Мингўрик

МИНГЎРИК – археологик ёдгорлик, қадимий шаҳар харобаси қолдиғи (1–13-асрлар). Маҳаллий аҳоли ўртасида у Афросиёб тепаси номи билан ҳам машҳур бўлган. Тўртбурчак аркка ёндошган минора-қаср ва шаҳристоннинг тепаликка айланган ҳудудидан иборат. 19-асрга оид шаҳар харитасида майдони 30–35 га эканлиги кўрсатилган. Тошкент темир йўл вокзали яқинида, Салор канали соҳилида жойлашган; шаҳар харобаси ўрнида 19-асрда катта ўрикзор бўлганлиги учун шундай аталган. Ҳозир шаҳар қурилиши муносабати билан Мингўрик ҳудудининг олдинги рельефи ва ёдгорликнинг маданий қатлами бузилиб кетиши натижасида Мингўрикнинг бир қисмигина сақланган. Биринчи марта 1896 йил (Е.Т. Смирнов, Н.С.Ликошин томонидан), кейин 1912 йил (А.И.Добросмислов, Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзолари томонидан) қайд қилинган. 20-йилларда М.Е.Массон, 40–50-йилларда Т.Мирғиёсов, В.И.Спришевский, Ю.Ф.Буряков археология кузатиш ишлари олиб борган. Биринчи қазиш ишлари Ўзбекистон ФА Тарих ва археология институти (Ю.Ф. Буряков, Д.Г.Зильпер, О.В. Обельченко) томонидан ўтказилган, 1968 йилдан Тошкент археология экс¬педицияси мазкур археологик ёдгорликни ўрганишни бошлаган. Унинг ишлари 2008 йилдан давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига (2008 йил 2 апрель) мувофиқ, Мингўрик шаҳар харобаси қолдиқлари консервация қилинди (2008).

[nggallery id=9]

Мингўрикда олиб борилган илмий текширишлар натижасида шаҳристон (15 гектар) ва арк (0,5 гектар) майдонлари, шаҳар ҳаётининг 3 асосий босқичи аниқланган.
1-босқичда ўзига хос хочсимон тарҳли, учта ички гумбазли хоналари бўлган маҳобатли меъморий-қурилиш мажмуи бунёд этилган. Бино девор билан ўралган. Ўз даврида бино бир неча маротаба таъмирланган, ярим айлана бурж ва мўлалари ўсиб борган, шу билан бирга асрлар мобайнида бинонинг асосий вазифаси сақланиб қолган. Бу мажмуа тепасидаги оташгоҳда ўт ёқиш ва ундан ҳосил бўлган муқаддас кулларни мунтазам равишда тўплаб, йиғиб бориш билан боғлиқ бўлган. Қурилиш қолдиқлари ва функционал белгилар таҳлилига кўра, бино милоднинг дастлабки асрларида ўт ва қуёшга топинган маҳаллий аҳоли томонидан қурилган. Тадқиқот натижалари Тошкент воҳаси қадимда Қанғ давлатининг милоднинг бошларидаги диний марказларидан бири бўлган, деб ҳисоблаш имконини берди. Унинг атрофида, келажакдаги илк шаҳар маркази шаклланган. 2-босқичда (5–6-асрлар) шаҳар тез суръатда ривожланиб, аҳоли сони ошиб бориши натижасида мустаҳкам арк ва шаҳристонга эга йирик шаҳар марказига айланган. 7-аср бошида шаҳар Чочнинг пойтахти бўлган. Араб манбаларида тилга олинган «Мадинат аш-Шош» шу ёдгорликнинг айнан ўзи деб ҳисобланади. 3-босқичда (7–8-асрлар) шаҳар энг юксалган даврда бўлган. Барча меъморий қурилиш услублари мажмуаси, ички безакларда ҳашаматли деворий тасвир ва нақшлардан фойдаланиш, уй-рўзғор асбоб-ускуналари, идишлар Мингўрикнинг умумсўғд маданияти асосида Сўғд, Фарғона ва Ўрта Осиёнинг бошқа жойлари билан мустаҳкам алоқада ривожланганлигидан далолат беради. Шу билан бирга шаҳар турмуш тарзида кўчманчи қабилаларнинг таъсири катта бўлган. Шаҳар қурилиши кенгайиб борган сари эски қалъа деворлари торлик қилиб, унинг харобалари устига шаҳристон уйларига нисбатан салобатли қаср мажмуаси – Чоч ҳукмдорларининг саройи қурилган. Саройда супа ва нақшинкор устунли ҳашаматли хоналар ва ибодатхоналардан ташқари қўшимча хоналар (хўжалик эҳтиёжлари учун) ҳам бўлган. Бу даврда Чоч ўлкаси Турк хоқонлигига тобе бўлган. Санъат ва маданият ривожланган. Манбаларда қайд этилишича, мусиқа ва рақс санъати, айниқса, юксак поғонага чиққан. 8-аср бошларида Чоч пойтахти харобага айланган. 10-асрда Мингўрикнинг бир қисмидагина ҳаёт тикланган ва 13-асргача давом этган. Марказ янги шаҳар – Бинкатга кўчирилган.

 

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

(расмлар advantour.com, orexca.com, openuzbekistan.com, fotkidepo.ru, bizplan-uz.ru, art-blog.uz, otzovik.com сайтларидан олинди)

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *