Бош саҳифа » Тарих » “Яшасин Туркистон Мухторияти”. “Ишчилар дунёси” – Туркистон Мухторияти тарихини ўрганишда муҳим манба

“Яшасин Туркистон Мухторияти”. “Ишчилар дунёси” – Туркистон Мухторияти тарихини ўрганишда муҳим манба

Мамлакатимиз тарихининг ҳали ҳамон жиддий тадқиқга муҳтож саҳифаларидан бири, бу шубҳасиз, Туркистон Мухторияти масаласидир. Албатта, ўтган давр мобайнида бу борада қатор илмий мақолалар, китоблар, ҳатто диссертациялар ёзилган. Бироқ, мазкур даврнинг ўта мураккаб ва зиддиятларга тўла ижтимоий ҳаётини тушунтириш тарихчидан воқеъликни холис ёритишда кенг кўламли манбаларни қиёсий таҳлил этишини тақозо этади. Бу ўринда матбуот, айниқса, миллий матбуот саҳифаларида чоп этилган материаллар жуда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Уларда Туркистонда кечган жараёнларга маҳаллий аҳолининг муносабати, уларнинг мақсад ва интилишлари, халқнинг иқтисодий аҳволи, сиёсий маданияти даражаси ҳамда жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий зиддиятлар борича акс эттирилгани билан янада аҳамиятлидир. Тегишли даврга оид асосий маҳаллий матбуот манбалари Тошкентда татар тараққийпарварлари томонидан мунтазам чиқариб турилган “Улуғ Туркистон”, Самарқандда нашр этилган “Ҳуррият” ва Қўқонда босилган Туркистон Мухториятининг нашри афкори “Эл байроғи” газеталаридир. Мазкур газеталар саҳифаларида нашр этилган хабар ва мақолалар тадқиқотчилар томонидан бир қадар ўрганилган ҳам.

Биз бугунги маърузамизда “Тошкент мусулмон ишчилар шўроси” томонидан чоп этилган “Ишчилар дунёси” журнали ва унинг мазмун мундарижаси ҳақида хабар бермоқчимиз. Ўн беш кунда бир чиққан миллий ва сиёсий, иқтисодий, тарихий, илмий, ижтимоий журналнинг 1-сони 1918 йил 4 январь куни Тошкентдаги “нашр иши ишчилари Иттифоқи” босмахонасида босилган. Ҳисом Жалолий муҳаррирлигида иш бошлаган “Ишчилар дунёси” журналининг шиори “Яшасин Туркистон Мухторияти” эди. Бу эса журналнинг Тошкент тараққийпарварлари томонидан Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганлигини англатади. Журналнинг шу сони сўнгида таҳририят журналхонларга “мазкур бизнинг журнал 17 декабрга чиқарарға тўғрилаб, 12 декабрь куни “Шўрои исломия” босмахонасига берилган эди. 13 декабрда бўлган воқеа ва фожиа сабаблик босмахона ёпилиб қолди. Шунинг учун ушбу кун 4 январга кўчди” деб хабар беради.

Журналнинг “Муқаддима”, “Мақсад ва маслак” рукнлари Мулло Ғозий (таниқли журналист Ғози Юнуснинг адабий таҳаллусларидан бири-муаллиф) томонидан ёзилган1. Шундан сўнг журнал асосий мақсадига кўчиб, “Туркистонда мухториятнинг эълон қилинуви” номли мақолага ўрин беради. Унда “Октябрь охиринда Тошкентда катта сўғиш бўлиб, кўп қонлар тўкилганидан сўнг Хўқанд шаҳрида 25 ноябрь куни Туркистон вилоятининг мусулмонлари съезди ясалди. Мазкур съездга Туркистон мамлакатидаги ҳар бир жамиятлардан ва ҳар бир союзлардан ва миллий шўролардан делегатлар ҳозир бўлганлари учун бу съезд 10 млн нуфуслик Туркистоннинг мусулмон халқининг тегишлик ишларига қарор берувга қодир ҳуқуқлик бўлди. Шул сабаблик бутун Туркистон халқи мазкур съездда бўлган қарорларнинг ҳаммасига рози бўлишга тевишлик (мажбурий) бўларлар. Туркистон халқининг 98% турк халқлари, яъни мусулмонлар бўлгани учун ҳар бир съезд мажлисларида бўлган қарорларда булар аксариятни ташкил қилгани сабаблик, Туркистонда яшайдирган бошқа миллатларнинг ҳуқуқлари нуфсларига мутаносиб бўлгани сабаблик, бу съездда чиқарилган қарорларни қабул қилишга мажбур бўлурлар” дейилади. Албатта, бу вақтга келиб бутун Туркистон аҳли Мухториятнинг эълон қилинганидан хабардор эди. Бироқ, журналнинг воқеъликларни қайта эслашидан мақсади большевикларнинг кейинги вақтларда Туркистон Мухториятининг ноқонуний тузилганлиги ҳақида олиб бораётган тарғиботларини йўққа чиқариш, унинг Туркистон халқининг инон ихтиёри билан ташкил этилганлигини, қонуний эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтишдан иборат эди. Мақолада “Кўп унғойсизликлар олдинда турса ҳам бунга қарамай съезд ўз вазифа ва ишларини тамом адо этарга муваффақ бўлдилар. Съезднинг иккинчи куни 27 ноябрда Туркистонда келажакда бўладирган идора масаласи қўзғолиб, бу масала музокарага қўйилиб, тунда соат 12 00 да бир оғиздан қабул қилиниб Мухторият эълон қилинди” дейилади. Демак, Қўқон шаҳрида ҳам ҳудудлардан келган вакиллар большевиклар томонидан жиддий қаршиликка учраганлар. “Уламо жамияти” вакилларига нисбатан “Бу қарорга фақат Тошкентдаги уламо жамиятидан борган вакиллар, бу қарор сиёсий бир қарор бўлганлигидан аҳамият бермаганлар. Чунки, бу қарорни бизлар учун диний қарор эмас, деб ўйлаган бўлса керак” деб баҳо беради.

Съезднинг иккинчи кунида, яъни 27 ноябрда Туркистоннинг бутун 10 млн нуфуслик мусулмонлари эълон қилинган мухториятни фаолиятга чиқарув учун онт ичиб 54 кишидан иборат вақтинча аъзо сайланиб Халқ Шўроси ясалди. Бу, ҳам вақтинча 12 кишидан иборат Туркистон ҳукумати ташкил этилди. Мазкур сайланган 12 идора ҳайъат аъзоларини ҳар вақтда мухофазат қилмоқ учун ваъдалар беруб ишонтирдилар. Мазкур съездда булардан бошқа яна иш юргизадирган яна бир ҳайъат аъзоси бўлувини лозим кўрдилар. Бунга бутун Туркистон вилояти исминдан иш юргизадирган ҳайъат аъзоларини ўз ораларидан жонуби ҳуқуқлари ила муносабат қилурга элчилар сайлаб юборувни лозим кўрдилар.

Мазкур иш юргизадирган ҳайъат аъзосига яқинда Туркистонда бўладирган учридительний собранияга (Таъсис мажлиси) чақирувни ўз вазифаси деб билдилар”2 дейди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Туркистон жадид тараққийпарварлари дастлаб большевикларнинг ҳокимиятни осонлик билан қўлга киритишларига ишонмаганлар. Улар Таъсис мажлисига қадар Туркистон Мухториятини муваққат ҳукумат сифатида шакллантириб, ўлкадаги барча сиёсий фаол кучларни унинг атрофида ягона фронтга бирлаштирмоқчи эдилар. Бироқ, кутилган иш содир бўлмади. Натижада большевиклар қурол кучи ва сиёсий фитналарни қўллаш орқали маҳаллий аҳоли ўртасида ички зиддиятларни авж олдирдилар.

Журналда босилган Туркистон Мухторияти ҳукуматининг Туркистон халқига хитобида: “Пайғамбар ҳазрат Муҳаммад алайҳи саломнинг туғилган ҳам вафот бўлган куни муносабати ила Тошкентда ясалган шодлиқ ва тинч мухторият намойиши вақтида ғоят таассуфлик воқеалар бўлиб, одам қони тўкилган, ўлган ҳам яраланганлар бўлган экан. Туркистон мусулмонларининг муқаддас ҳаётларини таҳқир қилган бу воқеаларга қарши биз Туркистон ҳукуматининг миллат мажлиси ила муваққат ҳукумати аъзолари қалбларимизнинг энг теран ериндан қаттиғ таассуф қилганимизни билдирамиз.

Бу хусусда биз зарур бўлган тадбирларнинг ҳар қайсисини қилиб мамлакатда тартиб ва низом, бирлашувга ижтиҳод этамиз; шунга қадар Туркистон халқини сабр ва тинчликни сақловлари ғоят зарурдир” дейилади.3

Улуғ Туркистон” газетасидан олиб босилган “Сиёсий аҳвол” номли мақолада “Ҳукумат большевиклар қўлина келуви ила бир қисм халқ сулҳ бўлар деб кутган эди. Чунки, большевиклар муваққат ҳукумат билан курашганида ҳар нарсадан аввал сулҳ ваъда қилған эдилар ва шунинг учун ҳам халқ аларни тақвия қилган эди. Лекин, большевикларнинг иш бошина келувларина икки ойга яқин вақт бўлиб қолса-да номида сулҳ нишонда йўқ ва қачон бўлиши-да маълум эмас. Чунки, большевиклар иш бошина кўчуви ила мамлакатнинг ичинда ўзаро қаттиғ сўғишлар бошланиб, мамлакат қизил қонга ботди.

Большевизм” мазҳаби бошлиқлариндан Ленин ва Троцкий деган зодлар иш бошига келгач, солдат ва ишчилар ҳокимияти тузиб шўроларнинг қурол кучи ила Россияда “социализм” асосини майдонга қўюв хаёлина тушдилар. Учредительний собрания (Таъсис мажлиси)ни кутмасдан бирданига фабрика ва заводларга хусусий мулк ҳуқуқини битиратурган (бекор қилувчи) фармон (декрет) чиқардилар. Катта ер хўжаларининг ерларини крестян (ерсиз деҳқон)ларга олиб бера бошладилар, фабрика ва заводларни рабочилар (ишчи) қўлина топширдилар. Ҳусусий ҳам давлат бонкларини ўз қўлларина олиб бунлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларина таҳдид қилдилар.

Мамлакатда тартиб ва низом ерлашдируви (ўрнатиши) кутилган бирдан бир ишончли маҳкама учредительний собрание (Таъсис мажлиси) ҳанузгача очилгани йўқ, қачон очилажаги ҳам маълум эмас. Чунки, большевиклар учредительний собраниени ҳам ўзларига мувофиқ бўлмаса милтиқ учина кўтарамиз, деб таҳдид қилолар. Шул сабаблик ҳозир мамлакатнинг истиқболи шул қадар қоронғудир-ки, бу ҳол давом этган вақтда яқин орада ҳеч бир яхши истиқбол кутарга мумкин эмасдир…” дейилади. Шунингдек, большевиклар нафақат Марказий Россияда, балки, чекка ўлка ҳисобланган Туркистонда ҳам барча масалани қурол кучи билан ўзи истаганидек амалга оширишга интилаётганлиги ёзилади. Халқни яқинлашаётган жиддий хавфга қарши тезроқ бирлашишга чақириб, “Бизнинг ҳеч вақт қочирмасдан (вақтни қўлдан бой бермасдан-муаллиф) бутун Туркистон жамоат ходимлари ушбу Мухторият ҳузурига йиғилиб, ишларни йўлга солурға ва шулой этиб, ўз муқадротимизни (тақдиримизни) ўзимиз ҳал қила бошларға вақт етди. Йўқса, бу кун-да, эрта-да шулой (шу кетишда) турула берса, бу боришнинг охири ғоят фожиали бўлурға мумкиндур4 деган хулосага келади.

Журналнинг 2-сони 1918 йил 18 январь куни “Туркестанский ведемости” босмахонасида чоп этилган. Ундаги муҳим мақолалардан бири “Туркистон учун хўрлик” деб номланади. У “Тошкент масжиди жомеъинда 5 январь, жума куни “Уламо жамияти” тарафидан катта йиғин бўлиб, Умумтуркистон учун зўр кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтди. Тарихда Туркистон учун бир қаро саҳифа очилди” деб бошланади. Муаллиф бўлган воқеага имкон қадар холис баҳо беришга интилади ва уламоларнинг масжидда Туркистон Мухториятига нисбатан билдирган ишончсизлигини қоралайди. У “Кечагина масжиди жомеъда қарийиб 200 минг киши бир оғиздан аҳд қилиб, такбир айтиб, йиғлашиб Хўқанддаги муваққат ҳукуматга байъат қилиб, керак бўлса жонимиз, молимиз, қонимиз билан ёрдам қилмоққа ваъда қилиб тарқалиб эдик. Яна иккинчи маротаба муваққат ҳукуматга содиқлигимизни ажнабий миллатларга кўрсатмак учун 13 декабрда ёшу қари, уламо-ю ишчи байроқлар кўтариб намойиш ясаб, иккинчи қайтадан муваққат ҳукуматга содиқлигимизни изҳор қилдик. Маъ ал таассуф ўртада ҳеч нима фурсат ўтмасидан муваққат ҳукумат озми кўпми ишлаб турганида бир тўда лойқа сувдан балиқ овлайдирган иртижоъпараст мухторият душманлари масжиди жомеъда маъвизалар ўртасинда Мухторият хусусинда сўз қўзғотиб, содда халқнинг кўзига бир дона тухумни 70 хил қилиб бўяб кўрсата бошлади. Бечора бизим халқ камоли софдиллигидан бул жанобларнинг ноҳақ сўзларин ҳақ фаҳмлаб ҳаяжонга келдилар. Шул фурсатда нотиқ афанди уста таъбирлар билан халққа хитоб қилиб (Халойиқ Хўқанддаги ҳукуматни бизлар билмасмиз. Муваққат ҳукумат бизга керак (эмас) деган мазмунда сўзлаб, Хўқанддаги ҳукумат керак эмас деганлар қўл кўтарсин, деб бир неча соддадил қора халқни қўл кўтартириб олдилар. Табиий, биз мусулмонлар инқилобдан буён энди қўл кўтариб ўргандик.

Маданий миллатлар каби қўл кўтарганда масалани ҳал бўлишини билмасмиз. Эшмуҳаммад қўл кўтарса Тошмуҳаммадда, Боймуҳаммадда қўл кўтарар. Уламо қиёфатида бир киши минбарга чиқиб: Халойиқ! Бизга оқ керак деса. Ҳа, тақсир оқ керак. Агарда оқ ўрнига қора керак деса. Ҳа, тақсир, албатта қора керак, деб қичқирадирлар. Қисқаси, муҳтарам уламоларимиздан бир киши чиқиб қўлига бир қора қозонни тутиб, мусулмонлар қўлимдаги нарса қора эмас, шаъриатда муни оқ дерлар деса, ҳа, тақсир, албатта оқ деб қичқиришлари табиийдир. Мунинг учун ҳеч вақт онгсиз халқни айбламаймиз. Фақат бизни йўлбошчимиз бўлиб турган уламоларимизга ўпкалаймиз.

Шунинг баробаринда муҳтарам уламоларимиздан, суюклу ёшларимиздан ўтинамиз-ки, мундан буён ҳар икки тараф ҳам соф бўлиб ҳаракат қилингиз. Уламоларимиз қора халқ бизнинг орқамизда деб Туркистонга уят келтирадирган ишни ишламасунлар. Ёшларимиз ҳам ўз фойда зарарини ажратолмаган халқимиз учун кеча кундуз рахмат ўрнига лаънат эшитиб, бошдан оёқ куфр печати билан печатланиб, охири ўртада бирор қонли воқеа бўлиб, бадбахт Россиянинг аҳволи Аллоҳ сақласун, бизим Туркистон бошига тушмасин деб қўрқамиз.

Биз ишчилар иттифоқни ёшлар бузадур, ёшлар ундай, ёшлар мундай дер эдик. Кейинги воқеалардан маълум бўлди-ки, иттифоқни кимлар бузар экан?…

Оҳ, … бу қандай хўрлиқ! Қандай уятсизлиқ! Такрор айтамиз-ки, уламоларимиз, ёшларимиз мундан буён эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилмасалар ҳозирги Россиянинг бадбахт ҳоли бизни Туркистон бошига келадир…5 деб фикрини якунлайди.

Шундан сўнг журнал ўз ўқувчиларига “Хўқандда биринчи мусулмон ишчи, деҳқон ва солдатларни фавқулодда қурултойи” ҳақида хабар бериб, “Қурултой 1917 йил 26 декабрь куни Шўрои исломия идорасида иш бошлади. Мандатний комиссия тарафидан қурултойга 184 вакил келганлиги маълум бўлди. Мазкур ададни ичиндан 20 вакил Тошкент жамиятлариндан бўлиб, 10 вакил мусулмон ишчи шўросидан, 2 вакил сартарошлардан, 2 вакил туникасозлардан, 1 вакил косиблар жамиятидан, 2 вакил “Гулистон” жамиятидан, 2 вакил талабалар жамиятидан, 1 вакил Турк адам Марказияти газетасидан борди. Сирдарёдаги қозоқлар жамиятидан 5 киши, Самарқанд вилоятидаги ишчи ва солдатлар шўросидан Панамарёв, большевик Окувренколар, Самарқанд шаҳар ва уездининг ҳамма ишчи, деҳқон ташкилотларидан, Закаспий област туркманларидан, Фарғона областининг ҳамма ишчи деҳқон жамиятларидан вакиллар бор эди.

Мандатний комиссиянинг докладидан сўнг ҳайъат аъзолари тарафидан президиумга ушбу зодлар сайландилар. Улар Асфандиёров, Килиблиев, Юсуфов, Авлоний, Дадабоев, Удалоев, Мансуров, Аъузуф (Авазов), Мурсалзода, Фаномаруф (Панамарёв)лар эдилар.

Сайловдан сўнг табрик нутқлари сўзланди. Мусулмон Ҳарбий шўроси тарафидан Килиблиев, муваққат ҳукумат тарафидан Шоҳаҳмедов, муваққат миллат мажлиси тарафидан, социал революционер (эсер) Миллер, Хўқанд уезди халқи тарафидан комиссар Акаев, Хўқанд шаҳар думаси тарафидан Одилжон афанди ва ҳам бошқа съездга келган жамиятлар тарафидан съездни қутлаб табрик нутқлари сўйланди. Сўнгра съезд ишини бошлаб программага қўйилган масалаларни чизи поправка билан тасдиқ қилди.

Съездни программаси шундан иборат: 1. Туркистон Мухториятига қараш ва они сақламоқ 2. Съездга келган вакилларнинг докладлари 3. Ҳозирги замонга назар 4. Ўлкада усули идора 5. Туркистон мажлиси маассисони (таъсис мажлиси) 6. Бошқа миллатлар ишчиларига муносабат 7. Мусулмон ишчи солдатлари учун марказий шўро тузув 8. Деҳқон ва чорикорларни уюштирув 9. Меҳнаткашларга махсус комиссар 10. Миллий аскар тузув 11. Озиқ ишлари масалалари.

Биринчи масала юзасидан атрофлик муҳокама бўлганидан сўнг ушбу қарорга келинди: Мухторият эълон қилинган Хўқанд съездини ёлғиз бойлар ила уламолар съезди эди, деб баъзи бир фирқалар тарафидан бу съездга иснод қилинган айблар ҳақиқатга мувофиқ эмас.

Хўқандда бўлган съезд ҳақиқатда бутун Туркистон мамлакатинда бўлган мусулмонларнинг умумий съезди эди. Унда халқнинг ҳамма синфларидан вакиллар бўлди. Мусулмон рабочий ҳам солдатлар съезди, Хўқанд съезди тарафиндан сайланган миллат мажлиси (совети) ила мухториятнинг муваққат ҳукуматига комил ишонч билдирадир. Чунки, уларнинг ҳайъати бизнинг соф зиёлий қисмимиздан тузилган(!); улар хизматкор, рабочилар синфининг манфаатин кузатувчилар ҳам бизнинг диний тарбиячиларимиз ва бизга муқаддас Қуръон ўргатувчи ихтилолчи муллолар ва уламоларимиздур.

Шунга кўра биз уларга ишонч билдириб ҳам шул ишончимизни тасдиғи учун ва унинг рус пролетариятининг қошинда нуфузли бўлуви учун муваққат ҳукумати ҳайъатига ўз орамиздан вакиллар сайлаб қўйдик. Рус биродарлармиз бирла икки орада ихтилоф чиқишини истамаганимиз учун биз ўз тарафимиздан биринчи ҳам сўнгги сўзимизни айтамиз: Бизнинг миллий ишларимизга мудохала (аралашиш-муаллиф) қилинмасун. Буюк Россия демократиясининг буюк шиорларина биноан бизнинг ўз тилакларимизни ўзимиз вужудга чиқорувда бизга монеълар қўйилмасун. Туркистон ўлкасиндаги ҳарбий гарнизонлар ҳам қизил гвардиялар ё Туркистоннинг янги ҳаётини турғизувда ўзларининг сонларина муносиб равишда иштирок қилурға ёҳуд алар Туркистонда яшаган муддатда ҳеч бир ишга аралашмасдан бутунлай бетараф турурға мажбурдирлар.

Чор ҳукумати тарафиндан Туркистонга мусулмонларни “босдирар” учун юборилган аскарларнинг ҳамонда шул сиёсатни давом қилдирарға ярамағонлиғи ҳаққинда икки турли сўз бўлурға мумкин эмас.

1916 йилда бизни империалистлар тарафиндан бошланган қонли урушга қарши турғонимиз учун чор ҳукумати аскар юбориб отдирди, қирди, алла не қадар қон оқизди. Энди сиз рус демократлари бизга шул тўкилган қонларни унутарға ихтиёр берингиз. Токи, биз мусулмон пролетариати, рус демократияси тарафидан олинган шиор (лозунг) ила халқ Комиссарлари тарафиндан Шарқнинг улушсиз қолдирилган фуқаросина хитоб қилиниб чиқорилган декретларингнинг ростлигига ишонайлик!6 деб ўтинади.

Давоми бор…

Баҳром ИРЗАЕВ
Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

2 Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

3 Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

4 Ишчилар дунёси. 1918 йил 4 январь.

5 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

6 Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *