Бизни жаҳолат – жаҳли мураккаб. Мунавварқорининг ижодидан намуналар
Мақола (“Тараққий” газетаси, 1906 й. 14 июнь, № 1):
Ҳар миллатни мактаб ва мадрасаси ўлдиғи каби бизни ҳам мактаб ва мадрасаларимиз гарчи бенизом ва беусул бўлса ҳам, йўқ демак даражада оз эмасдур. Ҳар миллат авлодини тарбият ва таълими улумда кўрсатган ҳиммат ва ғайрати каби бизларда ҳам ўз маъсум авлодларини жаҳолат ва ғафлат зулматида қолмоқиға ҳеч бир ризолари ўлмай, қўлларидан келганича таълим ва тарбияти авлодда қусурлик кўрсатмакчи зотлар мавжуддирлар. Ва лекин дунёға нима учун келганин билмай, илм ва маорифға асло рағбат қилмай жонидин ширин болаларини кўча-бакўча кездуруб бечора маъсумни умрини жаҳолат оташина ёндирғувчи беҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур. Кўб диндошларимизни кўрамизки, ўз фарзандларини асло мактабға бермай, орқаларидин эргаштуриб руслар эшикида ўзлари каби хизматчиликға ўргатуб дунёи ва охиратни саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қўймоқдин ҳеч бир ибо қилмаслар. Баъзи азизларимиз бордурки, ўғлини қўлидин тутуб мактабға олиб борур. Муаллимдин талаб қилурки, ”Тақсир, шу ўғлимни гўшти сизники, устухони бизники, бир илож қилиб тезлик ила нақд ва насия ёзмоқни ўргатиб берурсиз” дер. “Эшакиға ярашур тушови” деган сатрларни мақолича, муаллимларни ҳам аксарлари қонуни таълим ва тарбиятдин бутун-бутун бехабар кишилар ўлуб, балки ўқув ва ёзувни ҳам лозиминча билмасликлари важҳидин бечора маъсумларни истеъдод уз-зотиясиға назаран икки йил зарифида ҳеч лавозимоти динийяни билдурмоқ мумкин ўлғон ҳолда тўрт-беш йилғача ҳижжа усули бирла дунёи ва охиратга фойдаси ўлмағон Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз ва Бедиллар каби мушкул манзума китобларға умри азизини барбод этарлар. Эй ватандошлар! Диққати назар ила боқинг! Бир болани мактабға бермакдин мақсуд ва ижобати диниямиз ўлғон илми қироат, масоили эътиқодийя, фарз, вожиб, суннат, мустаҳаби ҳаром, макруҳ, намоз ва рўза, ҳаж ва закотларини ва ҳам зарурияти дунёвиямиз ўлғон илми ҳисоб, жуғрофия, таворих, хусусан тарихи ислом каби фойдалик илмларни билдурмоқ ўлғон жоҳил домлаларни таълими “Фалоннинг қоши қаро, кўзи қаро, юзи оқ, сўзи ширин” деб болаларни фасод ахлоқиға биринчи сабаб ўладурғон манзума китоблар ўлмиш.
Бу хусусда отада ҳам айб йўқ. Чунки бу бечорани эътиқодида болани ўқутмак ёлғиз нақл ва насия ёздурмоқдин иборатдур. Муаллимда ҳам айб йўқ. Чунки бу зикр қилинғон умуми заруриятларни бечора муаллимни ўзи ҳам билмас, балки баъзиларини исмини ҳам эшиткон эмас. Бечора на қилсун? Ночор, бефойда бўлса ҳам, мактабларда болаларга ўқитгудек булардин бошқа бир китоб топилмағон замонларда ўзи ўқуб билғон китоблари шу китоблар ўлдиғ-чун эски ўрунларда эски тушларини кўрмакдадур. Мани бу сўзимдин Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз, Бедиллар каби улуғ зотларни таҳқир қилди, деб гумон қилинмасун. Чунки мани ғаразим бу китобларни зотини бефойда демак эмас. Балки ёш болаларга бу китобларни таълими бефойда демакдур. Масалан, бир болаға Фузулий ўрниға илми қироат, Навоий ўрнида масоили эътиқодийя, Хўжа Ҳофиз жойиға масоили амалиёт, Бедил бадалиға илми ҳисоб ўқутулса, дин ва дунёси учун қанча фойдалар ҳосил қилиб мусулмон ўлур. Билъакс, бу китобларни ўз ўқитулғон ҳолда бу фойдалардин маҳрум қолиб, балки фасоди ахлоқға мубтало ўлмоғи ҳам эҳтимолдур. Чунки бу китобларни тасниф қилғон зотлар Аллоҳ таолого қарибат пайдо қилғон кишилар ўлғонлари учун этгон сўзларини зоҳири шариатға мухолиф ўлса ҳам, ҳақиқати мувофиқдур. Чунончи, мавлоно Фузулий дерки, фард:
Санамлар саждасидур, бизда тоат тангри-чун, зоҳид
Ким, ки кўрсанг, сан ўз динингда таклифи намоз айла.
Ёки
Ҳўблар меҳроб абрўсина майл этмаз фақйа,
Ўлса, кофирдур, мусулмонлар, анга қилманг намоз.
Мавлоно Ҳофиз дерки:
Май нўш, ким умри жозидоний ни аст,
Кайфияти рўзғорй фоний ин аст,
Ҳангоми гул лолау ёрон сармаст,
Хуш бош, дамеки зиндагонй ин аст.
Бу каби сўзларни зоҳири мухолифи китоби суннат бўлса ҳам, ҳақиқати бошқадур. Аммо ёш болалар, шубҳа йўқдирки, буни ҳақиқатини билмаслар. Балки, ўқутғон муаллимлари ҳам билмаслар. Ночор зоҳирий ила амал қилиб, фасоди ахлоқға мубтало ўлмоқ хавфи бордур. Баъзи жуҳало дермишки, бу тартиб ҳазрат Имом Аъзамни тартиблари, буни бузаман деган кишини ўзи бузилур. Ажабо, бу каби жаҳолат ҳам бўлурму? Бу жаҳл-жаҳли мураккаб эмасму? Чунки бу жоҳиллар ҳазрат Имом Аъзамни умрларида бу китоблардин ҳеч бир асар ўлмоғонини билмаслар. Билмаганларини ҳам билмаслар. Қачон ул жанобни замонларида Фузулий ё Бедил, ё Хўжа, Ҳофиз, ё Навоий бор эди? Қачон ул жаноб бу китоблардин болаларға таълим бердилар? У жаноб каби зотни хулқлариға бу каби ёлғон, ифтиро, туҳмат қилғон жоҳилни иншоолло ўзи бузилур.
Баъзи нодонлар дермишки, шу китобларни ўқумағунча болаларни саводи чиқмас. Бу ҳам эътиқоди фосид ва давоъи бедалилдур. Чунки бу эътиқод дуруст бўлса эди, Туркистон вилоятидин бошқа вилоятларда ҳеч кимни саводи ўлмас эди. Ваҳоланки, бошқа вилоятларда ҳам билмайдурғон киши юздан ўн ўлса, Туркистон вилоятида юздин тўқсондур. Мундин ҳам маълум ўлурки, савод чиқмоқ бу китобларни ўқумоқға мавкуф эмас. Балки бу китоблар ғоят қийинлигидин болаларни бесавод қилмоғига ҳам сабаб ўлур. Чунки бу китоблар ўқулдурғон мактабларда эллик боладан ўн бола тўрт-беш йилда базўр ушбу китобларни ўзинигина хатини тануб чиқур. Бошқа китобларни яна дуруст билмас. Аммо бу китоблар ўқилмайдурғон жадидий мактабларда икки йил ичида эллик болани қирқ тўқузи, балки ҳаммаси алайалсавия неча хил илмлардин имтиҳон бериб чиқар. Боз бу китобларни ҳам билур. Хайр, дурустроқ ҳам билмасун? Лекин, билмагани бирла бу болани дунёсиға вамна охиратиға ҳеч бир зарар йўқ. Чунки бу китобларни ўзини дунё ва охиратға ҳеч бир фойдаси йўқ. Балки зарарини эҳтимоли болада зикр қилинди. Хайр, келалук садди каломга. Ўғлини мактабға бермакдин мақсади нақл ва насия ёздурмоқ ўлғон жоҳил отани ўғлига қилғон, муаллим бечорани мактаба берган кулфатини ёзиб битурмак мумкин эмасдур. Кўргуси ва билгуси келган киши бизни Тошкент мактабларининг бириға кириб, икки соат истиқомат қилсун. Чунки, демак мумкиндирки, муаллим афанди қўлида зўр бир таёқ, қайси болани боши ҳаракатдан қолса, ушбу таёқ шу болани бошида ўлур. Аммо ўқуғон-ўқумағон ила ҳеч кимни иши йўқ. Бошини қимирлатиб ўлтурса, кифоя қилур. Ҳаттоки, ўткан йилларда бу тариқа золим муаллимларни таёқини остида вафот қилмоқ ҳам воқеъ ўлди. Бу тариқа золим ва бадҳулқ жоҳил муаллимларни тарбиясида ўскан болалардин нима умид қилмоқ керак. Фасоди ахлоқдин бошқа бир иш ўрганмас. Жоҳил оталарни умид этдуклари нақд ва насия ёзмоқ ҳам танҳо ўндир бир, йигирмадин бир болаға ҳосил ўлуб, бошқалари эса “Мактабда ўқумоқ игна ила чоҳ қазимоқдан ҳам қийин (мушкул) экан”, дея-дея қочар-кетар. Бунга сабаб муаллимнинг бадхулқлиги, мактабни бенизомлиги ўлур. Агар бизларни мактабларимиз бошқа миллатлар мактаблари каби бир низомға қўйилуб, яхши муаллимлик вазифасини лозиминча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди”, маъсум авлодаримизни руҳоний ҳаётиға, дунё ва охиратини саодатиға биринчи сабаб ўладурғон ҳам ва маорифин бу даражада маҳрум ўлмоқиға сабаб ўлмас эдук. Эй қардошлар ва эй миллатдошлар!! Кўзумизни ғафлат уйқусидин очиб атрофимизга назар солмакимиз лозимдур. Ҳар миллат ўз саодати, ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмоғиға қаноат ҳосил қилуб, илм ва маорифға ортуқ даражада кўшиш қилғон бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб, ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда шубҳа йўқдур. Балки бу жаҳолат зулматида саодати охириядан ҳам маҳрум қолмоқ хавфлидур. Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдуғимиз ҳолда, мусофир ва рус ва яҳудийлар эшикида мардикор ва хизматчи ўлдук. Ва бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоқға лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқариб, истеъдод ва ғайратларини чойхона фивахоналарга сарф этмакдадурлар.
Методик-библиографик қўлланма
© Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008 й.






Изоҳлар