Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Янги Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (4-қисм)

Янги Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (4-қисм)

ХХ аср бошида Тошкент “янги” қисми нафақатгина Сирдарё вилоятининг балки Туркистон ўлкасининг йирик саноат марказига айланди. 1911 йилга оид маълумотлар шундан дарак беради.

Маълумотлар пахта тозалаш заводлари (3 192 166 рубл), шунингдек ароқ (1 113 853 р.), пиво (608 560 р.) заводлари, босмахона ва литография (310 минг р.), чўян қуйиш корхонаси (30 минг р.) маҳсулотлари мунтазам ўсганлигидан далолат беради. Пойафзал, ички ва ташқи кийимлар фабрикаси (1 142 минг р.), шоли ошлаш заводи (450 минг р.), тегирмонлар (230 минг р.), қандолат ва конфет фабрикалар (350 минг р.) маҳсулот ишлаб чиқаришни анча кенгайтирди.

Ишчилар миқдори бўйича биринчи ўринни пойафзал, ички ва ташқи кийимлар фабрикаси (700 одам), иккинчи ўринни пахта тозалаш заводи (357), учинчи ўринни эса босмахона ва литография (290 одам) эгаллайди. Умумий миқдор саноат корхоналарида 3369 ишчи иш билан банд бўлган.

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу даврда саноатнинг қатор тармоқлари мунтазам равишда ишламаган. В.В. Заорская ва К.А. Александр маълумотларига кўра 1913 йилда вилоятнинг 252 саноат корхоналаридан 183 таси ишлаган, улар тармоқлар бўйича қуйидагича тақсимланган: 46 % – пахта тозалаш заводлари, 8 % – тегирмонлар, 6 % – пиво заводлари, 2 % – чарм заводлари, 2 % – босмахона ва корхоналар ва 1 % – қолганларига тўғри келган. Вилоятдаги барча заводлар маҳсулотларининг қиймати 23 623 740 рублни ташкил этган, шулардан 21 448 968 рубл, ёки 90 %ини Тошкент уезди берган, шундан Тошкент шаҳри улушига 14 555 459 рубл, ёки Тошкент уезди завод ва фабрикаларида тайёрланган маҳсулот умумий қийматини 69 %и тўғри келган. Тадқиқот муаллифлари эслатган 183 саноат корхоналаридан 127 таси Тошкент уездида, 111 таси Тошкент шаҳрида, асосан унинг «янги» қисмида жойлашган.

Бу даврда ишлаб турган устахона ва корхоналар билан бир қаторда янги-сопол буюмлар ишлаб чиқарувчи, ранг ишлаб чиқарувчи, утилизация (ҳар хил чиқитларни қайта ишлаш), оҳак ишлаб чиқарувчи корхоналар пайдо бўлган. Мазкур корхоналарда ишчилар сони анча ортган. Жумладан, 1910 йилда 570 чилангар, 210 темирчи, 49 тунукасоз, 42 томга тунука қопловчи, 57 дегрез, 41 печкачи, 58 муқовасоз, 418 этикдўз, 23 деворга гул туширувчи, 37 ойнасоз, 53 шапка тикувчи, 385 тикувчи, 55 чархчи, 31 аравасоз, 63 соатсоз ва ҳ.к.лар бўлган. Устахона ва корхоналарда ҳаммаси бўлиб 3 240 ишчи ишлаган. В.В. Заорская ва К.А. Александр маълумотларига кўра 1913 йилда чўян қуйиш, дегрезлик ва чилангарликни ўз ичига олган қўл устачилиги анча ривожланган, бунда кроват ясаш, тунукасозлик, аравасозлик ва қалайсозлик ривожланган. Темир, чўян, мис каби хомашёлар Донец ҳавзаси, Варшава, Рига, Одесса ва Минскдан келтирилган. Устахоналарнинг йиллик айланмаси 305 минг рублни, ишчилар сони 178 нафар одамни ташкил этган.

Умуман шаҳарда 136 турли саноат корхоналари бўлиб, шулардан 1913 йилда 25 таси ишламаган. Шу боис муаллифлар 111 корхонани ўрганишга мажбур бўлганлар. 1914 йилда яна 10 корхона очилган. Улар ичида жувозкашлик, кўнчилик, ғишт, совун ва бошқа заводлар бўлган. Натижада шаҳар завод ва фабрикаларининг умумий миқдори 146 тагача етган. 1913 йилда вилоят саноатида шаҳар улушига 81 % тўғри келган.

Саноатнинг юзага келиши ва ривожланиши маҳаллий ишчи синфининг шаклланишига олиб келди. Маълумотлардан кўриниб турибдики, фабрика-завод саноати пайдо бўлган дастлабки йилларда ўзбеклар ва туб аҳолининг бошқа вакиллари корхоналарида ишлашга жалб этилган. Ўшанда уларни «эркин ёлланувчи маҳаллий халқ» деб аташган. Чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати туфайли улардан қора ишчи сифатида фойдаланишган. Туб аҳоли ичида юқори малакали саноат ишчилари бўлмаган.

1873 йилда Тошкент саноат корхоналари ишчилари сони 628 тани ташкил этган, шулардан 348 таси руслар, 159 таси ўзбеклар, 87 таси қозоқлар, 19 таси яҳудийлар, 15 таси татарлар бўлган. Кўриниб турибдики, ишчилар кўп миллатли бўлган. Таъкидлаш жоизки, ишчилар сони гоҳ кўпайиб, гоҳ пасайиб турган, бу у ёки бу корхона ишининг номунтазамлиги билан боғлиқ. Шу боис 1877 йилда ишчилар сони 554 тагача камайган. Энг кўпи пахта тозалаш (130), спирт, ароқ ишлаб чиқариш (73), тамаки (74) ва пиво (70) заводларида ишлаган. 1900 йилда ишчилар сони 1 016 одамга етган. Уларда қушхона ишчилари (354 одам) сезиларли фоизни ташкил этган.

ХХ аср бошида темир йўл қурилиши ва саноат ривожланиши муносабати билан маҳаллий ишчилар сони кўпайди. Икки темир йўл устахонасида 2 минг ишчи ишлар эди, шулардан 120 нафари туб аҳоли вакили эди. Электростанция корхоналари ва «Тошкент трамвай»ида 1 000 киши ишларди. В.В. Заорская ва К.А. Александр маълумотларига кўра 1913 йилда Тошкентнинг 111 корхонасида 2 463 ишчи ишлаган, жумладан пахта тозалаш заводларида – 548, босмахоналарда – 324, спирт тозалаш заводларида – 1548, пиво заводларида – 153, вино заводларида – 101 киши ишларди.

Механика устахоналари (214) ва ғишт заводларида (327) ҳам кўплаб ишчилар меҳнат қилар эдилар.

Шаҳар саноатида кўпроқ эркаклар ишларди, аёллар эса кўпроқ идиш-товоқ ювишда ва маъданли сув тайёрлашда иштирок этар эдилар. Фақат биргина аёл босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишларди. Шаҳарнинг барча завод ва фабрикаларида 171 аёл ишларди, лекин улар ичида битта ҳам ўзбек аёли йўқ эди.

Ишчилар таркиби асосан руслар, ўзбеклар, қозоқлар ва бошқа миллат вакилларидан иборат эди. Масалан, 1913 йилда саноат корхоналарида руслар 1286, ўзбеклар 1011, қозоқлар 393, тожиклар 151, қашғар ва дунганлар 28, бошқа миллат вакиллари 149 нафар кишини ташкил этган. Гарчи бу маълумотлар бутун вилоятга тегишли бўлса-да, у шаҳар аҳолисининг миллий таркиби ҳақида ёрқин тасаввур берарди, зеро у ерда саноатнинг асосий турлари жамланган эди.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, ўзбеклар сон жиҳатдан руслардан кейин иккинчи ўринда турибди, бироқ улар қора ишчилар бўлиб хизмат қилганлар. Муаллифлар шундай ёзадилар: Ишлаб чиқариш бўйича ишчилар тоифасида сартлар (ўзбеклар) ярми-51,0 % ни, руслар 33,6 % ни ташкил этадилар. Двигателлар олдида фақат руслар ишлайди – 85.9 %. Таъмир ишларида ҳам русларнинг миқдори катта – 66,4 %. Хуллас, қаердаки малакали ишчи талаб этилса, ўша ерда руслар бўлади. Ўзбек ишчиларини жин, линтерлар олдида, мойловчи, печкачи сифатидагина кўриш мумкин бўлган.

Саноат ишчиларидан ташқари шаҳарда устахона ва бошқа корхоналарда банд бўлган ёлланма одамлар бўлган. 1910 йил маълумотларига кўра, улар 3 мингдан кўпроқ бўлган. Шаҳар ишчилари умумий миқдори 6 мингтагача борган. Демак, бу даврда Тошкент шаҳри янги қисмида капиталистик турдаги саноат пайдо бўлган ва муваффақиятли ривожланган. Бу нафақат шаҳарнинг, балки ўлканинг ўзи учун ҳам катта аҳамият касб этган. Вақт ўтиши билан Тошкент Ўрта Осиёда йирик саноат марказига айланди. Бироқ саноат ривожланиши ўлканинг бошқа жойларидагидек асосан хомашёга биринчи ишлов беришга қаратилган бўлиб, у мустамлакачилик сиёсати билан характерланади. Бу ҳар тарафлама ва изчил ривожланишга тўсқинлик қилган ва унинг паст техника даражасида бўлишлиги энг муҳим сабаблардан бири ҳисобланган.

Умуман хулоса қилиб айтганда ўлкада пахтачилик соҳасидаги олиб борилаётган ишлар ва илмий тадқиқотлар, жумладан америка пахтасини иқлимлаштириш, қишлоқ хўжалигида янги агротехника жихозларидан фойдаланиш ва катта-катта пахта плантацияларини пайдо бўлиши пахта ҳосилдорлигини ва сифатини оширишга сабаб бўлди. Бу ўз навбатида ўлкада пахтачиликни ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Лекин чор ҳукуматининг саноат соҳасидаги мустамлакачилик сиёсати ўлка иқтисодини ривожланишига тўсқинлик қилди. Пахтачилик орқасидан тушадиган барча даромад фақатгина метрополиянинг бойишига хизмат қилди.

XIX аср охири – XX аср бошида темир йўл қурилиши авж олган. Жумладан, юқорида қайд этиб ўтилганидек, Туркистонда Каспийорти темир йўли қурилиб, 1899 йилда Самарқанд – Андижон линияси Тошкентгача келтирилган, бу Тошкентни Каспий соҳили билан улаган. Кавказорти темир йўли (Казалинскдан Тошкентгача) бош линия узунлиги 1748 верст бўлиб, у кейинчалик Ўрта Осиё темир йўли деб атала бошлаган. 1906 йилда Оренбург – Тошкент темир йўли линиясининг очилиши Тошкентдан Россиянинг марказий районларигача бевосита йўл очиб берган. Кейин Фарғона вилоятида ички темир йўл линиялари қурилган. Натижада Тошкент Россиянинг бошқа ҳудудлари билан боғланиш имконига эга бўлди. Лекин бу имконият туб аҳолининг фойдасига эмас, балки Туркистон ўлкасига бойлик орттириш мақсадида қузғундек ёпишган чор ҳукумати ва савдо-саноат корчалонларининг «иштаҳасини» қондиришга кенг йўл очиб берди.

Россия империяси Туркистон ўлкасида фақатгина хом ашёга бирламчи ишлов берувчи саноат корхоналарига асос солиб, ўлкага Россиядан тайёр маҳсулот келтирди. Бу маҳсулотлар ўз навбатида ўлкадаги хунармандларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларини рақобатга бардош бера олмай синишига олиб келди. Бунинг оқибатида улар ишсиз қолиб, завод ва фабрикаларда ёлланма ишчи ёки бўлмаса мардикорчилик қилишга мажбур бўлганлар.

Авваламбор мустабид ҳукуматнинг манфаатларига кўзлаган холда Туркистон ўлкасида, жумладан Тошкент шаҳрида саноат ишлаб чиқаришига асос солинди ва унинг даромади чор ҳукумати ва савдо-саноат корчалонларининг манфаатлари учун хизмат қилди.

Жаннат Исмоилова

ЎзР ФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 685 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *