Бош саҳифа » Тарих » “Ишчилар съездининг телегроми”. “Ишчилар дунёси”. 2-қисм

“Ишчилар съездининг телегроми”. “Ишчилар дунёси”. 2-қисм

Журнал саҳифасидан ўрин берилган хабарлар ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Жумладан, “Иккинчи Қарор” деб номланган хабарда: Хўқанддаги мусулмон рабочи ҳам солдатларнинг 1-фавқулодда съезди. Съезд бўлинган (қўш ҳокимият-муаллиф) халқ комиссарлари советининг члени хизмат комиссарининг баёнотин тинглаганидан сўнг ҳозирги Туркистон ўлкасиндаги халқ комиссарлари советининг бутун халқнинг ва кўпроқ мусулмонларнинг тилакларин сўзловчи бўлолмаганликларин, Туркистоннинг тилак ва эрки унинг 2-съезди тарафиндан эълон этилган мухторият бирла изҳор қилинганлигин ҳам Туркистон идорасининг бошинда фақат Туркистон Мухториятининг ҳукуматигина тура олажагин инобатга олиб, бўйла қарор берди: Умуммусулмонлар тарафиндан уюштирилган ва кейинроқ мусулмон рабочий ва солдатлари тарафидан тўлдирилган съезд идора ишининг Халқ комиссарлар совети қўлиндан дарҳол Туркистон мухторияти ҳукуматига ва халқ шўросини топширилурга теюшлигина тилак баён эта(дир) ҳам ушбу съезд мухториятлик Туркистонда демократиянинг ҳамма синфлари тарафидан чиқорилғон бўлиб Туркистондаги бутун пролетариятнинг фикрин билдирувга қодир бўлганлигидан 18 январда халқ комиссарлари тарафидан чақирилажак солдат, рабочий, крестян, қирғиз ва мусулмон депутатлари советларининг съездин ортиқ иш деб ҳисоблайди1 дейилган.

Журналнинг кейинги хабари “Ишчилар съездининг телегроми” деб номланди. У съезднинг раиси Юсуфуф томонидан “Хўқанд. 1918 йил 27 декабрь” санаси билан тасдиқланган ва “Хўқанддаги мусулмон рабучи ҳам солдатлари съезди тарафидан Украина, Бошқирдистон, Волғабўйи мусулмонлари, Қрим, Финландия, Кавказ, Сибирия, Лотиш, Белоруссия ҳам “Алаш ўрдаси” мухторияларина ушбу мазмунда телегромлар юборилган: мусулмон рабочий, солдат ҳам крестянларнинг 1-фавқулодда съезди мундан аввалги умум Туркистон мусулмонларининг съезди тарафидан эълон этилган қимматли Туркистон Мухториятига қувват беруб, ўз тақдирларин ўзлари ҳал қилувчиларга ҳам шунга имтилувчиларга самимий табрик юборадир.

Пролетарга махсус съезд ишонч билан айтадир-ки, биз ҳаммамиз ўзларимизнинг ташқи ишларимизда биргалашиб, ўзимизга амалий суратда дохилий истиқлол олув йўлинда қарши турувчи ҳамма миллатларни марҳаматсиз равишда четга тоғормиз.

Халқнинг мухторият олув омиллари, улуғ Россиядаги демократиянинг қўшма халқ жумҳуриятларини ташкил қилиб, доимий ва нақ равишда тутошсун эди2 дейилади.

Журналнинг бу сонидан босилган ўта муҳим хабарлардан яна бири Кастрома шаҳридаги асир турк зобитларининг Туркистон Муториятини табриклаб ёзган хатидир. Унда қардош турк зобитлари Туркистон халқини Мухторият ҳукумати атрофида бирлашишга чақиради ва хатни “Тутилон ишда муваффақият, отилон одимда музаффарият дуосин эдарак, очдиғинг мажлиси, эълон этдигинг мухторияти табрик эдиёруз.

Истиқболинг порлоқ ўлсун. Истиқлолинг яқин ўлсун!3 деб якунлайдилар.

Карим қули “Уламо жамиятига саволлар”ини “Муҳтарам муҳаррир афанди ушбуни мўътабар журналингизда дарж қилсангиз экан” деган мурожаат билан бошлаб, “Камина мард эллик йилдан буён мардикорлик билан кун кўриб уламоларимиз ва бойларимизга камоли сидқ ила хидмат қилиб келган эрдим. Бултур мустабид чор ҳукуматини ноҳақ фармони бирлан фронтга бориб хидмат қилиб қанча азоб машаққатлар тортиб ҳуррият шарофати билан Ватанимиз ўлон Тошкентга келиб, мусулмонларни ўзаро бўлиб турган кўнгилсиз ишларга ақлим ҳайрон бўлиб юрган эрдим. Ноилож сўнгги воқеалар муносабатлари бирлан “Ишчилар дунёси” орқали муқтадомиз ўлон уламоларимизга 4 моддалик савол берурман ва ҳам тездан жавобини журналингиз орқали кутаман” дейди.

Биринчи савол 5 январда масжиди жомеъдаги митингда Уламо тарафидан Хўқанддаги мухториятни танқид қилиб, ниҳоясинда бу ҳукуматнинг ҳеч фойдаси йўқ танимаймиз, деган қарор чиқарилди. Муваққат ҳукуматимиз аъзолари миллат ватанга хизмати билан танилган уламо ва ҳам зиёлий синфларимиздан ташкил қилинган эрди. Баъзи домлаларимизга ўхшаб ислом душмани ўлон “Остроумов” бирлан ошлашган эмас эрди. Нима учун шундай асоссиз қарор чиқардилар?

Иккинчи савол Хўқандда бўлиб ўтмиш мусулмон ишчи ва солдатларининг фавқулодда қурултойида Шерали афанди Лапинни берган маълумотига қараганда бизни шариат ҳақиқатпараст ва камбағалпарвар. Шариатда аҳнкор ва рибохўрлик ҳаром дейдирлар. Ҳаммага маълумдирки, мазкур ҳаром ишлар тамоман бойларимиздан зуҳрга келадир. Шундоғ бўлганда нима сабабдан уламоларимиз мусулмон ишчи ва камбағалларни ҳуқуқини ҳимоя қилмасдан аҳли сарватлар билан иш қилиб кетдилар.

Учинчи савол. Нима учун Турк давлати ва ҳам Миср, Тунис, Ҳиндустон ва шунга ўхшаш ислом ҳукуматлари диний ишларни сиёсий ишлардан ажратиб, қонуний асос чиқариб диний ишларни уламоларга дунёвий ишларни зиёлиларга топширган ҳолда алҳолгача мамлакатларини идора қилиб турубдирлар. Мазкур ислом мамлакатларини диний ишдан сиёсий ишни ажратганлари шариатда борми? Агарда шариатга тўғри бўлса бизлар ҳам шул йўлдан юрсак бўлмасму?

4-савол ҳозирги фавқулодда очлик ва қимматчилик замонинда деҳқонлардан ушр олмоқ, бойлардан закот олмоқ фарз бўлгани ҳолда нечун уламоларимиз деҳқон ва бойларимиздан олиб фақирларни мамнун қилмадилар?4 каби саволларни илгари суради ва идора Каримқули афандини фикрларига қўшилиб йўлбошчимиз уламоларимиздан жавоб биссавоб кутиб қолади.

Журналда нашр этилган “Тошкентдаги мусулмон ташкилотлари қарори” деб номланган хабарда 1918 йил 30 декабрда Тошкентдаги “Фуқаҳо жамияти”нинг Мулло Сайфуддинхон Аълам раислигида ўтказган мажлиси ва унинг қарорини келтиради. Унда: “1. Чор ҳукуматининг замонинда Туркистон крайина (ўлка) жорий бўлган положения(низом)сини бус-бутун бекор ва луғу (асоссиз) этиб, махас шариат ҳукмларини мукаммал суратда ижро этилар.

2. Аҳли ислом ила овруполилар орасиндаги 7 моддадан иборат бўлган, чунончи, қўл кесув, қасос олув, дарра урув, тошбўрон қилув ва бунга ўхшаш жисмоний жазоларнинг бадални ижро қилувга аҳли мажлис маъ ал мамнуният розилиғин изҳор этар.

3. Ҳозирда қозилар устиндан муваққат ўларак назорат қилиб турув учун 5 товушга қарши аксарият ҳоҳиши билан Хўқанддаги муваққат ҳукуматга мурожаат қилурға қарор берилди(!).

4. Хўқанддаги муваққат ҳукумат марка чиқорганига қадар, мажлис маркани йўқ бўлувини лозим ва мақбул деб топди

5. Николай замонида қозиларга берилган изннинг бутунлай йўқ бўлувини, печатни ҳозирда керак бўлув эҳтимоли борлигидан муваққат ўларак печат тани турувини лозим топилди. Ушбу қарорни Хўқанддаги муваққат ҳукуматидан тасдиқ ва қабул эдилиюр”5 дейилган. Бу эса уламоларнинг энг илғор қисмининг ўлкада фақат Туркистон мухторияти ҳукуматини тан олишини англатар эди.

Журналнинг навбатдаги 3-сони 1918 йил 1 февраль санаси билан чоп этилди. Бу сонда ҳам тарих фани учун ўта муҳим бўлган хабар ва материалларга кенг ўрин берилди. Жумладан, “Мусулмон меҳнаткашларининг биринчи крайовой съезди” ҳақидаги ахборотда қуйидагиларни ўқиймиз “… шул унвонда Хўқандда чиқадирган “Эл байроғи газетасида муҳтарам Бўлод афанди Хўқандда бўлган мусулмон ишчи ва солдатларининг биринчи қурултойин ёзиб биз ишчиларга налар лозим ва нималар қилмоқ кераклиги хусусинда тубандаги мақолани ёзадир. Биз унинг аҳамиятига кўра журналимизга айнан кўчирамиз: “Хўқанд шаҳри Шўрои Ислом биносида 25 декабрдан 30 декабрга қадар мусулмон меҳнаткашларининг I крайовой съезди бўлиб ўтди. Съезд муҳим қарор, аҳамиятлик талаблар вужудга келтирди.

Мундан бурун Фарғонада икки марта областной съездлар бўлиб, ўзларининг талабларин тилакларин, аҳволи замонга назарларин мунозара этганлар эди. Ўзларига бир хат ҳаракат чизиб, бир мунча нишона ўтқизиб ҳаракатга киришганлар эди. Лекин, халқимизнинг ҳузуринда бунинг янгилик бир нарса бўлгани, хусусан халқимизнинг мундай нарсадан бехабарлиги сабабли ул ҳаракатлар баъзи монеъларга ҳам учради. Лозим даражада ривож топиб кета олмади. Аммо, ҳозирда бўлса, унга йўл очилди. Мамлакат ўз ишин ўз қўлига олмоқ тўғрисида зўр бир қадам ташлади. Ҳукумат сайланди, ишга киришилди. Агарда ҳукумат аъзолари орасига ушбу синфнинг манфаатини ҳимоя қилувчи, бунинг мустақил суратда бир ишга кирмоғини хоҳлағувчи фаол бир эркин муҳит зарур….

Маълумки, бу синф ўз орамизда бўлган бир хил қилу қоллардан (гап сўзлар — муаллиф) қутулуб, мустақил суратда майдонга чиқа олур эди. Бизнинг мамлакатимизда бу синф янгидан дунёга чиққан эмас. Балки, Туркистон халқи қанча эски-бурунғи бўлса, бу ҳам шунча эски, шунча бурунғидир. Лекин, бир партия суратида дунёга чиқиши, муқаддас бир мақсад учун курашадирган, дунё паҳлавонларининг синфига тизилиб ҳаракат этиши, бу йил инқилобдан кейин вужудга кела бошлади. Ғарб дунёсинда ва ҳам Россияда ҳозирги кунда бу синф ниҳоятта улуғ жойни ишғол қилиб истибдод биносин йиқитмоқ учун бўлган курашда биринчи сафда турадир. Аммо, бизда янги бўлиб рус инқилоби мунинг тарихий мағиз ва манбаидир.

Бу замонгача Туркистон сиёсий ҳаётида сиёсий талашда дунё мухорибасига бир нарса қўша олмаса мамлакатимизда туғулиб келадирган ушбу янги синф бирлан олий мақсад учун курашгувчилардан ёнларига янги бир қувват, янги бир куч берадир. Агарда бу синфда расмий бир шаклда кириб ўзининг ҳаётин турмушнинг ҳар бир томиринда тажассум этдира олса, Туркистон учун зўр муваффақият, Шарқ дунёси учун улуғ бир ҳадя бўладир. Бу синфнинг дунёга чиқиши нисбатида ҳаётига доир адабиёт, буларнинг маънавий эҳтиёжин тўлдирадирган китоб ва матбуотининг лозимига шубҳа йўқ. Бизда бу тўғрисида ҳақиқий бир мулоҳаза, жиддий бир фикр юритилмагандир. Аммо, ғарб дунёсида буларнинг маишатига доир асар ва матбуот, зўр бир илм, улуғ бир “фан” ташкил олғондир.

Руссия инқилоби бизда миллий аскарга қанча муҳтожлигимизни кўрсатса, меҳнаткаш синфига ниҳоятда эҳтиёжимиз борлиғини билдирадир. Ҳозирги кунда Туркистоннинг булғониб ётган сиёсий ҳаётида, рус рабочиси, рус красний гвардияси катта бир жойни ушлагани ҳолда, биздаги йўқлиқ, миллий талабни айтмакка, айтган миқдорини амалга қўймакка улуғ монеълардан бўлиб турадир. Масалан, Украина, Финландия меҳнаткашлари ўз халқининг истиқлоли учун курашиб, монеъларни йиқитиб синдирадирлар. Ҳар миллат маҳкумиятдан чиқиб алоҳида яшаб тараққий топганида, муқаддас мақсадга етмоғи мумкин эканлигини биладир, тушунадирлар. Чунки, маҳкум миллатнинг адабиёти ҳам миллияти ҳам қисилгани сабаблик ул миллат эркин юраолмайдир. Бошқалар қаторида бора олмайдир. Нодон миллатнинг нодон меҳнаткаши, дини, миллати иккинчилар тарафиндан қисилган, жабр-зулм кўргани учун ихтиёрсиз ўз миллатини қутқармоққа капиталистлар билан бир синфда туриб миллати учун курашмоққа мажбур бўладир. Меҳнаткашни капиталистлардан айириб социализм йўлига тортишдирмоқ маданий миллатларнинг меҳнаткашлари қаторинда бордирмоқ учун мутлоқ ул миллатга истиқлол бериб, ўз ишин ўз қўлига топширмоқ ўз ихтиёри ила тараққий топдирмоқ керакдир.

Адабиёти сиқилган миллатнинг рабочиси нодон бўлгани сабаблик мазкур мақсаднинг вужудга чиқиши кечикадир. Ўзининг улуғ курашчиларидан бўлган улуғ бир синфни йўқотқон бўладир… Бизнинг меҳнаткашларимиз ҳам Искобулофда бўлган областной съезди ва шаҳримизда бўлган ушбу крайовой съездда биринчи қувватли овозларин эшиттирдилар… Мунинг бирлан бизнинг меҳнаткашлар синфининг ҳаётинда муҳим бир давр, умидли бир саҳифа очилди. Равшан йўл, ёруқ истиқбол хоҳлаб қоламиз6 дейди.

Уламо жамиятининг таклифи” сарлавҳали хабарда 18 январь куни Тошкентда очилган солдат, рабочи крестянлар съездига Уламо жамияти тарафидан киритилган таклифлар айнан келтирилади: “1- ҳозирдаги большевиклар ҳукумати жойида тўхтасин ва аммо ҳукуматини ва маслагини Туркистонда тургувчи урусларга ва ажнабийларга юргузсин ва ҳам Руссия жумҳуриятининг Туркистондаги муштарак ишларига назорат қилиб тўхтасун.

2-Туркистонга эълон қилинган мухторият то Туркистон учредителний собрания (таъсис мажлиси)га қадар мусулмонларга махсус бўлсун ва мусулмонлар ўз олдиларига алоҳида ҳукумат ташкил қилсунлар. Жами дохилий ишларни шариатга мувофиқ ижро қилиб турмоқлари учун.

3- Мусулмонлар билан ажнабийларнинг ўртасидаги ишлар ва даъволар икки ҳукуматнинг иттифоқлари ила алоҳида комиссияларда ва судларда кўрилсун.

4 – Мусулмонларнинг мухторий ташкилотлари шариатга мувофиқ бўлиб, меҳнаткаш тоифаларни ҳуқуқларини қатъий даражада ҳимоя қиладирган бўлсун, яъни капитализмга ҳеч бир йўл берилмасун, рибо ва судхўрлик йўқ бўлсун. Чекдан ташқари ноҳақ фойда қилмаслари учун катта савдогарларнинг ва заводчиларнинг ишларининг устидан тафтиш бўлиниб даромадлари ҳисобга олиниб тўхтасун. Бойлардан жорий закот ва ушр олиниб, ишчи ва камбағалларнинг фойдасига сарф этилсун. Меҳнаткашларни ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқ жиҳатида шариатга мувофиқ алоҳида қонун тузилсун ва ҳам подшолик ерлари ерсиз фақирларга тақсим топиб васиқалик билан эгаларининг тасарруфида тўхтасун.

Ушбу тартиблар то Туркистон учридительний собрания (Туркистон идора усули) тасдиқ қилинганича жорий бўлиб турсун ва аммо учридительний собранияни чақирмоқ тартибини большевиклар ҳукумати Мусулмон мухторияти билан иттифоқлашиб чақирсун7 дейилган. Таклифлардан кўриниб турибдики, Тошкент уламолари Мухторият ҳукуматини мутлақо рад этган эмас. Аксинча, таъсис мажлисигача Туркистоннинг туб аҳолиси учун масъул ҳукумат сифатида тан олмоқда. Демак, асл зиддият жадидлар ва уламоларнинг халқ олдидаги етакчилик учун интилишлари натижаси эди. Мавжуд кўнгилсизликлар эса уламоларнинг ҳам ёшларнинг ҳам орасида бўлган айрим “хуфя”ларнинг “буюрма” асосидаги қилмишларининг самараси бўлган деб тахмин қилишимизга ҳам имкон беради.

Журналнинг мазкур сонида чоп этилган “Миллий аскарлар” мавзусидаги мақола эса Мухториятнинг ҳарбий аҳволини ёритишга қаратилган. Унда: “Ҳозирда Хўқанд шаҳрида расмий суратда қўлига яроғ тутган миллий аскар ва милициямиз бир минг чамаси бўлган эди. 9 январь куни мулло Абдураззоқбойнинг боғида шуларнинг “кўрув”и (маневр) ясалди. Бу “кўрув”га Мухториятлик Туркистоннинг муваққат ҳукумати аъзоларидан Ислом афанди Шоахмедов билан Убайдулла афанди Хўжаев ташриф буюрган эдилар. Бу йигитларимиз тамом йиғилиб етганидан сўнг Убайдулла Хўжаев уларга хитобан: “Сизлар Мухториятлик Туркистоннинг биринчи қаҳрамон ўғуллари бўлдингиз. Сиз бу хизматларинг фахр қилсаларингиз арзийдур. Чунки, суюклу Ватанингиз ҳимоясига биринчи марта ўлароқ сизлар ўз ихтиёрингиз билан аскар бўлдингиз! Туркистон мамлакатининг келажакда бахт ва саодатга эришмоғи сизлардан бошланса керак. Сизларни Мухториятли Туркистоннинг муваққат ҳукумати аъзолари тарафидан табрик қиламан ва алар тарафиндан сизларга салом эришдираман ва ҳам сизларнинг тарафингиздан ҳукумат аъзоларига ҳозир бориб салом айтаман” деди. Бу сўзларни эшитганидан сўнг миллий аскаримиз ниҳоятда мамнун бўлдилар. Бундан сўнг Убайдулла афанди миллий аскарларга бир оғиздан “Омин” деб дуо қилувни сўради. Жумла йигитлар ўзларининг Ватан миллат йўлида ҳар бири фидокорликка ҳозир эканлигини сўйлаб баланд овоз ила гулдурашиб “Омин” садоларини кўкка чиқардилар.

Бундан сўнг ҳукумат рижоллари (кишилари — муаллиф) қайтиб кетдилар. Аскар бошлиқлари йигитларни тартибга солмоқ ила машғул бўлдилар. Бу қадар турк болаларининг жон ва диллари билан Ватан ва миллат йўлида ҳар бир фидокорликка кўксиларини кериб, ҳозир турувларини кўрганда тарихдаги Чингиз ва Темур боболаримизнинг қаҳрамон аскарлари хотирга келиб, кишининг кўзидан беихтиёр севинч ёшлари оқар эди. Кейинги хабарларга қараганда яна бир минг аскар йиғилиб, ҳозир муваққат мухторият ҳукуматининг икки минглик мукаммал мусаллоҳ (қуролланган — муаллиф) аскари бўладир”8 дейилган.

Ишчилар дунёси” журналининг 4-сони 1918 йил 1 март санаси билан чоп этилди. Бу пайтга келиб Туркистон Мухторияти қонга ботирилган, большевиклар ва арман дошноқлари томонидан Қўқон шаҳри вайрона айлантирилиб, халқнинг фиғони еру кўкни тутиб кетган эди. Журналдаги илк мақола “Тошкентдаги ишчиларга ҳеч ким ёрдам қилдими?» деб номланади. Таҳририят бу саволга жавоб қилиб, “Ҳеч ким ёрдам бермади. Бойлар урушдан фойдаланиб матоларнинг устига нарх қўйиб, ўз бойликларини оширдилар. Уламолар ёшлар билан Шўрои Исломни туздилар. Улардан уламо яна ажралиб чиқди. Сайловларда “3” (уламолар) “жинни”, “10” (жадидлар) “дўзахи” деб бир бири билан роса ёқалашиб кетдилар. Тушган ионаларини ҳам халққа эмас кўпроқ ўзларининг урушларига сарфладилар. Биз-да аввалига очганимиз духтурхона, сўнг газета чиқардик. Сабот ва матонатимиз бор, аммо пул йўқ бўлган бир оғир шароитда иш олиб бордик. Уламо бўлса мадраса ислоҳотини илгари сурди, Шўрои Ислом Туркиядаги “Иттиҳод ва тараққий” га ўхшамоқчи бўлдилар. Натижада халқни бўлиб ҳамма режаларнинг расвосини чиқариб юбордилар. Бу кетишда бир йилда Туркистон арманининг юртиданда вайрона бўлиб кетадир”9 деб фикрини якунлайди.

Ишчилар дунёси”нинг 5-сони 1918 йил 15 март куни дунё юзини кўрди. Журналнинг энг тушкун бир кайфиятни қўзғовчи мазкур сони бошдан оёқ Туркистон Мухториятининг машъум қисматини баён этишга бағишланган. Айниқса, “Ким айбли?” сарлавҳани ўқиган одамнинг кўз олдида мислсиз даҳшатли фожиалар намоён бўлади. Унда “Мўминнинг биродари мўъмин бўлгани ҳолда мусулмон биродарларимизнинг бошига мусийбат тушса бунинг қайғусини албатта, баробар ўртоқлашувига тўғри келадир. Бу албатта инкор этилмаслик бир ҳақиқат эканлиги кун каби ошкорадир.

Иш шундай бўлса, биз саломатликни эрлари Хўқанд фожиасига қайси кўз ила қарамоқ тўғри келадир. Иймон келтирганимиз тақдирни ёзмишина қарамасдан биз исломиятни бу хабарлар чин эканлигидан, разолатдан, сафолатдан, атолатдан, жаҳолатдан қутқарув умидинда умум Туркистон вакиллари съездинда (Хўқанд, 1917 йил 27 ноябрда) нафси шахсиялари қурбони ўлмасдан ҳақ ерли МУХТОРИЯТ эълон қилган эрларгами? Таъна ва билчироқлар ирғитиб фақат сизлар Автономия эълон қилдингиз, бу фалокатни ўзингиз бошладингиз, фалон қилдингиз, жазоларингизни тортинг, деб мухториятни, саодатни, тўғриси дин йўлинда жон берган шаҳидларни руҳларига дуо-ю фотиҳа, ўқув ўрнига; ул шоҳидларнинг муборак жасадларига таҳқир қилуб ўтармизми?…

Даҳо Арманистон интиқомини туркистонлилардан оламиз, деб салла ўраб мусулмонлар тарафида бўлиб, салла чопонни ташлаб, қўлларига қурол олиб истиқболимизни чечакларини (ёш болаларни) қирмоқ учун жасорат этган. У тўп пулимётларни қулоғини бураган, муқаддас масжид ва мадрасаларимизга отдирган, бутун шаҳарни хароб қилганида, томлар, уйлар остинда во ҳасрато деб фиғонларини фалакдан ошириб, оғизларинда миллат деб, калимаи шаҳодатни талқин қилиб жон берган ҳарбзадалар ким? Мадрасалар ичинда китобларини қучоқлаб “Ё, роббий” деб руҳдан айрилган мударрис ва талабалар кимлар?

Миллатдошингиз мусулмон, ислом боласи ислом ва туғон қардошингиз, турк ўғли турк, туркистонлилардир!!!

Оҳ, минг-минг таассуфлар ўлсинким, биздан бу шаҳидларга дуою такбир ўрнига таҳқир қилув лозимдирми? Жазолари шул деб изҳор хурсандлик қиламизми? Бил фарз жазолари шул бўлганида ким айблик бўлур? Тақдирми айблик? Ё бўлмаса Мухторият олингиз, умуммусулмонлар бирлашингиз деб Исрофил сурини тортган олий марҳаматлик товориш Троцкий ила Ленин афандилар айбликми? Ёки Мухторият деб оғизларида, бўғизларида ўлка съезларида, Масков совешаниясинда, ҳар ерда митингларда мухторият деб ҳайқириб, демократический республика (халқ жумҳурияти) бўлсун автономияга лаёқатимиз йўқ, федерация бўлганда қора кучлар куч-қувватлик чиқиб хон замони бўлиб чиқмасин, деган сўзларга қарши бир қанча сўзлар ила “ана” ёшлар кофир, эътиқодлари суст, деб такфир ва таҳқир қилиб аташганлар… кўпда ўтмади бутун Тошкент аҳлини якпора иттифоқлари тўлқуни ила бўлган мухторият намойиши куни умумни иттифоқини кўриб кайфлари учуб муваққат ҳукуматга байъат ва қасамёд қилиб туриб 4 кунгина ўтмасдан муваққат ҳукуматни қувватсиз деб асоссиз важҳлар ила умумни алдаб байъат ва қасамларини тортиб олган (кимларга истеъфода йўлини яратган) мусулмонларни ўзлари орасинда рози эмаслар, буржуазия автономияси деб, Петербурғга телеграм берилурга сабабчи бўлган эҳтиромли “Уламо жамияти” айблими?

Йўқ, минг маротаба йўқ! “Вал қадар хойра ва шорра мин Аллоҳ таоло” (тақдирдаги яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдандир) мазмунинча ҳеч ким айбли эмас!!!

Бу бобда яна такроран айта оламизким, тақдирга ҳавола қилганда у муқаддас маслак йўлида қурбон бўлган шаҳидлар руҳларига жонларимиз ачиб дуо-ю фотиҳа қилмасак… Исломиятга, миллатга зўр жиноят қилғон бўлсамиз керак.

Яна қўрқамиз-ким, бизларни бу таъналаримизга Худованди акбарни қаҳри келиб, бир жазои фалокатлар била бошимизга Хўқанд фожиаларинданда ёмонроқ фалокат ва балоларни ёғдирмасун эди…

Омон! Ё роббий, нақадар замони азоб вақтларина қолдик. Бир тарафдан очлик, бир тарафдан муҳтарам уламои киром исми билан шуҳратланган, уламо исмларини қоралаган шахсиятпарастларни умумий бир зарарлари ва бошимизга тушган фалокатларга чиндан ўзлари сабабчи бўлган бир замонларида, бечора масъум, қонлик муқаддас ўлим топган шаҳидларимизга таъна туҳмат ва билчироқ отувлари “шаҳид эмаслар” деб. Қачон битар экан бу миллий хоинлар. Қачон қутулар экан бу хоинлар чангалидан миллати ислом ва бутун Туркистон мусулмонлари10 дейилади.

Журналнинг сўнгги 6-сони 1918 йил 1 апрель санаси билан босмадан чиқди. Бу сонда ҳам тегишли даврни ўрганишда ўта муҳим ўта долзарб мавзуларга бағишланган қатор хабар ва мақолалар ўрин олди.

Хуллас, “Ишчилар дунёси” журнали Туркистон Мухторияти тарихини ёритишда шубҳасиз, ўта муҳим тарихий манба ҳисобланади. Боиси Қўқон билан мунтазам алоқада бўлган журнал таҳририяти “ишчи”лар номи остида фаолият юритиб Тошкентда, умуман ўлкада бўлаётган барча воқеъликлардан хабардор эди. Айниқса, журнал саҳифаларидаги “Мулло Ғозий” (Ғози Юнус), “Ишчи” (Ғози Юнус) ва Ғулом Зафарийлар қаламларига мансуб мақолалар, шеърлар, ўлкадаги очарчилик воқеалари ва кундалик хабарлар ҳам ўқувчи учун тегишли даврнинг ўткир ижтимоий муаммолари ҳақида кенг ҳамда ишончли ахборот беради.

Баҳром ИРЗАЕВ
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

2 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

3 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

4 Каримқули. Уламо жамиятига саволлар // Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

5 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

6 Ишчилар дунёси.. №3. 1918 йил 1 февраль

7 Ишчилар дунёси.. №3. 1918 йил 1 февраль

8 Ишчилар дунёси.. №3. 1918 йил 1 февраль

9 Ишчилар дунёси. №4. 1918 йил 1 март.

10 Ишчилар дунёси. №5. 1918 йил 15 март.

Ўхшаш мақола

Темурийлар хилхонасининг очилиши: Амир Темур, Шоҳрух ва Мирзо Улуғбек бюстининг яратилиш тарихи, қабрига қайтариш унутилган Бибихоним жасади

Post Views: 230 Бу муҳим тарихий воқеанинг рўй берганига шу йилнинг июнь ойида роппа-роса 80 …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *