Бош саҳифа » Биласизми? » Сомонийларнинг келиб чиқиши: туркий ёки форс-тожик? Сомон-худот (2-қисм)

Сомонийларнинг келиб чиқиши: туркий ёки форс-тожик? Сомон-худот (2-қисм)

Аввалги қисмни ўқиш…

Сомон-худот айнан шу никоҳ натижасида вужудга келган оиланинг вакили бўлган. Унинг шажарасидаги айрим исмлар, хусусан, Тамғоч (Тамғос, Тамғосп, Тағмос, Тамгорс, Тамғот, Самтағон)нинг туркий эканлигига олимлар аллақачон эътибор берганлар. Шажарада келтирилган бошқа исмларни, масалан, Шовул, Тағон ва Жаббо ҳам қадимги турклар орасида кенг тарқалган Сул (Саул), Тўғон ва Жабғу исмлари ва унвонлари билан таққослаш мумкин. Қолаверса, қадимги турклар ҳозиргидек эроний исмлардан ҳам кенг фойдаланганлиги ҳаммага маълум.

Манбалардаги маълумотларга кўра, Сомон-худот Сомон номли бир қишлоқнинг асосчиси бўлиб, бу қишлоқ Балх вилояти, Самарқанд вилояти ёки Термиз вилоятида жойлашган. Сомон (sāmān) исмининг келиб чиқиши ҳақида ҳам турли фикрлар айтилган. Ривоятга кўра бу сўз “фаровонлик” маъносини билдирган1. Паҳлавий тилида sāmān сўзи “чегара”, “минтақа”, форс тилида эса “тартиб”, “интизом”, “бойлик” маъноларига эга. Манбаларда Sām(ān) атоқли оти ҳам қайд этилган. Авестага кўра, Sāmān (Thamanaois) одамлари Harahvatiš вилоятида яшаганлар. Сомон (sāmān) исмининг келиб чиқишини чигилча саман, яъни “сомон” сўзи билан ҳам боғлаш мумкин. Лекин, бизнингча, бу фикрларнинг барчаси ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳали тўлиқ исботланганича йўқ. Сомон исмининг келиб чиқишини шаман сўзи билан боғлашга ҳам уринишлар бўлган. Марказий Осиё, Урал ва Сибирдаги урал-олтой халқлари тарихида саман/шаман/самай/самар номли этноним мавжуд бўлиб, бу халқнинг узоқ ўтмишдаги аждодлари қадимги вақтларда олтой халқлари орасига жанубий ҳудудлардан кўчиб келган2. Берунийга кўра, Ўрта Осиёда аш-шаманиййа номли дин вакиллари бўлиб, улар бутларга сиғинганлар, лекин брахманларга нафрат билан қараганлар. Хуросон аҳли буддавий динидагиларни шаманийин ёки шаманāн (шаман сўзининг кўплик шакли) деб атаганлар. Ибн ан-Надим ҳам буддавий динига эътиқод қилувчиларни ас-саманиййа деб атаган. Ҳинд мифологиясида šamana сўзи “ҳукмдор” ва Йима худосининг исми сифатида ишлатилади, буддизмда эса Sāmān ёки Šramāna сўзи эътиқодда “тиришқоқлик қилганлар”га нисбатан ишлатилган бўлиб, улар буддавийлар тизимида иккинчи босқичдаги руҳоний даража соҳиблари ҳисобланган.

Шаманизмдаги шаман сўзи ҳам худди шу сўздан келиб чиққанлиги маълум. Ўрта асрларда Ҳиндистонда Сāмāн номли шаҳар қайд этилган. Зардуштийларнинг диний адабиётида Sāmān исми Акаташ (Aka-taš), Акоман (Akoman), Арастай (Arastāy), Варан (Waran), Нанхаис (Nanhais), Сабук (Sabuk), Тауреч (Taureč), Хион( Hyon) и Зареч (Zareč) сингари иблислар ва салбий шахслар қаторида қайд этилган. Буддавий худолар ва коҳинлар зардуштийларнинг кўз ўнгида “иблис” сифатида бўлиши мумкин эди. Ушбу исмларнинг айримларида туркча сўзлар ва этнонимларни кўриш мумкин: таш, тай, куман, авар, тур, хион. Паҳлавий саман (Sāhmān) исми санскритча “ғамхўрлик кўрсатувчи” маъносини ҳам билдиради. Баҳром Чубин турк хоқони Эл-тегин (Пармуда, Нилихон)нинг қизига уйланган эди. У эса буддавий динига эътиқод қилган бўлиб, 588 йилда Турк хоқонлиги таркибига эндигина киритилган Тохористон ва Гандхара ҳокими этиб тайинланган. У Кашмирда буддавий ибодатхона қурдирган ва Бухорога буддавий динини олиб келган3. Хитой саёҳатчиси У-кун 759-764 йиллар орасида Кашмир ва Гандхарадаги буддавий ибодатхоналар ичида VI-VII асрларда турк ҳукмдорлари ва уларнинг оила аъзолари томонидан юз йил олдин қурилганларини ўз кўзи билан кўрган. Хусусан, Кашмирда турклар асос солган “хотун ибодатхонаси”, турк хоқонининг ўғли асос солган Ve-li-te-le, яъни Vе-li-tegin ёки Эл-тегин ибодатхонаси, Гандхарада “турк подшоҳининг хотуни” асос солган Tegin-cha ибодатхонаси шулар жумласидандир4. Тун йабғу-хоқон ҳам буддизмга эътиқод қилган бўлиб, 630 йилда Сюань Цзанни қабул қилган ва ундан таҳсил олган. Сомонийлар 300-351/912-962 йилларда Кобул ва Ғазнада зарб этган кумуш дирҳамларда буқа ва отлиқ (Av), ва Sri Khudavayaka (худоси) деб ўқилувчи ҳиндча ёзувлар (Rv) туширилган. Шу тангаларнинг бошқа бир турларида буқа, Sri Khudavayaka худоси (Av) ва отлиқ суратлари (Rv) туширилган.

Сомонийларнинг ҳокими Билга-тегиннинг 320-326/932-938 йилларда Тохаристоннинг шимоли-шарқидаги Бурж Кишм номли зарбхонада чиқарган дирҳамларда Билга-тегин, Сайф ад-Давла Маҳмуд Ғазнавийнинг 385/995-96 йилда Андаробда зарб этган дирҳамларида эса Нуҳ ибн Мансурнинг суратлари тасвирланган5. Буқанинг расми ва худо ёки ҳукмдорнинг сурати буддавий анъанасида кенг ишлатилган.

Самарқанддаги Ўзбекистон ФА Археология институтида Мансур ибн Нуҳ ва унинг ўғли Аҳмад ибн Мансурнинг исми туширилган мис танга (фалс) сақланади. Бу танганинг юз қисмида мумтоз буддавий мандаланинг сурати туширилган бўлиб, у ўрта асрларда Хитой, Тибет, Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонда кенг тарқалган буддизмнинг шимолий йўналишлари Махаяна ва Важраяна (Тантризм) таълимотларида қуёшнинг рамзи бўлган. Таркибида 8 япроқли гул расми туширилган мумтоз мандала Будданинг тимсоли ҳам бўлган ва VIII-IХасрларда кенг тарқалган Тантризм буддавий таълимотида муҳим роль ўйнаган. Танганинг орқа тарафидаги арабча ёзувларга кўра, у 359/969-70 йилда Фарғонада Сомонийларнинг ҳокимлари Қилич ал-Ҳожиб ва Аҳмад ибн Али томонидан зарб этилган. Худди шундай мандалани Тошкентдаги Санъат галереясидаги Ўзбекистон Миллий банкининг нумизматик коллекциясида сақланаётган Қорахонийларга мансуб айрим тангаларда ҳам кўриш мумкин.

Сомонийларнинг буддизм билан алоқаларига ишора қилувчи далиллардан яна бири бу Бухородаги Сомонийлар мақбарасининг деворларига туширилган рамзлардир. Бу рамзлар мураккаб геометрик композициядан иборат бўлиб, бир-бирининг ичидаги квадрат шакллар ва уларнинг ўртасида доира шаклдан ташкил топган. Худди шундай рамзларни илк ўрта асрларда Шарқий Туркистоннинг энг йирик буддавий марказларидан бири бўлган Дуньхуан ғор мажмуасининг деворий суратларидаги буддавий ривоятларнинг тасвирларида ҳам кўриш мумкин6. Бу маълумотлар, бизнингча, Сомонийларнинг асл келиб чиқиши масаласига ойдинлик киритишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Улардан шундай хулоса келиб чиқадики, Сомон-худот, ислом динини қабул қилганига қадар, манбаларда кўрсатигандек, зардушт динига эмас, балки буддавий динига эътиқод қилган. Бу эса исломгача Сомон-худотнинг ватани бўлган Балх шаҳрида буддизм ҳукмронлик қилган7, деган хулосаларга тўла мос келади. Сомон-худотнинг монийлик динига эътиқод қилгани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Илк ўрта асрларда Балх ва унинг атрофларида бир неча аср (III-VIII асрлар) давомида монийларнинг каттагина жамоаси фаолият кўрсатган. VI асрда бу ерда монийлар ва буддавийларнинг яқин алоқалари ҳақида далолат берувчи сеҳр ҳақидаги бир парфян-моний ҳужжати ёзилган.

Манбалардан маълумки, VII-VIII асрларда Тохаристонда, хусусан, Чағониёнда монийларнинг нуфузи жуда ҳам юқори бўлган. Буддизм билан монийлик Ўрта Осиё ва Марказий Осиё ҳудудларида узоқ вақт давомида бирга мавжуд бўлганлиги сабабли буддизмнинг монийликнинг шарқий тармоғига ўтказган таъсири шунчалик кучли бўлганки, ҳаттоки монийликга оид асарларда Моний баъзан Будда деб ҳам аталган. Ибн ан-Надимнинг (Х аср) маълумотига кўра, Тохаристондан Мовароуннаҳрга илк кўчиб ўтганлар орасида сомонийлар (ас-саманиййа), яъни буддавийлардан ташқари монийлар бўлган8.

Давоми бор…

Профессор Шамсиддин Камолиддин,
тарих фанлари доктори

1 Семенов А.А. К вопросу о происхождении Саманидов// Труды ИИАЭ АН ТаджССР. Т. 27. Сборник статей, посвященных истории и культуре периода формирования таджикского народа и его государственности(IХ– Х вв. н.э.). Сталинабад, 1955: 4

2 Василевич Г.М. Этноним саман/самай у народов Сибири // СЭ, 1965,: 139 – 145

3 Ставиский Б.Я. О международных связях Средней Азии вV – сер. VIII вв. (в свете данных советской археологии) // ПВ, 1960: 115

4 Chavannes E. Documents sur les Tou-Kiue (Turks) occidentaux // Сборник трудов Орхонской экспедиции, вып. 6. СПб., 1903.: 198, 242 – 245

5 Mitchiner M. The World of Islam, Oriental Coins and their values, London: Hawkins Publications, 1977: 133, 146

6 Арапов А. Космограммы ранних исламских мавзолеев Центральной Азии // Ежегодник Московского отделения Международной Академии архитектуры. М., 2002.: 120 – 125

7 Barthold W. Histoire des Turcs d’Asie Central, Adaptation francaise par M.Donskis, Paris, 1945: 48

8 Flugel G. Mani, sein Lehre und seine Schriften. EinBeitzag zur Geschichte der Manichaismus, Leipzig, 1862: 76, 105, 385

Ўхшаш мақола

«Тараққий»

Post Views: 27 «Тараққий» – жадидлар газетаси. 1906 йил 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *