Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий (797–869)

Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий 797 йилда Самарқанднинг қадимий мавзеларидан бири Доримда таваллуд топган.

Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий ёшлик чоғларидан бошлаб фавқулодда ақл- заковати, ўткир зеҳни, айниқса, қувваи ҳофизаси (ёд олиш қобилияти)нинг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солган. Унинг ғайритабиий иқтидори ва алоҳида салоҳияти хусусида халқ орасида бир қанча ривоятлар юрганлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд қилинади. У диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми буйича дастлабки билимни ўз юрти Самарқандда олиб, сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлар – Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина, шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлар ёрдамида мукаммаллаштиради. Бир неча йил давом этган илмий сафарлари давомида Имом Доримий Язид ибн Хорун Воситий, Убайдуллоҳ ибн Мусо Абул Муғийра Фирёбий, Абдусамад ибн Абдулвори, Яҳё ибн Ҳасан, Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар Захроний ва бошқа кўпдан-кўп етук муҳаддислардан ҳадислар ўрганади.

Илм йўлидаги бетиним саъй-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида Доримий ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг атоқли алломаси даражасига кўтарилади.

Имом Доримий, айниқса, йирик ҳадисшунос олим сифатида катта шуҳрат қозонган. У ҳақда ёзган муаллифларнинг аксарияти Имом Доримийнинг “Самарқандда ҳадис ва ал-осор (археология) илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор”, – деб якдиллик билан таъкидлаганлар. Ўз даврининг илм аҳли орасида беқиёс обрў-эътиборга эга бўлган Имом Доримий бир қанча муддат Самарқандда шайхулислом бўлган. Шунингдек, манбаларда таъкидланишича, табиатан вазмин, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй, инсоф ва диёнати баркамол, ҳар қандай вазиятда ақл- идрок, чуқур тафаккур ва мулоҳаза билан иш юритгани боис Имом Доримий ҳазратлари султон томонидан Самарқанднинг қозикалони лавозимига таклиф қилинади. Аллома аввалига рад жавобини берса-да, лекин султон ўз фикрида қатъий туриб олгач, рози бўлади. Бироқ қозихонада атиги битта иш кўрилгач, у ўзини ушбу лавозимдан озод этишларини илтимос қилади ва пировардида унинг илтимоси қондирилади.

Имом Доримийнинг илмий-маънавий меросини “Ал-Муснад”, “Ат-Тафсир”, “Ал-Жомиъ”, “Ас-Сулосиёт фи-л-ҳадис”, “Китоб ас-сунна фи-л-ҳадис” ва “Китоб савм ал- мустоҳозотий ва-л-мутахаййирот” каби асар- лари ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари, шубҳасиз, “Ал-Муснад” бўлиб, бу асар “Сунан ад-Доримий” номи билан машҳур. Асар икки жилддан иборат ҳолда 1996 йилда Ливаннинг пойтахти Байрутдаги “Дор ал-кутуб ал-илмия” матбаасида чоп этилган. Ушбу икки жилдли асар муқаддима ва йигирма уч китобдан иборат. Ўз навбатида, ҳар бир китоб ҳам кўп сонли (жами эллик еттита) боблардан ташкил топган. Эътиборли томони шундаки, Имом Доримий “Сунан”ида келтирган ҳадислардан деярли у яшаган даврда фаолият кўрсатган буюк муҳаддислар Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож, Абу Довуд Сижистоний, Термизий, Насафий, Ибн Можа ва бошқа таниқли ҳадисшунослар ўз асарларида фойдаланганлар.

Имом Доримий ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларидан атиги ўн уч ёш катта бўлган. Улар айни бир вақтда, яъни IX асрда ҳадислар билан астойдил шуғулланганлар. Шу боис, бу иккала буюк муҳаддис бир-бирларини шахсан билганлар. Ҳатто, айтиш мумкинки, улар ўзаро яқин илмий муносабатда бўлишган. Бу фикримизга далил тариқасида тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг “Сийар аълом ан-нубало” номли асарида келтирилган қуйидаги маълумотни кўрсатиш мумкин. “Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф шундай деган: “Бир кун устоз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт устозга бир мактуб келтирдиларки, унда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг вафоти (у Имом Бухорийдан атиги бир йил олдинроқ – 869 йилда вафот этган) ҳақида хабар қилинган экан. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошини кўтариб, кўзлари лиммо-лим ёшга тўлган ҳолда ҳасрату ғамгинлик билан: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (“Биз ҳаммамиз Аллоҳга мансубмиз ва, албатта, унга қайтажакмиз”) оятини айтиб: “Сенинг тирик бўлишинг учун дўстлар ҳаммаси жонларини фидо қилишга тайёр эдилар-ку”, – деб юзларига дуои фотиҳа тортдилар”. Мана шу мухтасар лавҳадан ҳам кўриниб турибдики, Имом Бухорийнинг аллома Имом Доримийга нисбатан эҳтироми чексиз бўлган.

Имом Доримий даҳосига ўз вақтида кўплаб машҳур олимлар юксак баҳо берганлар. Абу Шаддод исмли муҳаддис: “Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Доримий ҳадис илмида бамисоли бир денгиз эди”, – деб таъкидлаган бўлса, Муҳаммад ибн Бушор исмли таниқли олим: “Номи чиққан Қуръон ҳофизлари дунёда тўртта: Райда Абу Зуръа, Нишопурда Муслим ибн Ҳажжож, Самарқандда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий”, – деган.

Манба: 100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ

© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *