Алвастикўприк
Тошкент энциклопедияси (2009): «Тарихда бу жой Алвастикўприк деб аталган, 1930-йилларда бу ерда 3 қатлгоҳ бўлган. 1937–53 йилларда қатағонга учраган ватандошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган».
Наим Каримов: «Бугун кўркам зиёратгоҳ барпо этилган жойлар XX асрнинг қарийб 50-йилларга қадар Тошкентнинг энг пастқам, хилват гўшаси бўлган. Бу ердаги бирдан-бир иншоот “Алвасти кўприк” деб номланган. Худди шу ернинг 20-йиллар адоғидан бошлаб, мустабид давлатга қатағон хизмат қилгани ҳам тасодифий эмас. Мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра, 20-40 йилар орасида бу ерда учта қатлгоҳ бўлган. Уларнинг бири – телевизион миноранинг Ишчилар шаҳарчаси томон тушган “оёғи” атрофида, иккинчиси- зиёратгоҳнинг юқори тарафида, ниҳоят, учинчиси эса “Абразив” заводининг ўрнида бўлган. Шу тарзда Юнусобод қарийб ярим аср мобайнида халқимиз тарихидаги энг даҳшатли воқеаларнинг тилсиз шоҳиди бўлган».
Ҳусан Тожибоев: «1953 йили Алвасти кўприк яқинидаги 5-ғишт заводида хайдовчи бўлиб ишлардим. Алвасти кўприк яқинидан тупроқ олаётганда Миролим ака деган киши: «1937-38 йилларда бу ерга одамлар олиб келиб отилган. Аввал уларнинг суякларини йиғиштириб олайлик», дегани ёдимда. Биз тупроқ олишда давом этдик. Кейинги куни Миролим ака айтган жой очилди. Чуқурликда одамларнинг маййитлари устма-уст қалашиб ётарди. Улар ўша — отилган пайтда қандай бўлса, шундай кўринишда эдилар. Бироқ усти очилиши билан бир ҳовуч суякка айланарди. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, маҳбусларнинг кийим-кечаги аксарият ҳолда сақланган. Ҳатто чирий бошлаган қоғозлар ҳам чиққан. Лекин уларни ўқиб бўлмаган, тўкилиб кетган. Шунга ҳам ярим асрча бўлди. Аммо ҳамон кўрганларим кўз олдимдан кетмайди.
Ўғил-қизларим, набираларим билан «Шаҳидлар хотираси» зиёратгоҳини айланар эканман, қатлгоҳлар ўрнида қатағон қурбонлари руҳини шод этувчи шундай мўътабар масканни яратган, савобли ишларга бош-қош бўлаётган давлатимиз раҳбари ҳаққига дуо қиламан, шаҳид кетган аждодлар руҳи ҳар доим у кишини қўллаб-қувватласин, дейман».
Саид Аҳмад: «Одамлар «Алвасти кўприк» деб ном кўйган кўприк тагидан тинимсиз поезд ўтарди.
Онамнинг синглиси, катта холамнинг боғи шу ерда эди. Боғнинг бир томони «Алвасти кўприк»ка, бир томони Сабзавотчилик тажриба станциясига, этаги темир йўлга туташ эди.
Бу жойлар кечалари жуда ваҳимали, қўрқинчли бўларди. Кўприк тагида ажиналар бор, деб тунда кўприкдан деярли одам ўтмасди. Бу жойларга хали электр келмаган, атрофда милт этган бир нур кўринмасди.
Баъзан маҳаллага ГПУ одами келиб, оқсоқолга нималарнидир тушунтирарди. Оқсоқол эса уйма-уй юриб, қоронғи тушгандан кейин кўчага чиқмасликларини, болаларни ҳам уйда ушлаб туришларини тайинларди. Биз болалар барибир қочиб чиқиб кетардик. Биламиз, ГПУ одами бекорга келмаган. Буталар орасига яшириниб темир йўлнинг нарёғидаги «Нажас тепа»га қараб пусиб ўтирардик. Темир йўл бўйлаб милтиқ кўтарган соқчилар у ёқдан-бу ёққа бориб, келиб турардилар. Бошлиқлари камарига тўппонча таққан қоровулбоши улардан хабар олиб турарди. Бундай пайтда «Алвасти кўприк»дан бировни ўтказишмасди.
Тун ярмидан оққанида кўприкдан усти берк юк машинаси ўтади. Чап томонга бурилиб, «Нажас тепа» олдидаги ўнгир ёнида тўхтайди. Ундан қўли боғланган беш-олти кишини туширишади. Русча сўкишлар баралла эшитилиб туради.
Қоронғида ҳеч нарса кўринмайди. Бута шохлари орасидан машина чироғи аранг кўринади.
Бирдан машина фараси дўнгликни ёритиб юборади. Бута шохлари орасидан ўша тарафга тикилиб қараймиз. Кўли боғлиқ етти киши қатор турибди. Улардан ўн беш метрлар узоқликда соқчилар елкадан милтиқларини олиб шай бўлиб туришибди. Затворларнинг шарақлагани эшитилади. Бошлиқ «от!» деган буйруқ беради. Етти милтикдан баробар ўқ узилади. Кўли боғлиқлардан икки-учтаси йиқилади. Дод-фарёдлар, инграш товушлари эши-тилади. Милтиқли кишилар йиқилмай тик турганча чайқалаётган ярадорларга яна ўқ узадилар. Отилганларнинг овози тинади.
Холамнинг ўғли Неъматилла, душманларни отишди, деди. Мен эса дағ-дағ титрайман. Унинг билагига осилиб, юр, кетайлик, деб қистайман. Жим тур, билиб қолади, деб мени жеркиб ташлайди у. Қоронғи кечани сукунат босди. Бир оздан кейин ўша жойдан чанг кўтарилди. Пастга ташланаётган тупроқ чанглари машина фарасининг ўткир нурида пастак булутдек аниқ кўриниб турарди. Темир йўл шпаллари устида у ёқдан-бу ёққа юриб турган соқчилар юқорига чиқиб кетишди. Машина чироғи гоҳ дарахт учларини, гоҳ пастак томларни ёритиб орқага бурилди. Кейин «Алвасти кўприк» тепасига чиқиб шаҳар томон шитоб билан кетди…».









Изоҳлар