Бош саҳифа » Тарих » Бухоро Халқ Совет Республикаси
Бухоро Халқ Совет Республикаси Қизил юлдуз ордени
Бухоро Халқ Совет Республикаси Қизил юлдуз ордени

Бухоро Халқ Совет Республикаси

Ижтимоий-сиёсий ҳаракат сифатида пайдо бўлган “Ёш бухороликлар” партияси 1910 йилдаёқ ўзларини алоҳида ташкилот сифатида эълон қилган эдилар. Бухородаги жадидчилик ҳаракатидан ўсиб чиққан Ёш бухороликларнинг фаолияти 1917 йилга келиб анча кучайган эди. Шу йилги феврал инқилоби Бухоро амирлигига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Март ойининг бошларида Янги Бухоро, Термиз, Чоржўй ва Каркида ишчи, солдат ва деҳқон советлари тузилди. Бундай шароитда “Ёш бухороликлар” мавжуд монархия тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституцион монархияни ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимиятини чеклаб қўйиш тарафдори бўлдилар.

Демократик кучларга таянган “Ёш бухороликлар”нинг қатъий талаблари асосида Бухоро амири Саййид Олимхон 1917 йил 7 апрелда мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида фармон чиқарди. Ушбу ислоҳотда амирликдаги ўрта асрлар бошқаруви тизимига ўзгартиришлар киритиш, амалдорларни сайлаб қўйиш тизимига ўтиш, амирлик пойтахтида амалдорлар, савдогарлар ва диндорлар таркибида шаҳар хўжалиги, халқ таълими ва соғлиқни сақлашни бошқариш учун мажлис тузиш, шариатни адолатни амалга оширувчи ва солиқларни муқобиллаштириб турувчи ягона ҳуқуқ сифатида эътироф этиш, аниқ давлат бюджети ўрнатиш, савдо-сотиқни ҳар томонлама ривожлантириш, аниқ фанларни ривожлантириш кабилар кўзда тутилган эди. Аммо, бу ислоҳот амалда жорий этилмади.

1917 йил 9 апрелда жадидлар Бухоро шаҳрида ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишни талаб қилиб намойиш ўтказдилар. Аммо, намойишчилар амир ҳукумати томонидан тарқатиб юборилди ва “Ёш бухоролик”ларнинг кўпчилиги жазоланиб, таъқиб остига олинди. Бу воқеалардан сўнг, 14 апрелда амир Олимхон ислоҳотлар ўтказишни рад этди.

Октябр инқилобидан сўнг совет Россияси билан Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетди. Туркистон Республикасининг большевиклардан иборат раҳбарияти Бухоро амирлигининг мустақиллигини расман тан олишига қарамай, амалда унинг ички ишларига доимий равишда аралашиб турди. Бу пайтга келиб “Ёш бухороликлар” партияси ичида турли гуруҳларнинг мавжудлиги, қарашларининг хилма-хиллиги туфайли партиянинг ягона дастурини тузишга эҳтиёж пайдо бўлди. “Ёш бухороликлар” партиясининг марказий комитети бу вазифани 1917 йил ноябрида Фитратга топширди. Абдурауф Фитрат томонидан тайёрланган “Ёш бухороликлар” партиясининг Дастури 1918 йил январида партиянинг марказий комитети томонидан тасдиқланди ва ислоҳот лойиҳаси сифатида эълон қилинди.

Ушбу дастурда Бухоро амирлигида конституцион монархия ўрнатиш, Бухоронинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигини таъминлаш, маданий тараққиётга эришиш, деҳқончилик ва солиқ тизимига алоҳида эътибор қаратиш, Бухорода замонавий армияни ташкил этиш, икки йиллик мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш, давлат ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди. Шунингдек, ушбу лойиҳада Бухорода 10 та нозирликдан иборат Нозирлар Шўроси тузиш таклиф этилди.

Бухоро Халқ Совет Республикаси Қизил юлдуз ордени
Бухоро Халқ Совет Республикаси Қизил юлдуз ордени

Туркистон ХКС Бухоро амирлигига қарши зимдан кураш олиб борди, амир ҳукуматини куч билан ағдариб ташлашга уринди ҳамда большевиклар шу мақсадни кўзлаб бухоролик жадидларни қўллаб-қувватладилар. 1918 йил март ойида Туркистон ўлкаси ХКС раиси Ф.Колесов бошчилигидаги қизил аскарлар Бухоро шаҳрига ҳужум уюштирдилар. Ушбу ҳужум муваффақият билан тугамаган бўлса-да, Бухородаги сиёсий тузумни ўзгартириш учун ҳаракатлар тўхтамади. Саййид Олимхон эса Бухоро жадидларини кучли таъқиб остига олди. Натижада бухоролик жадидлар Самарқанд, Тошкент ва Москвага жўнаб кетишга мажбур бўлдилар.

1920 йил 13-14 июнда “Ёш бухороликлар” партиясининг Туркистон Марказий бюроси бирлашган конференциясида Файзулла Хўжаев тузган Дастур қабул қилинди. Ушбу дастурда амирликни куч билан ағдариб ташлаш ва Бухорони Демократик халқ республикаси деб эълон қилиш талаби қўйилди. “Ёш бухороликлар” йирик бойлар қўлидаги ерларни мусодара қилиш, бепул бошланғич таълим жорий этиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандлар саноати, ички ва ташқи савдонинг аҳволини яхшилаш йўлида амалий чора тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

1920 йилнинг 2 сентябрида М.Фрунзе бошчилигидаги қизил армиянинг шафқатсиз ҳужумларидан сўнг амирликнинг пойтахти Бухоро шаҳри босиб олинди ва Амир Олимхон тахтдан ағдарилди. Шундан сўнг, қизил армия амирликнинг барча бекликларини бирин-кетин эгаллаб, амирликка бутунлай барҳам берди.

1920 йил 14 сентябрда Халқ Нозирлар Шўроси, Бухоро муваққат инқилобий қўмитаси ва Бухоро Компартияси МК нинг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 9 кишидан иборат Абдуқодир Муҳиддинов раислигида Бутунбухоро инқилобий қўмитаси ва 11 кишидан иборат республика ҳукумати – Файзулла Хўжаев раислигидаги Халқ Нозирлар Шўроси тузилди. Бухоро Халқ Нозирлари Шўросининг таркиби қуйидагича эди:

Файзулла Хўжаев – раис, хорижий – ташқи ишлар нозири;

Қори Йўлдош Пўлатов – маориф нозири;

Мухтор Саиджонов – дохилия – ички ишлар нозири;

Усмонхўжа Пўлатхўжаев – молия ишлари нозири;

Нажиб Хусаинов – давлат назорати нозири;

Юсуф Иброҳимов – фавқулодда комиссия нозири;

Мукаммил Бурхонов – адлия нозири;

Баҳовуддин Шаҳобуддинов – ҳарбий ишлар нозири;

Абдулқодир Муҳиддинов – ер-сув ишлари нозири;

Мирзо Муҳиддин Мансуров – савдо ва саноат ишлари нозири.

1920 йилнинг 6-8 октябр кунлари Бухородаги Ситораи Моҳи Хосада Бутунбухоро халқ вакилларининг I қурултойи чақирилиб, унда Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилганлиги эълон қилинди. Бу республика давлат тузуми жиҳатидан халқ демократик ҳокимияти эди. Қурултой давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи олий органи бўлган Бухоро инқилобий қўмитаси ва дастлабки ҳукумат таркиби бўлган Бухоро Халқ нозирлар Шўросини ўзил-кесил тасдиқлади. Уларнинг ваколат муддати II қурултойгача ўзайтирилди.

1920 йил октябрда БХСР билан Россия ўртасида муваққат ҳарбий-сиёсий битим тузилди. 1921 йил 4 мартда эса ҳар иккала давлат ўртасида Иттифоқ шартномаси имзоланди. Ушбу шартномалар ёш Бухоро давлати арбобларининг мустақил сиёсат юритишга қаратилган ҳаракатлари фаолиятини маълум даражада чеклашга олиб келди. Чунки, иттифоқ шартномаси мустақил Бухоро давлати ҳудудида совет қўшинлари сақланишини қонуний қилиб асослаб берди. Бу эса Россиянинг БХСР ички ишларига ҳарбий жиҳатдан қуролли аралашуви эди.

Бухоро Халқ Совет Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлиниши (1920-1924 йй.)

Вилоятлар Туманлар ва кентлар
1 Бойсун Бойсун, Дарбанд, Қумқўрғон
2 Қарши Бешкент, Косон, Чим
3 Бухоро Вобкент, Боёвиддин, Ғиждувон, Қоракўл
4 Ғузор Ғузор, Тангатушар, Янги, Қамаши
5 Кармана Зиёвиддин, Кармана, Хатирчи
6 Нурота Қўшработ, Нурота, Наймантопди
7 Сариосиё Сариосиё, Юрчи, Қоратоғ
8 Шахрисабз Китоб, Чироқчи, Шахрисабз, Яккабоғ
9 Шеробод Термиз, Шеробод, Калиф
10 Гарм Гарм, Дарвоз, Жиргитол, Хаид, Қалъаи Лабиоб
11 Душанбе Ҳисор, Душанбе, Файзиобод, Яван, Янгибозор
12 Кўлоб Кўлоб, Мўминобод, Ховаланг
13 Қўрғонтепа Кобадиён, Қўрғонтепа, Сарой
14 Карки Қизилоёқ, Карки, Халоч, Хожамбоз
15 Чоржўй Денов, Чоржўй, Саёт, Фароб

1920 йилнинг кузида Бухоро Халқ Республикасида дастлабки маъмурий-ҳудудий бўлиниш ўтказилиб, у вилоятлар, туманлар, кентлар ва қишлоқларга ажратилди. Республиканинг пойтахти Бухоро шаҳри муҳим сиёсий-маъмурий марказ бўлиб, бу ерда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини иқтисодий ва маданий ривожланишини бошқарувчи барча ташкилотлар тўпланган эди. Таъкидлаш жоизки, Бухоро республикасидаги маъмурий-ҳудудий бўлиниш ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазиятга қараб тез-тез ўзгариб турган. Мисол учун, БХСР да 1922 йилда 7 та, 1923 йилда 8 та, 1924 йилда 15 та вилоят мавжуд эди.

1924 йил 1 октябрда Бутунбухоро МИК қарори билан Бухоро республикасида маъмурий-ҳудудий бўлиниш қайта ўтказилиб вилоятлар ўрнига қуйидаги 5 та округлар тузилди:

  1. Зарафшон округи – Бухоро, Кармана, Нурота вилоятлари;
  2. Қашқадарё округи – Қарши ва Шахрисабз вилоятлари;
  3. Сурхондарё округи – Шеробод, Термиз, Бойсун, Қарлуқ, Қобадиён, Қўрғонтепа туманлари;
  4. Туркман (Амударё) округи – Карки ва Чоржўй вилоятлари;
  5. Шарқий Бухоро округи – Кўлоб, Бойсун, Сариосиё, Гарм, Душанбе, Қўрғонтепа вилоятлари.

Бухоро республикаси Афғонистон давлати, Хоразм республикаси ва Туркистон АСР билан чегарадош бўлиб, унда мустақил давлатчиликнинг Конституция, байроқ, герб, пойтахт, миллий валюта, қўшин каби белгилари мавжуд эди. Республикада 1921 йил 11 мартда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинган.

Бухоро Халқ Совет Республикаси
Бухоро Халқ Совет Республикаси

БХСР нинг олий органи Умумбухоро қурултойи ҳисобланган. Умумий МИК олий назорат органи сифатида Бухоро Республикасининг ҳукумати Халқ Нозирлар Шўроси устидан ҳам фаолиятни амалга оширган. Халқ Нозирлар Шўроси давлат бошқарувининг олий органи бўлиб, ижро-фармойиш соҳасида кенг ваколатларга эга бўлган. Маҳаллий ҳокимият органлари вилоят, туман, кент халқ шўроларининг кенгашлари ва уларнинг ижроя қўмиталаридан ташкил топган.

БХСРдаги қишлоқ, овул доирасидаги маҳаллий ҳокимият қишлоқ ва овул аҳолисининг умумий йиғилиши орқали амалга оширилган. У оқсоқол томонидан чақирилган ва оқсоқол қишлоқ, овул аҳолиси умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланган.

1921 йил 18-23 сентябрда Бутунбухоро халқ вакилларининг II қурултойи бўлиб ўтди ва унда БХСР Конституцияси қабул қилинди.

Бухоро Халқ Совет Республикаси Конституцияси
Бухоро Халқ Совет Республикаси Конституцияси

Кириш, 16 та боб, 5 та бўлим ва 79 моддадан иборат ушбу конституция БХСР фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Унда давлатни идора этиш учун халқнинг барча вакиллари иштирок этиши алоҳида таъкидлаб қўйилди, хусусий ва савдо эркинликлари ўз ифодасини топди.

Конституция БХСР ҳудудида яшовчи барча фуқароларга тенг сиёсий ҳуқуқлар берди. Конституцияга кўра, БХСРнинг олий органи – Бутунбухоро халқ вакиллари қурултойи бўлиб, у ҳар 2000 сайловчига бир вакил сайланадиган 350 аъзодан иборат эди.

Қурултой ҳар йили бир марта чақирилар, унда республика конституциясини қабул қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш, ҳукуматнинг ҳисоботи ва давлат бюджетини тасдиқлаш каби муҳим масалалар кўрилар эди. Конституцияга кўра, қурултойлар ўртасида қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи олий орган Бутунбухоро МИК ҳисобланиб, Халқ Нозирлар Шўроси давлат ҳокимиятини ижро қилувчи ва бошқарувчи олий орган сифатида ўз вазифасини сақлаб қолди. Халқ Нозирлари Шўроси таркибига раис ва халқ нозирлари кирган. Халқ нозирликлари – адлия, ички ишлар, ҳарбий ишлар, маориф, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий таъминот, савдо ва саноат, молия, деҳқончилик, давлат назорати таркибида ташкил этилган.

Қ.Ражабов тадқиқотларига кўра, БХСРнинг ҳудуди 182,2 минг км² бўлиб, 1920 йилда аҳолиси қариб 3-3,5 млн., 1922 йилда 2,8 млн. киши бўлган. Бухоро республикасида асосан 65% ўзбеклар, шунингдек, 14% тожиклар, 9% қозоқлар, 7% туркманлар, 1,1% форслар ва бошқа халқлар яшаганлар.

БХСРда 1920 йил сентябрида бошлаб миллий валюта муомалага киритилиб, 1922 йил охирида пул ислоҳоти ўтказилган бўлса-да, 1923 йил ёзидан бошлаб миллий валюта Россия рублига алмаштирилди.

БХСР ҳукумати жамиятни демократик тарзда янгилаш учун солиқ тизимини ислоҳ қилди. Амирлик давридаги турли солиқ ва ўлпонлар бекор қилинди. 1921 йил 26 ноябрда Бутунбухоро МИК “БХСРдаги давлат солиқлари тўғрисида қонун” қабул қилиб, унга кўра, 5 та солиқ тури – ушр (ҳосилнинг ундан бир қисми), закот (чорванинг қирқдан бир қисми), ҳунармандчилик устахоналари учун солиқ, савдогарлардан божхона солиғи, турли ҳужжат ва шартномалар тузилганда махсус солиқ олинадиган бўлди.

Россиядаги большевистик ҳукумат БХСР ҳукуматига доимий равишда тазйиқ ўтказиб келди. 1923 йил 3 июнда Москвадан келган бир гуруҳ комиссия БХСР ҳукумати ишларидан қониқмаётганлиги ҳамда “социалистик ўзгаришларни” жадаллаштириш лозимлигини таъкидладилар. Бухоро ҳукуматида коммунистларнинг таъсири тобора кучайиб бориб, ҳукумат таркиби “тажрибали совет ходимлари” билан тўлдириб борилди. Натижада 1924 йил 18-20 сентябрда бўлиб ўтган Бутунбухоро халқ вакилларининг V Қурултойида БХСР Бухоро Совет Социалистик Республикасига айлантирилди. БССРнинг тузилиши комунистлар томонидан сунъий тарзда амалга оширилган ҳодиса бўлди. Оқибатда тараққиётнинг демократик йўли инкор этилиб, “социалистик йўналиш” танланди. 1924 йил ноябрида БССР тугатилиб, унинг ҳудудлари ЎзССР ва ТССР таркибига киритилди.

Боҳодир Эшов,
«Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихи»,
Тошкент-2012

Ўхшаш мақола

Жованни Орландо – Қўқон хони хизматида бўлган италиялик

Post Views: 648 1837 йили Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1842 йилларда ҳукмронлик қилган) томонидан усмонли …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *