Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. “Укангга яхшироқ ўргатсанг бўлмайдими?..”

Сулола. Долимовлар шажараси. “Укангга яхшироқ ўргатсанг бўлмайдими?..”

Ўтган асрнинг 40-50-йиллари бошларида Сағбондаги Долимбекнинг кичкина ҳовлисида тўрт нафар олий маълумотли доктор-шифокор яшар эди. Улар: Зиёдбек, Султонбек амакиларим, Жўрахон келинойим (Султонбек амакимнинг хотинлари) ва Фотима аммам. Ўзбекнинг оиласи катта, боласи кўп, эски шаҳарда аҳоли зич, тиббий хизмат ночор аҳволда – шўролар даврида ҳамма соҳада ҳам шаҳарнинг ўзбеклар яшайдиган қисмида аҳвол шундай эди. Шунинг учун узоқ-яқин маҳаллалардан нажот сўраб келувчилар жуда кўп эди. Машъум 20-30-йилларда Долимбек, Комилбек, Каримбек буваларимизни “халқ душмани”, “миллатчи”ликда айблаб, адам ва амакиларимиз, тоғаларимиз бошига бўҳтон тошларини ёғдирган, ишдан, ўқишдан ҳайдалишларига бош-қош бўлган Сағбон ва қўшни маҳалладошларига кечани кеча, кундузни кундуз демай, тиббий ёрдам кўрсатишар, шифохоналарга жойлаштиришар, уларнинг қилмишларини ҳеч вақт юзига солишмас, уларнинг дилини оғритишмас экан. Долимбек отам ҳамма вақт кўп такрорлайдиган сўзлари бор эди: “Яхшиликка яхшилик – инсон иши, ёмонликка яхшилик – мард иши”. Фарзандлар бу нақлга ҳаммавақт амал қилишар эди, шекилли. Ўша вақтларда Тошкент давлат университетига ҳамда Тошкент давлат Тиббиёт институтига маҳалладошларимиздан ўқишга кириш учун ёрдам сўраб келишса ёки ўқиётганлар бирор фандан ўта олмаса, кўп ҳолларда стипендия ололмай иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолишса, уларни ҳеч қачон ноумид қилиб жўнатишмас, иложи борича уларга ёрдам беришар экан. Чунки улар ўқишда, ишда ҳар қанча қаттиққўл, жиддий бўлишмасин, ўз она-халқига нисбатан ҳеч қачон гина-кудурат сақлаган эмаслар. Маҳалладошларининг бундай қилмишларини жаҳолатдан, илмсизликдан, ночорликдан ва айниқса ўлим салтанати олдидаги қўрқувдан деб билишар эди. Дарҳақақат, бечора ўзбек халқи отани-болага, акани-укага душман қилган болшевиклар, оқ ва қизил империя қўлида 130 йил қўғирчоқ бўлди. Бундай жадидона қарашлар Долимбек фарзандларининг ота-бобаларидан, қариндош-уруғларидан қолган улуғ мерос эди.

Маълумки, “Долимов” фамилияси “Абдуллаев”, “Каримов”, “Олимов”, “Комилов” каби фамилияларга нисбатан анча кам учрайди. Мен ўзим университет қабул комиссиясида бир неча ўн йиллар ишлаб, абитуриентлар орасида бирорта “Долимов” фамилияликни учратмадим. Сағбон маҳалламизда бизнинг оиламизга ҳеч бир алоқаси бўлмаган Долимов фамилияли бир оила бор экан (буни кейинроқ билиб қолдим). 40-йилларнинг охири ва 50-йилларнинг бошларида шу оиладан чиққан Азиз Долимов ТошМИда ўқиган ва баъзи ҳолларда, қийналиб қолса, (ўзи анча билимли талабалардан бўлган экан) “Султон Долимовнинг укасиман” деб, баҳо олиб юрар, бир маҳалладан бўлгани учун домлалар ишонишар экан. Кунларнинг бирида эски профессорлардан домласи Б.А.Стекольников ўша вақтларда даволаш факультети декан муовини амаким С.Долимовга:

– Укангга яхшироқ ўргатсанг бўлмайдими, икки семестрдан бери сенинг номингни айтиб баҳо олади, – дебди.

– Қайси укам, Борис Абрамович?

– Азиз Долимов-да!

– Яхши айтдингиз, Борис Абрамович, мен албатта яхшилаб тушунтириб қўяман, – дебди.

Албатта, бу гаплардан кейин Султон Аминович ўз табиатига яраша Азиз Долимовни деканатга чақириб, қаттиқ танбеҳ берган экан. Бу ҳақда Азиз аканинг ўзи ҳам бир неча марта гапирган эди. Кейинчалик Султонбек амаким имтиҳон сессияси вақтларида уни деканатда олиб қолиб, овқатлантирар, яхши ўзлаштира олмаган мавзуларни тушунтирар, қўшимча китоблар берар, шу тариқа маҳалладошларига ўқиш жараёнида ҳам ёрдам берар экан. Азиз ака ТошМИни тугатиб, узоқ йиллар талабалар шаҳарчасидаги 32-поликлиникада терапевт-шифокор, С.Раҳимов (Олмазор) тумани ҳарбий комиссариатида бош шифокор бўлиб ишлади, у одам билан кўп учрашишга, муомалада бўлишга тўғри келди. Чунки факультетимиз талабалари, “Чимбой” маҳалламиз аҳолиси ҳам шу поликлиникада даволанар эди. Йиллар ўтиб, Султонбек амаким вафот этиб, уларнинг қабрларига тупроқ тортаётганимизда, Азиз ака қўлимдан кетмонни олиб, “Туғишганимдан ҳам афзал акам эдингиз, жойингиз жаннатда бўлсин, Султонбек ака!” деб ҳўнграб йиғлаб, қабрга тупроқ торта бошлади, таъзия кунлари ҳам биз билан бирга бўлди. Азиз ака Долимов вафотидан кейин қизлари Моҳира Долимова отасининг ўрнида 32-поликлиникада терапевт лавозимида ишлаб келмоқда.

Биз яшаган Сағбон, 24-охири берк кўчадаги Долимбек қурдирган 29-ҳовли гир айланган иморатдан иборат бўлиб, унинг асосий қисми (ошхона қисми жигарранг туника эди) оқ туника билан ёпилган эди. У вақтларда Эски шаҳарда оқ туника билан ёпилган уйлар у ёқда турсин, умуман, жигарранг туникали уйлар ҳам жуда кам бўлиб, асосан лой томли уйлар бўлар эди. 40-50-йилларда ҳам Тошкентнинг Эски шаҳар қисмига водопровод кириб келмаган, канализация тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди, ҳамма Кайковус ариғи тармоқларидан сув ичар эди. Баъзи маҳаллалар Кайковус ариғидан анча узоқ бўлиб, қаҳратон қиш, ёғингарчилик кезлари сув ташиш жуда оғир кечар эди. Уйимизнинг томи оқ туника бўлгани учун ҳамма қўни-қўшнилар, айниқса, ёғингарчилик, эрувчанлик мавсумларида бизнинг уйимиздан сув ичишар эди. Уч тарнов тагига кенг қилиб пишиқ ғишт терилган бўлиб, катта-катта бочкалар қўйилган, пешайвон устунларига катта-катта ёғлоғилар осиғлиқ бўларди, тарнов тагида кир-пир, қўл-оёқ ювиш қатъий ман этилган эди. Эрталабдан бочкалар тиниқ сув билан тўлиб турар, кечгача сувга келувчиларнинг кети узилмас эди. Бочкалар ёзда тозалаб, олиб қўйилар эди.

Ўша 40-50-йилларда ҳовлимизда тўрт нафар шифокор бўлгани учунми, билмадим, ҳар ҳолда, маҳалламизда фақат бизнинг хонадонда телефон бўлар (район ижроия қўмитасидан ҳовлимизга ўтказилган эди), у уйда эмас, ҳамма вақт пешайвонга қўйилган бўлиб, маҳалла-кўй эркин фойдаланар эди. Баъзи бир халқ эҳтиёжи учун энг зарур ташкилотларнинг телефон рақамлари ёзилган дафтар ҳам бўларди. Эшигимиз кечаси соат 12-1 гача очиқ бўлар эди. Баъзан кечаси ҳам безовта қилишар, лекин ҳеч бирлари норозилик аломатини билдиришмас эди. Шу тариқа, Долимовлар маҳалла-кўй аҳли ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътиборга эга эди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Post Views: 180 Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович – Зоҳида аммам ва Тошмуҳаммад поччанинг энг катта ўғли, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *