Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший (397/ 1007-485/1092) – имом, аллома, фақиҳ1 бўлиб, Шошда туғилган. Ўз юртида фиқҳ илмини Абу Бакр Санжийдан ўрганган. Ундан кўп кишилар фиқҳ илмидан сабоқ олишган. Тарихчи Абу Саъд Самъонийнинг айтишича, «Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Фақиҳ Марвда бўлиб, менинг бобом Имом Абулмузаффар Самъонийнинг асҳобларидан эди. У тақводор, зоҳид, пок қалбли ва доимо илм билан машғул бўлган»2.
Абу Бакр Ҳомид Шоший фиқҳ илмида шуҳрат қозониб, «Имом» даражасига етишган. Уни Ғазна султони ўз шаҳрига таклиф қилиб, иззат-икром билан кутиб олган. Манбаларда Абу Бакр Ҳомид Шоший Ғазнада яшаб, фарзандлар кўрган ҳамда асарлар ёзганлиги ҳақида аниқ маълумотлар бор3.
Сўнгра уни буюк вазир Низом ал-Мулк Ҳиротга чорлаган. Ғазна аҳли уни оиласи билан Ҳиротга ҳурмат билан кузатган. У Ҳиротдаги «Низомия» мадрасасида мударрислик қилган.
Бу ерда у Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг шогирди Мансур Коғазийдан ҳадис илмини ўрганган4.
У 485/1092 йил шаввол ойининг 6-куни Ҳиротда вафот этган. Бу санани машҳур тарихчи Абу Саъд Самъоний қайд этиб, шундай ёзган: «Мен Ҳиротда унинг қабрини зиёрат қилдим»5.
Неъматулло Муҳамедов,
“Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси”
1 Сийар аълом ан-нубало. 18-жилд. -Б. 525
2 Ат-Таҳбир фи муъжам ал-кабир. 2-жилд. -Б. 166
3 Қаранг: Табақот аш-шофиъия ал-кубро. 2-жилд. -Б. 465; Сийар аълом ан-нубало. 18-жилд. -Б. 525-526
4 Сийар аълом ан-нубало. 18-жилд. -Б. 525; Табақот аш-шофиъия ал-кубро. 2-жилд. -Б. 465
5 ал-Ансоб. 7-жилд. -Б