Зайниддин Восифий

ВОСИФИЙ (тахаллуси; асл исми Зайниддин Маҳмуд ибн Абдулжамил) (1485–1551 ёки 1566) – Тошкентда узоқ вақт истиқомат қилган машҳур адиб. Ҳиротда мунший оиласида туғилган. Араб тили, адабиёт, фиқҳ ва бошқа билимларни пухта эгаллаган. Ҳиротда Шоҳрух мадрасасида таҳсил кўрган (1511 йилгача). Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Фаридун Ҳусайнга котиблик, бошқа ўғилларига муаллимлик қилган.

Восифий Ҳиротда шоҳ Исмоил Сафавий таъқибидан қочиб, Мовароуннаҳрга кетган. Самарқанд ва Бухорода бўлган (1512–15). 1515 йилдан Тошкент вилоятидаги Фаркат (ҳозирги Паркент) ва Номданак қишлоқларида яшаган, сўнг Тошкентга келган ва Суюнчхўжанинг кичик ўғли Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон)га тарбиячи қилиб тайинланган. Саройдаги ички низолар туфайли Восифий уни ташлаб кетишга мажбур бўлган ва бир неча ой (1516 йил сентябрь-ноябрь) Тошкент маҳаллаларидан биридаги масжидга имомлик қилган. Кейинроқ (1517) Самарқандга кетиб, 1518 йилда Шайбонийлардан Келди Муҳаммадхон (Султон Муҳаммад) томонидан Шоҳрухияга чақиртирилган. 1525 йилдан умрининг сўнгги йилларигача Тошкентда яшаган.

Восифий Келди Муҳаммадхоннинг юришларида қатнашган (1528–29). 1540 йилдан Бароқхон саро¬йида давлат ҳужжатларини тузган. Бу даврда Тошкентда ўзбек тилининг нуфузи ортиб, бир қанча расмий ҳужжатлар ўзбек тилида тузилган. Восифий Тошкентда вафот этган ва Қаффол Шоший мақбараси эшигидан кираверишда ўнг томонга дафн этилган.

Восифийнинг ижодий фаолияти 12–13 ёшидаёқ бошланган. Наср¬нинг кўпгина турларида (мактуб, ариза, ҳикоя каби), бадиий, сажъ услубида яхши ижод қилган.

Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» («Нодир воқеалар») асарида (1-қисм 1517–18; 2-қисм 1539) Хуросон, Мовароуннаҳр, Туркистон ва Эрондаги 1532 йилгача бўлган даврдаги илмий, адабий, тарихий ва маданий ҳаёт акс эттирилган. Тошкент ва унинг вилоятидаги сиёсий воқеалар, адабий муҳит, хусусан унда шоирлар, адиблар тўпланишиб мушоиралар ўтказган Кайковус чорбоғи ҳақида қизиқарли воқеалар баён қилинган. Чорбоғ шаҳар қўрғонидан ташқарида бўлиб, Восифий у ерда хон ва султонлар учун шифохона бўлганлигини ҳам ёзган. Тошкент ва унинг атрофида яшаб ижод этган шоирлар, рассомлар, хаттотлар ва бошқа машҳур кишилар ҳақида, вилоят ҳудудида фойдаланиб турилган темир ва феруза конлари тўғрисида маълумотлар берган. «Бадоеъ ул-вақоеъ»нинг 83 байтдан иборат маснавийсида Тошкентнинг гўзаллиги, боғ-роғлари, ҳавоси, зилол сувлари мадҳ этилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

“БАДОЕЪ УЛ-ВАҚОЕЪ”
(“Нодир воқеалар”)

ТОШКЕНТ ТАЪРИФИ

Тошканд мулкин букун таъриф этай,
Нуқталар шодасин назмга битай.

Бир диёрки, анда сунбули раъно,
Халқин жаҳон айтар мардуми доно.

Андоқ бир шаҳарки жаннатмакондир,
Хижолатдин жаннат сийнаси қондир.

Бу кентни ким кўрса асло жилмагай,
Жаннат неъматларин орзу қилмагай.

Бўлак юртларда гар бўлгунг бахтиёр,
Бунда гадолик беҳ, этгил ихтиёр.

Муборак тупроғи мисли тўтиё,
Суйи раҳмат суйидин хўброқ гўё.

Тупроғин гардлари етса фалакка,
Бўлгудек тўтиё чашми малакка.

Шунинг-чун ел уни элтиб осмона,
Атру упа қилур ҳури ғилмона.

Суйи қаршисида оби ҳаёт ҳеч,
Зулмат сари кетсин, шармандадан кеч.

Хизр гар суйидан хабар топсами,
Зулматни тарк этур, ҳам қолмас ғами.

Балки аввал излаб топган бўлса ул,
Оби ҳаёт таркин айлаган буткул.

Топ-тоза зизолдек Парак дарёси,
Салсабил наҳрига монанд қиёси.

Остидаги тошлар дурдан қолишмас,
Дурлар бозорида нархи ҳеч тушмас.

Насими гўёки Исонафасдир,
Анга етмоқ Масиҳога ҳавасдир.

Хушбўй сабосини этсанг ихтиёр,
Руҳпарвар дилбарлар нафасича бор.

Ҳавоси малҳамдир хаста жон учун,
“Қонуни” шифодир бағри қон учун.

Олови дилбарнинг феълидек саркаш,
На дилкаш! Оташин, воҳ, лаъли маҳваш!

Фитна қўзғашлари жонга балодир,
Шуъласи серафшон ўтлар солодир.

Ҳар бир нур ўрнидан туриб қолса гар,
Тасаввур қилакўр – шиша тўла зар.

Дуди оловидан гар кўтарса бош,
Дейсиз лолазорда сарви қаламқош.

Теграсин қуршаган гўзал чорбоғлар,
Алардин Эрамнинг кўксида доғлар.

Боғларин васфина агар киришсам,
Ёддан кўтарилур беҳишту Эрам.

Тераклар саф тортиб турарлар қатор,
Ҳар бирин дегайсан сарвқомат ёр.

Тераклар қоматин кўрганда қизлар,
Шармдан қизарур, ҳаёдан гизлар.

Ясанган қизлардек қадди санавбар,
Виқор-ла туради саф тортиб аръар.

Ёраб, тол баргининг сувдаги акси,
Қармоққа илинган балиқлар рақси.

Заминга инади соя билан нур –
Гўё мушку анбар ерга сочилур.

Чаман узра атиргулнинг болқиши,
Айман водийсининг оловкор ниши.

Анҳор тарафида кўринган гулбун,
Ўшал яшил дарахт, гули эса – хун.

Қара, гулбинидин ғунча кўрингай,
Сабзаранг хум мисол, ичи тўла май.

Ё доғли сийнаси маҳзун булбулнинг,
Ичи қонга тўлмиш дардида гулнинг.

Йўқ, ғалат сўзладим – бу бир боғ гули,
Шундан доғли эрур булбулнинг дили.

Гулнинг завқ-шавқида доимо нолон,
Шул гулнинг жабридан чекадир афғон.

Анвойи бинафша ариқ четида,
Титратма бор каби тану этида.

Ё, йўқлик мулкидин қаторма-қатор,
Яшиллик келтурур карвонда баҳор.

Савон ғунчалардин кўрсатур бармоқ,
Олуда этибди нийлу рангга, боқ.

–Мендандир, — дейди у, — боғнинг чиройи,
Бўёқчига келур кўк ранг киройи.

Наргис кўзи тегди унга азалдан,
Кўкариб бўй чўзди сарв касалдан.

Шунданми юз минглаб ғунча чўзиб тил,
Дам солур сарвга бир-бир мустақил.

Доим баҳор гули деганича бор,
Ундан чорбоғ ичи ҳамиша баҳор.

Ёинки пойига қирмизи гулни,
Чаман сочди ашрафийлар сочқини.

Ёки Қорун ганжи ер остидайди,
Баҳор анинг сирин фош этиб қўйди!

Гулхайри гулларин қалқон айламиш,
Устида забаржад маржон айламиш.

Шунданми ҳамма ёқ ганжга ўхшайди,
Қалқон тутган баҳор ганжни ўлчайди.

Лолазорда маскан қурган андалиб,
Гул мадҳин тарк этмас тани ўт олиб.

Боди сабо лола ҳовончасида
Ғолия туяди гул боғчасида.

Арғувон гуноҳкор бир ҳиндумикин,
Тани чўб зарбидан қорайдимикин?

Таёқ зарбидандир танда яралар,
Баданида юз минг қонли қатралар.

Занбақ гули ғунчаси ёнар чаманда,
Шу важ кофур нархи тушган экан-да?

Анинг шу жилваси шишаи зарми?
Ёрнинг бармоқларин аён этарми?

Боғнинг янги келинчаги настаран –
Оҳорли рўмолин бошга боғлаган.

Қариликдан нишонами – боши оқ?
Ёки жондин умид уздими ёш чоқ.

Чаманга маст қумри нолон кирибди,
Зебо сарв кўксини ошиён дебди.

Ул ҳам гул хабарин эшитибди-ку,
“Қани!” деб аламда зорланди “ку-ку?”

Қумрилар чинорда, маснад юқори,
Ҳар бири минора узра бир қори.

Бодроқдек ҳаммаси шавқу завқда, ҳур,
Ҳаммаси тангрига сано айтадур.

Оғиз шу маҳали лаззатга тўлар,
Мевалар сифатин сўзласам агар.

Узумин васфидин айтайин бир қур,
Лаълу дурлар билан гаровда енгур.

Назарга келтиринг соҳиби навъин,
Эслутур чиккабел дилбарлар лабин.

Ҳусайний узумин ҳар бир донаси –
Гўзаллар лаълининг ол дурдонаси.

Ишкомлар осмонин кузатсанг агар,
Бобаки кўринур мисоли хумкор.

Кўзаки қанд билан гаровда банддай,
Новвотнинг устидан шакар тортгандай.

Шаккари навининг узумидан енг,
Нархини сўрасангиз новвот билан тенг.

Бир кезиб чиқсангиз тарвуз пайкалин,
Ҳавас ҳам қилмайсиз беҳишт асалин.

Чарх бу экинни осмонда сақлар,
Балки осмон уни тумор-ла ёқлар.

Қовуни новвотнинг таъмини берар,
Мазаси танингга жон бўлиб кирар.

Араблар ҳалвога чўп ўрнатурлар,
Ширинлик қасдига на чуст қилурлар?

Қовуннинг ҳар бири каллақандча бор,
Одамлар шунинг-чун бошини ёрар.

Айшу ишрат рукни эрур ҳар боли,
Шу бинонинг ҳеч ким бўлмас заволи.

Майсалари кўзга ташланган ҳамон,
Гўзаллар хаттининг ҳечлиги аён.

Нозик сабзалари – барра, ўлтиринг,
Нозикқадлар эҳсонига тенг кўринг,

Ширинлиги ўткир – тилни тилади,
Алишер табъидан – буни билади.

Меваларга тўлиқ бу рангин бўстон,
Арзийди ёзолсам шаънига достон.

Ҳар анори гўё чўғдек санжоний,
Лаъл каби товланур ёқут румоний.

Ҳўққа тўла лаълу ҳам қизил ёқут,
Жонингга бағишлар қувват билан қут.

Нашватисан қилай таъриф, сифотин,
Сув олади оғзинг, зикр этсам отин.

Гўё шишачалар тўла новвотдир,
Дема новвот, унда оби ҳаётдир.

Ўн оғоч ёинки ўн тош наридан,
Мушкин ҳид таралар олмаларидан!

Ўхшайди дилбарлар занахдонига,
Кўрганлар илингай унинг домига.

Ё тавба, беҳисин обрў рангидан,
Боғ кўрки ортади янги-янгидан.

Шираси беҳиштнинг сувими десам,
Жаннатнинг лаззати унда мужассам.

Таърифда ягона Тошканд анжири,
Бунда жамулжамдир сирларнинг сири,

Булардан ҳамиша жонга ҳаловат,
Шираси асални қилур маломат.

Форсчадан Наим Норқулов таржимаси

Манба. Зайниддин Восифий. “Бадоеъ ул-вақоеъ”
(“Нодир воқеалар”). Т., Ғафур Ғулом нашриёти, 1979.

Журналист Эргаш Исматуллаев бисотидан

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *