Ўрта Осиё тарихида Сомонийлар сулоласининг ҳукмронлик қилган даври (IX-X асрлар) алоҳида аҳамиятга эгадир. Чунки бу даврда Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар ислом дунёсининг энг йирик маданий ва илмий марказларига айланди, маҳаллий халқларнинг ислом давридаги давлатчилиги асослари яратилди. Ёзма манбаларда Сомонийлар сулоласининг турли вакиллари, улар ҳукм сурган даврдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳвол ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд. Лекин Сомонийлар сулоласининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кам ва бир бирига зиддир. Сомонийларнинг асл келиб чиқиши ҳали номаълум бўлса ҳам, кўпчилик тадқиқотчилар орасида уларнинг келиб чиқиши форс ва Сосонийлар сулоласи билан боғлиқ деган хато фикр ҳукм суриб келмоқда. Шунинг учун Сомонийлар сулоласининг асл келиб чиқишини аниқлаш ҳозирги кунда тарих фани олдида турган энг долзарб масалалардан биридир, уни ҳал этиш учун эса олдингидан ҳам кенгроқ доирадаги манбаларни жалб этган ҳолда қўшимча тадқиқотлар олиб бориш зарур.
Сомонийлар сулоласининг бобокалони Сомон-худот сиёсий майдонда VIII асрнинг биринчи чорагида пайдо бўлиб, Балх шаҳридан Марвга Хуросон амири (728-735 йилларда) Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий (ёки ал-Қушайрий) олдига келди ва ундан ўзининг Балхдаги душманларига қарши курашда ёрдам беришни сўрайди. Унинг ёрдами билан душманларини енгиб ўзининг мавқеини тиклаб олгач, Сомон-худот Асаднинг ёрдамида ислом динини қабул қилади ва унинг шарафига ўз ўғлининг исмини Асад деб қўяди. Кейинроқ у ўғли Асад билан бирга Хуросондаги Абу Муслим қўзғолонида иштирок этади. Кейинчалик унинг ўғли Асад халифа ал-Маъмуннинг Марвдаги саройида хизмат қилади. Сомон-худотнинг набиралари, Асаднинг ўғиллари Нуҳ, Аҳмад, Яҳё ва Илёс Ўрта Осиёда Рофиъ ибн ал-Лайс бошчилигида кўтарилган қўзғолонни (190-195/806-810 йй.) бостиришда фаол қатнашиб, қўзғолончилар билан музокара олиб бордилар ва таслим бўлишга кўндирдилар. Бу хизматлари учун ал-Маъмун Марвдан Бағдодга кетишдан олдин уларни ҳоким этиб тайинлашга буйруқ берди ва 204/819 йилда Нуҳ Самарқанд ҳокими, Аҳмад Фарғона ҳокими, Яҳё Шош ва Уструшана ҳокими, Илёс эса Ҳирот ҳокими этиб тайинланди.
***
Баҳром Чубин
Манбаларда Сомон-худотнинг келиб чиқиши ҳақида турли маълумотлар келтирилган. Айрим маълумотларга кўра, у Сосоний шоҳаншоҳи Баҳром Гур (420-438 йилларда ҳукм сурган) ёки Хусрав I Ануширвоннинг (531-579 йилларда ҳукм сурган) авлодларидан бири бўлган. Лекин кўпчилик манбаларда унинг шажараси Сосоний шоҳаншоҳи Хурмазд IVнинг (579-590 йилларда ҳукм сурган) ҳарбий қўмондони Баҳром Чубинга (VI аср) бориб тақалади1. Баҳром Чубин аввал Арманистон ва Озарбайжон, кейин эса Рей ва Хуросон марзбони этиб тайинланган. Айрим маълумотларга кўра, Баҳром Чубиннинг келиб чиқиши Сосонийлар хизматидаги ўғуз туркларидан бўлган2. Маълумки, Сосонийлар ўз ҳарбий кучларига қўшни туркий халқ вакилларини кўплаб жалб этганлар Масалан, IV асрда Сосонийлар хионит қабилаларини Византияга қарши урушга жалб этганлар. 502 йилда шоҳаншоҳ Кавад (Қубод) эфталит қабилалари билан биргаликда Византияга қарши юриш қилган, 503 йилда эса эфталит қабилалари Кавказда ҳунларга қарши урушганлар. 527-532 йилларда Сосонийлар Византияга қарши урушда савир қабилаларини жалб этганлар. Хусрав I Ануширвон мамлакатини кўчманчи туркий қабилаларнинг бостириб киришидан сақлаш мақсадида ўзининг чегара ерларини туркий қабилаларнинг ўзларига қўриқчилик учун топширган3. Масалан, ал-Масъудий маълумотига кўра, у Кавказ тоғларида ғайридинларга қарши Боб ал-Абвоб (Дарбанд) қалъаси ва узунлиги 40 фарсах (1 фарсах – тахминан 6-7 км) бўлган девор қурдириб, унинг дарвозаларини қўриқлаш учун хазар, алан, ас-сарир (савир) ва туркларнинг турли тоифаларига мансуб бўлган қабилаларни жойлаштирган4. Чегара ерларнинг ҳокимлари лавозимига асосан эроний бўлмаган халқлар вакиллари (хионитлар, эфталитлар, хазарлар, турклар, дайламийлар, арманлар, грузинлар ва бошқалар) тайинланган. Улар “чегара посбони” маъносини англатувчи юксак марзбон унвонига эга бўлиб, Сосонийлар саройида олий ҳарбий табақа қаторига киритилган.
Ануширвоннинг энг яқин одамларидан бири Катулф исмли эфталит бўлган5. Унинг саройида турк, хитой ва хазар подшоҳларининг вакиллари истиқомат қилганлар6. Хусрав I Ануширвон турк ҳоқонининг қизига уйланган. Манбаларда бу хоқоннинг исми Кайэн ёки Кукам-хоқон7 деб берилган бўлиб, аслида у Истами-хоқон – Дизавул бўлган. Рашид ад-Дин асарида бу хоқоннинг исми Кукам Йавкуй, Абул-Ғозий асарида эса Кукам Бакуй тарзида қайд этилган. Бошқа Сосоний шоҳаншоҳларидан фарқли равишда Ануширвон ҳукмрон ортодоксал зардушт динининг ақидапараст ғояларидан воз кечиб, бошқа динлар вакилларига, хусусан, христианлар, Маздак таълимоти ва бошқа диний фирқаларга нисбатан бағрикенглик сиёсатини олиб борган. Ануширвоннинг ўғли ва Сосонийлар тахтидаги меросхўри шаҳзода Хурмазд IV ярим турк бўлгани сабабли «Туркзода» деб аталган. Ўз отасининг сиёсатини давом этдириб, у эроний зодагонлар ва ақидапараст зардушт коҳинларига қарши аёвсиз кураш олиб бориб, христианларга нисбатан бағрикенг бўлган ва ўз сиёсатида кўпроқ оддий халққа таянган8, чунки Сосонийлар империяси аҳолисининг кўпчилик қисмини эроний бўлмаган эфталитлар, турклар, арманлар, грузинлар ва бошқа эроний бўлмаган халқлар ташкил этган. Баҳром Чубин 588 йилда эфталитлар ва турклар устидан ғалаба қозонгандан кейин шоҳаншоҳ Хурмазд IV Туркзода унга Балх ва бутун Хуросон ерларини инъом этди. Чўл-хоқон (Бу хоқон Тарду (Қора Чурин)нинг ўғли ва Истами-хоқоннинг набираси Эл-Арслон билан бир шахс бўлган. Наршахий уни Шер-и Кишвар деб атаган; араб тилидаги манбаларда у Шаба ёки Шийоба, форс тилидаги манбаларда Сова-шоҳ, хитой манбаларида эса Асилань-дагань (Арслан-тархан) деб аталган)нинг ўлимидан кейин унинг ўғли Эл-тегин Байканд қалъасига беркиниб олади. Баҳром Чубин уни қамал қилиб, таслим бўлишга мажбур қилади ва катта ўлжа қўлга киритади. Лекин унинг ҳаммасини Хурмаздга юбормасдан, асосий қисмини ўзига олиб қолади. Шоҳаншоҳ бундан ғазабланиб, уни лавозимидан озод қилади. Баҳром Чубин турклар билан битим тузиб, қўшинларига кўплаб турк аскарларини қабул қилади ва улар билан бирга Сосонийлар пойтахти Ктесифонга юриш қилади. У Сосонийлар сулоласини Эрондаги ҳокимиятни қонунга хилоф равишда эгаллаганликда айблаб, парфян Аршакийларини Эроннинг қонуний ҳукмдорлари, ўзини эса уларнинг меросхўри деб эълон қилади9. Хусрав II Парвиз ўз пойтахтидан қочиб, Византия императори Маврикий олдига боради. Сосонийлардан ҳокимиятни тортиб олиб, Баҳром Чубин бир йил тахтда ўтиради ва ҳатто ўзининг сурати туширилган тангалар чиқаришга ҳам улгуради. 591 йилда арман, грузин ва византияликларнинг Хусравга содиқ қолган форс қўшинлари билан бирлашган ҳарбий кучлари Арманистондаги Баларат дарёси ёнида Баҳром Чубин аскарларини мағлубиятга учратадилар. Шундан кейин Баҳром Чубин шарққа қочиб, Фарғона турклари ҳузурида паноҳ топади10. У Бармуда исмли турк ҳоқонининг дўсти ва маслаҳатчиси бўлиб қолади ва унинг қизига уйланади. Лекин маълум вақт ўтгандан кейин у Хусрав II Парвиз томонидан юборилган айғоқчи жосус томонидан заҳарлаб ўлдирилади11.
Давоми бор…
Профессор Шамсиддин Камолиддин,
тарих фанлари доктори
Адабиётлар:
1 Hudud al-‘Alam; al-Istakhri; Ibn Haukal; Наршахи; Mirkhond
2 Гумилев Л.Н. Древние тюрки. Л.: Наука ЛО, 1967: 162
3 Колесников А.И. О термине «марзбан» в Сасанидском Иране// Палестинский сборник, вып. 27 (90). М.; Л., 1981: 53
4 Macoudi, Les prairies d’or, text et traduction C.Barbier de Meynard, t. I – IX, t.2, Paris: Societe Asiatique, 1861 – 1877: 2
5 Тревер К.В., Якубовский А.Ю., Воронец М.Э. История народов Узбекистана. В2-х томах. Ташкент, 1950: 141
6 At-Tabari, Abu Djafar Mohammed ibn Djarir, Annales,ed. M.J. de Goeje, I – III series, Lugduni-Batavorum: E.J.Brill, 1964.: 899
7 Ibnu’l-Balkhi, The Farsnama, ed. by G. le Strange and R.A.Nicholson (“E.J.W.Gibb Memorial” series), London, 1921.i: 24, 94, 98
8 Пигулевская Н.В. Византия и Иран на рубеже VI и VII веков. М.; Л., 1946: 84 – 85
9 Shahbazi A.Sh. Bahram VI Chobin, in: Bahram: VII, Encyclopaedia Iranica, ed. by Ehsan Yarshater, vol. III (Ataš – Bayhaqi), London – New York, 1989: 521
10 Гумилев 1960: 229 – 230
11 Гумилев 1967: 131 – 132; Усанова 1995: 29
Ушбу мақола муаллифга 2004 йилда Буюк Британиянинг Кембриж университети (The University of Cambridge, UK) томонидан Марказий ва Ички Осиёни ўрганиш қўмитаси дастури (The Committee for Central and Inner Asia) бўйича тақдим этилган махсус илмий грант туфайли Британия кутубхонаси (The British Library) ва Лондон университетининг шарқшунослик институти (The School of Oriental and African Studies) кутубхонасида олиб борган тадқиқотларнинг натижасидир.
Ваш сервис легко можно назвать самым полезным. Всегда видно умелый подход к делу и также высокое качество, каковые привлекают особенное наше внимание.