Бош саҳифа » Тарих » Муҳаммаджон Тинишбоев, Мустафо Чўқай (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 2-қисм)

Муҳаммаджон Тинишбоев, Мустафо Чўқай (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 2-қисм)

1918 йил 30 апрелда Туркистон ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг V съездида РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (баъзи манбаларда Туркистон Совет Республикаси) тузилганлиги эълон қилинди1. Совет ҳокимияти Туркистонда яшовчи маҳаллий халқларга гўёки совет автономияси бошқарувидаги “миллий давлатчилик” ва “мухторият”ни берди. Шу муносабат билан 1918 йил май ойининг бошларида амнистия эълон қилиниб, Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзоларидан тирик қолган айримлари қамоқхонадан чиқарилди ҳамда вақтинчалик авф этилди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзоларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда кейинги тақдири тўғрисида энди батафсил тўхталиб ўтамиз. Мухторият ҳукуматининг биринчи таркибига сайланган 8 нафар киши ҳақида қисқача маълумотлар қуйидагича:

 Муҳаммаджон Тинишбоев давлат ва жамоат арбоби, тарихчи олим. 1879 йил 12 майда Еттисув вилояти Лепсинск уезди Садир волостининг Эчкиолмас тоғи этагида туғилган. Миллати қозоқ. У 1889 1900 йилларда Верний эркаклар гимназияси, 1900 1906 йилларда СанктПетербург Императорлик институти Александр I номидаги темир йўл транспорти инженерлар институтида ўқиди. 1907 йили II чақириқ Россия Давлат думаси депутати қилиб сайланди. 1917 йил апрелда тузилган Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети аъзоси. Айни пайтда Муваққат ҳукуматнинг Еттисув вилояти комиссари2. Қўқонда Туркистон Мухторияти ҳукумати 1917 йил 27 ноябрда ташкил топгач, ҳукуматнинг Бош вазири (1917 йил ноябрь – декабрь) ва ички ишлар вазири (1917 йил ноябрь 1918 йил февраль). 1917 йил 5 13 декабрда Оренбургда ўтказилган II Бутунқозоқ съездида қатнашди. Бу съездда Алихон Букейхонов (1866 1937) бошчилигида Алаш автономияси [Алаш Ўрда ҳукумати] ташкил топди. У Алаш Ўрда ҳукуматида ички ишлар вазири (1917 йил декабрь 1920 йил март) ва кейинчалик Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлади.

М. Тинишбоев кейинчалик Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРда турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Туркий халқлар тарихи ва этнографиясига оид турли асарлар ёзган ҳамда улар рус тилида Тошкентда нашр қилинган.

Совет ҳокимияти томонидан М. Тинишбоев биринчи марта 1930 йил 3 августда қамоққа олинди ва беш йилга РСФСРнинг Марказий қоратупроқ ҳудуди (ҳозирги Воронеж области)га сургун қилинди (1930 1935). Кейинчалик Тошкентда НКВД томонидан 1937 йил 21 ноябрда қайта қамоққа олинди ҳамда Тошкент турмасида 1938 йил 20 апрелда отиб ташланди3.

М. Тинишбоевнинг танланган асарлари Алматида нашр этилди. СССР тарқалгач, Қозоғистонда унинг хотираси шарафига кўплаб ҳайкаллари ўрнатилди.

Ислом Султон Шоаҳмедов мусулмон жамоат ва сиёсат арбоби. 1882 йил 21 ноябрда Оренбургда туғилган. Миллати татар. Оренбург эркаклар гимназиясини тугатгач (1905), СанктПетербург университетининг аввал шарқшунослик, сўнгра юридик факультетида ўқийди (1905 1909). Петроградда 1917 йил ёзда ташкил қилинган Бутунроссия мусулмонлари Шўроси Ижроия Комитети аъзоси.

И. Шоаҳмедов 1917 йил кузида Тошкентга келиб, Туркистондаги мухториятчилик ҳаракатида фаол қатнашди. “Туркестанский край” (Тошкент, 1917) газетаси муҳаррири ва ношири. Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси аъзоси. Туркистон Мухторияти ҳукуматида Бош вазир ўринбосари, кейинчалик молия вазири бўлди. Туркистон Мухторияти Конституцияси лойиҳаси муаллифи. Мухторият ҳукумати тугатилган пайтда Қўқон қўрғони ичида большевиклар томонидан қўлга олинган (1918 йил февраль). “Улуғ Туркистон” газетасида 1918 йил баҳорида ёзилишича, у қамоқхонада қийноқлар натижасида ақлдан озган ва турма лазаретига кўчирилган. Кейинчалик қамоқдан чиққан. Айрим маълумотларга қараганда 1920 йили Ҳиндистонга жўнаб кетган, бироқ орадан кўп ўтмай касалланган ва юртига қариндошлари ҳузурига қайтган4. У тахминан 1921 йилда вафот этган.

 Мустафо Чўқай таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳамда Туркистон халқлари мустақиллиги учун изчил курашчи. 1890 йил 25 декабрда Сирдарё области Перовск уезди Жопек волостидаги Авлиётаранғил овулида (баъзи манбаларда Наршоки қишловида) туғилган5. Отаси Чўкайбей Тўрғай додхоҳ ўғли бўлис (волость) бошлиғи, қозоқларнинг қипчоқ уруғи аслзодаларидан бўлган, онасининг аждодлари Хива хонларига бориб тақалган. Миллати – қозоқ.

Мустафо Чўқай бошланғич маълумотни Оқмачитда олгач, Тошкентдаги эркаклар гимназиясида ўқиди (1902 1910). СанктПетербург университетининг юридик факультетини тугатган (1914). Айнан ушбу ўқув юртларини 1899 ва 1904 йилларда кейинчалик Россиядаги Муваққат ҳукуматнинг Бош вазири бўлган Александр Керенский (1881 1970) ҳам тугатган эди. Мустафо Чўқай 1916 1917 йилларда Россия IV Давлат думасининг мусулмонлар фракциясида котиб ва таржимон бўлиб ишлайди. Туркистонда 1916 йили кўтарилган қўзғолон шафқатсиз бостирилгандан кейин Давлат думасининг А. Керенский бошчилик қилган махсус комиссияси таркибида ўша йили август ойида Туркистон ўлкасида, жумладан, Жиззахда бўлиб вайронага айланган шаҳар харобаларини кўрган.

1917 йил апрелда Мустафо Чўқай Петрограддан Тошкентга қайтди ва Туркистондаги сиёсий жараёнлар марказида турди. У Тошкентда 1917 йил баҳоридан бошлаб “Бирлик туғи” ва «Свободный Туркестан» газеталарини чоп эта бошлади. 1917 йил 16 23 апрелда Тошкентда ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойида Мустафо Чўқай раислигида Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси [Краймуссовет], яъни Миллий Марказ ташкил қилинди. Оренбургда 21 28 июлда ўтган Бутунқирғиз [Бутунқозоқ] I съездида фаол қатнашди. Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзоси (1917 йил августдан). Тошкентда большевиклар томонидан зўравонлик билан ҳокимият босиб олингач, Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ ноябрь ойи бошларида Қўқонга кўчиб борди.

1917 йил 27 ноябрда Қўқон шаҳрида ташкил қилинган Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ташқи ишлар вазири (1917 йил ноябрь 1918 йил февраль), кейинчалик Бош вазир (1917 йил декабрдан). Айни пайтда Оренбургда 1917 йил 5 13 декабрда бўлиб ўтган Бутунқозоқ II съездида қатнашди ҳамда Алаш Ўрда ҳукуматида ҳам ташқи ишлар вазири лавозимига сайланди.

Мухторият ҳукумати большевикларнинг ҳарбий кучлари томонидан тугатилгач, 1918 йил февраль охирида Қўқондан чиқиб кетди ҳамда яширин равишда март ойида Тошкентга келди ва бу ерда 2 ой яшади. У 1918 йил 16 апрелда эски таниши актриса Мария Яковлевна Горина (1888 1969) билан Тошкентдаги масжидда никоҳдан ўтиб, турмуш қуради. Ёш оила 1918 йил 1 майда Тошкентдан поездда Москвага жўнайди. Бироқ поезд Волгадаги жанговар ҳаракатлар сабабли Актюбинсккача боради, холос. 1918 йил 8 июнда Самарада большевикларга қарши Таъсис мажлиси аъзолари комитети (Комуч) ҳукумати тузилди. Июль ойида Алаш Ўрда раҳбарлари Алихон Букейханов ва Мустафо Чўқай Самарага келиб, Комуч ҳукумати билан большевикларга қарши ҳарбийсиёсий иттифоқ тузди. Бу пайтда Мустафо Чўқай Самара, Уфа, Омскда фаолият кўрсатди. 1918 йил 18 ноябрда ўз сафдошлари билан қамоққа олинган Мустафо Чўқай туркистонлик эсер Вадим Чайкин ва татар Илёс Алкин билан Челябинскда қамоқдан қочади. 1918 йил 1 декабрда Оренбургдаги Карвонсаройда (Бошқирдистон ҳукумати қароргоҳида) у билан Бошқирдистон ҳукумати раиси Аҳмад Заки Валидий ўртасида учрашув бўлди. Мустафо Чўқай қисқа муддат Комуч ҳукуматида фаолият кўрсатди.

Мустафо Чўқай 1919 йил февралда Европа давлатларига махсус меморандум билан мурожаат қилиб, Туркистондаги истиқлолчиларнинг большевикларга қарши курашини қўллабқувватлашга, совет режимини ағдариб ташлашга чақирди6.

Мустафо Чўқай қозоқ даштлари ва Каспий денгизи орқали 1919 йил баҳорида аввал Боку сўнгра Тифлис [Тбилиси] шаҳрига боради. У Тифлисда 2 йил яшайди. Бу ерда у мусулмонлар учун “Yeni Dünya” ва “Şafak” газеталарини ташкил қилиб, “На рубеже” журналига муҳаррирлик қилди. Қизил армия Тифлисни босиб олгач, 1921 йил февраль ойида Мустафо Чўқай муҳожирликка жўнаб кетишга мажбур бўлди ҳамда Истанбулга етиб келди. Мустафо Чўқай хотини билан 1921 йил ёзида Парижга келди. Мустафо Чўқай муҳожирликда 20 йил яшаб, турли халқаро анжуманларда иштирок этди ҳамда матбуотда инглиз, француз, поляк, рус, турк тилларида ўткир публицистик мақолалар билан мунтазам қатнашиб турди. Парижда унинг рус тилида “Марказий Осиёдаги Советлар” (1928) ҳамда “Туркистон совет ҳокимияти остида” (1935) ҳамда турк тилида Париж Берлинда “1917 йил хотиралари парчалари”7 (1937) китоблари нашр этилди.

Мустафо Чўқай 1929 йилдан бошлаб Туркистон Миллий Бирлиги Марказий Қўмитасининг раиси бўлди. 1929 1939 йилларда чиққан “Yaş Türkistan” журналига муҳаррирлик қилди. Журнал Парижда тайёрланиб, Берлинда чоп этилган (унинг 117 та номери чоп этилган).

Германия СССРга ҳужум қилган 1941 йил 22 июнь куни нацистлар Париж атрофидаги Ножан шаҳарчасида яшаётган Мустафо Чўқайни қамоққа олишди ҳамда у 13 июлгача Компьен харбий лагерида тутқунликда сақланди8. Сўнгра Мустафо Чўқай Берлинда бўлди (15 июлдан 26 августгача). У 1941 йил сентябрь декабрь ойларида совет ҳарбий асирлари сақланаётган Сувалки, Вустрау ва Ченстохова концлагерларида бўлиб, асир олинган туркистонликларни омон сақлаш йўлларини излади. Мустафо Чўқай ва тошкентлик ўзбек Вали Қаюмхон (1904 1993) асир олинган туркистонликлардан Туркистон легиони тузишни режалаштирдилар. Бироқ Мустафо Чўқай концлагерларда юқумли касалликка чалинди ҳамда Берлиндаги “Виктория” касалхонасида тепкили терлама (тиф)дан 1941 йил 27 декабрда вафот этди. У Берлиндаги турк мусулмонлар Темпельхоф қабристонида 1942 йил 2 январда дафн этилди9.

СССР тарқалгач, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Мустафо Чўқайнинг асарлари чоп этилди. Таниқли тарихчи олим профессор Кушим Есмағамбетов (1938 2016) бошчилигида 2012 2014 йилларда Алматида Мустафо Чўқайнинг 12 жилдлик асарлар тўплами нашрдан чиқди10. Қозоғистонда Мустафо Чўқай ҳақида бадиий асарлар яратилди, кинофильмлар суратга олинди, унинг хотирасига атаб кўплаб ҳайкаллари ўрнатилди. Қозоғистонда мунтазам равишда Мустафо Чўқайга бағишланган халқаро конференциялар ўтказиб турилади.

Қаҳрамон РАЖАБОВ
т.ф.д., проф.,
Ўзбекистон ФА Тарих институти бўлим мудири

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1  Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи (1917 1924 йиллар). Тошкент: “Университет”, 2002. Б. 47 48.

2  Марат Ескендирули (Эбдешев). Министры «Алаш Орды» (қозоқ ва рус т.). Алматы, 2008. –С. 75 – 77.

3  [Ражабов Қ.]. Тинишбоев Муҳаммаджон //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 8. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. Б. 439.

4  Шагиахметов Шахислам (Ислом) Шагисултонович //Ислам в Санкт-Петербурге. Энциклопедический словарь. –Москва-Нижний Новгород: «Медина», 2009. –С. 301 – 302.

5  Садыкова Б. Мустафа Чокай. –Алматы: «Алаш», 2004. –С. 231.

6  Ражабов Қ. Мустафо Чўқай //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 6. Тошкент: “Ўзбекистон миллий эниклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. Б. 157.

7  Қаранг: Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). Сўзбоши муаллифи Б. Қосимов. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Нашриётматбаа бирлашмаси, 1992. 80 бет; Мустафа Чокаев. Отрывки из воспоминаний в 1917 г. Составление, предисловие, примечания С.М. Исхакова. –Токио-Москва, 2001. – 54 стр.

8  Мария Чокай. Я пишу Вам из Ножана… (Воспоминания, письма, документы). –Алматы: «Кайнар», 2001. –С. 165.

9  Садыкова Б. История Туркестанского легиона в документах. –Алматы: «Кайнар», 2002. – 248 стр.; Он же. Мустафа Чокай в эмиграции. –Алматы: «Мектеп», 2009. – 248 стр.

10  Мустафа Шоқай. Шығырмаларынын толық жинағы. Он екi томдық. Том I – XII. Курастырғон алғы соз бен тусiнiдiрмелердi жазған К.Есмағамбетов. Алматы: “ДайкПресс”, 2012 2014.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *