Бош саҳифа » Тарих » Қўқон хонлиги ҳамда Цин империяси (Хитой) ўртасида 1832 йилда тузилган шартнома
Маралбоши қалъаси
Маралбоши қалъаси

Қўқон хонлиги ҳамда Цин империяси (Хитой) ўртасида 1832 йилда тузилган шартнома

Қўқон хонлиги 1709-1876 йилларда ҳукмронлик сурган бўлиб, ўзининг юксалиш даврларида ҳозирги Тожикистон Республикасининг шимоли ва шарқи, Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудлари ва Қирғизистон Республикаси ҳудудларини эгаллаган1.

Маралбоши қалъаси
Маралбоши қалъаси, (Қошғар, Шинжон-Уйғур автоном тумани, Хитой)

Цин империяси 1759 йилда Шарқий Туркистонни босиб олиши билан, хонлик шарқда Хитой билан чегарадош давлатга айланган. Шарқий Туркистон босиб олингандан сўнг, унинг ҳукмдори – Саримсоқ хўжа авлодлари Қўқон хонлиги ҳудудида паноҳ топган.

Хитой ҳукмдорлари Саримсоқ хўжа авлодлари Шарқий Туркистон ҳудудида пайдо бўлмаслиги, уларни Қўқон хонлиги сақлаб турилиши эвазига Қўқон хонлигига савдо муносабатларда анча имтиёзлар берган.

Масалан, 1809 йилги Хитой императори Цзяциннинг фармонига кўра, шу йили Қашқарга келтирилган Қўқон хонлиги товарлари бождан тўлиқ озод қилинган, келгусида келадиган товарлар учун божлар икки маротаба туширилган.

Бироқ, Саримсоқхўжанинг ўғли Жаҳонгирхўжа 1822 йилда Қўқон хонлигидан қочиб кетишга муваффақ бўлади, 1826 – 1827 йилларда Шарқий Туркистонда қўзғолон кўтаради, қўзғолончиларни қўллаб қувватлаш учун Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1822-1842 йиллар) 1826 йилда Қашқарга қўшин тортиб боради, бироқ тезда орқага қайтади. Жаҳонгирхўжанинг Шарқий Туркистондаги ҳукмронлиги 9 ой давом этади ва Хитой армияси томонидан бостирилади. Хитой давлати Қўқон хонлигини Жаҳонгирхўжа қўзғолонида айблаб, Қўқон хонлиги савдогарларини Шарқий Туркистонда таъқиб остига олади. Шундан сўнг, 1830 йилда Муҳаммад Алихон Қашқарга Жаҳонгирхўжанинг акаси Муҳаммад Юсуфхўжа бошчилигида ўз ҳарбий саркардалари билан қўшин юборади. Бир вақтнинг ўзида Тошкент ҳокими Лашкар қушбеги Или дарёси бўйларига ҳужум уюштириб, мазкур ҳудудларда Қўқон хонлиги ҳукмронлиги мустаҳкамлайди. Натижада Шарқий Туркистон ғарб тарафдан тўлиғича Қўқон хонлиги билан чегарадош бўлиб қолади, ушбу ҳолат Хитой маъмурларига ташвиш туғдиради2.

Бир вақтнинг ўзида дипломатик алоқалар ҳам тўхтамайди. Қўқон хонлиги ва Хитой ўртасида элчилар алмашинуви давом эттирилади. Қўқон хонлиги элчиси Аълам поччанинг (Алам пошшо, Эшон ҳожи, Охунд Аълам почча исмлари билан билан ҳам келтирилган3) элчилик фаолияти бевосита 1832 йил 13 январдаги Қўқон хонлиги ва Хитой ўртасидаги тузилган шартнома билан боғлиқ хисобланади. Чунки Аълам почча Қўқон хонлиги ҳукмдори Муҳаммад Алихон номидан мусулмонларнинг муқаддас китоби хисобланмиш Қуръони каримни ушлаб қасам ичиш йўли билан шартномани имзолаган 4.

Хитой императори Даогуанг 1832 йил 13 апрел кунги фармони билан мазкур шартнома бўйича “барча зарурий чораларни кўришни” буюради5.

Олимларимиздан Ш. Қўлдашев шартноманинг қуйидаги бандлардан иборатлигини билдиради: “Манжурлар ҳукумати Шарқий Туркистонда осойишта ҳукмронликни давом эттириш учун бу битимга рози бўлган. Ушбу битимда қуйидаги масалалар қайд этилган эди:– Шарқий Туркистоннинг олти шаҳарига, яъни Оқсув, Учтурфон, Қашқар, Янгиҳисор, Ёркенд, Хўтонга мол олиб келган барча чет эллик савдогарлардан бож олиш ҳуқуқини Қўқон томонига топшириш; – Шарқий Туркистондан Қўқон савдогарлари ва фуқаролари чиқариб юборилганда, уларнинг тортиб олинган мол – мулклари эвазига Қўқон хонига товон тўлаш; – божни йиғиб олиш Қўқон хони томонидан тайинланадиган оқсоқол зиммасига юклатилган. Дастлабки оқсоқол Аълам поччанинг ўзи бўлиб, у икки йил давомида Қашқарда истиқомат қилган. Унинг расмий идораси Қашқар ҳисобланган;– Шарқий Туркистонга келган барча чет эллик савдогарларнинг идоравий-назорат ишлари юқорида келтирилган Қўқон оқсоқоли идораси билан бирга бажарилиши лозим; – Ўз навбатида Қўқон томони ўз ҳудудидаги Шарқий Туркистон хўжаларини Қашқарга ўтиб кетмаслигини кафолатини олади6

Баъзи адабиётларда шартноманинг бошқа шартлари ҳам учрайди:

  • Хитой императори Жаҳонгирхўжа қўзғолонини бостириб пайтида олиб кетилган ва Хитойнинг ички вилоятларига қулликка сотиб юборилган Шарқий Туркистон аҳолисини, ўз навбатида Қўқон хонлиги Муҳаммад Юсуф хўжа юриши вақтида асир олинган хитойликларни қайтариб беради. 7

  • Хитой давлати Қўқон хонлигига ҳар йили 1 000 (айрим манбаларда 250) ёмбу8 товон тўлайди. 9

  • Ч. Валихоновнинг билдиришича, Қўқон хонлиги Шарқий Туркистон аҳолисининг ¼ қисмидан (145 000 атрофида) қисмидан солиқ ҳамда кўчманчи чорвадор қирғизлардан сотиш учун келтирилган чорвадан 2.5 % миқдорида солиқ йиғиб олган. 10

  • Хитой Шарқий Туркистонда 20 000 кишилик қўшин (шундан 10 000 кишилик Қашқар шаҳрида) сақлаш ҳуқуқига эга. Қўшинлар шаҳарлардан ташқарида Гулбоғларда (Хитой ҳарбий истеҳкомлари) сақланади.11

Қўқон хонлигига бир йилда Шарқий Туркистондаги оқсоқол 20 000 тилла ҳисобида маблағ юборганлиги тўғрисида маълумот бор12. Шунингдек, олимлардан Ж. Флетчер 1830 йилларнинг охирида бир қанча Қўқон хонлиги савдогарлари Қулжа шаҳрига ҳам жойлашганлиги, натижада Или ўлкасида ҳам Қўқон хонлиги оқсоқоллик тизими жорий этилганлигини маълум қилади13.

Мазкур шартнома тўғрисида Англиянинг Бомбей ҳукуматидаги форсий котиб В. Уатеннинг Бенгалияда нашр этиладиган “Осиё ҳамжамияти” журналининг 1834-йилги сонида “Қўқон Ўзбек давлати ҳақидаги мемуарлар” номли мақоласида қуйидагиларни маълум қилинган: “Қашқарлик мусулмонларни дин қоидалари асосида Хоннинг ўринбосари томонидан бошқарилиши, Хонга транзит божлардан ҳақ олиш ҳуқуқини бериш, Хоннинг қирғизларни ўз назорати остида ушлаш, келгусида Шарқий Туркистондаги ҳар қандай қўзғолонда Хоннинг Хитойга ёрдам бериш шартларида Пекиндан (Ўзбеклар Божин деб атайдиган) тинчлик сулҳини тузиш учун элчи жўнатилди.”

Жозеф Флетчер 1832 йилги Қўқон – Хитой шартномасини Хитойнинг биринчи тенг бўлмаган шартномаси деб атаб, қуйидагиларга кўра 1842 йилги Хитой – Англия шартномасига14 ўхшашлигини билдирган:

  • Ҳудудийлик принципига зидлиги бўйича: миллий қонунчиликдан устун турувчи консулларни тайинлаш ҳуқуқини ташқи кучларга бериш.

  • Товон тўлаш: ноқонуний бўлишига қарамасдан, мусодара қилинган опиум учун Хитой кумуш билан товон тўлаган. Қўқон хонлиги Хитой ҳудудини ноқонуний равишда босиб олган бўлса-да, кумуш билан товон тўлаган.

  • Ҳаққоний ва доимий” тарифлар ҳамда божхоналар ўртасида тўғридан – тўғри муносабатлар. Ж. Флетчернинг фикрича, 1842 йилги шартнома билан Англияга Қўқон хонлигига нисбатан анча тор доирадаги бож ва солиқ имтиёзлари берилган. Бу ҳолатни олим Қўқон хонлиги савдогарлари Шарқий Туркистонда Хитой давлатига солиқ тўламаганлиги, Шарқий Туркистон қирғизлари ҳам Қўқон хонлигига солиқ тўлаганлиги, Шарқий Туркистонга келган бошқа давлатлар савдогарлари ҳам Қўқон хонлигига солиқ тўлаганлиги билан изоҳлайди.

  • Кўп имтиёзлар берувчи миллат (most-favoured-nation) шартномаси.

  • Савдодаги монополияни бекор қилиниши, хорижий савдогарлар ва Хитой фуқароларига тижорат муносабатларига ҳуқуқ берилиши. 15

Оқсоқол ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур хизматчилар ва ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий соқчиларга эга бўлган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оғзаки тарзда тузилган ва 1860 йилларга қадар амал қилган 1832 йил 13 январ кунги Қўқон – Хитой шартномаси ҳали тарихимизда яхши ўрганилмаган. Шартнома олимлар, жумладан хитойшунослар томонидан ўрганилган бўлса-да, мазкур шартнома оғзаки тузилганлиги, унинг ижроси бўйича маълумотларнинг камлиги шартномани келгусида атрофлича тадқиқ қилиш, авваломбор унинг ҳуқуқий табиатига баҳо бериш лозимлигини тақозо этади.

М. Мирмақсудов,
Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси

Фойдаланилган адабиётлар:

1 Хонликнинг сиёсий харитаси бўйича якдиллик мавжуд эмас. Хорижий олимлар Скотт Левай ва Бак Грамонтлар хонлик харитасини бундан ҳам каттароқ тасвирлайди, В. Уатеннинг мақолаларида, А. Бёрнснинг ҳисоботларида ҳамда Қўқон хони Амир Умархоннинг турк султонига ёзган мактубларида эса Россия империяси билан чегара ҳозирги Семипалатинск ҳамда Петропавловск шаҳарлари орқали Иртиш дарёси бўйлаб ўтганлиги баён этилган, шунингдек, ғарбий ва жанубий чегаралари бўйича ҳам фикрлар хилма-хил. Қайд этилганларга кўра, Қўқон хонлигининг сиёсий харитаси юзасидан ҳали тадқиқотлар олиб борилиши лозим. Тўлиқроқ маълумот учун: A) S. Levi “The rise and fall of Khoqand”. Pitsburg, USA – 2017; B) Bacqué-Grammont Jean-Louis. Tûrân, une description du khanat de Khokand vers 1832 [d’après un document ottoman]. In: Cahiers du monde russe et soviétique, vol. 13, n°2, Avril-juin 1972. pp. 192-231” C) Зайченко. «Памиры и Сарыколъ» Т. 1903 г. Д) “Reports and papers, political, geographical and commercial, submitted to Government”. Калькутта, 1839 й.

2 Тўлиқроқ маълумот учун: “Китай и соседи” (М. 1982 г.) китобида М. Кутлуков нинг “Взаимоотношения Цинского Китая с Кокандским ханствомномли мақоласи.

3 Тўлиқроқ маълумотлар учун: Ш. Қўлдашев “Қўқон хонлиги ва Шарқий туркистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар” мавзусида тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация автореферати. Тошкент 2009 йил; Newby L.J. The Empire and the Khanate. Political History of Qing relations with Khoqand. 1760-1860. Boston, Brill’s Inner Asian Library. 2005.

4 Қаранг: Ш. Қўлдашев “Аълам поччанинг Хитойдаги элчилик фаолияти”. Тошкент Ислом Университетининг “Илмий таҳлилий ахборот” журнали 2017 йил 3-сон, 46-бет.

5 Қаранг: Ким Ходонг. “Holy war in China”. Stanford University Press, Stanford, California – 2004, 28-бет

6 Қаранг: Ш. Қўлдашев “Аълам поччанинг Хитойдаги элчилик фаолияти”. Тошкент Ислом Университетининг “Илмий таҳлилий ахборот” журнали 2017 йил 3-сон, 49-бет

7 Қаранг: М. КутлуковВзаимоотношения Цинского Китая с Кокандским ханством”. Китай и соседи. М. 1982 г. китоби, 211-бет

8 Ёмбу – кумуш пул бўлиб, 1 ёмбу 1.8 кг кумушдан тайёрланган

9 Қаранг: Ким Ходонг. “Holy war in China”. Stanford University Press, Stanford, California – 2004, 29-бет

10 Қаранг: Ким Ходонг. “Holy war in China”. Stanford University Press, Stanford, California – 2004, 29-бет; М. КутлуковВзаимоотношения Цинского Китая с Кокандским ханством”. Китай и соседи. М. 1982 г. китоби, 211-бет

11 Journal of Asiatic Sociaty. 1834 йил июл, 31-сон. Бенгалия, Ҳиндистон

12 Epitome of correspondence our relations with Afghanistan and Herat”, Lahore. 111-бет

13 J. Fletcher. The Cambridge history of China. Vol 10 Late Ching 1800-1911, Part 1. Cambridge University Press 1978, 385-бет; “Report on the trade and resources of the countries on the north-western boundary of British India” (Лахор. 1862 й) даги “Хитой Туркистонининг қисқача замонавий тарихи”

14 1842 йилги Англия – Хитой шартномаси. Нанкин шартномаси деб ҳам юритилади. Англия ва Хитой ўртасидаги 1-опиум уруши якунига кўра имзоланган. Хитой учун оғир бўлган шартларда тузилган. Тарихга “Хитойнинг биринчи тенг бўлмаган шартномаси” номи билан кирган.

15 J. Fletcher. The Cambridge history of China. Vol 10 Late Ching 1800-1911, Part 1. Cambridge University Press 1978, 383-бет

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 523 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *