Сулола. Долимовлар шажараси. Узоқ мозийга бир назар (Ҳайтабек ва Норбек). 2-қисм

давоми…аввалги қисм

1864 йилда генерал Черняев Авлиёота (1938 йилдан эътиборан Жамбул номи билан аталган) ва Чимкент шаҳарларида эришган ғалабаларидан маст бўлиб, тўхтовсиз 1864 йилнинг сентябр ойида, қиш келгунча шаҳарни эгаллаш мақсадида, Тошкентга юриш бошлади. Бу вақтда Норбекнинг йигирма беш ёшларга бориб қолган жисман ниҳоятда бақувват, барваста, навқирон ўғли Комилбек Кўкалдош мадрасасида ўқир эди. Шаҳарнинг бошқа мадрасаларида бўлгани каби Кўкалдош мадрасасининг бош мударриси Солиҳбек Охунд додхоҳ талаба-ёшларни Ватан, халқ ҳимоясига, ғазавотга чорловчи оташин нутқ сўзлайди, унинг сўзлари талаба-ёшларни ларзага солади. Ҳайтабек ўғли Норбек Ватан ҳимоясига отланган тўнғич ўғли Комилбекка оқ фотиҳа берди. Комилбек юздан ортиқ талаба йигитлар билан шаҳарнинг Қўқон дарвозасида Ватан ҳимоячиларига қўшилдилар ва босқинчиларни чекинишга мажбур қилдилар. Қўқондан амирлашкар Алимқули бошчилигидаги катта лашкар Тошкентга етиб келгач, Комилбек ва унинг ҳамроҳлари шаҳарнинг навқирон йигитларидан тузилган лашкар билан бирлашди. Амирлашкар Алимқули Қўқон ва Тошкентнинг ватанпарвар йигитларидан 12 минг кишилик сара янги лашкар тузиб, уларга жасоратли йигитлардан бошлиқлар белгилайди. Тошкент ҳимоясида ўз жасорати билан амирлашкар эътиборини қозонган, бутун қиёфасидан миллий ғурур, ифтихор уфуриб турган Комилбек Норбек ўғлини юз кишилик сарбозлар гуруҳига юзбоши этиб тайинлайди. Ватан ҳимоячилари генерал Черняев лашкарига катта талофат етказадилар, қаҳратон қиш мавсумида Иқон қишлоғигача босқинчиларни қувиб, қириб, янчиб борадилар. Қолган-қутган аскарлари билан Черняевни Чимкентга чекинишга мажбур қиладилар. Шундай қилиб, босқинчиларнинг Тошкент шаҳрига қилган биринчи юриши ҳимоячиларнинг катта ғалабаси билан якунланди. Бу ғалаба ҳимоячи-ватанпарварларни анча руҳлантирб юборди.

Черняев қиш фаслини ўтказиб, 1865 йилнинг баҳорида – деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик ишлари авж палласида Тошкентга иккинчи марта – бу сафар катта ҳарбий тайёргарлик билан, ҳуфияларни, ўрисларга хайрихоҳ бўлган сотқинларни ишга солган ҳолда юриш бошлади. У Тошкент тепасидаги ҳарбий аҳамиятга эга бўлган Ниёзбек қалъасини эгаллиб, шаҳарни оби ҳаёт билан таъминловчи асосий анхорга сув ўтказмай қўйди. Бу ишда анча вақтдан бери Русия билан савдо-сотиқ ишларида яқиндан алоқада бўлган Абдураҳмонбек Шодмонбек ўғли (асли шаҳрисабзлик), Саидазимбой Саидмуҳаммадбой ўғли (асли қоратегинлик) каби сотқинлар катта фаолият кўрсатдилар. Бунинг устига, замонавий ҳарбий техника билан қуролланган босқинчилар Ватан, халқ ҳимоячиларининг қаттиқ қаршиликларини енгиб, Камолон дарвозасини бузиб, шаҳарга бостириб кирдилар. Ватанпарварлар ҳар бир кўча, ҳар бир уй, ҳар бир чорраҳа учун душманга қарши жон олиб-жон бериб жанг қилдилар. Бухоро амирлиги билан Қўқон ва Хива хонликлари ўртасидаги адоват ҳамда ички зиддиятлар ҳам генерал Черняевга қўл келди, булардан усталик билан фойдаланди. Саидазимбой ва Абдураҳмонбекнинг бу хоинлиги “Русия империясининг фахрий фуқароси” ҳамда “Авлиё Анна” нишони билан тақдирланади. Бу жангда кўплаб Ватан, Миллат фидойилари қаторида Комилбек Норбек ўғли ҳам шаҳид бўлди. Уни Чиғатой қабристонига дафн этдилар. Ҳали уйланишга ҳам улгурмаган навқирон Комилбекнинг ўлими Норбек Ҳайтабек ўғлини қаттиқ изтиробга солди, уни тез қаритди.

1940-йилларнинг охирларида раҳматли Долимбек отам (бизни, барча невараларни, Долимбек, Комилбек, Каримбек буваларимиз билан “ота” деб муомала қилишга ўргатишган, назаримда, бу сўз “дода”, “бува” сўзларига нисбатан кўнгилга яқинроқ бўлса керак) билан Чимбойдаги боғимизга боришда ва Сағбондаги шаҳар ҳовлимизга қайтишда, асосан, Чиғатой қабристони ичидан Қўрғонтеги маҳалласига ўтар эдик (40-йилларда ҳам Тошкент қўрғонининг Чиғатой дарвозаси атрофидаги баъзи бир қолдиқлари сақланиб қолган эди – У.Д.). Отам қабристонда алоҳида хилхона қилиб ажратилган қабрлар ёнига чўққайиб ўтириб, баланд овоз билан Қуръон тиловат қилар ва уларнинг руҳига бағишлар эдилар. Отам қабрдагиларни катта ҳурмат ва ғурур билан ном-баном тилга олиб: “Бегим, сен ҳеч қачон унутма! Мана бу қабр бобом Хайтабек ўғли Норбекники, мана буниси мен туғилмасимдан 3 – 4 йил олдин ўрислар билан бўлган қаттиқ жангда шаҳид бўлган энг катта амаким Комилбек Норбек ўғлиники. У ўз Ватанини, ўзбекни жон-дилидан авло кўрган. Уни дафн қилиш маросимида Тошкандни босқинчилардан ҳимоя қилишга бош бўлган Солиҳбек Охунд додхоҳ ва Шарифхўжа қози Пошшохўжа ўғли ҳам иштирок этганини айтишарди. Мана бу қабр отам Муҳаммадаминбек ҳожиники, буниси амаким Рустамбек ҳожиники, буниси энг кичик амаким Йўлдошбекники, мана буниси эса ойим Марзияники. Буларнинг ҳаммаси иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза инсонлар эди, уларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Улар сенинг ҳам улуғ боболаринг, момоларингдир. Вақти етиб, Аллоҳ омонатини олса, мени ҳам худди шу ерга дафн қиласизлар”, — деган гаплари ҳамон ёдимда.

Тасаввуримда, отам Долимбек жуссасининг пишиқлиги ва бўйдорлиги, мустаҳкам иродалилиги, ўткир нигоҳдорлиги, жасоратлилиги ва чўрткесарлиги билан катта амакиси – бобокалонимиз Комилбек Норбек ўғлини эслатар эди.

Норбек Хайтабек ўғлининг Комилбекдан кейинги иккинчи фарзанди – менинг катта бобом Муҳаммадаминбек ҳожи, ойим Рожиабону сўзларига қараганда (ойим ва адамнинг ҳам буваси – У.Д.), 1933 йили 90 ёшларида вафот этган эканлар. Шунга кўра, уларнинг туғилган вақти тахминан 1841 — 1842 йилларга тўғри келади. Учинчи ўғли Рустамбек ҳожи 1845 йилда, тўртинчи ўғли Йўлдошбек Норбек ўғли эса тахминан 1848 – 50-йилларда туғилган. Муҳаммадаминбек анча яхши таълим олган, Хўжа Аҳрор Валий мадрасасида таҳсил кўрган. Бу даврда – Тошкент ўрислар томонидан босиб олингандан кейин мазкур мадрасада йирик олим, янгича маърифатпарварлик оқимининг раҳбари Шайхованд Таҳур даҳа қозиси Шарифхўжа Пошшохўжа ўғли бош мударрис эди. Тошкентнинг, ҳатто ўлканинг илғор зиёлилари, сиёсий арбоблари унинг таъсирида фаолият кўрсатишган. Муҳаммадаминбек тирикчилик ташвишлари туфайли мадраса таълимини охиригача етказа олмаган бўлса-да, бу ўқув даргоҳида Шарифхўжа қози Пошшохўжа ўғли, Муҳиддинхўжа қози Ҳакимхўжа қозикалон ўғли, Тошкент эски шаҳар оқсоқоли Инъомхўжа Умриёхўжа ўғли, Жўрабек Қаландар қори ўғли (Генерал Жўрабек), Сатторхон Абдуғаффоров ва бошқа илғор зиёлилар таъсирида вужудга келган сиёсий-маънавий муҳит, замонавий илм-маърифатга интилиш унда ҳаётга, замон кишисига янгича муносабатни шакллантирди. Бу ҳол Муҳаммадаминбекнинг кейинчалик ўғилларини тарбиялашда, уларнинг жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндалари ва иқтисодий раҳнамолари бўлиб етишишида муҳим омил бўлди.

Илм олиш учун катта маблағ, бойлик кераклигини яхши тушунган Муҳаммадаминбек (уни қисқароқ “Маъдамбек” деб аташган) ҳам ўқиди, ҳам ишлади. Сағбон маҳалласининг Қўштут гузарида кичикроқ бир дўкон очиб, савдо-сотиқ ишлари билан оила тебратишда камбағаллашиб қолган отаси ямоқчи-косиб Норбекка ёрдам беради. Ўзи ҳам савдо-сотиқ ишлари билан Туркистоннинг Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Қўқон, Андижон, Наманган шаҳарларидан ташқари, ўзбек савдогарлари қатнаб турадиган Ғулжа, Ёркент шаҳарларига тез-тез бориб турди. Дарҳақиқат, Муҳаммадаминбек ақлли, хуштабиатли, оилани тебратишда ота-онасига қайишадиган, шу билан бирга, анча бардам-бақувват, хушрўй йигитлардан бўлиб етишди, катталарнинг ҳам эътиборини қозонди. Кунлардан бир кун Кўкча даҳасининг, ҳатто Тошкент шаҳрининг энг йирик бойларидан бўлмиш Мўминбой Тўйчибой ўғли (1817-1896) ҳам улфати, ҳам қудаси Исо заргарга кўнглини очади:

— Исобой, сизга кўнглимдаги нозик бир гапни айтмоқчи эдим, қандай бўларкин?

— Ўзбекнинг “маслаҳатли тўй тарқамас” деган яхши мақоли бор, қани, олдин эшитайлик-чи, — дейди Исобой.

— Норбекнинг ўғли Муҳаммадаминбек мен билан савдо-сотиқ ишлари юзасидан алоқада бўлиб, кўпинча мендан кўтарага мол олиб туради, анча ақлли, қобилиятли йигит бўлибди, ўзи ҳам турли шаҳарларга қатнаб туради, тижорат ишларида анча покиза, ҳаром-хариш иш қилмайди. Уни куёв қилиш ниятида эдим, сиз Норбекка ётиғида айтсангиз.

— Қуда, яхши ўйлабсиз. Норбек ҳам иймонли, диёнатли, тегли-тахтли одам, лекин бир нозик томони бор-да.

— Қандай нозик томони бўлиши мумкин?

— Очиғини айтай. Сиз шаҳримизнинг юрт сўраган катта бойларидансиз. Норбек бўлса, ўз оиласини бир амаллаб тебратиб турган ўрта ҳол одам. “Мен Мўминбой билан беллаша олармидим” деб албатта айтади.

— Бу томондан Норбекнинг кўнгли тўқ бўлсин. Мен Маъдамбекни ўз фарзандимдек кўраман. Тўй ҳам, Худо хоҳласа, меъёрида бўлади. Асаса-дабдабанинг ҳеч бир кераги йўқ. Ҳар ҳолда сиз буларнинг ҳаммасини Норбекка ётиғида тушунтиринг.

Исо заргар Мўминбойнинг мақсадини Норбекка айтганда, у:

— Мўминбой қайдаю, мен қайда. Менинг у ўйлаганидек имкониятларим йўқ, ўртамизда нохушлик, совуқлик пайдо бўлмасин, ҳар ҳолда, бир неча йиллардан бери бирга бир улфатдамиз, бир-биримизга ҳурматимиз бор.

— Норбек, мен бу гапларни Мўминга айтганман. У астойидил сизнинг ўғлингизни ёқтириб қолган. Улар ўртасида савдо-сотиқ муносабатлари ҳам бор экан. Ҳар ҳолда ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз: у ҳеч қачон бойлиги билан кериладиган, димоғдор одамлардан эмас-ку. Унинг орзу-истагини ерда қолдирманг, бир умрли дўстимиз. Ахир, у ҳам қизи ва куёвининг бахтли бўлишини ўйлайди-да. Сиз ҳам икки ёшнинг бахтли-саодатли бўлишини ўйланг. Ҳаммаси сизнинг кўнглингиздагидек бўлади, ўйлаб кўринг, уйдагилар билан маслаҳатлашинг. Муҳаммадаминнинг ҳам уйланадиган вақти бўлди, умрини беҳуда ўтказманг, дўстим.

Норбек аввалига унамайди. Қистовлардан кейин эса “бир гап бўлар” деб, аёлини совчиликка юборади. Мўминбойнинг хотини бойвучча аёл Ҳуморбибининг чунонам аччиғи келиб, бу ҳақда эрига ёзғиради. Бой эса:

— Хотин, сен кўп нарсаларни билмайсан, Норбекнинг отаси Ҳайтабек юрт сўраган одамлардан, Умархоннинг энг яқин бекларидан бўлган. Норбек – иймон-эътиқодли, диёнатли одам. Энг муҳими – ўғли Муҳаммадаминбекни жуда яхши биламан: ақлли бола. Оқ ўратиб юбор, — дейди Мўминбой бамайлихотир.

Ҳар ҳолда, ўтган замонларда қизларни вақтида турмушга бериш, ўғилларни уйлантириш ишларида маҳалла-кўй эркаклари, отанинг дўстлари ҳам фаол аралашган. Масала эркаклар томонидан узил-кесил ҳал қилингач, расм-русумга биноан аёллар томонидан совчи юборилган ва расмий жиҳатлари ҳал қилинган. Эркакларнинг бундай фаоллиги ёш оилаларнинг мустаҳкам бўлишига кучли таъсир кўрсатган, тўйларда бўладиган ортиқча орзу-ҳавасларга, исрофгарчиликларга чек қўйган.

Шундай қилиб, 1866 йили Норбек тўнғич ўғли Комилбекнинг йиллик таъзия маросимларини ўтказиб, Муҳаммадаминбекни шаҳарнинг кўзга кўринган бойларидан Мўминбойнинг Марзиябиби исмли қизига уйлантириш тараддудини бошлайди.

Долимбекнинг она томонидан буваси Мўминбой Тўйчибой ўғли алпқомат, бирсўзли, таваккалчи, одил ва сахий бойлардан бўлган экан. Унинг бундай фазилатларини қариндош-уруғлари, дўстлари яхши билишган ва ҳурмат қилишган. Уларнинг насли-насаби Туркистондан бўлиб, “Суноқ” элига мансуб бўлишган. Мўминбойнинг шажаравий аждодлари ҳақида баъзи бир маълумотлар етиб келган: Болтабой (1602 — 1673), Ўроқбой (1643 — 1715), Дархонбой (1680 — 1761), Қурбонбой (1712 — 1786), Бозорбой (1750 — 1822), Тўйчибой (1785 — 1861), Мўминбой (1817 — 1896). Мўминбой асосан қўй, қорамол савдоси билан машғул бўлган, шу билан бирга, Тошкентнинг тўртала даҳасида бир қанча дўконлари ва гумашталари бўлган, оғир ишдан ҳеч вақт қочмаган. У ҳар йили Толдиқўрғон, Шамай (Семипалатинск)дан мингдан ортиқ қўй, 10 – 15 та отни чорвадорлар билан келишиб, ҳайдаб келар, Тошкентга баҳор фаслида 1200 – 1300 бўлиб кириб келар экан. Мўминбойнинг қўй олиб келганини эшитган шаҳар қассоблари, атроф маҳаллалар аҳли баҳоли қудрат бештадан, ўнтадан сотиб олишар экан. Нақд пули бўлмаганларга қўйларнинг пулини кузда – қўйларни семиртириб сотганидан кейин бериш шарти билан насияга ҳам берар экан. Одамлар бир-бирларига шу даражада ишонар эканларки, на гувоҳ, на тилхат бўлар экан, бировнинг ҳақидан ҳазар қилар эканлар. Шундай бўлса-да, Мўминбой албатта, насияга олганларни махсус дафтарга ёзиб қўяр экан.

Мўминбойнинг шаҳардан ташқарида, ҳозирги Чимбой маҳалласига туташ 25 – 30 таноб ери бўлиб, 10 – 15 танобига беда экилар экан, мингдан ортиқ қўй ва қорамол сиғадиган қўралари бўлган экан. Беда беш-олти ой давомида узлуксиз ўрилар ва сотилар, бир ой давомида беда ўриш охирига етгунча, ўрилган жойлар яна ўримга тайёр бўлиб борар экан. Бир кунда сотилган беданинг пулига ўша вақтда яхши иккита соғим сигир берар экан. Бедани боғ-боғ қилиб, Қўқон аравага босиб, шаҳарга олиб бориб сотилар, кўп ҳолларда бозорга етгунча йўл-йўлакай яримидан кўпроғи сотилиб бўлар экан. Албатта, бундай ишларни хизматкорлар, корандалар бажаришар экан. Шу билан бирга, Сағбондаги ичкари ва ташқари ҳовлиларида ҳам чўрилар, хизматкорлар бўлган. Аммо Мўминбойнинг етти нафар ўғли Абдурасул, Абдуқодир, Абдусаид, Абдужалил, Абдумавлон, Абдураҳим ва Абдуқаюм ҳам улар билан баравар ишлашар экан. Шу тариқа, Мўминбой фарзандларини ҳам ҳар қандай оғир меҳнатга лаёқатли қилиб тарбиялаган экан. Мўминбой Тўйчибой ўғли шажарасини ёзган Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети доценти Шавкат Мавлонов бобокалонлари – Мўминбой ота фарзандларининг ишбилармонлиги, меҳнатсеварлиги, оғир меҳнатдан қайтмаслиги ҳақидаги бир воқеани шундай ҳикоя қилади: “Мўминбойнинг ўғиллари – менинг буваларим Абдурасул ва Абдумавлон янги ўрилган бедани боғ-боғ қилиб, Қўқон аравага ортиб кетаётганларида араванинг ғилдираги ғичирлаб қолади. Бундай кетаверса, узоққа бормай ғилдиракнинг ўқи синиши мумкин. Шунда Абдурасул бувам укалари Абдумавлон бувамга: “Мавлон, кир араванинг тагига”, – дер эканлар. Мавлон бувам араванинг тагига кириб, аравани шотиси билан елкаларида кўтариб турар, Абдурасул бувам эса ғилдиракни суғуриб олиб, ўқини майлаб, яна жойиги қўяр экан. Арава билан ҳўл беданинг оғирлиги 450 – 500 кг.дан кам бўлмас экан. Улар хизматкорлар билан баравар ишлашар, 10 таноб ердаги бедани бирга ўришар экан”.

Ҳуморбиби Мўминбойнинг бош хотини (Мўминбойнинг уч нафар хотини бўлган) даражасида етти ўғил, уч қизнинг онаси бўлиб, кейинги кундошларига нисбатан унинг эътибори баланд бўлган, 109 йил умр кўрган экан. Ҳуморбиби ўқимишли, анча маърифатли, дуогўй, саводхон аёл бўлиб, бадиий завқи ниҳоятда нозик, Аҳмад Яссавий ҳикматларини ёддан билар, Навоий, Фузулий, Сўфи Оллоёр шеърларини мунтазам ўқир экан.

Мўминбойнинг энг яқин дўсти, улфати ва қудаси Исо заргар бўлиб, Сағбоннинг Қўштут гузаридан тепароқда – заргарлар маҳалласидан эди. Унинг Нурибиби исмли қизи Мўминбойнинг бешинчи ўғли Абдумавлон (Долимбекнинг тоғаси)нинг хотини бўлган. Исо заргар анча бадавлат, обрў-эътиборли, заргарлик ва соатсозлик илмини мукаммал эгаллаган ҳунармандлардан бўлган, шу билан бирга, Норбекнинг ҳам улфати ва яқин дўсти эди. Долимбек бувамнинг айтишларига қараганда, Бухоро амири Музаффарнинг катта осма соати бузилиб қолади ва уни бухоролик бирорта соатсоз уста тузата олмайди. Бухорода ҳам соатсоз ва уста заргар сифатида танилган Исо заргарни Амир Музаффар соатини тузатишга чақиртирганлар ва бир ой давомида амирнинг соатини тузатиб берган. Исо заргар амир саройида бўлганида, Музаффархон ҳашаматли саройида Бухоро заргарларидан бирининг олтиндан ишланган ўта ноёб ишини унга кўрсатади. Исо заргар амир кўрсатган анча катта ва ҳашаматли олтин кўрани қўлларига олганда, бирдан қўллари тепага кўтарилиб кетади. Бу ҳолатни кузатиб турган амир ҳайрон бўлади ва сабабини сўраганда, Исо заргар бир оз ўйлаб:

— Уста-заргарнинг бир қошиқ қонидан кечсангиз, бунинг сабабини айтаман, — дебди.

— Кечдим, — дебди амир.

— Мен бу катталикда олтиндан ишланган бундай ҳашаматли кўранинг оғирлигини ҳисобга олиб кўтарган эдим. Назаримда кўра жуда оғир кўринган эди. Аммо кўра анча енгил экан, яъни ичи бўш, ғовак экан. Шунинг учун қўлларим тепага кўтарилиб кетди, — дебди Исо заргар.

Шу пайт амир жаҳл билан:

Жаллод! – деб бақирибди.

Исо заргар:

— Амир ҳазратлари, бундан сал олдин уста заргарнинг бир қошиқ қонидан кечган эдингиз, — деб унинг ваъдасини эслатибди ва амир бир оз жаҳлдан тушибди. – Бу кўра сарф бўлган олтинга нисбатан бир неча баробар қиммат, катта маҳорат билан ишланган, устанинг ноёб санъатига, дид ва истеъдодига тан бериш керак, — дебди Исо заргар.

Исо заргар ўз касбини санъат даражасида биладиган, иймон-эътиқодли, диёнатли бой-бадавлат кишилардан бўлган экан.

Бобокалонимиз Норбек Ҳайтабек ўғли тарихига қайтайлик.

Нисбатан катта бойга қуда бўлишнинг ўзига яраша масъулияти, ўта нозик томонлари ҳам бўлади. Халқимизда “Қудачилик – мингйилчилик” деган нақл бор. Муҳаммадамин шундай оғир вазиятда қолган отаси Норбек Ҳайтабек ўғлига йиллар давомида жамғарган минг тилла пулни топширади (бу ўша даврда анча катта маблағ эди). Долимбек бувамнинг айтишларига қараганда, бундан қаттиқ мутаассир бўлган Норбек ўғли Муҳаммадаминбек атрофида етти марта айланиб, Аллоҳдан илтижо қилиб, уни дуо қилган экан. Тўй ҳам бўлиб ўтди. Муҳаммадаминбек бу биринчи оиласи Марзиябибидан Долимбек ва Мастура исмли бир ўғил ва бир қиз кўради. Амакиларимнинг айтишига қараганда, Мастурани кейинчалик Муҳаммадаминбек Ўғилой синглисининг ўғли Тошмуҳаммадқорига (қариндошлар Тошқори почча дейишар экан) узатади. Улардан Муповваза, Мусбоҳиддин ва Салоҳиддин исмли бир қиз ва икки ўғил дунёга келади.

Норбек уйида Мўминбойнинг уйидагидек тўкин-сочин ҳаёт йўқ, ейиш-ичиш, кийим-кечак, меҳмон-излом ва бошқа тирикчилик заруриятлари ҳам ҳисоб-китобли эди. Аммо сабр-тоқатли Марзиябиби оиласидан, турмушидан бирор марта шикоят қилиб ёки нолиб уйига бормади. Кунлардан бир кун отаси Мўминбой Марзия ёлғиз қолганда:

— Қизим, соғлиқларинг яхшими, оиланг тинчми, тирикчиликларинг қалай? – деб сўрайди.

— Ада, раҳмат, соғ-саломатман, қайин отам, куёвингиз яхши одамлар, бирор марта менга қаттиқроқ гапиришганини билмайман. Аммо тирикчилик ташвишларидан қудангиз ҳам, куёвингиз ҳам жуда қийналиб кетди: топгани бошига етса, охирига етмайди. Яхшиям тўйимда кўпроқ сарполар қилган экансизлар, ўшаларни кийиб тугатаяпман. Худога шукур, опа-синглим, ака-укаларим анча бадавлат бўлиб кетишди, мен эса қўл учида тирикчилигимни ўтказяпман, — деб кўзига ёш олади Марзия.

— Бай, бай, бай! Шундай дегин, мен билмай юрган эканман. Ўзинг ҳам бирор марта бу ҳақда оғиз очмадинг, хафа бўлма, қизим, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, — деб тасалли беради отаси.

Ушбу суҳбатдан кейин Мўминбой шаҳар ичидан – Чиғатой дарвозасига яқин Жарариқдан 35 – 40 сўтикли шинам боғ ҳовли катта иморатлари билан (бу боғ бузилиб кетган, ҳозирги метронинг “Тинчлик” бекатига яқин жойда, шўролар даврида 40 – 50 йил давомида “Ўқитувчилар оромгоҳи” – дам олиш уйи бўлган), Чиғатой дарвозасига яқин Чимбойдан – шаҳар ташқарисидан 5 таноб ер, болахонали уй қўрғони билан, шаҳар ичидан бири Чорсуда, иккинчиси Эски Жўвада жойлашган икки катта дўконни моллари билан бир-икки ой давомида куёви Муҳаммадаминбекка қонунлаштириб хатлаб беради ва Норбек оиласи ҳам тирикчилигини анча ўнглаб олади. Кейинчалик Марзиябиби ўзи ва эрининг миннатдорлигини отасига изҳор этади. Бу ер-сувлар, боғ-роғлар, дўконлар узоқ йиллар давомида Муҳаммадаминбек ва унинг фарзандлари ихтиёрида бўлган, ҳовлиларни анча ободонлаштиришган. 1920-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб шўро ҳукумати уларни бирин-кетин тортиб олади, эгаларини эса “ҳақсиз” деб ҳукм чиқаради ва турли сиёсий айбловлар ҳамда бўҳтонлар билан Русиянинг энг чекка ва совуқ ўлкаси – Сибирга сургун қилади.

Маълумотларга қараганда, Тўйчибойнинг кенжа ўғли – Мўминбойнинг укаси Йўлчибой ҳам анча тадбиркор, янгиликка интилувчи бойлардан бўлган экан. У 1890-йилларнинг охирида Америкага бориб, пахтанинг америка нави чигитларини яширин ҳолда олиб келган ва Тошкентдаги селекция базасида маҳаллий пахта нави билан чатиштириб, толаси нисбатан узун ва анча сифатли янги нав яратган, ўзининг Дамачи, Келесдаги ерларига экиб, катта ҳосил олган экан. Йўлчибой Тўйчибой ўғли 1900-йиллар бошида Келес дарёсидан Захариқ канали чиқариб, Дамачи чўлларини ўзлаштиришга бош бўлган. Йўлчибой 1907 йилнинг январидан Тошкент шаҳар II Давлат Думасига сайланган ва депутат сифатида асосан ирригация, гидротехника иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш, ер ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш, саноат, молияга оид қонунларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этган.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *