Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. 3-қисм. Комилбек ва Каримбек Норбековлар

Сулола. Долимовлар шажараси. 3-қисм. Комилбек ва Каримбек Норбековлар

1875 йили Муҳаммадаминбекнинг хотини – Долимбекнинг онаси Марзиябиби Мўминбой қизи вафот этади ва у иккинчи марта уйланишга мажбур бўлади. Иккинчи хотини Умринисодан 1880 йили Комилбек (Муҳаммадаминбек Ватан ҳимоясида шаҳид бўлган акаси Комилбекка бўлган самимий ҳурматини ифодалаб, иккинчи ўғлини шу исм билан атаган. Буни Долимбек бувам қайта-қайта такрорлар эдилар), 1882 йили Тожихон, 1884 йили Каримбек ва 1890 йили Абдураҳмонбек исмли уч ўғил, бир қиз кўради. Муҳаммадаминбек фарзандлари Комилбек ва Каримбекни дастлаб маҳалла мактабига ўқишга беради. 1884 йилдан эътиборан маҳаллий миллат болалари учун генерал-губернаторлик томонидан махсус рус-тузем мактаблари очила бошлайди. Туркшунос миссионер Н.Ильминский (1822 – 1891)нинг таълим тизимига асосланган бундай мактабларни очишдан кўзланган асосий мақсад ўлкада мустамлакачилик сиёсатини мустаҳкамлаш, ерли аҳолидан қисман бўлса ҳам рус тилини, математикадан тўрт амални биладиган, рус халқи урф-одатларига, маънавиятига, Русиянинг улуғворлигига, унинг ҳарбий қудратига сажда қилувчи, мустамлакачилик манфаатлари учун сидқидилдан хизмат қилувчи, ўз миллий маънавиятидан узоқроқ бўлган кичик амалдорлар тоифасини тарбиялаб етиштириш эди. Бундай таълим-тарбия тизими шўролар даврида авжига чиқди. Ҳатто ҳозирда – Мустақиллик даврида ҳам ўз она тили ва маънавиятидан, тарихидан маҳрум этилган, миллий ғоянинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган ўзбеклар тоифаси тез-тез учраб туради. Дастлабки йилларда ўзбеклар “болаларимиз кофир бўлиб кетар экан” деган қўрқув туфайли бундай мактабларга ўз хоҳишлари билан фарзандларини бермаганлар. Чунки мазкур мактабларда маҳаллий тил ва адабиёт, миллий маънавият, миллат тарихи, ислом дини аҳкомлари умуман ўқитилмас эди. Губернаторлик маъмурлари рус-тузем мактабларида ислоҳ ўтказиб, таълим-тарбия ишларини бир оз бўлса-да, миллийлаштиришдан академик В.В.Бартольд сўзлари билан айтганда: “Маҳаллий халққа ўз она тилида кўпроқ маълумот беришдан ва бу билан маҳаллий халқни руслаштириш ишига зарар етказиб, маҳаллий адабиёт ва маданиятнинг қаттиқ ўрнашиб қолишидан қўрқар эдилар”.

Бундай вазиятдан чиқиш, губернаторлик маъмурияти буйруғини бажариш учун маҳаллий амалдорлар ўғли бор оилаларга чек ташлайди ва уларга “школ пули” солиғи ҳам жорий қиладилар. Бундай чек ака-ука Муҳаммадаминбек ва Рустамбек Норбек ўғли оиласига ҳам тушади. Муҳаммадаминбек бирйўла икки ўғли Комилбек ва Каримбекни маҳалла мактабидан олиб, Ҳадра билан Эски Жўва оралиғида – тахминан ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги театр биноси рўпарасида, Сайидкаримбой Сайидазимбой ўғли уйида очилган 1-рус-тузем мактаби (бу мактаб Тошкент шаҳрида очилган биринчи рус-тузем мактаби эди – У.Д.)га ўқишга беради. Бир йилдан кейин Рустамбек ҳам ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбекни худди шу мактабга ўқишга беради. Бу мактабнинг очилишида ўша даврнинг маърифатпарвар қозиларидан Шарифхўжа Пошшохўжа ўғли катта фаолият кўрсатган ва унинг фахрий нозири этиб тайинланган ҳамда умрининг охиригача бу мактаб фаолиятини назорат қилиб борган. Бу мактабнинг очилиш жараёнини ўз кўзи билан кўрган тарихчи И.А.Добромыслов қуйидагиларни ёзади: “1884 йилнинг 19 декабрида шаҳарнинг маҳаллий аҳоли яшайдиган қисмида ерликларнинг болаларига русча саводни, ўқиш ва ёзиш ҳамда арифметикадан тўрт амални ўргатиш учун рус-тузем мактаби очилди. Бу мактабнинг очилишида катта қийинчиликлар рўй берди ва у фақат Шайхованд Таҳур даҳа қозиси Шарифхўжа туфайлигина очилди. У икки ўғлини, икки ёки уч неварасини, уч жияни ва бошқа қариндошларини шу мактабга берди”.

Генерал-губернаторликнинг қабиҳ мақсадларидан қатъи назар, мазкур рус-тузем мактаблари маҳаллий анъанавий мактаблардан ҳар жиҳатдан анча устун эди. Шунинг учун ҳам Сатторхон Абдуғаффоров, Шарифхўжа қози, Муҳиддинхўжа қози, Комил Хоразмий, Исҳоқхон Ибрат, Марғилон қозиси, шоир Рожий Марғиноний каби даврининг улуғ маърифатпарварлари, жамоат арбоблари бундай мактабларни тарғиб-ташвиқ қилар, шу билан бирга, уларнинг ҳомийлари ҳам эдилар. Бу мактабларнинг туб моҳиятини тўғри тушунган ўзбек мутафаккирлари, айниқса, Сатторхон Абдуғаффоров мустамлакачилар мафкураси раҳнамоси Николай Ильминский ва унинг Туркистон ўкасидаги гумашталари Николай Остроумов, Михаил Миропиев, Владимир Наливкин, Сергей Граменицкийлар хоҳишларига зид ҳолда рус-тузем мактабларини ислоҳ қилиб, миллат манфаатларига мослаштиришга ҳаракат қилди ва бунга қисман бўлса ҳам эришди. Бу ишда у Исмоилбек Гаспринский таъсирида бўлди.

Тўртала амакивачча – ака-ука Комилбек ва Каримбек, Ҳасанбек ва Ҳусанбек Норбековлар бу мактабда берилиб ўқидилар, рус тилини мукаммал ўргандилар ва математикадан ўртача маълумотга ҳам эга бўлдилар. Ўша вақтларда Тошкентда рус ва ўзбек тилларида нашр этиладиган биринчи газеталар “Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети”, кейинроқ ўзбек зиёлилари ўртасида катта шуҳрат қозониб бораётган жадид газеталарини, татар ва озарбайжон тилларидаги “Таржимон”, “Вақт”, “Шўро”, “Мулла Наcриддин”, “Хўп-хўпнома” каби газета ва журналларни мунтазам ўқиб бориб, замона зайлидан хабардор, улар билан ҳамқадам бўлдилар. Комилбек ва Каримбек русча таълимни тугатгач, бир неча йил Эски Жўва билан Чорсу ўртасидаги “Бекларбеги” мадрасасида (бу мадраса шўролар даврида – 1930-йилларда бузиб ташланган – У.Д.) ҳам ўқийдилар. Бу мадрасада 1903 йилдан “Бухоронинг ярим илмини олиб келган” машҳур бедилхон Баҳодирхон эшон бош мударрис бўлган ва ўлканинг энг эътиборли бедилхонлари, илм аҳллари йиғилиб турган, мунозаралар ўтказилган. Шу билан бирга, ўз даврининг янгича фикрловчи ёшлари ҳам шу мавзега тўпланган эди. Ака-ука Комилбек ва Каримбек Норбековлар бундай йиғинлардан баҳраманд бўлганлар ва ўз даврининг оқ-қорани таниган, анча кенг маълумотли, миллий маънавияти бутун кишилари бўлиб етишадилар. Улар ҳам энди савдо-сотиқ ишларида отаси Муҳаммадаминбекка ва акаси Долимбекка ёрдам бера бошлайдилар, иқтисодий шароитларини ҳам анча яхшилаб борадилар. Буваси Мўминбойдан мерос бўлиб ўтган дўконларни анча катталаштирадилар.

Фарзандлар кўпайиб вояга етгач, “Ҳазрати Имом”даги Ҳайтабекдан қолган ҳовли анча торлик қилиб қолади ва 1890-йилларнинг охирларида ака-ука Муҳаммадаминбек билан Рустамбек Ҳастимомдаги ота ҳовлисини укаларига қолдириб, Сағбон маҳалласидан каттагина ҳовли-ер сотиб оладилар ва шинам уй-жойлар барпо этадилар. Сағбон кўчаси Тошкент шаҳрини Ҳасанбой, Кўктерак, Келес ва бошқа қишлоқлар билан туташтирган энг кўҳна ва гавжум кўчалардан бўлиб, археолог олим академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов “Қадимги Тошкент” асарида “Сағбон” сўзининг келиб чиқиши, луғавий маъноси ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Сағбон” маҳалласининг асли номи “Суқбон”, яъни “суқ” – арабча “бозор”, “бон” – форсча “қоровул” маъноларини англатган. Чунки даштдан ҳайдаб келинган отар-отар қўйлар, қорамол ва йилқиларни, раста ва дўконларни қўриқлаб, бозорда фаррошлик ҳамда жаллоблик қилган кишилар шу маҳаллада яшаган”. Шунинг учун ҳам бу кўча “Сағбон” деб ном олган.

Муҳаммадаминбек тахминан 1901 йили қизи Тожихонни Ҳофиз Кўйки маҳаллалик Очихўжа исмли йигитга турмушга узатади, лекин фарзанд кўришмайди. Кунлардан бир кун, тахминан, 10-йилларнинг бошларида Тожи амма укаси Каримбек уйига келганларида келинлари Шарофат бону ичи сураётган касал ўғли Анварбекни иштонсиз қор устига ўтказиб қўйганини кўради ва келинини қаттиқ урушиб, жиянини ўзига фарзанд қилиб олиб кетади, вояга етказади ва уйлантиради ҳам. Очихўжа ва Тожи амма Анварбекни ўз фарзандларидек яхши кўришган. Зиёдбек амакимнинг айтишларига қараганда, ўша машъум 30 – 40-йилларда ҳеч ким тақмайдиган олтин соатни Анварбек ака тақиб юрар экан.

Эски Жўва бозоридан Сағбон кўчаси бўйлаб Кайковус ариғи кўпригидан (бу кўприк кўчанинг анча баланд қисмида бўлгани учун маҳалла аҳли “Баланд кўприк” дер эди – У.Д.) ўтгач, Сағбон ва Чиғатой кўчаларини бир-бири билан боғловчи кўҳна белбоғ кўча мавжуд. Бу кўча шўролар даврида ва ҳозирда “Ҳуррият” номи билан аталади, октябр тўнтаришидан олдин эса 2-Сағбон деб аталган. Худди шу 2-Сағбон кўчасининг бошланиши орқали Долимбек, Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳовлисига кирилган. Шўролар даврида ўттиз йилдан ортиқ – 1930 – 1960-йиллар давомида ушбу ҳовлиларда Тошкент вилоятининг Калинин туман партия ва ижроия қомиталари ҳамда туман халқ суди ва прокуратураси жойлашган. “Сағбон” маҳаллалари ва унинг машҳур кишилари ҳақида журналист-олим, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг собиқ доценти Анвар Шомақсудов ҳам ўзининг “Дилдан тилга кўчган қиссалар” рисоласида қимматли маълумотлар берган. Бу маҳалладан кейинроқ ўз даврининг Обид Содиқов каби улуғ олимлари, Мунаввар Турсуновдек давлат арбоблари, Аҳмадшо Шораҳмедов каби ёзувчи-журналистлари, Давлат мукофоти соҳиби файласуф-олим Даврон Шораҳмедов, Жавлонбек Умарбеков, Шомаҳмуд Муҳаммаджоновдек санъат арбоблари етишиб чиққан. “Сағбон маҳаллалик зиёлилар ҳақида гап борар экан, — деб ёзади Анвар Шомақсудов, — географ олим Нуъмонбек Долимов, адабиётшунос Субутой Долимов, шифокор Зиёдбек, Султонбек Долимовларнинг республика илмий-маърифий ҳаётига қўшган ҳиссалари жуда катта бўлганини айтиб ўтиш жоиздир. Шу авлод вакили геолог олим, академик Тўрабек Долимов Ўзбекистон Миллий университетининг ректори сифатида масъулиятли вазифани бажармоқда.”

Муҳаммадаминбек ва Рустамбек Норбек ўғиллари кўчиб келган Сағбон маҳалласи аҳолиси асосан маҳсидўзлик ҳунари билан шуғулланувчи косиблар, ямоқчилар, деҳқонлар, қассоблар, соҳибкор боғбонлар эди. 1900 йилдан ака-ука Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳамкорликда чарм савдосини йўлга қўядилар. Дастлаб улар маҳалла ҳунармандларини чарм билан мунтазам таъминлаш мақсадида рус савдогарлари билан алоқа ўрнатадилар. 1905 йили Комилбек ва Каримбек биринчи марта савдо-сотиқ ишлари билан Москва – Петербург сафарига борадилар ва катта ҳажмда ўша давр учун ниҳоятда сифатли ҳисобланган чарм олиб келадилар, бу шаҳарлар савдо фирмалари билан катта шартномалар тузадилар. Қарийб 3 ой давом этган бу сафар уларнинг катта тижорат ишлари учун дебоча вазифасини бажарди, рус тижорат фирмалари билан мунтазам савдо маҳсулотлари алмашиб турдилар, Москва ва Петербургда қуруқ мева: писта-бодом, ёнғоқ, туршак ва майиз билан савдо қилувчи икки дўкон очдилар. Бу дўконлар октябр тўнтаришигача мунтазам ишлаб турди, кейин инқилоб деб аталмиш 1917 – 1918 йиллар ур-йиқит даврида талон-тарож бўлиб кетди. Шунга қарамасдан, узоқ давом этган бу сафар уларнинг маърифатпарвар сифатидаги фаолиятида муҳим аҳамият касб этди.

1907 йили Комилбек ва Каримбек Норбековлар қоракўл тери билан савдо қилувчи узоқроқ қариндошлари Расулмуҳаммадбой ўғллари Набимуҳаммад ва Валимуҳаммад бойлар билан ҳамкорликда чарм маҳсулотлари: тагчарм, устчарм ишлаб чиқарадиган завод қурадилар, рус инженерларини, маҳаллий ҳунарманд-ишчиларни жалб қиладилар. Мол терисини жундан тозалаш, кимёвий усулда ошлаш, унга пардоз бериш цехларини ташкил қиладилар. Заводда ҳар куни катта ҳажмда қорамол терисидан чарм тайёрлайдиган ёғочдан ишланган учта тезоб бўлиб, ҳар бирининг диаметри ҳам, чуқурлиги ҳам 3 метрдан бўлган. Унда терини ишқорлаш учун кул аралаштирилган охак суви бўлган. Ушбу завод кустар ишлаб чиқаришдан анча юқори даражада бўлиб, узоқ фаолият кўрсатди, маҳаллий ҳунарманд косибларни нисбатан арзон ва сифатли чарм маҳсулотлари билан мунтазам таъминлади, шу билан бирга, катта даромад ҳам келтирди. Аммо мазкур завод маҳсулотларига нисбатан сифатлироқ ва арзонроқ тайёр чарм партияларининг Туркистон ўлкасига Русия ва Европадан келишининг кучайиши ва мунтазамлашиши янги очилган завод фаолиятини давом эттириш ва ривожлантириш учун имконият бермади, натижада, ака-ука Норбековлар заводни анжом-ускуналари билан Валимуҳаммадбойга топширадилар. Бу соҳада анча тажрибага эга бўлган Валимуҳаммадбой завод фаолиятини анча ривожлантиради, замонавий ускуналар ва усуллар, чет эл техникаси билан жиҳозлайди, 1917 йил октябр тўнтаришидан кейин ҳам завод фаолиятини бир неча йил давом эттиради. 20-йилларнинг охирида Валимуҳаммад ва Набимуҳаммад, уларнинг яқинлари ҳам шўро ҳукумати томонидан заводчи ва савдогар бойлар сифатида Сибирга сургун қилинадилар. Бу ҳақда Долимбек ва Валимуҳаммадбойнинг набираси тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдубосит Валиев қуйидагиларни ёзади: “Менинг ота томондан боболарим Валимуҳаммад ва Набимуҳаммад Тошкентнинг катта заводчи бойларидан бўлганлар, дастлаб қоракўл билан Россия, Польша, Германия давлатлари билан савдо-сотиқ ишларини олиб борганлар. 1907 йили Тошкентнинг машҳур бойлари, узоқроқ қариндошлари Комилбек ва Каримбек Норбековлар билан ҳамкорликда чарм ишлаб чиқарувчи завод қурганлар. Бу завод 5 – 6 йил ичида завод ишларидан бехабарроқ бўлган Норбековлардан тўлалигича боболарим Валимуҳаммад ва Набимуҳаммад қўлига ўтган, улар эса асосан тижорат ишлари билан шуғулланишган. Завод йиллар давомида катта қувватга эга бўлган, шўролар даврида ҳам Тошкентнинг энг катта маҳсулот ишлаб чиқарувчи заводларидан бири сифатида фаолият кўрсатган. 1927 – 1928-йиллар миёнасида шўро ҳукумати боболаримни қамоққа олиб, мол-мулкларини, катта имкониятларга эга заводини, яшаб турган уй-жойларини тортиб олади, ўзларини Сибирнинг энг совуқ ва чекка бурчаги Магаданга сургун қилади. Мен 1977 – 1979-йилларда Узоқ Шарқ ўлкасининг Магадан шаҳрида совет армияси сафида ҳарбий шифокор бўлиб хизмат қилган вақтимда боболарим азоб чеккан зиндонларни кўрган эдим. Улар мустабит шўро ҳукумати қатағонларининг қурбонлари бўлдилар.”

ХХ аср мазлум Туркистон ўлкасига ҳам момақалдироқ каби шиддат билан кириб келди, чақмоқ каби унинг жароҳатларини ёритиб юборди, асрлар давомида турғунликка юз тутган маорифини, миллат турмуш тарзини тубдан ислоҳ қилиш ҳақида бонг урди, Миллат ва Ватан мустақиллиги масаласи ҳаёт ва мамот масаласи сифатида кун тартибига қўйилди. Усули жадид мактаблари, матбуот, театр, жамиятлар вужудга келди. Буларнинг заминида миллий уйғониш, ўзликни англаш, истиқлол ғояси ётар эди, бу ғоя миллатнинг энг пастки қатламларигача кириб борди. Туркистон маҳаллий зиёлилар қатлами онгида ҳам туб сиёсий ўзгаришлар ясай бошлади. Ўлкада “Таржимон”, “Мулла Насриддин”, “Шўро” газета ва журналларининг муштарийлари сони кун сайин ошиб борди, ундаги ислоҳотчилик ҳаракатига бағишланган мақолалар ўзбек зиёлиларини ўз фаолиятларига танқидий қарашга мажбур этди, илк усули жадид мактаблари вужудга келди, она тили ва адабиёт, табиий фанларни ўқитишга эҳтиёж ва эътибор кучайди. Исмоилбек Гаспринскийнинг “Хўжаи сибён” алифбо дарслиги, “Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош” методик қўлланмаси усули жадид муаллимлари қўлида тез-тез кўрина бошлади. Бу ҳаракатнинг раҳбарлари, намояндалари чет элларда таълим олган ёки тараққий этган мамлакатларда бўлган, Шарқу Ғарб маърифати ва маънавиятини эгаллаган илмга чанқоқ ёшлар эдилар. Улар мустамлака зулми исканжасида харобага айланиб бораётган она-Ватан жароҳатларига малҳам изладилар. Жадидлар, биринчи навбатда, маорифни, мактаб ва мадрасаларни, улардаги ўқитиш усулларини тубдан ислоҳ қилиш, таълим-тарбия тизимини ўзгартириш, миллатни маънан уйғотиш учун кураш олиб бордилар. Жадид мутафаккирлари ўзбек халқининг минг йилдан ортиқ тараққиёт тарихига эга бўлган тафаккур гулшанидан баҳра олдилар, умуминсоний қадриятларга асосландилар, шу билан бирга, турк дунёси халқларининг маънавий раҳнамоси Исмоилбек Гаспринскийнинг ўқиш-ўқитиш, мактаб ва мадраса ислоҳотига оид фикрлари таъсирида фаолият кўрсатдилар, озарбайжон халқининг ҳурфикрли улуғ демократлари Алиакбар Тоҳирзода Собир, Жалил Мамадқулизодалар билан яқиндан ҳамкорлик қилдилар, уларнинг “Мулла Насриддин” журнали, “Хўп-хўпнома” мажмуаси ўзбек зиёлилари ўртасида катта шуҳрат қозонди. Фотиҳ Каримийнинг “Вақт” газетаси, Ризо Фахриддиннинг “Шўро” журнали билан ўзбек мутафаккирлари яқин алоқада бўлдилар. Бу ҳол чор Русияси, Туркистон Генерал-губернаторлиги сиёсий доираларини анча ташвишга сола бошлади. Бу Русия ички ишлар вазирлигининг 1900 йил 31 декабрда махсус Туркистон ўлкасига юборган 13444-рақамли “мутлақо махфий” фармойишида яққол кўзга ташланади. Унда ҳукумат губернаторларни, улар раҳбарлигидаги маҳкамаларни нималардан огоҳ бўлишга даъват қилади: кейинги вақтларда татар адабиёти ва матбуотида 14 миллионли рус мусулмонларининг кўпасрли турмуш тарзини издан чиқариш хавфига сабаб бўлувчи руҳ пайдо бўлганлиги сезилмоқда. Бу руҳ татарлар ҳаётида катта бурилишга тайёргарлик жараёни кечаётгани ҳақида тахмин қилиш имконини беради. Бу ўринда вазирлик эътиборни Гаспринский фаолиятига, янги методдаги мактабларга, унинг дарслиги асосида она тили ва адабиёт ўқитиш масаласига қаратади. Татарлар, дейилади фармойишда, ислом ва туркийлик заминида тараққиёт учун интилмоқда. Шунинг учун полиция депортаменти бу ҳаракатни ҳар томонлама ўрганиб, шу соҳада фаолият кўрсатаётган маҳаллий муаллифлар, уларнинг мақолалари, кимлар матбаа ташкил қилгани, “ёш турклар” билан алоқаси, чет эл марказларида, айниқса, Туркияда уларни кимлар рағбатлантираётгани, кимлар томонидан ва қаерда янги усул мактаблари очилгани, кимлар бу мактабларга раҳбарлик қилаётгани, кимлар газета ва журналлар нашр этаётгани ва тарқатаётгани, кимлар бу ишларни молиявий таъминлаётгани каби масалалар ҳақида кенг маълумот сўраган.

Губернаторлик маъмурлари Туркистон ўлкасидаги маҳаллий зиёлилар фаолиятини, ўлкада кечаётган маданий, маърифий, сиёсий аҳволни Николай Остроумов (1846 – 1930)дан кўра яхшироқ биладиган одамни топишлари амри маҳол эди. У Тошкентга келган 1879 йилдан бошлаб маҳаллий арбоблар, зиёлилар ҳақида Туркистон, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги бўйича катта материал тўплаган эди. Шунинг учун ҳам мустамлакачиларга ниҳоятда муҳим бўлган бу вазифани Остроумовга топширганлар. Ушбу фармойишга биноан Туркистон ўлкасидаги “сиёсий жиҳатдан ишончсиз” деб билган, жадид мактабларини тарғиб-ташвиқ қилувчи мақолалар ёзган, янги мактаблар очган ва уларда муаллимлик қилган Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий Ажзий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Каримбек Норбеков ва бошқалар ҳақида Ички ишлар вазирлигига маълумотлар юбориб турган. Бу фармойиш туфайли 1905 – 1910 йиллар давомида илк бор дунё юзини кўрган “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Озиё”, кейинроқ “Бухоройи шариф”, “Турон”, “Самарқанд”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби илк миллий газеталар, “Ойна” журнали турли-туман баҳоналар билан ёпиб қўйилди, моллари мусодара қилинди, Исҳоқхон Ибрат, Мўминжон Муҳаммаджонов – Тошқин каби “сиёсий ишончсиз” миллат фидойиларига газета чиқаришга рухсат бермадилар, аксинча, уларни таъқиб остига олдилар.

1907 йили Муҳаммадаминбек ўғли Комилбекни укаси Йўлдошбекнинг қизи Кароматхон (1890 – 1955, биз уларга “Карам буви” деб мурожаат қилар эдик)га уйлантиради. Бу оила узоқ фарзанд кўрмайди, турли удумларни ҳам бажаради. Шундай вазиятда Долимбек отаси Муҳаммадаминбекнинг буйруғига амал қилиб, 3 – 4 ёшли ўғли Усмонбекни укаси Комилбекка ўғилликка беради ва бир-икки йил ўтгач, Кимёхон, Муҳиддинбек, Фахриддинбек исмли бир қиз ва икки ўғил фарзанд кўради.

1909 йилда эса Муҳаммадаминбек учинчи ўғли Каримбекни Тошкентнинг катта бойларидан Шоикромбойнинг Шарофатбону (1892 – 1980) исмли қизига уйлантиради. Шоикромбой маърифатли инсон бўлган, унинг хонадонидан ўзбек халқининг машҳур фарзандлари етишиб чиққан. Ўзбекистон халқ рассомлари Искандар Икромов (1904-1972) ва Ҳамидулла Икромов (1909-1964) Шоикромбойнинг набираларидир. Искандар Икромов ўтган асрнинг 20-йилларида машҳур “Намуна” техникумида буюк ёзувчи Ойбек, Миркарим Осим, Ҳомил Ёқубов, Олтой Салоҳиддинов, Субутой Долимовлар билан бирга ўқиган. Талабалик вақтларидаёқ техникумнинг Ойбек муҳаррирлик қилган, Субутой Долимов масъул котиби бўлган “Тонг юлдузи” деворий газетасини турли расмлар, кесма ҳарфлар билан безаган. 1923 йилдан “Муштум” журналида портрет ва карикатуралари билан қатнашиб турган. Бу ҳақда кейинчалик у Абдулла Қодирий ҳақидаги хотира мақоласида қуйидагиларни ёзади: “Абдулла ака камсухан, аммо маънодор сўзлардилар. Рассомликка бўлган қобилиятимни кўрган Абдулла ака жуда қувониб, рассомлик касбини қунт билан ўрганиш учун санъат макони Ленинград ва Москва шаҳарларига бориб ўқишни маслаҳат бердилар. Шундай ҳам бўлди. 1924 йилда Москвада ўқиб юрганимда у кишининг портретини катта қилиб ишлаб, ўз ётоқхонам деворига осиб қўйгандим ва шу портретни 1925 йилда муҳтарам Абдулла акага тортиқ қилгандим”.

Искандар Икромов – санъат соҳасидаги бир қанча мукофотлар соҳиби. Укаси Ҳамидулла Икромов эса узоқ йиллар давомида Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида етакчи рассом бўлиб ишлаган. Ака-ука Искандар ва Ҳамидулла Икромовларнинг асарлари Ўзбекистон Республикаси давлат Санъат музейи фондида сақланмоқда.

Каримбек билан Шарофатбону Анварбек, Рожиабону (менинг онам), Робиа, Иффат, Мунавварбек, Арслонбек исмли фарзандлар кўрдилар. Уларнинг вояга етиш даврлари Шўро ҳукумати қатағонларининг авж палласига тўғри келди.

Комилбек ва Каримбек Норбековлар ХХ асрнинг дастлабки йилларидан бошлаб Тошкент шаҳрининг, шу жумладан, Туркистон ўлкасининг илғор зиёлилари, маърифатпарвар бойлари билан дўстлашадилар, уларнинг йиғинларида, маърифий-сиёсий жамиятлар ташкил этишда фаол иштирок этадилар. Улар Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ҳақиқий маънодаги раҳбари Мунавварқори Абдурашидхонов ва у бошчилигидаги Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Илҳомжон Инъомжонов, шоир Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Туркистон шаҳридан келган ишбилармон заводчи-бойлардан Сайидносир Миржалилов, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Баширулло Асадуллахўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Сайидабдулло Сайидкаримов, Фансуруллоҳбек Худоёрхонов (Худоёрхоннинг ўғли – У.Д.), Мулла Юнус Туёқбоев, Рустамбек ибн Юсуфбекҳожи, Андижондан янги келган шоир Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон), ака-ука Мирмулла ва Мирмуҳсин Шермуҳамедов, шоир Элбек (яқин қариндошлари), Шокиржон Раҳимий кабилар эди. Бу миллат фидойиларининг асл мақсад ва маслаклари ўз миллатини тараққий этган эркин, фаровон халқлар қаторида кўриш, мустамлака исканжасига тушиб қолган Ватанини озод ва обод мамлакатга айлантириш эди. Шу мақсадда Тошкентда 1904 йилда ташкил этилган дастлабки хайрия жамиятларининг фаоллари ва муассислари сифатида давлат расмий ҳужжатларида Мунавварқори Абдурашидхонов ва Абдулла Авлонийлар билан бирга Комилбек ва Каримбек Норбековлар исми шарифи тез-тез тилга олинади. 1913 йилда улар Абдулла Авлоний ва Мунавварқори бошчилигида 1909 йилда ташкил этилган “Жамияти хайрия” заминида ўлканинг маърифатпарвар зиёлилари ва бойлари билан ҳамкорликда “Турон” хайрия жамиятини вужудга келтирадилар. Шу билан бирга, Норбековлар “Турон” жамияти қошида “Туркистон ўлкаси мусулмон халқи орасида газета, журнал, китоб ва савдо орқали умумоврўпо маданияти ва маорифи асосларини тарқатиш мақсадида” 1914 йилда “Мактаб кутубхонаси” нашриёт-фирмасини ташкил этадилар. А.Авлоний номидаги Республика Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказий институти қошидаги А.Авлоний мемориал музейида “Турон” жамиятининг натариус Д.Егоров томонидан тасдиқланган “Низом”и сақланади. Унда жамиятнинг мақсад ва вазифалари 73 моддада кўрсатилган бўлиб, унинг муассислари қуйидагилар эди:

1. Убайдулла Асадуллаевич Хўжаев (Мерганча).
2. Тошпўлатбек Норбўтабеков (Обсерваторская — 3).
3. Мунавварқори Абдурашидхонов (Шайхованд Таҳур).
4. Комилбек Норбеков (Сағбон).
5. Мулла Абдулла Авлоний (Сапёрная — 26).
6. Муҳаммаджон Подшохўжаев (Занжирлик).
7. Каттахўжа Бобохўжаев (Қор ёғди).
8. Башируллохон Асадиллахўжаев (Мерганча).
9. Низомиддин Асомиддинхўжаев (Орқа кўча).
10. Каримбек Норбеков (Сағбон).

Агар рўйхатга эътибор бериб, Тошкент шаҳрининг ўша вақтдаги қиёфасини бир оз бўлса-да, кўз олдига келтирилса, Сағбон шаҳарнинг энг чекка, тамаддун элементларидан бутунлай бегона, асосан маҳаллий миллат вакиллари – ўзбеклар яшайдиган қисми эканлигини эътибордан соқит қилмаслик керак. Сағбоннинг бундай ибтидоий, қолоқ қиёфаси совет даврида ҳам, ҳатто Мустақилликкача сақланиб қолди. “Турон” жамияти қошида “Турон” драмтруппаси, “Турон” кутубхонаси ва қироатхонаси, “Турон” газетаси, “Мактаб кутубхонаси” номида нашриёт-матбаа фаолият кўрсатган. “Турон” жамияти фаолиятини чуқур ўрганган жадидшунос олим Сирожиддин Аҳмедов қуйидагиларни ёзади: “Оврўпо маданияти ютуқларини, саноатини эгаллашга интилган ака-ука Комил ва Карим Норбековлар, Саъдулла Турсунхўжаев каби кишиларни уюштирди. Ана шу аснода унинг (Мунавварқорининг) ташкилотчилик, мафкурачилик фаолияти кўзга ташлана борди”.

Жамиятнинг фаолият доираси кенгайиб, аъзолари ёш зиёлилар ҳисобига кўпайиб, мустаҳкамланиб борган. “Турон” театр труппаси фаолият кўрсатган Викула Морозов дўкони (шўролар даврида Охунбобоев номидаги ўзбек ёш томошабинлар театри жойлашган, ҳозирда бузилиб кетган – У.Д.) биноси, “Турон” кутубхонаси ва қироатхонаси Туркистон жадидларининг доимий маскани бўлган. Ака-ука Норбековлар, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев “Низом”да кўрсатилганидек, халқимизни “соғлом томоша”, маданий хордиқ чиқариш билан ошно қилиш, Оврўпо мамлакатларидагидек театрлар, кутубхоналар, қироатхоналар ёрдамида санъати нафиса асарлари билан таништириш, ёшларни тараққий этган чет эл олий ўқув юртларига юбориш, уларни вазифа (стипендия) билан таъминлаш ишларига алоҳида эътибор билан қарадилар. “Мактаб кутубхонаси” нашриётини бевосита Комилбек ва Каримбек Норбековлар ташкил қилдилар ҳамда унинг фаолиятига ўзлари бошчилик қилдилар. Нашриёт ўз фаолият доирасини кенгайтира бориб, мактаб дасликлари ва ўқув қўлланмаларидан ташқари катта ҳажмдаги бадиий-маърифий асарлар нашр қилишни ҳам режалаштиради.

Катта амаким ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби марҳум Нўъмонбек Долимовнинг шахсий кутубхонасида ҳиндларнинг жаҳонга машҳур бўлган “Калила ва Димна” асарининг шоир Фазлуллоҳқори Алмаий томонидан “Калила ва Димнаи туркий” номи билан қилган таржимасининг ягона ноёб қўлёзма нусхаси сақланади. Қўлёзма тўлиқ, ҳеч бир шикастланмаган. Ушбу нусхани Каримбек Норбеков Тошкентнинг энг машҳур хушнавис хаттоти Муҳаммад Шоҳмурод котиб Тиғбандий (1850 — 1922)га кўчиртирган. Бундан асосий мақсад асарни ўз нашриётида катта нусхада босмадан чиқариш ва ўзбек халқини бу ноёб таълимий-тарбиявий асар билан ошно қилиш эди. Мақсад амалга ошмай, шўролар даврида Комилбек ва Каримбеклар таъқиб ҳамда қувғунга олингач, қўлёзма махсус саҳҳофлар томонидан чиройли муқаваланган ҳолда узоқ вақтлар оталари Муҳаммадаминбек ҳожи Норбек ўғли қўлида сақланган ва улар вафотидан кейин 1933 йилдан эътиборан тўнғич фарзанди Долимбек қўлига ўтган. Долимбекнинг энг севиб ўқийдиган китобларидан бири мазкур “Калила ва Димнаи туркий” бўлса, иккинчиси Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” романининг 1926 йилги биринчи нашри эди. 1958 йили Долимбек ҳожи вафотидан кейин бу ноёб қўлёзма мерос сифатида катта ўғил Нўъмонбек Долимовга ўтган. Мазкур қўлёзма билан махсус танишган ва қиёсий ўрганган машҳур адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ғулом Каримов “Ҳинд масали “Калила ва Димна”нинг ўзбекча версиялари” номли илмий мақоласида қуйидагиларни ёзади: “Ўрта Осиё Давлат университетининг доценти Н.Долимов шахсий кутубхонасида ҳам “Калила ва Димна”нинг яна бир қўлёзма нусхаси сақланадики, бу ҳол ҳозирги кунларда ҳам хусусий кишилар қўлида бу машҳур асар нусхалари сақланаётганлигидан дарак беради.”

Ҳозирда ушбу нодир қўлёзма кимё фанлари доктори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Давронбек Нуъмонович Долимовнинг шахсий кутубхонасида сақланади.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 322 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *