарахти кенг тарқалиб, у тоғ олди ва қадимги деҳқончилик воҳаларидан ҳисобланган Сўх, Исфара, Наманган, Аштда ипакчилик учун қадимдан ўстириб келинан.
Хонликда ер ва сув ҳукмрон табақалариники ҳисобланиб, ерга эгалик қилишнинг тўртта тури мавжуд бўлиб улар қуйидагилар эди: 1. Хирож ерлар – ер эгаларининг хусусий ерлари. 2. Давлат ёки амлоқ ерлари – хонга қарашли ерлар – ўрмонлар, тўқайлар, йўлу-кўприклар. 3. Хусусий ерлар – хоннинг махсус фармойиши билан йирик амалдорларга берилган ерлар (суюрғол). 4. Вақф ерлари – диний муассалар, яъни, масжид, мадраса ва мозорларга қарашли ерлар.
Манбаларга кўра, амлоқ хон ихтиёридаги ер бўлиб, у “замини хос”, деб аталган. Бундай ерлар хон томонидан айрим гуруҳ ва мансабдор шахсларга берилган. Ерни олган киши унга ўз ҳисобидан ишлов бериб, суғорган. Олган ҳосилидан эса хонга солиқ тўлаган ва бу солиқ миқдори хирож (хирож — ҳосилнинг 1/5 дан 1/8 қисмигача ташкил этган) дан кўпроқ бўлган.
Ерга эгалик қилишда мулк, ижара, урғу, танҳо шаклларидан ҳам фойдаланилган. Мулк – бойларга қарашли хусусий ерлар бўлиб, улар деҳқонларга ижарага берилган. Маълумотларга кўра, ижара – муайян шартлар асосида бериладиган барча кўчмас ва кўчадиган мулк-ер, ариқ, тегирмон, тим, раста, улов ав бошқаларни ўз ичига олган мулк шакли бўлса, урғу – мусодара қилиш йўли билан хон мулкига айлантирилган ёки гуноҳкорни қўлга олишда жонбозлик қилган шахсларга берилган ер ва мол-мулкдир.
Танҳо – ҳукмдор томонидан алоҳида хизмат кўрсатган кишиларга амлоқ ерлардан баъзилари инъом этилиши туфайли пайдо бўлган мулк шакли бўлиб, бундай ерларда солиқ йиғиш ҳуқуқи танҳо эгалари – танҳодорларга берилган. У ўзига берилган ер, бир нечта қишлоқ, ҳатто, катта мулкнинг йиллик ёки ярим йиллик даромадини ҳадя сифатида олган. Баъзан, амалдорлар бир умр танҳодор бўлган ва ўғли хон марҳаматига сазовор бўлса, танҳодорлик мерос сифатида давом этган. Ҳарбийларга танҳо ёки хирож тақдим этилса, у тархон деб аталган.
Бу даврда хонликнинг даромади маҳсулот ва пулдан иборат бўлиб, улар асосан солиқлар ундириш йўли билан ҳосил қилинган. Солиқ ва мажбуриятлар хонликнинг барча шаҳар ва қишлоқларида деярли бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Мамлакатда мавжуд солиқлар жорий этилишига кўра, тўрт турга: шариат қонун-қоидаларига биноан белгиланган асосий солиқлар; расмий солиқлар; анъанавий солиқлар; фавқулодда жорий этилган солиқлар.
Манбаларга кўра, шариат қонун-қоидалари асосида жорий этилган асосий солиқлар. – хирож, ушр ва закот ҳисобланган. Деҳқончиликда донли экинлар экиладиган ерлардан олинадиган солиқ – хирож деб аталган. Бу солиқ ҳосилнинг бешдан бир қисмини ташкил этиб, 5 қоп ғалланинг бир қоп миқдорида ундирилган. Солиқнинг бир қисми маҳсулот, бир қисми эса пул билан тўланган.
Ушр ерлари – “замини ушр” деб юритилган ерлардан ҳосилнинг ундан бир қисми миқдорида ушр солиғи руҳонийлар фойдасига ундирилган. Закот – маҳсулотдан олинадиган савдо солиғи ёки чорва моллари ҳисобидан олинадиган солиқ бўлиб, даромаднинг қирқдан бир қисмини ташкил этган. Хонликнинг савдогарлик сармоялари аниқ бўлмаганлиги сабабли, шароитга қараб даромаддан закот олинган. Шунингдек, чорва молларидан ҳам қирқдан бир улуш ҳисобида закот олинган. Архив ҳужжатларида анъанавий закотдан ташқари – бўроқи закоти, элатия закоти, саркарда закоти кабилар ҳақида маълумотлар бор.
Хонликда жорий этилган танобона, хонсолиқ, карвонлардан чегара ёки махсус белгиланган шаҳарларда, Сирдарё кечувидан олинадиган бож тўловлари, туз божи, бозорларда савдогарлардан, хон маблағига қурилган барча иншоотлардан олинадиган солиқ кабилар расмий солиқларга кирган. Боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчиликда экин экиладиган ер майдонининг ҳажмига қараб таноб солиғи олинган. Солиқ йиғувчи амалдор танобчи (ҳар бир таноб ердан солиқ олувчи), эакот солиғини йиғувчи амалдорлар закотчи деб аталган.
Анъанавий солиқларга тўй маросимларидан, мерос бўлинишидан, тарозидан, дарёдан ўтиш учун соллардан, қирғиз ва қозоқларнинг чорвасидан олинадиган ва шунга ўхшаш солиқлар кирган. Хонликда булардан ташқари яна турли хил фавқўлодда солиқлар мавжуд бўлиб, у тилла пули ва мис пули, улов пули, алаф пули, нафсона, муштак, кафсан, яксара ва бошқалардир.
Солиқлар қатъий белгиланган миқдорда ҳамда ўз вақтида йиғилиши шарт бўлса-да, хон ва амалдорларнинг иҳтиёри билан бу ҳолат ўзгариб турган. Ҳарбий ҳаракатлар пайтида, айниқса, солиқларнинг тури ва миқдори оширилган.
Хон хазинасига келиб тушган солиқлар – хоссачи, бек хазинасига тушган солиқлар – беклик деб аталган. Манбаларга кўра, хон иҳтиёридаги ерлар “замини хос”деб аталиб, ундан келадиган барча даромад хоннинг иҳтиёрида бўлган. Хон хазинасига тушадиган солиқларнинг деярли барчаси Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан йиғилган. Четдан хон иҳтиёрига маҳсулот ва чорвадан йиғиладиган закот, Сирдарё кечувдан олинадиган бож , туздан, хоссачи жойлардан , хон маблағига қурилган барча иншоотлардан олинадиган солиқ, тўй маросимларидан ва мерос бўлишдан йиғиладиган солиқлар тушган.
Қўқон холигида солиқлардан озод қилинган, яъни, “мулки хур” ерлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг эгалари бўлган саййид, хўжалар, шайхлар ва эшонлар хоннинг махсус иноятномалари асосида барча солиқлардан озод қилинганлар. Шунингдек, хонзода ва тўралар, баъзи қози, раис, амин, дарвеш ва сўфилар ҳам таноб солиғидан озод қилинган.
Солиқлардан ташқари аҳоли мажбурий равишда турли ишларга – каналлар қазиш, ариқларни тозалаш, ободончилик ишлари, турли қурилишларга, айниқса, ҳукмрон табақаларнинг хизматларига жалб этилган. Солиқ, тўлов ва мажбуриятларнинг йилдан йилга ошиб бориши натижасида Қўқон хонлигида халқнинг норозилиги ортиб бориб, хонликдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви давлатнинг сиёсий инқирозини таъминлаб берган эди.
Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ. Қўқон хонлигида мамлакат пойтахти ва бошқа кўплаб шаҳарлар аҳолисининг асосий қисми ҳунармандчилик ва косибчилик ва шуғулланганлар. Ҳунармандчилик шаҳарларда ихтисослашган кўринишга эга бўлиб, буюмларнинг бир тури ва бирор қисмини ишлаб чиқаришга йўналтирилган соҳалар мавжуд бўлган. Ҳунармандлар ўз касбларининг сир-асрорларини мукаммал ўзлаштирган моҳир усталари бўлиб, ишлаб чиқарган маҳсулотларини юксак санъат даражасига кўтарганлар.
Хонликнинг деярли барча шаҳар ва қишлоқларида ҳунармандчиликнинг тараққиёти бир хил бўлган бўлса-да, ишлаб чиқариш ўзининг айрим хусусиятлари, яъни, маҳсулотнинг тури, сифати билан ажралиб турган. Ҳунармандчиликнинг темирчилик, заргарлик, тўқувчилик, дегрезлик, кулолчилик, мисгарлик ва бошқа тармоқлари кенг ривожланган бўлиб, хонликнинг ҳар бир шаҳри муайян соҳада ишлаб чиқарган маҳсулоти билан донг таратган. Мисол учун, Қўқон шаҳри заргарлик ва қоғоз ишлаб чиқариш, Шаҳрихон ва Чуст тикувчилик ҳамда темирга ишлов бериш, хусусан, пичоқчилик, Марғилон, Наманган ва Андижон эса ипак газламалари, Тошкент ўзининг тикувчилик, тўқувчилик, чўян, темир-мис маҳсулотлари билан машҳур бўлган.
Бутун хонлик ҳудудида ишлаб чиқариш қўл меҳнатига асосланган бўлиб, асосий ҳунар турлари – ип ва ипак матолар тўқиш, оёқ кийим тайёрлаш, терига ишлов бериш, кулолчилик маҳсулотлари тайёрлаш, темирчилик, эгар-жабдуғ ясаш, бўёқчилик, мисгарлик, заргарлик, дурадгорлик, аравасозлик, ҳарбий қурол ишлаб чиқариш, ўймакорлик, мум ишлаш, писта кўмир тайёрлаш, каштачилик, дўппичилик, пичоқчилик кабилар эди. Ундан ташқари, хонга тегишли порох ишловчи ва қоғоз тайёрловли устахоналар ҳам бўлган.
Хонликда қуролсозликка алоҳида эътибор қаратилган.Бу тармоқ шаҳар ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг обрўли соҳаларидан бўлиб ҳисобланган. Қўқон шаҳрида замбараклар, милтиқлар, қиличлар, пичоқлар, ханжарлар, қалқонлар, найзалар ва бошқа ҳарбий анжомлар тайёрланган.
Хонликнинг ҳунарманд-косибчилиги серқирра ва мазмунан бой бўлиб, ижтимоий ҳолатига кўра ҳунармандлар иккита – юқори ва қуйи табақаларга бўлинган. Юқори табақа вакилларига ўз устахонаси, меҳнат қуроллари ва хом ашёсига эга бўлган усталар кирган. Мулкдор табақалар қўлидаги устахоналар ва меҳнат қуролларидан фойдаланувчилар, юқори табақага кирувчи усталарнинг қўлларида кунбай ёлланиб ишловчилар қуйи табақа ҳисобланган.
Хонликда ҳунармандчилик ва косиблик ишлаб чиқаришини асосан пахтачилик, ипакчилик, чорвачилик тармоқлари ва ер ости бойликларини қазиб чиқариш соҳалари хом ашё билан таъминлаган. Ҳунармандчилик учун зарур бўлган хом-ашёлар хонлик ҳудудидан олиниш билан бирга четдан ҳам ҳарид қилинган. Асосий хом ашёлардан бири бўлган олтин Сирдарёнинг юқори оқимидан, Қонсув дарёсидан олинган. Шунингдек Косонсойдан, Қоратоғнинг шимолидаги Кукрев дарёсидан, Чирчиқ дарёси бўйларидан, Бурчмулла ёнидан, Чотқол дарёсининг юқори оқимидан ҳам олтин олинган. Ҳунармандлар темир рудасини Олой тоғ тизмаси этакларидан, қўрғошин ва бошқа маъданларни Қоратовдан қазиб олганлар. Манбаларга кўра, ер ости бойликларини қазиб чиқариш шунчалик содда ва кам бўлиб, у эҳтиёжни талаб даражасида қондира олмаган. Шунинг учун ҳам аксарият металлар Россиядан олиб келинган.
Қўқон хонлиги ҳаётида ички ва ташқи савдо муносабатлари алоҳида аҳамиятга эга эди. Ички савдо – ўтроқ деҳқонлар, кўчманчи чорвадорлар ва шаҳар-қишлоқ ҳунармандлари ўртасидаги анъанавий маҳсулот айирбошлашга асосланган. Аҳолининг кундалик эҳтиёжлари ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан таъминлаб турилган. Барча ички савдо чакана бўлиб, улгуржи савдо деярли бўлмаган.
Ҳунармандлар ва косиблар савдо орқали яқин алоқада бўлганлар. Ҳунармандлар аксарият ҳолларда ўз маҳсулотларини ўзлари сотганлар. Деҳқон ва чорвадорлар эса, ҳафтанинг муайян кунлари ўз молларини бозорга олиб чиққанлар. Бозорлардаги нарх-наво бир хилда турмаган. Нарх-наво хонликдаги тинчлик-осойишталик, урушлар, об-ҳавонинг ёмон келиши оқибатида ҳосилдорликнинг пасайиши каби омилларга қараб ўзгариб турган.
Қўқон хонлигининг энг асосий савдо ва тижорат маркази Қўқон, Тошкент, Марғилон, Андижон, Хўжанд, Наманган, Ўш, Ўратепа каби шаҳарлар бўлиб, улар орасида Қўқон нафақат хонлик, балки бутун Ўрта Осиёнинг савдо марказларидан бири ҳисобланган. Маълумотларга кўра, Қўқон бозорлари ўзининг маҳсулотларга бойлиги ва нарх – навонинг бошқа шаҳарларга нисбатан анча арзонлиги билан ажралиб турган. Шаҳарнинг деворлар билан ўралган катта бозорлари маҳаллий аҳоли ва четдан келган савдогарлар билан доимо гавжум бўлган. Рус манбаларида келтирилишича, XIХ асрнинг 20-йилларида Қўқонда олтита бозор бўлиб, улар якшанба, чоршанба ва пайшанба кунлари ишлаган. Бу бозорларда қаттиқ назорат ўрнатилган бўлиб, харидор ҳаққига хиёнат қаттиқ жазога тортилган.
Қўқон ҳонлигининг иқтисодий ҳаётида ташқи савдо ҳам муҳим аҳамият касб этган. Мамлакат ғарб ва жанубда Бухоро, Хива, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, шарқда Хитой (Қашғар орқали), шимолда Дашти Қипчоқ кўчманчилари ва айниқса Россия билан кенг савдо алоқалари ўрнатган. Айрим манбаларда хонликда япониялик ва англиялик савдогарлар ҳам келганлиги эслатиб ўтилади.
Хонликдан чет элга асосан ипак ва ипак матолар, пахта, чарм, қимматбаҳо тошлар, олтин, кумуш, заргарлик буюмлари ва бошқа маҳсулотлар чиқарилган. Чет элдан асосан чой, металл, чинни, уй-рўзғор буюмлари, тайёр газлама, кийим-кечак, пойифзал ва бошқалар келтирилган.
Хонликнинг савдогарлари Бухоро ва амирлик чегараларидаги шаҳарлар билан мунтазам савдо алоқалари олиб борганлар. Ҳар иккала давлатнинг савдогалари савдо ишларида фаол иштирок этиб, қўқонлик савдогарлар Бухоро амирлигига хўжалик ҳаётда зарур бўлган рус темири, пўлат ва чўяндан ясалган буюмлар, тамаки, рўмол, гуруч ва баъзи хитой ёки маҳаллий ипак газламалари, чой, чинни идишлар олиб боришган бўлса, бухоролик савдогарлар эса Қўқонга ҳинд чойи, сурп мато, ҳарир, буёқ, афюн (тарёк), зардўзлик маҳсулотлари, ип ва газлама олиб келишган.
Рус чити Бухоронинг Қўқон хонлиги билан савдосида алоҳида ўрин эгаллаган. Бу мато Оренбург ёки Петропавловскдан Казалинскка, ундан Бухоро, Самарқанд ва Хўжанд орқали Қўқонга олиб келинган. Шунингдек хонликда Машҳаддан олиб келинадиган инглиз газламалари, оз миқдорда бўлса ҳам Қобулнинг тўн ва саллалари, ҳинд атторлик моллари ҳам келтиришган.
Қўқон хонлигининг Қашғар билан савдо муносабатлари худди Бухоро амирлиги каби бўлиб, Қашғардан Қўқонга афюн, чинни идишлар, кумуш, хитой ипак матолари, тола ва гиламлар олиб келинган. Қозоқ жузларининг Россияга тобе этилиши ҳукмдор табақалар ўртасидаги ўзаро урушларнинг тўхташига сабаб бўлди ва бу ҳолат Ўрта Осиёнинг, жумладан, Қўқон хонлигининг Сибир, Урал, Волга бўйи билан савдо алоқларига кенг йўл очди.
Холик Ҳиндистон билан ҳам мунтазам савдо алоқларини олиб бориб. Манбалар маълумотларига кўра, Ҳиндистондан йилига Қўқон, Тошкент, Бухоро ва Қашғарга Қобул орқали 10.000 дан 15.000 туягача маҳсулот юборилган. Улар орасида ип газламалар, ипак, эчки жуни, отлар ва бошқалар чиқарилган. Отлар савдонинг катта фойда келтирадиган манбаларидан бири бўлган. Ҳинд савдогарлари хонликдаги шаҳарларда яшаб тижорат ва ҳатто, судхўрлик билан шуғулланганликлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Қўқонликнинг ташқи алоқаларида Қўқон-Россия савдо муносабатлари ҳам алоҳида ўрин тутган. Манбаларга кўра, 1861 йилдан кейин рус саноатининг жадал ривожлана бошлаганлиги хом ашё базаси ва ташқи бозорга бўлган эҳтиёжнинг янада кучайганлиги Россиянинг Қўқон бозорини фаол эгаллаб, ундан чексиз фойдаланишнинг асосий сабабларидан бири бўлган. Россиядан Қўқонга темир, мис, пўлат, чўян ва темир буюмлар, чит ва сифатсиз газламалар, оз миқдорда бахмал, шакар, ойналар, чарм, Россияга тобе бўлган қозоқ чўлларидан қўйлар ва унинг териси, чарм ва чарм маҳсулотлари, кигиз олиб келинган. Хонликдан эса Россияга асосан пахта олиб чиқилган.
Меъморчилик ва амалий санъат. XVIII асрнинг иккинчи ярми — XIХ аср бошларида Қўқон хонлиги кучли марказий ҳокимиятга эга бўлган марказлашган давлат сифатида қарор топиши натижасида иқтисодиётнинг бирмунча жонланиши маданий ҳаётга таъсир этмай қолмади. Мамлакат пойтахти Қўқон ва бошқа шаҳарларда бир қатор меъморчилик обидалари, йўллар, кўприклар, ҳаммомлар қурилди, амалий ва ҳаттотлик санъати ривож топди. XIХ асрнинг биринчи ярмида хонликда Умархон, Муҳаммадалихон, Нодирабегим, Худоёрхон, Султон Муродбек, Султон Сайидхон, ҳарбий бошлиқлардан Мусулмонқули, Алиқули, Холмуҳаммад мингбошилар ва замонасининг илғор, маърифатли кишилари томонидан меъморий обидалар қурдирилди, шаҳарсозлик тез суръатлар билан ривожланди. Меъморчиликда асосий эътибор мадрасалар, масжидлар, хонақолар, дарвеш ва қаландарлар учун такяхоналар, қорихоналар, сардобалар, кўприклар, ҳаммомлар, бозор расталари барпо этиш ишларига қаратилган.
Меъморчилик иморатларининг маркази Қўқон шаҳри бўлиб, 1842 йилги маълумотларга кўра, бу ерда 15 та мадраса мавжуд бўлиб, энг кўзга кўринганлари Ҳаким тўра, Моҳлар ойим, Муҳаммадалихон, Норбўтабек, Жомий, Олий, Султон Муродбек, Хўжа додхоҳ, Минг ойим мадарасалари бўлган. Шаҳар маркази Чорсуда тўртта йирик мадраса қад кўтарган. Ушбу мадрасаларнинг 38 тадан 108 тагача ҳужраси бўлган.
Бу даврда Тошкент шаҳрида ҳам бир қанча мадрасалар барпо этилган. Жумладан, Умархон даврида Тинчбоф гўзарида Шукурхон мадрасаси, Кўкча даҳасида Эшон Бўрихўжа Санчиқмони мадрасаси қурилган. Кейинроқ Муҳаммадалихон фармони билан шаҳар регистонида мадраса қад ростлаган ва унга Мир Иноятуллоҳ бош мударрис этиб тайинланган. Исохўжа мадрасаси, Чархчикўча мадрасаси, Маҳмуд дастурхончи мадрасалари ҳам шу даврда бунёд этилган.
Шунингдек, Марғилонда Саидаҳмадхўжа мадрасаси, Андижон шаҳри атрофида Отақўзи мадрасаси, Мирзақули Бўлиш мадрасаси кабилар қурилган. Умуман олганда, хонликнинг Қўқон, Тошкент, Андижон, Хўжанд, Ўратепа, Марғилон, Туркистон каби шаҳарларида 200 дан ортиқ мадрасалар барпо этилган.
Хонликда Жоме (жума ва ҳайит намозларини ўқиш учун) ва маҳалла (беш вақт намоз ўқиш учун) масжидлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилган. Жоме масжидлари ўзининг салобатлиги билан ажралиб турган. Улар баланд гумбазли ва текис шифтли бўлиб, ҳар иккала турдаги бинонинг ички кўринишидаги шифтига ва ташқи кўринишидаги гумбаз безагига алоҳида эътибор берилган. Масжидлар биносининг қурилиши ва уларнинг таъмири асосан вақфлар ҳисобидан амалга оширилган.
Қўқон хонлигида мақбаралар хонлар, саййид ва хўжалар қабрлари устида барпо қилинган ва уларнинг қурилиши ҳамда таъмирланиши савобли ишлардан ҳисобланган. Шунингдек мақбаралар қурдириш обрў орттириш воситаси ҳам бўлган. Фарғона водийсида XVIII – XIX асрларда қурилган мақбараларнинг ички кўринишида XI – XII асрларга хос анъаналар кўзатилади.
Хонлик меъморчилиги тарихида жамоат бинолари сирасига кирувчи ҳаммомлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳаммомлар пишиқ ғиштдан, бир неча гумбазли қилиб қурилган ва улар эгасининг номи билан аталган.
Хонликда меъморчиликнинг ривожланиши савдо-сотиқ муносабатлари билан боғлиқ бўлган иншоотлар қурилишида ҳам кузатилади. Хонлик ҳудудларида марказий йўллар бўйлаб работ ва карвонсаройлар фаолияти давом этган, бозорлар ривожланган. Жумладан, Тошкентда Чорсу бозори саккизта кўчани бирлаштирган. Бу бозор ўнга яқин савдо майдонлари ва қирққа яқин савдо – ҳунармандчилик расталарини ўз ичига олган. Расталар кўчанинг икки томони бўйлаб жойлашган ва уларни кўча ўртасини эгаллаган баланд тим бирлаштирган. Тим ёғоч тиркагич ва тўсиқлардан ташкил топган. Бундай бино ва иншоотлар ҳукмдорлар, алоҳида амалдорлар ва шахслар томонидан қурдирилган.
Хонлик меъморчилигига ёғоч, темир, пишиқ ёки хом ғишт, юпқа сопол ғишт, ганч, мармар, харсанг тош, соғ тупроқ ва оҳак асосий қурилиш материаллари бўлган. Темир ва ёғоч кам бўлганлиги боис қурилишда кўпроқ пишиқ ёки хом ғишт, ганч, тош, лой, сомон ва оҳак ишлатилган. Бинолар пойдеворига харсангтош ёки мармартош ётқизилган. Қурилишда терак, тол, тут, ёнғоқ, қайрағоч ва арча ёғочларидан кенг фойдаланилган. Пишиқ ғишт, ганч, юпқа сопол ғиштлар махсус хумдонларда пишириб тайёрланган.
Хонликда қурилган биноларнинг умумий тузилиши ва режалаштиришида анъанавийлик сақланиб қолган бўлса-да, Қўқон меъморчилигида ташқи алоқаларнинг ҳам таъсири сезилади. Биноларнинг безакларида ранг-баранг ғиштлар кўп ишлатилган. Шипларга солинган гуллар Ўрта Осиёдаги қадимий ёдгорликлардан ўзининг жимжимадорлиги, бўёғининг ёрқинлиги, уларнинг баъзан кўзни қамаштирадиган даражада аралаш – қуралаш бўлиб кетганлиги билан фарқ қилган.
Қўқон хонлигида қурилиш ва меъморчилик билан бирга амалий санъат ҳам ривож топган. Хусусан, амалий санъатнинг наққошлик, ёғоч ва ганч ўймакорлиги соҳалари юксак даражада тараққий этган бўлиб, уларда меъморчиликда кенг фойдаланилган. Амалий санъатнинг юқори даражаси Худоёрхон саройида, Олтиариқдаги Дўсти Худо масжида айвонида ишланган нашқларда Андижон атрофидаги Отақўзи мадрасаси безакларидаги ислимий нақшларда, Чодак масжидининг ёғоч ва ганч ўймакорлигида, Риштондаги Хўжа Илғор масжидининг шифт безакларида яққол кўзга ташланади.
Қўқон хонлиги меъморчилиги ва амалий санъатида бутун Ўрта Осиё учун хос бўлган анъанавий услублар билан бир қаторда маҳаллий хусусиятлар ҳам сақланган. Қўқон, Тошкент меъморчилик мактабларининг вакиллари жамоат биноларини қуриш ва уларни безашда, нақшлар танлашда ўз мактабларининг анъаналарини такомиллаштирганлар ҳамда ривожлантирганлар. Қўқон ва Тошкентнинг маҳаллий меъморчилик мактаблари ўзларининг кенг режали, ҳажмли манзаралари, безак ва жиҳозларнинг ғоят нафислиги, рангларнинг шўхчанлиги, ҳамда ёғоч ва ганч ўймакорлиги билан ажралиб туради. Хонлик меъморчилигида чиройли қилиб айлантириб урғу берилган, ичига ислимий нақшлар туширилган, кўпроқ қизил ҳамда яшил бўёқлар билан жилоланган безаклар кўпчиликни ташкил этади.
Бу даврда хонликда ҳаттотлик ва китобат санъати ҳам ривож топган эди. Қўқон хонлигининг ўз ҳаттотчилик мактаби бўлиб, мамлакатда кўплаб хаттотлар яшаб, ижод қилганлар. Хаттотларнинг аксарияти шоир, тарихчи бўлган ёки миниатюра санъати билан шуғулланган. Қўқонлик Муҳуммад Латиф, Абдулғози Хўжа Хўқандий, Мирзо Бобокалон Хўқандий, Аҳмаджон котиб, Абдуғафур хаттот, Мирзо Шариф Дабир, тошкентлик Муҳаммад Юнус Тойиб Тошкандий, Абдулваҳобхўжа муҳркан, эшон Абдусамиъхўжа Хатиб ўғли кабилар кўзга кўринган хаттотлардан бўлган. Бу хаттотлар насх, шикаста, настаълиқ каби ёзув усулларини пухта эгаллаганлар. Хаттотлик санъати асосан Қўқон, Тошкент, Андижон, Хўжанд, Ўратепа каби шаҳарларда кўпроқ ривож топган.
Илм-фан. Тарихнавислик. Сўнгги ўрта асрларга келиб Ўрта Осиёнинг деярли барча ҳудудларидаги илм-фан, таълим ва маърифат соҳаларида диний таълимотлар ҳукмронлик қила бошлади. Бошланғич мактабларда ҳам, мадрасаларда ҳам асосий эътибор диний таълим беришга қаратилган. Диний фанларни ўқитиш мадрасаларнинг асосий вазифаси ҳисобланиб, дунёвий фанлар, айниқса, табиий фанлар тараққиётида бир мунча турғунлик кузатилади. Маданий ҳаётда юзага келган бундай вазият Қўқон хонлигидаги илм-фаннинг аҳволига, айниқса, бу соҳа ровожининг бирёқламалик хусусиятига сабаб бўлган эди.
Бу даврда аниқ ва табиий фанларнинг хўжалик ва маиший ҳаётда, яъни амалиётда қўлланиладиган соҳаларигагина эътибор қаратилган. Кундалик турмушда тиббиёт, меъморчиликда математика ва ҳандаса, суғорма деҳқончиликда ўсимликшунослик, гидрология ва муҳандислик илмидан фойдаланилган. Шунга кўра, хонликда аниқ ва табиий фанлардан тиббиёт, география, табиатшунослик фанлари билан шуғулланган олимларни кўрсатиш мумкин.
Тошкентлик Муҳаммад Солиҳ (Қарохўжа эшон домла) ўлкашунос-географ, табиатшунос-зоолог олим сифатида ижод қилган. У ўзининг “Тарихи жадидаи Тошканд”(“Тошкентнинг янги тарихи”) асарида Тошкент шаҳри ва воҳасининг географияси, топонимикаси, ўсимлик оламини ёритган. Табобат билан шуғулланган Мулло Аваз Муҳаммад тиббиётга оид “Маварих ал-қулуб”(“Қалблар сурури”) номли асар муаллифидир. У табиб сифатида беморларини ўтлар (гиёҳлар) ёрдамида даволаш билан ҳам машҳур бўлган.
Хўжандлик Ҳожи Юсуф Ҳайъатий эски мактабда таҳсил олиб, ўзи мустақил равишда астронимия, табиат, география фанларини ўрганган. Дунёнинг кўпгина мамлакатларига саёҳат қилган Ҳожи Юсуф узоқ йиллар давомида ўзининг “Фалакиёт”номли асарини яратган. Аммо ушбу асар бизнинг кунларимизгача етиб келмаган. Қўқонлик Муҳаммад Ҳакимхонтўра ўзининг “Мунтахаб ут-таворих” (“Сайланган тарихлар”) асарида Туркистонга оид географик ва сейсмологик маълумотлар бериб, 1823 йилда Фарғонада юз берган зилзила ҳақида батафсил баён қилган. Унинг географияга оид маълумотлари эса Ўрта Осиё географик адабиётининг саргузашт-саёҳат жанри бўла олади.
Умуман олганда, хонликда аниқ ва табиий фанлар ўз ривожида давр талабларидан орқада қолиб кетган бўлса-да, ижтимоий -гуманитар фанлардан тарих ва тарихнавислик, адабиёт кўпроқ ривожланди. Қўқон тарихнавислик мактабига мансуб асарлар шеърий ёки қисман шеърий услуб йўлида ёзилганлиги билан ажралиб туради. Гарчи бу даврда яратилган тарихий асарларда мақтов, баландпарвоз гаплар, ҳукмдор шахсини улуғлаш каби хусусиятлар кўзга ташлансада, бу асарлар ўз даврининг маҳсули сифатида, ўша давр ҳақида маълумот берувчи муҳим манбалар сифатида жуда қимматлидир.
Булар қаторига Ниёз Муҳаммад Ҳўқандийнинг “Тарихи Шоҳруҳий”, Мирза Олим ибн Мирза Рахим Тошкандийнинг “Ансаб-ул салотин ва таворих ул-хавоқин”, Отабек Фозил ўғлининг “Муфассал тарихи Фарғона”, Акмал Шермуҳаммад Хўқандийнинг “Амирнома”, Фазлий Фарғонийнинг “Умарнома”, Мирзо Қаландар Мушрифнинг “Шоҳномаи Нусратпаём”, Муҳаммад Ҳакимхонтўранинг “Мунтахаб ат-таворих”, Мулло Аваз Муҳаммаднинг “Тарихи жаҳоннамойи”, Тохири Хўжандийнинг “Ғаройиби сипоҳ” каби кўплаб тарихий асарларни киритиш мумкин.
Адабиёт. Қўқон хонлиги маданий ҳаётида адабиётнинг ўрни айниқса юқори эди. Шунинг учун адабиёт ривожига катта таъсир кўрсатган Қўқон адабий муҳитининг шаклланиши хонликда маданият тараққиётини белгиловчи муҳим мезон бўлди.
Истеъдодли шоир ва шоиралар, ёзувчилар, яъни ўз илмининг усталари томонидан шаклланган Қўқон адабий муҳитининг ўзига хос хусусияти – унигнг вакиллари икки йўналишда ижод қилганликларидадир. Биринчи йўналишга мансуб ижодкорлар сарой шоирлари бўлиб, уларнинг асарларида бой табақа вакиллари мадҳ этилган. Иккинчи йўналиш вакилларининг асарларида эса халқнинг орзу умидлари, интилишлари, дарду-ҳасратлари ўз ифодасини топган. Ҳар иккала йўналиш вакилларининг умумий жиҳати ҳам мавжуд бўлиб, бу уларнинг асарларида Ватан тимсоли , унга муҳаббат ҳиссининг илгари сурилганлигидир.
Қўқон адабий муҳитининг вакиллари ва асарларидан Амирий тахаллуси билан фалсафий ва лирик ғазаллар битган Умархонни, Фазлий ва Мушриф томонидан ёзилган “Мажмуат уш-шуаро”(“Шоирлар тўплами”) тазкирасини, Ҳувайдонинг “Девони Ҳувайдо”, “Роҳати дил” асарларини, Гулханий ва Махмур асарларини, Муҳаммад Юнус Тоиб, Муҳсиний, Насимий, Хўқандий, Нодир, Нозил, Писандий, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, Дилшод, Зебунисо каби кўплаб шоир ва шоираларнини келтириш мумкин.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, Қўқон хонлигидаги адабий муҳит ва маданий ҳаётни шакллантиришда темурийлар даврига тақлид яққол кўзга ташланади. Буни ҳукмдор Умархон даврида шаклланган, унинг бошчилигида фаолият кўрсатган адабий муҳит ва адабиёт намоёндалари мисолида, яратилган асарларнинг шакли ва жанрларида кўриш мумкин. Маданий ҳаёт ва адабий муҳитда ҳам минг сулоласини улуғлашга интилиш устунлик қилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қўқон хонлиги ноҳоятда мураккаб, сиёсий курашлар авж олган бир даврда вужудга келиб, шаклланди. Чунки, хонлик ташкил топган давр Ўрта Осиёда буюк империялар даври ўтиб, маҳаллий йўлбошчи сулола вакиллари турли йўллар билан ҳокимиятни қўлга олиб, қабилавий конфедерация асосида давлат туза бошлаган даврга тўғри келди. Урушлар ва ўзаро курашларга бой бўлган Қўқон хонлиги давлат бошқарув шаклига кўра мутлақ монархия бўлиб, мамлакатда мулкдор табақалар, етакчи уруғлар (минг, қипчоқ, қирғиз, сарой)ларнинг зодагонлари, руҳонийлар, айниқса саййидлар ва хўжалар юксак мақомга эга эдилар.
XIX аср ўрталаридаги сиёсий бошбошдоқлик, ўзаро уруш ва низолар мамлакат ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб, Қўқон хонлиги ҳаётининг барча соҳаларида тушкунлик даври бошланади. Бундан унумли фойдаланган Россия империяси “ўз чегараларида” тинчликни ўрнатиш баҳонасида хонлик ҳудудларини босиб олди ва унинг ўрнига 1876 йилда Фарҳона вилояти ташкил топди. Шунга қарамасдан, Қўқон хонлиги минтақадаги йирик давлатлардан бири сифатида ўзига хосликларга эга бўлиб, Ўзбекистон давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутади.
Қўқон хонлиги ҳукмдорлари (Сагдуллаев А.С. ва бошқ. Ўзбекистон тарихи:…, 233-б. Қисман ўзгартириш киритилди)
- Шоҳруҳбий – 1709-1721 йй.
- Абдураҳимбий – 1721-1733 йй.
- Абдукаримбий – 1733-1750 йй.
- Абдураҳмонбий – тўққиз ой ҳукмронлик қилган
- Эрдонабий – 1751-1753йй.
- Бобобек – 1753-1754 йй.
- Эрдонабий (иккинчи марта) – 1755-1769 йй.
- Сулаймонбек – 1769 йилда олти ой ҳукмронлик қилган
- Норбўтабек – 1770-1801 йй.
- Олимхон – 1801-1810 йй.
- Умархон – 1810-1820 йй.
- Муҳаммад Алихон – 1821-1842 йй.
- Бухоро амири ноиби Исҳоқ манғит – 1842 й. Уч ой.
- Шералихон – 1842-1844 йй.
- Худоёрхон – 1845-1858, 1863(тўрт ой), 1865-1875 йй.
- Маллахон – 1858-1862 йй.
- Шоҳмуродбек – 1862-1863 йй.
- Султон Муродхон – 1863-1865 йй.
- Насриддинбек – 1875-1876 йй.
1. Сагдуллаев А. С. ва бошқ…., 234 — б.
Боҳодир Эшов,
«Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихи»,
Тошкент-2012
nimaga qoqond honligindagi qirgizlar haqkida aytilgan emas, tarih kitoplarin barchasida bolgan narsalardi yashirip yotasizlar