1912 йили ака-ука Долимбек, Комилбек ва Каримбек Норбековлар оталари Муҳаммадаминбекни муборак ҳаж сафарига кузатадилар. Каримбек отамнинг айтишларига қараганда, Муҳаммадаминбек Эрон йўли билан Истанбулга келади ва ўзбекларнинг Султонтепадаги энг эътиборли такясига жойлашади. У ерда таълим олаётган ўзбек талабаларига иона улашади, бир неча ой яшаб, Туркиянинг Измир, Бурса шаҳарларида бўлади, қадамжоларни зиёрат қилади. Сўнгра Мисрнинг Қоҳира шаҳрида машҳур ал-Асғар мадрасасида бўлди. Саудия Арабистонида мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлари Маккаи Мукаррамани зиёрат қилади ва Мадинаи Мунавварада ҳаж амалларини бажаради. Ота сафар давомида Русиянинг Тифлис, Боку, Қримнинг Боғчасарой, Симферополь, Одесса сингари тараққий этган мусулмон шаҳарларида бўлади ва катта таассуротлар билан бир ярим йил давом этган сафаридан ўз ватанига қайтади. Энди Муҳаммадаминбек ўғилларининг маърифатпарварлик, Ватан ободонлиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган ишларига катта хайрихоҳлик билан қарайди, ўзи ҳам бундай ишларда уларга мададкор бўлади.
1914 йили Маъдамбек ўғиллари Комилбек ва Каримбек II Сағбон маҳалласида каттагина масжид (шўролар даврида узоқ йиллар “Ҳуррият” кўчасидаги Бухгалтерия техникуми фаолият кўрсатган бино бўлиб, Мустақилликнинг дастлабки йилларида қайта таъмирланди ва масжид ҳолига келтирилди) қурдиради. Масжид ичида усули жадид мактаби учун икки катта хона ажратилади. Бу мактабнинг довруғи Сағбон ва қўшни маҳаллаларга тез тарқалди. Деразалари кўчага қараган ёруғ икки хона бўйралар ўрнида парталар, стол-стуллар, деворларида хариталар, курраи арз, катта қора тахта билан жиҳозланди, ҳатто ўқувчилар замонавий дарсликлар билан мактаб томонидан таъминланади, тарих, ҳисоб, жуғрофия, ҳандаса каби дарслар ўқитилади, қишда хоналар голланд печкаси билан иситилади. Буларнинг ҳаммаси тараққиётдан бутунлай узилиб қолган Сағбон ва қўшни Чиғатой, Қўштут, Қилбелбоғ, Ёв каби маҳаллаликлар учун очилган биринчи усули жадид мактаби эди. “Муҳаммадаминбек ҳожи масжиди” деб номланган бу масжид шўролар давригача ўзининг муқаддас вазифасини адо этди. Шу 1914 йили Каримбек Норбеков масжид қошидаги усули жадид мактабига ўқувчилар қабул қилади ва Абдулла Авлоний шогирди, бешоғочлик жадид домласи Ғулом Қодирни муаллим этиб тайинлайди. Мактабни ўқув қуроллари билан таъминлаш, иқтисод билан боғлиқ ҳамма муаммоларни Каримбек ўз зиммасига олган. Бу мактабнинг эътибори кун сайин ошиб борди, қўшни маҳаллалардаги эски мактаб ўқувчилари янги мактабга бирин-кетин ўта бошлайдилар. Кўпгина эски мактабдорлар, шу жумладан, Кабир домла ҳам довруғли мактабни келиб кўрди, янги, ёш домлага оқ фотиҳа берди ва қолган-қутган беш-олти нафар талабасини ҳам шу мактабга топширди. Бу ҳақда эски ва янги мактабларда ўқитиш усулларини яхши билган адам Субутой Долимов қуйидагиларни ёзиб қолдирган эдилар: “Мени отам 1913 йилда маҳалламизда анчадан бери ўқитувчилик қилаётган Кабир домла мактабига ўқишга берди. Домлам анча юмшоқ табиатли одам бўлиб, болаларни урмас, урушмас, яхши муомалада бўлар эди, лекин янгича ўқитиш усулларидан бутунлай бехабар эди. Каримбек амакимнинг зўри билан янги мактабга ўтдим. Бир йил ўтар-ўтмас, Кабир домланинг эски мактабидаги ўқувчилар ҳам бизнинг янги мактабимизга оқиб кела бошлади. Чунки Ғулом Қодир домла янгича ўқитиш усулларидан, кўргазмали қуроллардан, техник воситалардан кенг фойдаланар, дарсларни анча қизиқарли ўтар эди. Кабир домла мактаби бўшаб қолди ва у муаллимликни йиғиштирди. Янги домламизни юмшоқ табиатли инсон деб бўлмас эди, жуда талабчан, нисбатан қўрсроқ ўқитувчи эди. Тез кунда ўқувчилар сони 25 нафардан ошиб кетди. Кунлардан бир кун домламиз турли хил ўқиш китоблари билан бир пластинка олиб келди. Унга биз ўқиётган Абдулла Авлонийнинг “Мактабга тарғиб” шеъри янгича ўқишда – хўр бўлиб ўқишда ёзилганлигини айтди, аммо уни эшитиш учун граммофон керак эди. У вақтларда граммофон бармоқ билан саналадиган одамларнинг уйида бўлар эди. Шунда мен граммофон Комилбек ва Каримбек амакиларимникида борлигини айтдим. Домламиз жадидлар орасида катта ҳурматга эга бўлган ва бу ҳаракатда фаол иштирок этаётган амакиларимни жуда яхши билар экан. Эртаси куни Каримбек амаким (келгусида менинг қайин отам) меҳмонхонасида 25 – 30 нафар бола учун жой тайёрлади ва пластинкага ёзилган болалар хўрини граммофонда бирга бир неча марта тингладик. Кейин Ғулом Қодир домла Абдулла Авлонийнинг шу шеърини ҳар биримизга ёд олишимиз керак бўлган бандларни кўчириб берди. Эртаси, индини – бир ҳафта давомида дарсимиз амакимнинг ҳовлисида ўтди. Бизнинг хўримиз мусиқа садолари бўлмаса ҳам анча чиройли чиқди. Ушбу ўқишдан бирорта ўқувчи четда қолмади, ҳамма фаол иштирок этди. Бундай ўқишдан жуда хурсанд бўлган барча ўқувчиларга муаллимимиз Ғулом Қодир домла Авлонийнинг “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” тўпламидан “Миллатга хитоб” шеърини хўр бўлиб ўқишга ўргатди. Дастлаб ҳаммамиз ушбу шеърни тўлиқ ёд олдик, кейин шеърнинг:
Кўзларинг оч, эй миллат!
Кўб замон ғафлат ётдинг.
Умринг ўтди ётмакда
Қайғуга тоза ботдинг.
Кетди шону шарафинг,
Мозор тошидек қотдинг –
хитоб қисмини ёши каттароқ, овози ҳам анча баланд икки ўқувчига топширди. Шеърнинг чақириқ:
Эй!.. Токайгача ғафлат ичра ётамиз!
Келинг, ёшлар, жаҳолатни отамиз!
Бизга бу кун илма киришмак керак!
Бизга бу кун илма тиришмак керак! –
қисмини ҳамма 25 ўқувчига топширди. Талабаларнинг ушбу хўри ўқитувчимиз кутганидан ҳам афзалроқ бўлди. Таълимда яратилаётган бундай янги ўқитиш усуллари, кўргазмалилик, янги техник воситалар ҳам мактабларга шитоб билан кириб борди”.
Шу тариқа, Тошкент шаҳрининг анча чекка ва янгиликлардан узоқ бўлган Сағбон маҳалласида ҳам Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг катта саъй-ҳаракатлари билан янгича ўқитиш усулига асоланган биринчи усули жадид мактаби фаолият кўрсата бошлади, вақт ўтиши билан унинг фаолият доираси кенгайиб, шўро ҳукуматининг дастлабки йилларида ҳам совет мактаби сифатида фаолиятини давом эттирди.
Давоми бор…
Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»
Тошкент, «Академнашр», 2015
Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз