Бош саҳифа » Тарих » Ғози Юнус ва Туркистон Мухторияти
Туркистон мухторияти байроғи

Ғози Юнус ва Туркистон Мухторияти

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий жамоаси томонидан яқиндагина нашр юзини кўрган “Тарихнинг номаълум саҳифалари” даврий тўпламининг 6 – китобида жадидшунос олим Сирожиддин Аҳмаднинг “Ватан ва халқ манфаатини кўзлаган адиб” номли мақоласида таниқли журналист, ношир, драматург Ғози Юнус (1887-1942) ҳаёти ва унинг публицистик мероси ҳақида атрофлича маълумот берилган эди. Айниқса, унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ янги, шу вақтгача бирор жойда эълон қилинмаган ахборот китобхонлар томонидан илиқ қарши олинди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ғози Юнуснинг бадиий ижодий, публицистик мероси, таржималари, хуллас фаолият кўлами ниҳоятта улкан ва уни бир ёки бир неча мақола доирасида қамраб олишнинг асло иложи йўқ. Олим Сирожиддин Аҳмаднинг мазкур мақоласини эса Ғози Юнус ижодини ўрганишда шубҳасиз, яна бир залворли қадам бўлди, дейиш мумкин.

Қуйида биз Ғози Юнуснинг Туркистон Мухторияти билан боғлиқ ижоди ва фаолияти ҳақида тўхталамиз. Дарҳақиқат, мадрасада ўқишни давом эттиришга имконияти бўлмаган Ғози Юнус бир муддат отаси билан бирга устачилик қилади. Бу жараёнда рус тилини ўрганган Ғози Юнус 1916 йил мардикорликка олинади ва “7-сотий таржимон” унвонида Лапландия губерниясида тилмочлик билан шуғулланади. Ғози Юнус мардикорчиликда юрган даврда душман ўқидан яраланади. Шундан сўнг 3-гуруҳ ногирони сифатида хизматдан қайтарилади. Марказий Россиядаги аҳвол билан яқиндан танишган Ғози Юнус Тошкентга келиб, сиёсий кураш майдонига киради ҳамда Тошкент шаҳар Мусулмон ишчилари шўросини ташкил этишда бош-қош бўлади. У Мусулмон ишчилари шўросида ижроқўм саркотиби, хазиначиси вазифаларини бажаради. Шунингдек, унинг ташаббуси билан шўро қошида дўхтирхона, китоб дўкони ва қироатхоналар иши йўлга қўйилади. Ғози Юнуснинг бевосита раҳбарлиги остида Тошкент шаҳар Мусулмон ишчилари шўросининг нашри афкори сифатида “Ишчилар дунёси” журнали ташкил этилади. Журналнинг мазмун мундарижасидан шу нарсани англаш мумкинки, гарчи муҳаррир бошқа бўлсада, унинг моҳиятини Ғози Юнус мақолалари очиб беради. Журналнинг “Муқаддима”, “Мақсад ва маслак” деб номланган кириш мақолалари ҳам жадид матбуоти анъаналарига зид ҳолда муҳаррир эмас, айнан Ғози Юнус томонидан ёзилгани ҳам юқоридаги даъвомизни асослантиради. У муқаддимада дастлаб, юз берган инқилобни қўллаб-қувватлайди ва бир пайтда маҳаллий аҳолини сиёсий фаолликка чақиради. “Ишчилар танбал бўлманг, алданманг фаол бўлинг акс ҳолда яна қонинггизга ташна кучлар ҳокимиятни эгаллаш пайида шошилишмоқда. Пайтдан унумли фойдаланинг бирлашинг”1 қабилидаги ташвиқоти билан Мулло Ғозий (Ғози Юнус) барчани большевикларнинг таҳдидига қарши қўлни қўлга беришга чақиради.

“Мақсад ва маслак”да эса у “Маслагимиз программамизни тўлиқ амалга ошириш. Унда шариати набавияда устивор туриб, қўл учи билан кун кўрувчи фақир халқимизни моддий ва маънавий жиҳатларини яхшиламакка интилиш, шу йўлда съездлар, йиғинлар ташкил этиш, иш бориши билан ишчилар учун мактаблар, дорулфунунлар, қироатхоналар, шифохоналар ва маданий муассасалар бунёд этиш, саноатни йўлга қўйиш, сиёсатда чор микробларини суриб ташлаб, ўрнига турк ислом сиёсати ўрнатмоқ йўлида жон фидо этмакдир. Вассалом” деб маҳаллий тараққийпарварларнинг асл мақсадларини очиқ баён этади. Журналнинг илк сонидаги “Адабиёт рукни”да Ғози Юнус “Ишчи” имзоси билан ёзган шеъри юқоридаги фикр ва ғояларини назмий тилда ифодалайди.

Мулла Ғозийнинг “Бизда ташкилотлар” мақоласида баҳорги гиёҳлардек қисқа вақтда пайдо бўлган кўплаб уюшма ва ташкилотларнинг орадан озгина вақт ўтмай ички низо ва нифоқлар натижасида фаолиятсизланиб боришини ёзади. Бунда сиёсатни ичидан тушунмаган, сайловларни фақат депутат бўлиш деб билган манфаатпараст, худбин инсонларнинг сиёсий ташкилотларни халқнинг, миллатнинг ягона бирлигини юзага келтириш учун бир имконият деб билмасликларидан ташвишланади. Халқнинг золим Николай ва Мачаловлар томонидан қўрқитиб қўйилгани, Остроумов ва унинг шогирдлари томонидан диннинг таҳқирланиши, уларнинг ғаразли сиёсатлари оқибатида ўлкадаги инсонлар ва гуруҳларда ички зиддиятларнинг юзага келтирилгани ҳамда ҳамон бу низоларнинг илдиз отиб бораётганига эътибор қаратади. У халқни сиёсий курашда бирликка даъват этиб, “Биродар ишчилар қўйинг ғафлатни, ташланг нифоқни, ушланг иттифоқни!!! деган чақириқ билан мақолани якунлайди”2.

Ғози Юнуснинг “Ишчилар съездига бўҳтон” номли мақоласида “Хўқанд шаҳрида 25 декабрда Туркистондаги мусулмон ишчи, деҳқон ва солдатларининг фавқулодда қурултойлари чақирилди. Бу қурултой Туркистон ўлкаси учун ҳокимият ва усули идора масаласини ҳал қилажаги учун мусулмон ишчи ташкилотлари яхши аҳамият бердилар. Қурултойга вакиллар кутилганидан ортиқ йиғилдилар. Съезд Тошкентдаги марказий ҳарбий шўронинг ташаббуси ила чақирилган эди. Туркистондаги ҳамма ишчи ва солдатлар ташкилотга телеграмлар юборув, устига газеталар воситасила умум хитобнома чиқорилган эди. Мусулмон ишчилари шўроси Қўқондан телеграм олув билан Тошкентдаги ишчи жамиятларидан вакил чақириб, Хўқанддан келган телеграмни ўқиб эшиттирди ва ҳар бир ишчи жамиятидан вакил юбормакка тавсия қилди ва мусулмон ишчилари шўроси ўз тарафидан 10 киши юбормакка қарор қилди. Бошқа жамиятлардан ҳам вакиллар юборилмакка ҳаракат қилди. Таассуфки, бир неча большевик тарафдори ишчи жамиятларимиз очиқдан очиқ Хўқанддаги мусулмон ишчи, солдат биродарларини съездига вакил юбормакдан имтиноъ (рад) этдилар.

Хўқандда ҳам бир неча большевик тарафдорлари мусулмон ишчилари съездини бузмоққа ҳаракат қилдилар, муваффақ бўла олмадилар. Съезд ўтгандан кейин большевикларнинг нашри афкори (“Наша газета”)да Ҳўқандга йиғилган мусулмон ишчилар буржуйларга сотилган, мандатний комиссия ҳам бойларнинг тарафидан қўйилган, қарорларни ҳам бойлар ёзиб киргизган деб билчироқ (бўҳтон) сўзларни ёзган ишчи, албатта ўз миллатини бир қадоқ нонга сотган мусулмон ишчиси бўлса керак. Ёки ҳақиқатда мусулмон бўлмаса керак. Шундоқ ёлғон билчироқ келишмаган сўзларни ўзини ҳукумат деб турган большевиклар, умумрабочилар фикри деб ёзиб чиқориши ғоят ахмоқликдир3, дейди. Мақола Туркистонда большевиклар фитнаси кундан кунга авж олаётган бир пайтда эълон қилинди. Боиси, бу пайтга келиб большевиклар Туркистон мухторияти ҳукуматини тор-мор этиш масаласига жиддий киришган эдилар. Бунда Тошкент уламоларининг азалдан чор охранкаси билан ҳамкорлик қилган ўта мутаасиб ва қўрқоқ қисми ҳамда ўзларини маҳаллий ишчилар вакиллари деб кўрсатган айрим миллий хоинлардан фойдаланади.

“Ишчилар дунёси”да чоп этилган Ғози Юнуснинг энг ёрқин мақолаларидан бири “Ҳурриятми ёки истибдод!”дир. Унда муаллиф большевиклар ҳукуматининг иккиюзлама сиёсатини аёвсиз фош этади ва журналхонларга буюк бир жасорат билан большевикларнинг ҳақиқий сийратини кўрсатиб беради: “Россиянинг буюк инқилоби соясинда вужудга чиқмиш ҳурриятдан тўрт кўз ила кутдигимиз умидлар бутун бўшға чиқди. Ҳурриятнинг энг яхши шиорлариндан бўлган ҳуррияти калом, ҳуррияти матбуот большевиклар ҳукумати тарафиндан шундоғ доирага келдики, Николай Романов замонасиндан-да бадтар бўлди. Мустабид аталган Николай ҳам матбуот оламин бу даражада исканжага олган эмас эди.

Ҳуррияти калом эса ўз оғзингдаги тилингга тишларингни цензор қилиб қўймасанг халқпарвар аталган (товаришлар) зулминдан омон бўлмассан. Ҳуррият эълон қилингандан сўнг Россия демократиясининг программасида ёзилган “бирлик, биродарлик”, дин, миллат айирмаси йўқ ҳамма ҳуқуқда баробар, деб қичқирганлари ҳаммаси кўз бўямаси экани кун каби ошкора бўлди. Ҳукуматнинг бўяма демократлар ҳукуматни ўз қўлларига олганича халқни алдаганлари маълум бўлди.

Эндиликда ҳукуматни қўлларига олиб, (қоч, баҳо олдин гаврон тегадир) деб аввалги фикр, маслакларин тамом ўзгартиб ҳурриятга фақат рус ишчи, солдатлардан бошқа ҳеч бир кимса ноъил бўлолмас, дерлар. Далил учун бошқа миллат ишчиларига неча хил номлар қўюб улгурганлар.

Агарда ўртадан сўз қўша қолсак аллақанча жавоблар тайёр. Чунончи, сиз мусулмон ишчилари организовнний эмас, буржуйларга сотилган каби йўқ сўзлар бирлан жавоб қайтарурлар. Тўғриси, бизим шаъриятга боқсак коммуна ва социализация ер хусусинда Туркистон мусулмонларига тўғри келмайдир4. Шунинг учун биз уларнинг кўп ишларига қарши турамиз. Шунинг учун биз мусулмон ишчиларни бойларга сотилган деб туҳмат қилодирлар.

Хулосаси: биз ҳам тутган йўлимиз демократия, яъни халқпарварлик маслагидир. Агарда биз бу йўлни ташлаб, большевик биродарларимизнинг ноғорасига ўйнасак, албатта, бир оз таваришларимиздан фойдаланган бўлур эдик. Бизни буржуйларга сотилган, деб туҳмат ҳам қилмасдилар. Ҳар бир миллатин ватанин суйган ишчи иштирокиюнлик (коммунистлар) мазҳабидан қочса керак.

Социалистлик ер хусусинда бизни Туркистон учун энг хўрлик экани ҳар ақли салимнинг маълумидир. Чунки, Туркистон мусулмонларини 95% ерлик сувликдир. Энг озчиликни ташкил этган 5% ерсиз киши шиорни:

Мискин эшак айлади дум орзу,

Топмади дум, берди илкиндан қулоқ! – деганига ўхшаш. Бу иш мусулмонларни кўп миқдорда эпкин жойлари ажнабий миллатлар қўлига ўтмоғига сабаб бўлса керак. Келажак Туркистонни истиқболига буюк бир зарба бўлиб тушадир. Бинобарин, биз мусулмонларни огоҳлантирамизки, Туркистонга асло социалистлик қонунин ер хусусинда жорий қилиб бўлмайдир. Бу йўлда шариатимиз, жуғрофий ҳолимиз асло масоъида этмас. Аллоҳ сақласин, биз мусулмонлар Туркистонда ер социализациясига йўл берсак, ўйламайликки, ўз еримиз, ўз қўлимизга тегадир деб, энг мунбит туфроқимизга чифта кафш (чибота) кийган жонуворлар эга бўлиб, бизларга хўжалик қила бошларлар.

Таассуфки, биз мусулмон ишчилари ўртасига социализм маъносига тушунмаган кишилар кириб ишчиларни миясини чирита бошлайди. Ишчи халқимизни огоҳлантирамизки ажнабийларнинг дасиса(фитна)сига учмасдан аввалдан шарлотонлиги билан маълум бўлган маслаги бузуқ шайтонларнинг сўзларини эътиборга олмасдан ҳар ишда маслаҳатларингиз бўлса, “Мусулмон ишчилари шўроси”га мурожаат қилсангиз экан. Шунинг баробаринда ҳар миллат ўзини миллий ғоясини вужудга чиқармакка чолишмоғи табиийдир. Шунинг учун биз, мусулмон ишчилари, миллатимизга зарар келтирадирган ҳар бир ишдан ижтинок қилиб Ватанимиз миллатимизни тараққий таолосига чалишсоқ керак.

Биз, мусулмон ишчиларини тутадирган йўлимиз шариат асосига қурилган демократлик йўлиндадир, демократликни айни асоси бизни шариатимизда бўлган сабаблик биз, албатта, шул йўлда хизмат қиламиз.

Бир фирқа мусулмонлар ўртасида қора кучлар фахри коинот афандимиз ҳазратларининг энг дўст тутган демократликларини қаршисига чиқиб, латиф демократни қоралаб, ўзларинча йўқ, нолойиқ маънолар бериб халқни демократ лутфидан қўрқитиб битирдилар. Аслида демократия лутфи Оврупода умум бир лисон бўлиб, том маъноси бирлан халқпарвар деган сўз, албатта, пайғамбаримиз ҳам халқпарвар эдилар.

Замонларча инсоният оламинда ҳеч маслак халқпарварлик маслагидан яхши эмас. Мана, биз, мусулмон ишчилари демократлик маслагини ўз шариатимизга тадбиқ қилиб ҳоҳ ҳуррият, ҳоҳ мухториятни демократлик нуқтаи назардан қараб Туркистонда яшагувчи тамом миллатларга бир текис бўлмоғини хоҳлаймиз. Бир миллат ёки бир фирқа ҳуррият, мухториятдан фойдаланиб, бошқалар билъакс зарар кўрар эканлар. Биз муни ҳуррият демай, балки истибдод деймиз…..

Ҳозирда ҳаммани маълумидирки, рус ишчи биродарларимизнинг тутган йўли мустабид чор ҳукуматининг тутган йўлидан ҳам зиёда бўлиб кетди. Мунга бир неча далиллар келтириб ўтамиз. 31 декабрда Тошкентда мухторият намойиши вақтида бутун дунё ишчилари бизни туғишган биродарларимиз деб мақтанган товоришларимиз Ўрда оғзинда мусулмон ишчилари байроғида русча “Яшасун бутун дунё ишчилари” деб ёзилган ёзувни кўра туриб милтиқ, пулимиётдан отиб бир неча ўнлаб биродарлари пролетариатни ноҳақ ўлдирдилар.

Иккинчи бутун Туркистонга ҳақиқий мусулмон ишчи ва солдатларнинг Хўқанддаги краёвой съездларида большевиклар вакиллари биз бу съездни пролетариат съезди, бу қилинган талабларни тамоман ҳақлик талаб биламиз, деган эдилар. Съезд ўтганидан кейин маълум 1-2 виждонсиз ишчи фикрин Бутун Туркистондаги мусулмон ишчиларининг фикри деб “Наша газета”да босиб чиқардилар.

Учинчи, Чор ҳукуматининг энг ёмон одатидан бўлган газета журналларни ёпув, муҳарририга жазои нақдия солув, ҳибс қилув каби ишларда большевиклар цензори Николай цензорларидан неча даража ошурдилар.

Тўртинчи, рус ишчилари эски ҳукумат замонасиндаги бир генерал вазифасин олиб турган ҳолда мусулмон ишчилари ош тополмай, ялонғоч юрибдурлар. Қисқаси большевик биродарларимизнинг қилиб турган хатоларини ёза берсанг бир неча жилд китоб бўладир.

Ҳурриятдан мусулмонлар ва биз мусулмон ишчилари бир тийинлик фойда кўрмадимиз. Билъакс, Николай замонидан ҳам бадтар кунларни ўткариб турибмиз. Ҳеч вақт биз мусулмонлар буни ҳуррият деёлмаймиз5” деб хулоса қилади Мулло Ғози.

Мулло Ғозий Туркистон маҳаллий аҳолисининг большевиклар ва бошқа партиялар томонидан тобора партиячилик фитнасига тортилаётганидан ташвишга тушади. Унинг “Фирқа ва маслаклар хусусинда” номли мақоласида “… Ҳурриятдан кейин ҳеч бир қулоқ эшитмаган фирқа ва маслаклар пайдо бўлиб маданиятда энг тубан бўлган бизнинг мусулмон халқининг миясини қотирди. Маданиятлик овруподан чиқган бу партиячилик, маданиятсиз Туркистонимизнинг бошига битган балои азим бўлди. Бечора бизим ишчи халқ бир нуқта йиғилиб, бир ерга мушт урадирган фурсатда ажнабийларга қуйруқлик вазифасин адо эта бошладилар. Ҳурриятдан илгари ҳеч бир нарсани маъносин билмаган мусулмонларимиз ҳозирда фирқачилик даъвосин қила бошладилар. Лекин, ҳеч бир партия ўзининг тутадирган йўлини ва қиладирган ишини билмайдир. Бинобарин, биз мусулмон ишчи биродарларимизни аввало иттифоқга даъват қилиб четлардан нажот кутмасдан ҳаммамиз бир байроқ тагига йиғилиб ўз ёзмишимизни ўз қўлимизга олмоқликни тавсия қиламиз”6 дейди. Муаллиф журналнинг шу сондан дунёдаги илм-фан янгиликлари, фалсафий қарашлар, партиялар ҳақида маълумотлар бериб боришни ўқувчиларга ваъда беради. Шундан сўнг Мулло Ғозининг социалистик ғоялар, унинг ватани ҳамда асл моҳиятини уқтиришга қаратилган йирик бир мақоласи босилди. Мақола мазмунидан шу нарса маълум бўладики, Туркистон зиёлилари, хусусан, Ғози Юнус социализм ғояси, унинг келиб чиқиш сабаблари ва Германия, Франция социалистик қарашлар тарихидан жуда яхши хабардор бўлганлар. У ҳаттоки, большевиклар илгари сураётган ғоялар социализм ғояларигагина эмас, ҳеч бир инсоний ғоя ва қарашлар қолипига мос эмаслигини ҳам исботлаб беришга эришади.

Ғози Юнуснинг “Большевиклар ва Мухторият ҳукумати истеъфо” мақоласида “Тошкентда бўлган ишчи, солдатларнинг съездида большевикларнинг аксарият бўлиб Қўқонда эълон этилган Мухториятни тарқатмакка қарор берилди” дейилади. Муаллиф большевикларнинг ноҳақ даъволари ҳақида тўхталиб, “Тошкентдаги мусулмон ташкилотлари демократик жиҳатдан қурилмаган. Шунинг учун улар демократический ташкилот бўлганича ҳукумат халқ комиссарлари қўлида турадир. Кейин мусулмон ишчиларига топширишга қарор қилдилар. Биз уларга таҳсинда!?7 деб аччиқ истеҳзо қилади.

“Уламо жамияти”нинг “Ал-Изоҳ” журналида мулло Пирмуҳаммад Аъламнинг “Баёни ҳақиқат зарифона” мақоласи чоп этилган эди. Унда муаллиф Туркистон мухториятни бадиий бир тўқима орқали номаълум ҳомила билан қиёслайди. “Ишчилар дунёси”да “Ишчи” (Ғози Юнуснинг адабий таҳаллусларидан бири) эса “Диний мажаллада эътиборсизлиқ” номли мақоласи билан унга қарши ўзининг жуда қаттиқ нафрат билан норозилигини баён қилади ва Туркистон халқларининг азалий орзуси бўлмиш муқаддас Мухториятни улуғлайди8.

Ғози Юнус журнал саҳифаларида нафақат Туркистон мухторияти ҳукуматини тарғиб ва ташвиқ этиш, балки Туркистонда кечаётган ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга, муаммоларга ҳам кенг эътибор қаратади. Жумладан, халқни оғир аҳволга солаётган очарчилик билан боғлиқ воқеликлар ҳақида ёзиб, “Қўқонда очлик авж олиб, очлар тиланчилар гуруҳлари пайдо бўлди. Ҳатто, очликдан айрим одамлар шишиб ўла бошлади. Мухторият ҳукуматининг таклифи билан Қўқон шаҳрида “Закот ва хайрия” жамияти тузилиб, шаҳарнинг 16 ерида қозонлар очилди. Унда ҳафтада бир кун ош, қолган кунлар гўшт, мош, ёғлардан бир мартадан таом тайёрланиб, оч ва қашшоқларга текин тарқатиш йўлга қўйилди”9, деб хабар беради. Шу хабар билан Тошкент бошқа шаҳарлар бойларини ҳам шундай жамиятлар очишга ҳамда ёшларнинг бу ишда ҳар доим хизматда бўлишларини ташвиқ қилади.

“Ўринлик иона ва ҳам бошқа маҳаллалар учун ўрнак” номли хабарда эса Тошкентнинг Себзор даҳаси 3-Охунгузар маҳалласида Абдухалил Маннофхўжа эшон ва Мулло Ғозийлар ташаббуси билан муҳтожлар фойдасига иона йиғилгани ёзилади. Тадбирда бойлардан жами 9225 сўм йиғилган ва журналда бу ҳимматли бойларнинг рўйхати, уларнинг берган пуллари миқдори келтирилади. Мулло Ғози бу ишни янада давом эттирилишини журналхонларга ваъда беради10. Журналнинг 4-сонида “Очлик балоси” номли хабарда мулло Ғози, “Тошкент атроф мусулмонларидан кетган очлар билан тўлди. Масжиддаги йиғинда 50 сўм пул йиғилиб, бир қирғиз оиласига бердик. Аммо, у ҳеч нарсага етмайди, уларга худонинг раҳми келсин”, дейди. Шунингдек, Тошкент савдогарларидан хайрия йўли билан 115 сўм йиғилгани ва Хўжа Аҳмадбой Шераҳмадбой ўғлининг ўзи 100 сўм иона қилганини ёзади11.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ғози Юнус ўзининг ўтли мақолалари ва фаол ҳаракати билан Туркистон мухториятини охиригача қўллаб қувватлади. Бутун халқни Мухториятли Туркистон ғояси атрофида бирлашишга ундади. Қизил қўшин томонидан Мухторият тор мор этилганидан сўнг эса унинг аччиқ қисматига ҳаммадан кўп ачинди, большевикларнинг истибдодига қарши халқни яна курашга чорлашда давом этди. Ғози Юнус бу курашни то умрининг сўнгги кунларигача тўхтатмади. Унинг журналистлик қалами тарихимизнинг энг жўшқин ва энг таҳликали онларида чархланди. Элим, юртим, миллатим, истиқлолим, истиқболим деган зотларнинг қони дарё бўлиб оққан вақтларда ҳам Ғози Юнус қўрқув нималигини билмай ижод қилди ва у тарихимизда ёрқин ватанпарвар ҳамда чексиз жасорат соҳиби бўлган журналист сифатида қолди.

Баҳром ИРЗАЕВ
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими

Икром ҚОДИРОВ
ТТЕСИ қошидаги академик лицей маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Мулло Ғозий. Муқаддима // Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

2 Мулло Ғозий. Бизда ташкилотлар // Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

3 Мулло Ғозий. Ишчилар съездига бўҳтон //Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

4 Ер социализацияси хусусинда Германиянинг биринчи социалистларидан К.Маркснинг таснифлариндан энг аҳамиятга жоиз жойлариндан кўриб, иншааллоҳ журналимизни келаси номерларига ёзиб турармиз. Бизнинг Рус социалистларига тамом социалистликни ўзгартириб, анархистлик йўлига тушиб кетдилар. К.Маркснинг фикрларига қараганда социализмда ҳеч ер бўлмоқлик чиқмайдир. Биз ҳам социализация хусусинда К.Маркснинг шариатимизга татбиқ қилиб бир хил фикрига қўшиламиз. Большевикликни ҳам шариатимиз масоъида қилган ерига қарши эмасмиз…

5 Мулло Ғозий. Ҳурриятми ёки истибдод // Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 февраль

6 Мулло Ғозий. Фирқа ва маслаклар хусусинда // Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 март.

7 Мулло Ғозий. Большевиклар ва мухторият ҳукумати истеъфо // Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 март.

8 Мулло Ғозий. Диний мажаллада эътиборсизлиқ // Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 март.

9 Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 февраль.

10 Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 февраль.

11 Ишчилар дунёси. 1918 йил 1 март.

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 491 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *