Бурчмулла
БУРЧМУЛЛА – шаҳар харобаси (6–12-асрлар). Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Чатқолсойнинг ўнг қирғоғида, сойга Кўксув қуйиладиган ерда жойлашган. Дастлаб археолог И.А.Сухарев томонидан қайд этилган (1925). Кейинчалик (1962) ТошДУ археология кафедраси ходимлари текширув ўтказишган. Археолог Ю.Ф.Буряков қазишма ишлари олиб борган (1963–65) ва Бурчмулла ўрнида ўрта аср манбаларидаги Чоч шаҳарларидан Ардлонкатни аниқлаган. Чорвоқ сув омбори қурилиши муносабати билан Бурчмулла шаҳар харобаси сув остида қолган.
Бурчмуллада жангчилар учун турар жойлар ва темирчи ҳунармандлар устахоналари бўлган квадрат тарҳли истеҳком очилган, мудофаа девори тизими ўрганилган. Бурчмулладан чиққан сопол буюмлар, пайконларга қараганда, илк қишлоқ 6–8-асрларда вужудга келган, у кейинчалик (9–10-асрлар) шаҳарга айланган. 10–11-асрларда шаҳар равнақ топган. Бурчмулла кечув ерида жойлашган қалъа сифатида машҳур бўлиб, дарё, сойлар қўшилиш еридаги муҳим стратегик мавқени эгаллаган. Аммо Бурчмулланинг темир, полиметалларни эритиш, қуйиш, қайта ишлаш билан боғлиқ, ҳунарманд темирчилар қалъаси сифатидаги роли айниқса катта бўлган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар