Бош саҳифа » Тарих » Туркистон халқлари томонидан Мухторият ҳукуматининг қўллаб- қувватланиши

Туркистон халқлари томонидан Мухторият ҳукуматининг қўллаб- қувватланиши

Туб ерли халқлар давлатчилиги тарихида 1917 йил 28 ноябрдан бошлаб “Туркистон Мухторияти” деб аталган1 ҳукуматнинг ташкил топиши муҳим воқеа бўлди. 1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Бутунтуркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (8 киши) имзолаган махсус Мурожатнома эълон қилинди. Ушбу мурожатномада Туркистондаги барча аҳоли: ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий эътиқодларидан қаътий назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган эди.

Тарихий маълумотлар шундан далолат берадики, Мухторият ҳукумати Туркистон халқлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланган. 1917 йил 6 декабрда Тошкентдаги Жомеъ масжидида ўтказилган митинг бунинг ёрқин далилидир. Митингда 60 минг киши қатнашган эди. “Улуғ Туркистон” газетасида келтирилган маълумотларга кўра, “Масжиднинг ички саҳни ва томлари одам билан лиқ тўлган”. Митинг Саидғани Маҳмуд раислигида ўтиб, Мунаввар қори, Мулла Одил, Шерали Лапин ва бошқалар унинг ўринбосарлари эди. Митингга йиғилганлар Мухториятни бир овоздан маъқулладилар ва бундан буён Туркистонда ана шу Муваққат ҳукуматдан бошқа ҳеч қандай ҳукуматни тан олмасликка қарор қилдилар. Митинг якунида Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди. Унда шундай дейилган эди: “Биз мусулмонлар синф ва даража айирилмаларига қарамасдан, Туркистон Мухториятини олқишлаган ҳолда, Қўқондаги фавқулодда съезд тарафидан эълон этилган Туркистон халқ ҳукумати вужудга келтирув ҳақидаги қарорга бутун вужудимиз бирла қўшилиб…, биз ўлкамиздаги ҳамма мусулмонларни Мухториятли Туркистон ҳукумати атрофида жипслашиб, ҳозирга ўлка идораси бошида бўлиб турган муваққат ташкилотлар билан қандай бўлмасин душманларча муомала қилувдан сақланишга даъват қиламиз.

Туркистон Мухторияти амалий суратда тезроқ вужудга келиши учун тинч ва тотувликни сақлашимиз керак. Яшасин Мухториятли Туркистон !”2

Туркистон халқлари томонидан мухторият ҳукуматининг қўллаб-қувватланганини ўлканинг турли шаҳар ва қишлоқларида Мухториятни олқишлаб, кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтганлигида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 1 декабрда Наманган уездида 100 мингга қадар киши иштирок этган намойиш бўлиб ўтди. Унда намойишчиларнинг байроқларига “Яшасин мухториятли Туркистон ва унинг ҳукумати!” -деб ёзилган сўзлари ҳилпираб турар эди.

6 декабрда Жалолобод волостига қарашли Хонобод қишлоғида ҳам Мухторият эълон этилиши муносабати билан намойиш ўтказилди. Бир неча мингдан ортиқ киши Фозилхон мозоридан то бозорга қадар йиғилиб турди. Намойишда Абдулла эшон ва Ҳусейн Валидий сўзга чиқиб, халққа Мухториятнинг ташкил этилиши, мақсадларини тушунтиришди. 7 декабрда эса Қўқон шаҳрида, декабр ойида Самарқандда ҳам туб ерли аҳолининг Мухториятни қўллаб-қувватлаган мажлислари бўлиб ўтди. Каспийорти вилоятида чақирилган вилоят совети съездида Туркистон Мухториятига қўшилишҳақида қарор қабул қилинди.

Миллий матбуотда Туркистоннинг таниқли маърифатпарварлари, сиёсий ва жамоат арбоблари ўз мақолаларида мухториятни табрикладилар. Жумладан, Абдурауф Фитрат “Мухторият” деб номланган мақоласида Туркистон мухторияти ҳақидаги ўз фикр–мулоҳазаларини қуйидагича ифодалайди: “Туркистон мухторияти… Темур ҳоқонининг чин болалари ёнида, туркистонли тубчак турклари орасинда, мундан уғурли, мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркнинг қонини қайнатувчи, иймонини юксалтирувчи бир қувват бор эса ёлғуз шу сўзда бордур: Туркистон Мухторияти!

Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остиға олинди – тузумли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруқға бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтирдик, иймонларимизла авраб сақладик: Туркистон Мухторияти!

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртғувчи жандарманинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурилғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузулди, кўзимиз ёруқсиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушгун руҳимизни кўтармак учун шул қоп қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўра эди. Ул нима эди? Туркистон Мухторияти! 3

Туркистон Мухторияти” ҳақидаги маълумотларни туб ерли аҳолига етказиш учун газета ва журналлар саҳифаларидан кенг фойдаланилди. “Эл байроғи, “Бирлик туғи”, “Свабодный Туркестан”, “Известия Временного Правительства Автономного Туркестана” каби ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр қилина бошлади. Айниқса, аввал чиқаётган “Улуғ Туркистон” газетаси ўз саҳифаларида мухторият ҳукумати фаолиятига алоҳида ўрин бера бошлади. Нашр ишларини яхшилаш учун О.Маҳмудовнинг босмахонаси ҳукумат ихтиёрига ўтди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзолари имзо чеккан “Мурожатнома”да съезд қарорлари ва ҳукуматнинг яқин иш режалари хусусидаги маълумотлар билан бирга, бутун Туркистон аҳлига чақириқ ҳам бор эди. Унда Туркистоннинг барча фуқаролари-мусулмонлар, руслар, яҳудийлар, ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар, ўлкада яшаб турган барча элатлар ва халқлар, шаҳар ва земство бошқармалари, сиёсий, ижтимоий ва касаба уюшмалари, барча давлат, жамоат ва хусусий муассасалар Туркистон халқ ҳокимияти атрофида бирлашиб, унинг зиммасига юкланган вазифаларни ҳаётга жорий этишда кўмак беришга чақирилган эди.

Туркистон Мухторияти эълон қилинганининг дастлабки даврларида туб ер аҳолисининг мухторият ҳукуматини қўллаб қувватлаган митинг ва намойишлари янада жонланди. Тошсоветга ўша кунлари Эски шаҳар аҳолиси номидан митинг ва намойиш учун ариза тушди.

Тошсовет қарорига кўра, митинг ва намойиш Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ўтказилиши маъқулланиб, Янги шаҳарда ўтказилишига рухсат берилмади. Туркистон большевикларининг нашрига айланган “Наша газета»нинг ахборотига кўра, “Тошсовет бу билан мусулмон аҳолисининг кенг оммаси рус аксилинқилобчи тўдаларининг найрангларига учиб, кўр-кўрона равишда жабрдийда бўлиб қолмаслигининг олдини олган”4 эди. “13 декабрь куни эрта тонгда Эски шаҳар байрам қиёфасида эди”-деб ёзилади “Улуғ Туркистон” газетасида. Ҳар тарафдан, кўча ва тор кўчалардан Шайхонтоҳур масжиди томон гуруҳ-гуруҳ одамлар оқиб кела бошлади. Соат 12 ларда кўп минг кишилик йиғин тўпланди. Ҳукумрон партияларнинг раҳбарлари ва Халқ Комиссарлари Совети (Совнарком) аъзолари митинга қўшилди”5. Намойишга мусулмонлардан ташқари руслар, яҳудийлар, арманлар, шунингдек большевиклардан бошқа турли ижтимоий сиёсий ташкилотларнинг вакиллари ҳам чиқишди. Намойишчилар Шайхонтоҳур масжиди олдида йиғилди. Тўпланганларнинг бошлари узра 100 га яқин қизил- мовий ва яшил байроқлар ҳилпирарди. Митингни Мунавварқори очади. Митингда турли ташкилот ва уюшмалар вакиллари нутқ сўзлади. Ушбу митинг қатнашчилари Мухтор Туркистон ҳукуматини бир овоздан маъқулладилар ва Туркистонда энди ушбу муваққат ҳукуматдан бошқа ҳеч қандай ҳукуматни тан олмасликка қарор қилганликларини эълон қиладилар.

Мухторият ҳукумати миллий қўшин ташкил қилишга киришди. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида 1918 йил бошларида ўтказилган кўрик вақтида аскарлар 2000 киши бўлган. Ҳукумат иқтисодий соҳада 30 миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Шунингдек, ҳукумат аъзолари очарчилик чангалида қолган Туркистон аҳолисига Кавказдан Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун амалий қадамлар ташлади.

Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ орасида катта эътибор қозонди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари ўзбек халқининг оташин шоирлари мухторият ҳукуматини алқаб шеърлар битдилар.

Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун мавжуд бўлган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил топганининг 100 йиллиги нишонланаётган фарахбахш кунларда миллий давлатчилигимизнинг тарихи ҳақида ёш авлодга кенгроқ маълумот беришда Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қисқа фурсатда амалга оширган тадбирлари, туб ерли аҳолининг бу ҳукуматни қўллаб-қувватлаши масалаларини илмий асосда таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Умар РАШИДОВ
Бух ДУ, т.ф.н., доцент

Ю.ҲАЙДАРОВ
т.ф.н., доцент.

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 “Улуғ Туркистон”, 1917й, 8 декабрь, “Туркестанский вестник”, 1917, 1декабрь

2 “Улуғ Туркистон”, 1917й, 8 декабрь

3 “Ҳуррият”, 1917й., 5 декабрь

4 “Наша газета”, 1917., 15 декабрь

5 “Улуғ Туркистон”, 1917й, 13 декабрь

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *