Мутафаккирлар. Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий
Фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим ва мударрис Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган олимнинг тўлиқ исми Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Зайд Самарқандий (953 йилда вафот этган) бўлиб, у ўз замонасида бутун мусулмон оламида танилган эди.
Ёзма манбаларда кўрсатилишича у илмга ниҳоятда қизиққан ва Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Илми баён ва бошқа илмларга оид араб тилидан қилган таржималаридан кўпчилик талабалар баҳра олган.
Ҳаким Самарқандий ўз замонидаёқ катта шуҳрат қозонган буюк алломалар Абулхасан Али ар-Рустуғфоний, Муҳаммад ибн Фазл ал-Балхий. Абу Мансур ал-Мотуридий, Абу Бакр ал-Варроқ, Муҳаммад ибн Ҳузайм ал Қаллос, Абу Наср ал- Ийодий, Абдуллоҳ ибн Саҳл ар-Роизийлардан сабоқлар олади. У мазкур мутафаккирлардан тафсир, ҳадис, айниқса, фиқҳ ва калом илмларидан чуқур таълим олган ва йирик олим даражасига етишган.
Ҳаким Самарқандий яшаган даврда мусулмон оламининг турли томонларида, жумладан, Мовароуннаҳр ўлкасида ҳам турли хил оқим ва фирқалар пайдо бўлади. Улар ислом динини бузиб талқин қилиб, нотўғри ақидалар тарқатишар, бунинг натижасида, кўп мусулмонлар ҳидоят йўлидан оғиб, ҳақиқий исломий ақидалардан узоқлашиб қолган эдилар.
Ҳаким Самарқандий замондоши Абу Мансур Мотуридий билан бирга Самарқанддаги мадрасада раҳбарлик қилиб, тарқала бошлаган бузуқ мафкураларга қарши курашганлар.
Самарқандийнинг энг асосий асари “ас Савод ал-аъзам фил-калом” (“Калом илмида буюк асар”) бўлиб, у IX –X асрларнин туташ давридаги Мовароуннахр ҳанафийларининг илоҳият масалаларига оид қарашларини акс эттиради. Асар илоҳиятнинг айрим асосий масалалари билан чекланиб қолмайди. Иймоннинг таърифи, гуноҳларнинг ҳолати, тақдир ёки нариги дунё ҳисоб-китоби каби кўриб чиқилиши одатий бўлган масалалардан ташқари, олим яна кўп мавзуларга тўхталади. Аллоҳ ва унинг сифатлари, Қуръон яратувчисининг қудрати, Қуръоннинг манбалари, эсхатология ва тақво, авлиёларни ҳурмат қилиш ва зоҳидлик, жамоалар ўртасидаги ижтимоий–сиёсий муносабатлар ва ҳатто фиқҳ илмининг ўзига хос муаммоларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Бу китоб “ас-Суол ал-аъзам” (Буюк савол) деб ҳам юритилади.
100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ
© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011






Изоҳлар