Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » “Горький билан бир йилда туғилганман”. Сулола. Долимовлар шажараси

“Горький билан бир йилда туғилганман”. Сулола. Долимовлар шажараси

Аввалги қисмни ўқиш…

1951 йили Фотима аммамни Абдуғани Валиев исмли узоқ қариндошларига турмушга берадилар. Бу вақтда Фотима аммам ТошМИни битирган ва Эски Жўвадаги 4-поликлиникада терапия бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдилар. Тўйни ўтказиш саксондан ошиб қолган отамга нисбатан Нуъмонбек опододам бошлиқ ўғиллари зиммасига тушди, тўй ҳам Сағбонда эмас, опододамнинг Оқлондаги ҳовлисида ўтди. Абдуғани почча Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, тепловоз ҳайдовчиси эди. Ғанижон почча ва Фотима опамиз жуда тотув яшаб, Абдубосит, Лазокат, Рустам, Дилфуза ва Абдумалик исмли беш фарзанд кўришди. Абдубосит – тиббиёт фанлари доктори, профессор, Рустам – геолог, Абдумалик – тиббиёт фанлари номзоди, Онкология илмий-текшириш институтида бўлим бошлиғи, Лазокат – она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб етишди. Фотима аммам ўзбек аёлларига хос барча гўзал фазилатлар эгаси, ўз касбининг билимдони, жиянларига ҳам ниҳоятда меҳрибон эдилар. Абдуғани ака Валиев 1988 йили, олий тоифали, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор Фотима Долимова 1989 йили вафот этишди, Шайх Зайниддин бува қабристонига дафн этилганлар.

Абдувосит Ғаниевич Валиев – Фотима аммамнинг энг катта фарзанди, 1952 йилнинг 11 ноябрида туғилган. 1969 йили ўрта мактабни кумуш медал билан битириб, ТошМИнинг педиатрия факультетига кирган ва 1972 йили Ўрта Осиё (Тошкент) педиатрия тиббиёт институти ташкил этилгач, унга ўтказилган. 1975 йили институтни аъло баҳолар билан тугатиб, шу институтнинг “Юқумли касалликлар” кафедрасига ординатор лавозимига қабул қилинди. 1977 йили у Республика Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтига кичик илмий ходим лавозимига қабул қилинди. 1977 – 1979 йилларда Сибирнинг узоқ Магадан вилоятида Совет армияси сафида хизмат қилди. 1985 йили Москвада номзодлик, 1993 йили Тошкентда “Сельмонеллёз хасталигининг иммунологик, генетик ўзгаришлар сабабчиси ва оқибатлари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Абдувосит Валиев 1995 йилдан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтининг профессори, илмий ишлар бўйича директор муовини, клиник бўлим бошлиғи ҳамда 2007 йилдан Хусусий тиббиёт диагностика маркази раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда. 325 номда илмий мақола, 25 услубий қўлланма, 3 та патент, 2 монография муаллифи. У ўз фаолияти давомида 22 нафар фан номзодига, 4 нафар фан докторига илмий раҳбарлик қилди.

Абдувосит рафиқаси Назира Валиева билан 3 фарзанд: Нодира, Азизбек ва Асилбекларнинг ота-онаси, учала фарзанд ота-она изидан кетган олий маълумотли шифокорлардир. Катта ўғли Азизбек ҳозирда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш арафасида.

1955 йилда Сағбондаги 11-мактабда узоқ йиллар ўқув ишлари бўйича директор муовини ва физика ўқитувчиси бўлиб ишлаган Мастура аммамни Ғанижон поччанинг укалари Илҳом Валиевга узатишади. Илҳом ака тиббиёт фанлари номзоди, узоқ йиллар Семашко номидаги Тошкент Курортология ва физиотерапия илмий-текшириш институтида катта илмий ходим, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Улардан Феруза ва Жаҳонгир исмли фарзандлар дунёга келди. Феруза ва Шоира – шифокор, Жаҳонгир – геолог. Илҳом ака 1994 йилда, Мастура аммам 2008 йилда вафот этишди, уларнинг қабрлари Шайх Зайниддин бува қабристонида.

Биз отамдан туғилган йилларини сўрасак, ҳаммавақт “Горький билан бир йилда туғилганман” деб жавоб берар эдилар. Демак, отам 1868 йилда туғилганлар. Мен Долимбек отамни 4 – 5 ёшимдан биламан, у вақтларда отам 80 ёшларда бўлиб, бўйлари анча чўкиб қолган, қариликдан этлари суякка ёпишиб кетган бўлса-да, ёшликда анча бўйдор, суяклари йўғон, гавдали, чапаниликка мойилроқ, шижоатли, “тоғни урса, талқон қиладиган” йигитлардан бўлганликлари билиниб турарди. Мен кўпроқ уларни оқ кўйлак-иштонда эслайман, кўкраги очиқ оқ яктакдан қовурғалари саналиб тургандек кўринарди. Мен отамни ҳеч вақт, ҳатто эски расмларида ҳам семизроқ, гўштдорроқ ҳолда кўрган эмасман. Соқол ва шоп мўйловлари оппоқ, узун эди, ҳар бир ҳаракатларидан чўрткесар, баджаҳлликлари сезилиб турарди. Ҳамма фарзандлари, айниқса ўғиллари оталарини ҳурмат қилишлари табиий, шу билан бирга, анча ҳайиқиб туришарди. Ножўя ҳаракат ёки гап бўлиб қолса, жаҳл устида тарсаки қўйиб юборишлари ҳеч гап эмас эди. Мен отамни кўпинча “Ўтган кунлар”нинг 1926 йил (араб ёзуви)даги нашрини ўқиётган пайтларида кўрардим. Боғимизда яшаган 50-йилларнинг ўрталарида менга шу романнинг (1956 йили Абдулла Қодирий Фитрат ва Чўлпонлар билан бирга оқланиб, “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари илк бор нашр қилинган эди – У.Д.) “Душанба кун кечаси” – Отабекнинг уч каллакесар рақибларига қарши бир ўзи кураши ва уларни янчиб ташлаши фаслини қайта-қайта ўқитиб эшитар эдилар. Назаримда, асардаги шу воқеа тасвири отамнинг сажияларига жуда мос келар эди. Раҳматли Марзия бувим: “Отанг тушмагур мени гўшангада ҳам урган-а”, — дер эдилар. Ҳатто маҳалладагилар ҳам отам келаётган бўлсалар, улардан ҳайиқиб, ўтиб кетгунларича четроққа чиқиб туришар эди.

Шўро ҳукумати миллатнинг бой-бадавлат қатламини тугатиб, ҳаммани бирдай ночор аҳволга туширди. Ночор, маърифатсиз, қўрқувдаги халқни бошқариш, ўз измига юритиш анча осон кечади. 1930-йилларда болшевикларнинг қишлоқ хўжалигини ёппасига жамоалаштириши муносабати билан Комилбек отамга отаси Муҳаммадаминбек ҳожидан мерос бўлиб қолган Чимбой маҳалласига туташ ҳовли-жойлари, катта ер-сувлари тортиб олинган ва 40-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб сувчи Зокир қурбақа (“Саноат” жамо хўжалигида мироб бўлиб, ҳамма вақт сувда юргани учун “Қурбақа” лақаби билан чақиришар эди), Усмонбек гаримдори (Усмонбек Тошбеков – баланд бўйли, ориқ, баджаҳл одам бўлгани учун “Гаримдори” лақабини олган) аравакаш, Назир дўхтир (хўжаликдаги мол доктори), Холдор қулоқ (қулоғи анча катта бўлган) хўжалик ҳисобчиси, партком Абдуғани Саломов ва бошқа жамоа аъзолари ҳамда фаолларига бўлиб берилади. Долимбек отамнинг “Хотин кўприк”даги катта тегирмонлари ҳам “Саноат” жамоа хўжалиги ҳудудида бўлгани учун, асосан, хўжалик аъзоларининг дон-дунлари тортилар эди. Даҳшатли уруш ва урушдан кейинги дастлабки йиллари тегирмончи Аҳмад ака (урушдан ярадор бўлиб қайтган) вақти-вақти билан эшакда ҳовлимизга келиб, донларимизни олиб кетар ва ун қилиб берар экан, ҳатто муҳтожроқ бўлиб қолганимизда бир қоп-ярим қоп буғдой ёки жўхори уни ташлаб кетар экан. Юқорида исми-шарифлари тилга олинган жамоа хўжалиги фаоллари ва аъзолари ниҳоятда диёнатли, покиза, бировнинг ҳақидан қўрқадиган оддий одамлар эди (Аллоҳ уларнинг ҳаммасини раҳматига олган бўлсин). Ҳозирда ҳам уларнинг фарзандлари, неваралари билан бир маҳаллада қариндош-уруғлардек яшаб келамиз. Жамоа хўжалиги раиси Солиҳ ота (Солиҳ Қаҳҳоров – асли I- Сағбондан бўлиб, хўжаликнинг катта-ю кичиги “ота” деб мурожаат қилар эди) ҳамма вақт:

Унутманглар, бу ерларда Муҳаммадаминбек ҳожи авлодларининг ҳақлари бор, дастлаб бу ерларни обод қилганлар ҳам уларнинг фарзандлари Долимбек, Комилбек ва Каримбеклардир. Улар шаҳримизнинг энг маърифатли кишилари бўлишган, — деб таъкидлар экан.

Дарҳақиқат, битта-яримта “Салласини олиб кел деса, бошини ҳам қўшиб олиб келадиган” нодонлар ҳам бўлган, аммо иймон-эътиқодли, инсон қадр-қимматини ҳар нарсадан улуғ билувчи, диёнатли одамлар уларга нисбатан анча кўп бўлган.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Post Views: 332 Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович – Зоҳида аммам ва Тошмуҳаммад поччанинг энг катта ўғли, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *