Шоҳрухия

ШОҲРУХИЯ, Шарқия – ўрта аср шаҳар харобаси (14–19-асрлар). Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Шоҳрухияни ҳаваскор археолог Д.К.Зацепин (1876), Е.Т.Смирнов (1894, 1896) ўрганган. 1973 йилдан Шош–Илоқ экспедицияси (Ю.Ф. Буряков) текширади. Шоҳрухия қадимий Банокат ўрнида вужудга келган. Банокат мўғуллар истилоси даврида вайрон бўлган (1220). 1392 йилда Амир Темур уни ҳарбий қалъа сифатида қайта тиклаб, ўғли Шоҳрух шарафига «Шоҳрухия» деб атаган. Шоҳрухиянинг ҳудуди 140 гектардан зиёд бўлиб, арк, 3 шаҳристон ва рабоддан иборат бўлган. Шаҳристон ва рабоднинг бир қисми қалин мудофаа девори билан ўралган, унда 30 дан ортиқ бурж бўлган. Шоҳрухия темурийлар салтанати сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Чунончи Амир Темур Хитойга юришга отланганда қўшиннинг асосий қисми Шоҳрухияда тўпланган. Соҳибқирон вафотидан кейин ҳам темурийларнинг Олтин Ўрда билан курашида муҳим стратегик маскан вазифасини ўтаган. 15-аср охири – 16-аср бошларида Шоҳрухия Шарқий Мовароуннаҳрнинг йирик ҳарбий марказларидан ҳисобланган. 1502 йил Шайбонийлар томонидан эгалланган ва уларнинг Тошкент мулки таркибига киритилган. Шоҳрухияда, одатда, валиаҳд шаҳзода ноиб бўлган, чунончи Суюнчхўжахон вафотидан сўнг тахтга ўғли, Шоҳрухия ҳокими Келди Муҳаммад ўтирган.

[nggallery id=8]

Шоҳрухиянинг иқтисодий, ҳарбий-маъмурий мавқеи 17-аср охиригача баланд бўлган, сўнг 18-асрдаги ўзаро ички урушлар натижасида таназзулга учраган. Лекин 1812–13 йилларда ҳинд сайёҳи Мир Иззатуллоҳ Сирдарё бўйидаги шаҳарлар қаторида Шоҳрухияни тилга олиб ўтган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, 1863–64 йилларда Сирдарёнинг тошиши натижасида «сув мозий подшоларнинг саройи ва ўтмиш хоқоний кутубхонага етиб, ўрнидан кўтариб кетган; Сир дарёсига қулаб тушиб, тахминан минг жилд китоб сувга чўкиб кетган».
Шоҳрухиядаги кулолчилик хумдонлари, турар жой қолдиқлари, 2 қаватли буржлар очиб ўрганилган. Топилмалар орасида пўлат совут, дубулға, шахмат доналари, сирланган турли сопол идишлар темурийлар маданияти, санъатини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

 

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

(расмлар fergananews.com, sambuh.ru сайтларидан олинди)

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *