Тошкент декларацияси (1999 йил)
ТОШКЕНТ ДЕКЛАРАЦИЯСИ (1999) – Афғонистондаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги декларация. 1999 йил 19 июлда Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича «6+2» гуруҳининг навбатдаги анжумани чоғида имзоланган. Президент Ислом каримов ташаббуси билан тузилган «6+2» гуруҳига Афғонистон билан чегарадош 6 давлат – Эрон, Хитой, покистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ва Россия киради. «6+2» гуруҳи анжуманларига БМТ шафеълик қилиб келмоқда. Тошкент декларацияси муқаддима ва 13 банддан иборат, 1–3-бандларида Афғонистондаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмаслиги, мамлакат барқарорлиги учун сиёсий музокаралар бошланишига даъват этилиб, афғон диёрига қурол етказиб беришнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланган. Тошкент декларациясининг 7–8-бандларида мамлакатдаги қалтис вазиятнинг сабаблари, халқаро терроризм ва уларнинг ташкилотчиларига Афғонистонда бошпана беришни ва террорчиларни ўқитишни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар белгиланган. Тошкент декларацияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлида залворли қадам бўлди.
2008 йил 3 апрелда Бухарестда бўлиб ўтган НАТО (Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши) саммитида Ислом Каримов бугунги реал воқеликни инобатга олган ҳолда ва музокаралар жараёнида НАТО ваколатхонаси ҳам албатта иштирок этишини назарда тутиб, «6+2» мулоқот гуруҳини «6+3» гуруҳига айлантириш мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлади. Бу таклиф жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар